Мана, муборак Рамазон ойининг учинчи даҳаси ниҳоясида турибмиз. Ушбу ойлар султонининг фазилатларини юрак-юрагимиздан ҳис қилмоқдамиз. Имкон борича яхшилик қилишга, савоблардан кўпроқ олиб қолишга интиламиз. Чунки, бу ойдаги кичиккина қилган яхшилигимиз ҳам кўплаб савоб ва ажрларга сабаб бўлади. Бунга эса, бир ривоятдаги ҳадиси шариф далил бўлади: “Одам боласининг ҳамма амали (савоби) кўпайтириб берилур. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригача. Аллоҳ азза ва жалла: “Магар рўза Мен учундир. Унинг мукофотини Мен берурман. У (Одам боласи) шаҳвати ва таомини мен учун тарк қилур”.
Рўза тутиш жараёнида бир нечта муҳим жиҳатларга эътибор қаратиш жоиз. Улар: ният қилиш, оғизни беркитиш ва очиш вақтларини билиш, саҳарликдан ифторгача рўзани бузадиган амаллардан ўзини сақламоқликдир.
Оламлар сарвари саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарлик қилинг. Чунки саҳарликда барака бордир”, деб марҳамат қилганлар. Ушбу ҳадисга кўра, саҳарлик билан рўза тутиш фазилатли экани таъкидланмоқда.
Рўза тутиш орқали инсонлар жуда кўп наф кўришлари мумкин. Хусусан, киши рўза тутганида ҳамиша “Аллоҳ кўриб турибди” деган фикр билан юради. Ёмонликлардан чекинади, жисмонан ва руҳан покланади. Қалбида меҳр мурувват ҳислари орта бошлайди. Бир ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Рўзадор ҳолингизда ёмон сўзларни гапирманг ва жаҳл отига минманг”. Демак рўза тутиш орқали нафақат жисмимиз, балки руҳларимиз ҳам покланар экан. Қолаверса, рўзадорнинг дуолари ижобат этилиши манбаларда таъкидланади. Айниқса, ҳадисда келтирилганидек: “Рўзадорнинг ифтор пайтида қилган дуоси рад қилинмайди”.
Рўза тутиш жараёнида яна бир жиҳат борки, у орқали Аллоҳ таолонинг нақадар буюк ва меҳрибон эканлигини кўришимиз мумкин: рўзадор унутиб еб ичиб қўйиши ҳам бир фазилат ҳисобланар экан. Аслида ибодатда унутишга йўл қўйиш яхши эмас. Аммо рўзадорнинг унутиши ҳам унга Яратганнинг икроми, инояти ва фазлу марҳаматининг нишонаси бўлар экан. Деярли барча саҳиҳ тўпламларда келтирилган, Aбу Ҳурaйрa розияллоҳу анҳудaн ривoят қилинган ҳадисда Нaбий (а.с.) шундай марҳамат қиладилар: «Агар рўзадор одам эсда йўқ еб-ичиб қўйсa, рўзaсини тугал қилсин. Чунки уни Aллoҳ тaoмлaнтирибди ва суғорибди». Чиндан ҳам, ислом дини енгиллик ва меъёр устида барпо этилган.
Шунингдек бир суннат борки у мусулмонларини янада яқин бўлишига сабаб бўлади. У ҳар кечда ўқиладиган таровеҳ номозидир. Таровеҳ сўзининг маъноси- роҳат, тин олиш, ором олиш деганидир. Ўзбекистон мусулмонлари ҳам бу ҳикматдан бебахра бўлмадилар. Мамлакатимизнинг тобора чирой очиб бораётган минглаб масжидларида таровеҳ ибодатлари ва Қуръон хатмлари чиройли кўринишда адо этилади. Бу билан инсонлар орасида меҳр оқибат ришталари янада мустаҳкамланади.
Яна бир ҳадиси муборакда эса, шундай келтирилади: “Эй Аллоҳнинг Расули, менга Аллоҳ манфаат берадиган ишни амр қилинг”, деб сўрашганида, у зот: “Рўзани лозим тут, унинг ўхшаши йўқдир”, дея жавоб берганлар. Дарҳақиқат, Рамазон ойи бемисл манфаатлар ва мукофотлар ойи, рўза чексиз савоб ҳамда яхшиликлар омили бўлгани учун ҳам унинг такрори йўқ. Бу ойни савоб умидида рўза тутиб, яхшилик ва эзгу амаллар билан ўтказган инсон Аллоҳнинг хазинасидаги барча яхшиликларга эришган, Уни рози қилган ва бебаҳо инъомларга етишган бўлади.
Зотан, Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қилганлар: “Агар умматларим Рамазон ойининг шарафини билганларида эди йил ўн икки ой Рамазон бўлишини орзу қилар эдилар, чунки уларнинг тоати мақбул, дуолари мустажоб, гуноҳлари мағфират этилиб, Жаннат рўзадорларга муҳтож бўлади”.
Расулуллоҳ (с.а.в.) Рамазон арафасидаги хутбаларида шундай марҳамат қилганлар: “Эй инсонлар, буюк ва муборак ой сизларга яқинлашмоқда. Аллоҳ таоло, у ой рўзасини фарз, тунларидаги ибодатни суннат қилди... У ой сабр ойидир. Сабрнинг савоби жаннатдир. У кўмак ва ёрдам ойидир. У ойда мўминнинг ризқи кўпайтирилади. У ойда ким бир рўзадорга ифторлик берса, гуноҳларига мағфират бўлади. дўзах ўтидан ўзини қутқаради ва рўзадорнинг ажридек ажрга эга бўлади. Рўзадорнинг ажридан ҳеч нарса камаймайди”. Шунда саҳобалар, «Ё Расулаллоҳ, рўзадорга ифтор беришга ҳар биримиз ҳам қодир эмасмиз», дедилар. Бунга жавобан, Расули акрам (с.а.в.): «Рўзадорга бир хурмо ё бир қултум сув ё айрон билан ифтор берган кишига Аллоҳ таоло бу савобни беради» дедилар.
Ушбу ҳадиси шариф Рамазон ойида турган ҳар бир мусулмонни бефарқ қолдирмаса керак. Бинобарин, барака ва имон палласи Рамазоннинг фазилатлари фақат шунинг ўзи эмас, уларни санаб адоғига етиш мушкулдир.
Манбалар асосида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудир муовини А.Ғаниев тайёрлади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Араб ўлкаларида жисмоний жиҳатдан муаммоли шахсларга нисбатан инвалид ёки ногирон сўзлари ишлатилмайди. Шунингдек, ақлий ривожланишдан ортда қолган, аутизмдан азоб чекаётган ёхуд нутқ ёки эшитиш муаммосига эга бўлган кишилар, Даун синдромига чалинган ва ҳоказоларга нисбатан уларни ранжитиши мумкин бўлган сўзлар қўлланмайди. Балки, улар (жисмоний ва ақлий нуқсони борлар) "أصحاب الهمم" «ҳимматлилар» ,«иродали шахслар» деб аталади.
Ушбу истилоҳни илк бора Дубай амири шайх Муҳаммад бин Рошид Оли Мактум 2016 йили таклиф қилган ва шундан бери барча араб давлатларида кенг кўламда қўлланиб келмоқда.
Унга қадар ҳам жисмоний, ақлий, ҳиссий, нутқий, ижтимоий, таълимий қобилиятларида тўлиқ ёки жузъий нуқсонга эга бўлган шахсларга нисбатан умумий тарзда "ذوو الاحتياجات الخاصة" «махсус эҳтиёж соҳиблари» деган чиройли атама қўлланган.
2016 дан бери эса бундай шахслар умумий тарзда «иродалилар», «ҳимматлилар» деб аталмоқда.
Улар аутизмни ҳам «таваҳҳуд», яъни «ёлғизланиш» сўзи билан ифода қиладилар, аутизмга чалинганларни эса «мутаваҳҳид» дейдилар.
Араблар қадимдан эвфемизмга мурожаат қилиб келадилар, қўпол ёхуд руҳий жиҳатдан «юки оғир» бўлган сўзларни гўзалроғига алмаштирадилар. Масалан, тиланчига рад қилмоқчи бўлсалар "الله يفتح عليك" «Аллоҳ сизга барака эшикларини очсин!» деган дуодан иборат гўзал сўз ишлатадилар, «бор, йўқол, кет!» демайдилар.
Қадимда бирор кимсанинг мажнун ва девона бўлиб қолгани ҳақида гапирмоқчи бўлсалар "به لطف الله" яъни, «Аллоҳ лутф қилган одам» деганлар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам яхши сўздан хушланар, салбий маънога эга бўлган номларни ижобийсига ўзгартирар эдилар. «Ясриб»ни «Тоба»га, ўзгартирганлари, баъзи кимсаларнинг салбий маъно ташиган исмини яхшироғига ўзгартиришлари ва бошқа шу каби кўплаб ҳолатлар сўзимизга далилдир. Сийратда бунга мисоллар кўп.
Қуръони Каримда ҳам бунга мисоллар жуда кўп. Масалан, жинсий алоқа, жимоъ, қўшилиш каби сўзларнинг ўзи ҳам аслида эвфемизм ҳисобланади. Лекин, Қуръони Карим бу сўзлардан ҳам қочиб, мазкур тушунчани "الملامسة", "المباشرة" (тегмоқ, тегинмоқ), "قرب" (яқинлашмоқ), "اتيان" (келмоқ) каби сўзлар билан ифода қилади.
Саҳобалар ҳам сўзни гўзал қилиш ва сўзда одобга риоя қилганлар. Агар кимнингдир касаллиги ҳақида хабар берилса, хаста ёки касал эмас, солим яъни соғлом сўзи ишлатилган. Масалан, фалончи қандай деб сўралганда «солим (соғлом)» деб жавоб берилса, бу унинг хасталигини англатган.
Бир куни ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу ҳузурларида бир инсон бошқасига фалон нарса қўлтиғинг тагида турибди, деганда (эҳтимол, чалқанча ётган ёхуд қўлини узатиб ётган бўлиб, мазкур аъзоси остида нимадир бўлган бўлиши мумкин), ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу «сўзларингизни гўзаллаштиринг «қўлтиғинг тагида эмас, қўлинг тагида» денг!», дея сўзларни чиройлироқларига алмаштириб, хунукларидан киноя қилишга буюрганлар.
Хулоса шуки, мусулмон киши имкон қадар қўпол сўзлардан қочиши, каломини гўзаллаштириши матлуб ва бу ислом одоби ҳамдир.
Баъзилар, тилда борку дея ўта хунук ва қўпол сўзларни бемалол ишлатишларига гувоҳ бўламиз ва буни хато деб биламиз. Мусулмон киши имкон қадар хунук ва қўпол, фоҳиш сўзларни очиқ гапирмасдан енгилроғи, чиройлироғи билан ўзгартириб, унга нейтрал сўзлар воситасида ишора қилиши мақсадга мувофиқ.
Алишер Султонходжаев