Лайлатул қадр – шараф ва улуғлаш, ҳукм ва тақдир кечаси. Аллоҳ таоло бу кечада келаси йилдаги ўлим, ажал, ризқ ва шу каби тақдирга оид ишларни белгилайди.
Маҳмуд Замахшарий (розияллоҳу анҳу) айтади: “Қадр кечаси бу барча ишларнинг тақдири ва ҳукми белгиланадиган кечадир”.
Бу кечада фаришталар Аллоҳнинг изни билан ерга тушади. Тонг отгунча инсонларни дуо қилади ва инсонларнинг дуоларига “омин” деб туришади.
Қадр кечаси қуёш ботишидан то тонггача давом этади. Аллоҳ бу кечада фақат яхшиликни тақдир этади. Бошқа кечаларда эса балоларни ҳам, яхшиликларни ҳам ҳукм қилади.
Аксар уламолар фикрига кўра, Қадр Рамазон ойининг йигирма еттинчи кечасидир. Зирр (розияллоҳу анҳу) Убай ибн Каъб (розияллоҳу анҳу)га: «Биродарингиз Абдуллоҳ ибн Масъуд: “Ким бир йил қоим бўлса, Қадр кечасини топади”, деб айтганлар”, деганида, Убай ибн Каъб: “Аллоҳ Абу Абдураҳмон (яъни, Ибн Масъуд)ни мағфират қилсин, чиндан ҳам у Қадр кечаси Рамазон ойининг охирги ўн кунлигида эканини билар эди. Бу кеча йигирма еттинчи кечадир, лекин одамлар у нарсага суяниб қолмаслигини хоҳлаб айтмасди”, деди. Сўнгра қатъий тарзда: “Қадр йигирма еттинчи кечада”, деди. Шунда мен: “Эй Абу Мунзир, нима далил билан бундай дейсан?” дедим. У зот: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга айтган белги билан: у кун қуёш шуъласиз чиқади”, деб жавоб берди» (Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти).
Демак, Қадр кечасининг катта аломатларидан бири – ўша куни қуёш шуъласиз оқариб чиқади. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қадр кечаси ҳақида: “У кеча иссиқ ҳам, совуқ ҳам бўлмайди. Қуёш ўша куни оч қизил ҳолатда чиқади”, дедилар».
Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен Қадр кечасини билдим. Сўнг у менга унуттирилди. У Рамазон ойининг охирги ўн кунидаги кечаларидан биридадир. У кеча очиқ ярқираган бўлиб, иссиқ ҳам, совуқ ҳам эмас. Гўё ой бор кечага ўхшайди. У кеча тонг отгунича шайтонлар чиқмайди”, дедилар (Тафсири Самарқандий).
Шундай экан, биз ҳам қўлимиздан келганича кимдир намоз ўқир, кимдир тиловати Қуръон билан, яна кимдир тасбеҳу таҳлил каби тоату ибодат ва дуолар билан машғул бўлиб Қадр кечасини ўтказсак, Яратганнинг улкан инъомидан баҳраманд бўламиз.
Шоди ҲАҚБЕРДИЕВ,
Ургут тумани бош имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Воқеа – қиёмат номларидан бири. Воқеа сурасида қиёмат қоим бўлганда рўй берадиган ҳодисалар баён этилган, охиратда бандалар оладиган мукофотлари, жаннат неъматлари, дўзах аҳлининг азоб-уқубатлари тафсилоти келтирилган.
Ибн Асокир нақл қилишича, Абдуллоҳ ибн Маъсуд розияллоҳу анҳу вафот этиши арафасида бетоб бўлиб қолди. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳумо уни кўргани бориб, ҳол-аҳвол сўради:
– Нимадан шикоятинг бор?
– Гуноҳларимдан.
– Нимани хоҳлайсан?
– Роббимнинг раҳматини.
– Сенга табиб буюрайми?
– Табиб (яъни, Аллоҳ) мени бетоб қилди.
– У ҳолда сенга совға-салом буюртирайми?
– Ҳожати йўқ.
– Сенга керак бўлмаса, қизларингга қолади.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бунга жавобан бундай деди:
– Қизларим камбағал бўлиб қолишларидан қўрқяпсанми? Мен уларга ҳар кеча Воқеа сурасини ўқишни буюрганман. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳар кеча Воқеа сурасини ўқиса, зинҳор қашшоқликка учрамайди”, деганларини эшитганман.
Тунда Воқеа сурасини бошидан охиригача ихлос билан ўқиган одам қашшоқлик кўрмайди: ризқи кенг бўлади, касб-корига барака киради. Тажрибада синаб кўрганлар бунинг ҳақиқат эканини таъкидлашган.
Воқеа сураси кенг ризққа сабаб бўлиши ҳақида бундан бошқа ривоятлар ҳам бор. Жумладан, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Воқеа бойлик сурасидир. Уни (ўзингиз) ўқинг, фарзандларингизга ҳам ўргатинг”, деганлар (Ибн Мардавайҳ ривояти).