Дунё мусулмонлари муборак Рамазоннинг беқиёс кунларини бошдан кечирмоқда. Ҳар бир мўмин имконияти етганича ибодатларини адо этмоқда, орттириб берилажак савобларга муносиб бўлишга бел боғлаган. Бунинг учун, шарафли ойни рисоладагидек ўтказиш – рўза тутиш, яхшиликларга шошилиш, таровеҳ намозларида иштирок этиш, қариндошлар ҳолидан хабар олиш ва бошқа Рамазон ойи учун шарафли бўлган амалларни адо этиш учун имкониятларимиз етарли, кенг йўл очиб берилган.
Ҳадиси шарифда: «Икки неъмат борки, ундан кўп кишилар маҳрумдирлар, бу неъматлар - саломатлик ва хотиржамликдир», дейилади.
Жаҳонга нигоҳ ташлаймиз: эҳтимол мусулмон мамлакатларда бу айём ўзига хос дабдаба билан кутиб олинар. Бироқ, ҳамма давлатда ҳам осойишталик ҳукмрон эмаслигини туну кун узатиб туриладиган янгиликлардан кўриб, эшитиб турибмиз. Манбаларда ёзилишича, ислом тарихида бу ойда кўплаб жангу жадаллар тўхтатилган, тинчлик ойи сифатида қадрланган. Аммо, бугун оламда содир бўлаётган кўплаб фожеалар айнан айрим разил кимсалар дастидан, террор аталмиш балолар “шарофати билан” эканлигини англаш қийин эмас. Улар дин ниқоби остида фаолият юритсалар-да, муборак ойни ҳурмат қилмаётганлари ҳаммага бирдек аён. Ана шундай жоҳиллар борлиги боис нотинчлик ва сарсонликка барҳам берилмаяпти, кўплаб инсонлар қутлуғ ойда ҳам азият чекмоқда.
Интернет сайтларидаги ёки дунё каналларидаги жаҳон янгиликларига эътибор берганмисиз, бугун дунёда нақадар аянчли воқеалар содир бўлмоқда. Мана биргина 18 июнь кунги янгиликларда қанчалар кўп йўқотишлар ва ачинарли манзаралар мавжуд эканлигига мисол келтирамиз:
Қоҳира яқинидаги портлаш оқибатида полиция ҳалок бўлди...
Колумбия пойтахтида портлаш содир этилди, қурбонлар бор...
Португалияда ўрмон ёнғинлари оқибатида 19 киши ҳалок бўлди...
Италияда кема причалга урилиши оқибатида 55 киши ҳалок бўлди...
Афғонистонда 5 худкуш ҳужум қилиб, 2 полициячини ўлдирди...
Португалиядаги ёнғин қурбонлари сони ортмоқда, қурбонлар 60 нафарга етди...
Афғонистонда покистонлик дипломатлар изсиз йўқолди...
Ироқ ҳарбийлари Мўсул марказини эгаллаш учун ҳужум бошлади...
Яманда 151 мингдан зиёд вабо касаллиги қайд этилди, бир ярим мингга яқин киши вафот этди...
Кобулда жангарилар америкаликни ўғирлашди...
Туркияда 731 нафар ҳарбий овқатдан заҳарланди...
Германия аэропортида террор таҳдиди туфайли йўловчилар эвакуация қилинди...
Эрон Суриядаги жангарилар базасига ракеталар билан зарба берди...
(Кун.уз сайтидан, 18 июнь янгиликлари асосида)
Ҳа, замин бир кунда қанчадан қанча йўқотишларни бошдан кечирмоқда, неча-неча инсонлар машаққатда яшамоқда, энг афсусланарлиси аксарият ҳолларда бундай аянчли оқибатларга худбин ва разил кимсалар сабабчи бўлмоқдалар.
Бу хабарларни эшитганимизда теран фикр юритишимиз лозим. Ана шунда биз кундалик ташвишлардан, арзимас сабаблар билан бекорга нолиётганимизни англаб етамиз.
Бизлар уйқумиздан базўр уйғониб, эринибгина саҳарлик қилаётганимизда, дунёнинг қаеридадир тўс-тўполондан, туни билан тинмаган ўқ овозидан кўз юммаган жонлар рўзани саросимада тутишни бошлаётганини ҳис қиламизми?
Куни билан иссиқдан қочиб, совуқ хоналарда жон сақлаб, Қуръон ўқишга ҳам малолланиб, ҳатто рўзани пеш қилиб, кундалик юмушларимизни ортга суриб дангасаликка эрк берган кунларимизда, заминнинг бир бурчагида уйсиз, бошпанасиз, бирор соясиз кўчада қолган рўзадорлар борлигини тасаввуримизга сиғдиролмаймиз...
Ифторликка яқин танамизда ҳис қилган очлик, ташналикнинг қийинчилиги билан сўзларимизга эрк берамиз, ишлаб чарчаганимизни рўкач қиламиз, ҳали вақт бўлса-да дастурхон тайёр эмаслигидан яқинларимизни койиймиз. Сабр лозим маҳалда бесабрликни лозим тутамиз. Дуолар ижобат паллани бекорчи ишларга сафарбар этамиз, телефонда ўйин ўйнаймиз, бемаъни суҳбатларга бериламиз. Яқинларимизга ёрдам беришга малолланамиз, оғиз очгандан сўнг эса, Аллоҳга шукрона келтиришни унутган ҳолда тановулга шўнғиймиз... Билмаймизки, ана шу лаҳзаларда қаерлардадир, оғзини очгану ейишга бир нарса тополмаган заминдошлар ҳолатини ўйламаймиз... биз бир неча соат ҳис қилган очлик ҳиссини улар неча кунлаб тотди экан а, қултум сувга етишганда неча бор шукрона айтганларини биз ҳам танамизда синаб кўрдик. Бироқ, биз етишган неъматларнинг нақадар ҳисобсизлигини ҳеч ўйлаб кўрганмизми?
Бир кунда неча бор эзгуликлар қилишга имкониятимиз бор, лекин хоҳламаймиз. Кўча-кўйда кетаётганимизда, кимгадир йўл кўрсатиш, транспортда жой бериш, йиғлаган болажонларни юпатиш, кексаларга кўмак бериш каби биз учун қийин бўлмаган, бироқ кимдир бундан жуда хурсанд бўладиган ишларни қилишни унутиб қўямиз. Ахир Рамазоннинг файзи ана шу хайрларимиз билан янада ошадику!
Оиламиз, яқинларимизга қўполлик қилишда давом этамиз, арзимаган сабаб билан жанжал қилишни ўзимизга эп кўрамиз. Ота-оналаримиз олдидаги одобни-да унутиб қўямиз. Уларнинг борликлари учун шукрлар айтиш у ёқда турсин, баъзан дилларини оғритиб қўйганимизни ҳам билмай қоламиз. Рамазон ойида бу каби дилхираликлар асло мумкин эмаслигини унутдикми? Шарафли ойда яхши фазилатларимизни намоён этсак, Рамазонда одатланганимиз – сабр ва яхши хислатларимиз йил давомида бизга ҳамроҳ бўлиши мумкинлигини билмаймизми?
Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (с.а.в.): “Кимки бир кун ўз оиласи ичида тинч, тани соғ бўлиб турса ва олдида шу кунига етарлик таоми бўлса, у одамга гўё бутун дунё берилган ҳисобланади”, деган эканлар. Аллоҳга шукроналар бўлсинки, ҳар биримиз ана шу инъомлардан баҳрамандмиз.
Шукрки, бугун юртимизда қаёққа қараманг, Рамазон шукуҳи! Оилаларда тотувлик, дастурхонларимиз тўкин-сочин. Маҳаллада қўшнилар бир-бирига оқибатли, ширин сўзини, мурувватини аямайди. Ўзаро иссиқ нону бир коса овқати билан кўнгилларни кўтарадилар. Бундайин мурувватли, меҳр-оқибатли эл қаерда бор яна. Давлат Раҳбарининг шахсан ўзлари халқ қайғусини баробар чекади, бу биз учун бахт эмасми? Ҳар бир муаммони дилдан эшитиб ҳал қилишни ният қилган, қаердадир адашиб юрган юрт фарзандига отасидан-да кўпроқ жон койитган Юртбоши яна қаерда бор? Бундай мурувватни ҳеч қайси давлатдан топиш мумкин эмас.
Бир ўйлаб кўринг, шундай шароитда ҳам нолиш мумкинми? Шунда ҳам нолиганларни “нонкўр” дейиш керак. Шундай меҳр-оқибатдан, имкониятдан юз ўгириб Ватан юзига оёқ қўйганларни “инсон” деб аташ-да нотўғридир.
Азиз юртдошим! Атрофга теран назар ташлайлик. Лоқайдликка йўл қўймайлик. Шукронага арзирли неъматларимиз саноқсиз, уларни асраб авайлайлик! Ҳамиша огоҳ бўлайликки, бизнинг буюк неъматимиз – тинчлигимизни бузишга йўл қўйилмасин. Осмонимиз мусаффолиги йўқолмасин. Ана шунда авлодларимизга ҳам биздан мана шундай гўзал ва осойишта диёр қолади, иншааллоҳ. Муборак Рамазонда дуо қилайлик, юртдошларимиздан ҳеч бири тўғри йўлдан адашмасин, имонидан айрилмасин.
Шарифа ҒАНИЕВА,
“Зиё” студияси муҳаррири
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир қиз айтади:
«Худонинг берган куни ҳали у тарафдан, ҳали бу тарафдан мени ғам-ташвишлар сиқувга олади. Лекин жума куни кайфиятим бошқача бўлади, қайғуларим камайиб, хурсандчилигим ортади. Сизларга бунинг сирини айтиб бераман.
Авс ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Энг афзал кунлардан бири – жума кунидир. Одам алайҳиссалом шу куни яратилган, руҳи ҳам шу куни қабз қилинган. Сурга шу куни пуфланади. Даҳшатли қичқириқ ҳам шу куни бўлади. Бу кунда менга кўп салавот айтинглар, чунки салавотларингиз менга кўрсатиб турилади». Саҳобалар «Ё Аллоҳнинг Расули, сиз тупроққа қоришиб кетган бўлсангиз, қандай қилиб салавотларимиз сизга кўрсатилади?» дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жалла анбиёларнинг жасадини тупроққа ҳаром қилган», дедилар (Абу Довуд, Насоий ривояти).
Мана шу муборак ҳадисни эшитганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени қандай қилиб таниб олишларини ўйладим. Ҳар жума куни айтган салавотларим у зотга етказиб турилар экан. Расулуллоҳ мени умуман салавот айтмаган ёки жуда кам салавот айтган ҳолимда таниб қолсалар-чи? Буни ўйлаб, ўзимдан ҳам, Расулуллоҳдан ҳам жуда уялиб кетдим. Қиёмат куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени таниб олсинлар, у зотга кўп салавот айтганим учун шафоат қилсинлар деб умид қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп-кўп салавот айтадиган бўлдим. Ҳар жума куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга кўпроқ салавот айтишни одат қилдим.
Шундан кейин салавот айтиб бўлишим билан улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатилаётганини ўйлаб, жума кунини чинакамига севиб қолдим. Жума куни айтган салавотларим Расулуллоҳга кўрсатилгани учун бу кунни интиқлик билан кутадиган бўлдим. Жума куни тонгда бомдод намозини ўқиб бўлгач, қалбим шодликдан энтикиб кетадиган бўлди, чунки шу кунги салавотларим суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатилади! Иншааллоҳ, мен бу борада биринчилардан бўламан!
Салавотнинг бундан бошқа фойдалари ҳам билина бошлади. Жума куни уйимиз янада сокин, файзли бўлиб қолади, муаммо ва ташвишлардан холи бўлиб кетади. Шу куни онам билан бир-биримизга янада меҳрибон, илтифотли бўлиб қоламиз. Буларнинг барчаси, албатта, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган салавотларимизнинг шарофатидир. Ҳатто узрли пайтимда бошқа кунларни руҳан сиқилиб ўтказсам ҳам, жума куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп салавот айтганим учун қийинчиликлар йўқ бўлиб кетади. Мен бу ҳолатни тахминан етти йилдан бери кузатиб келаман. Ҳозирда эса жума кунлари ўзгача бахт, ўзгача тетиклик ҳис қиламан. Аллоҳ таоло барча муслима қизларни жума кунлари ҳам, бошқа кунларда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш ҳаловати билан сийласин!»
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.