Аллоҳ таоло Жаннат неъматларини қўлга киритиш йўлида мусобақалашишга буюриб, бундай марҳамат этади: «Бас, мусобақачилар шу (неъматлар) йўлида мусобақа қилсинлар!» (Мутаффифун, 26).
Бошқа бир оятда: «Раббингиздан (бўлувчи) мағфиратга ва кенглиги осмонлару Ерга тенг, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннат сари (солиҳ амаллар қилиш билан) шошилингиз!» (Оли Имрон, 133).
Мусобақада кучли рақиблар кўп экан! Негаки, шошилиш кераклиги алоҳида фармойиш билан таъкидланмоқда! Мусобақа шартлари нимадан иборат экан? Бу мукофотлар қайси амалларни қилганлар учун экан? Улар ҳақида қаердан билсак бўларкан? Уларни қандай хислатлари бор экан-а?!
«Улар (мазкур тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-cадақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар. Улар бирор фаҳш иш қилиб қўйсалар ёки ўзларига зулм қилиб қўйсалар, (дарҳол) Аллоҳни эслаб, истиғфор айтадилар. Ваҳоланки, гуноҳларни фақат Аллоҳгина мағфират этар. Яна, улар била туриб, қилмишларида давом этмайдиган кишилардир. Айнан уларнинг мукофотлари – Парвардигорларидан мағфират ва остидан анҳорлар оқиб турувчи жаннат боғлари бўлиб, ўша жойда абадий бўлурлар. (Солиҳ) амал қилувчиларнинг мукофоти нақадар яхши!» (Оли Имрон, 134-136).
«(Эй, инсонлар!) Раббингиз томонидан бўладиган мағфиратга ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига имон келтирган зотлар учун тайёрлаб қўйилган, кенглиги осмон ва Ернинг кенглиги каби бўлган жаннатга мусобақалашингиз! Бу Аллоҳнинг фазли бўлиб, уни Ўзи хоҳлаган кишиларга ато этур. Аллоҳ улуғ фазл соҳибидир» (Ҳадид, 21).
Мусобақада иштирок этганмисиз? Иштирокчиларни кузатганмисиз? Ҳа, барака топинг! Иштирокчилар ҳамиша марра чизиғи томон шошадилар, тўғрими? Ким биринчи бу чизиқдан ўтганини эса ҳакамлар белгилаб, ҳаммага ўзига муносиб баҳо қўядилар. Бирорта қатнашувчи югуриб, елмай, жонини койитмай, мусобақа бошланғич чизиғида турганича ғолиб бўлган дейилса, ишонасизми?
Мусобақа бўлгач, унинг бошланғич ва ниҳоя чизиғи ҳамда ҳаками бўлади! Бошланғич нуқтаси қўлингиздаги мол-давлат ўз эҳтиёжингиздан ортиб, нисобга етган кунидир! Бу мусобақанинг ниҳоя-марра чизиғи бошқа мусобақалардан фарқлироқ: бунинг марра чизиғи охак билан чизиладиган оддий оқ чизиқ эмас.
Мусобақа саккизта совринли ўрин учун саккиз “номинация”да бўлади!
«Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошна қилинувчи (кофир)лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчига (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди). Аллоҳ илмли ва ҳикматли зотдир» (Тавба, 60).
Ҳакам Аллоҳ таолонинг Ўзидир! Бу Ҳакамнинг ҳукми айни адолат бўлади. Қандайдир йўллар билан Унинг ҳукмини асло ўзгартириб бўлмайди! Мусобақа шартига мувофиқ бу жонли марра чизиғи ва одил Ҳакам томонга мусобақа иштирокчиси сифатида сиз боришингиз керак!
Оятда саналган саккиз тоифа кишилар қўлида сизга Жаннатнинг саккиз эшигини биридан ичкарига кириш ҳуқуқини берувчи билетлар бор. Барчаларидан сотиб олсангиз ҳам бўлаверади. Аммо сизнинг билетни кимдан сотиб олганингизга қараб, Унинг қайси эшигидан киришингиз, У ердаги даражангиз энг юқори, ўрта ёки пастроқда бўлиши белгиланади! Зеро, Жаннатнинг ҳар бир эшиги алоҳида бир яхшилик қилган кишиларга хосдир. Масалан, намоз ўқувчилар биридан, рўза тутувчилар бошқасидан, бегоналарга садақа қилувчи яна бир эшикдан кирса, қариндошига садақа қилган унданда юқорироқ даражага олиб борувчи эшикдан, ҳам қўшни, ҳам қариндошига ҳамда бегоналарга ҳам ёрдам қўлини чўзувчи киши эса, аввалгидан ҳам юқори мақомга олиб борувчи эшикдан кириш билетини қўлга киритади ва ҳоказо. Шунинг учун билетни қуйидаги кўрсатмага амал қилиб, сотиб олинса, мақсадга мувофиқ бўлади:
Ториқ Муҳорибийдан ривоят қилинади: “Мадинага келсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарда туриб, одамларга хутба қилиб, бундай деб турган эканлар: “(Садақа) Берувчининг қўли юқори (қўл ҳисобланувчи)дир! (Хайр-садақа беришни аввало) Ўз қарамоғингдаги (кишилар)дан бошлагин: онанг, отанг, опа-синглинг, ака-уканг сўнг энг яқин кишинг, сўнг ундан кейинги яқин кишига бергин!” (Имом Насоий ривояти).
Яқинларга қилинган хайр-эҳсонларнинг савоби икки баробар кўп: ҳам қариндошлик алоқаларини боғлаш савоби, ҳам садақа савоби бўлади... Умуман олганда эҳтиёжманд мўмин-мусулмонларга ёрдам берилса бас!
Баҳодир БАҲРОМЖОН ўғли
“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта
махсус ислом билим юрти мударриси
Аллоҳ таоло айтади: “Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас” (Луқмон сураси, 18-оят).
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сизлардан илгари яшаб ўтган бир кишини такаббурлик билан изорини судраб юрганида ер ютди. У қиёмат кунигача ер (қаъри)га кириб кетаверади” (Имом Бухорий ривояти).
Ёшлигимизда устозлар кишининг кибрли ё ундай эмаслигини донга тўла бошоқнинг эгилиши, донсиз бошоқнинг эса худди кибрлангандай тик туриши мисолида тушунтиришганди. Катта бўлиб англадикки, устозларнинг мақсади бошоқ мисолида кибрланмасликни кўз олдимизда қолдириш бўлган экан. Негаки, мутакаббирликнинг оқибати жуда аянчли бўларкан.
Амр ибн Шуайбнинг бобосидан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қиёмат кунида мутакаббир кимсалар одам суратидаги чумолиларга ўхшаш ҳолда қайта тирилади. Уларни ҳар томондан хорлик ўраб олади. Улар жаҳаннамдаги “Булус” деб номланадиган зиндонга ҳайдалади” (Имом Термизий ривояти).
Кибрнинг сабаблари турличадир. Масалан, бирор соҳани ўзлаштирган, керакли мутахассисга айланган одам ўзини олим, бошқаларни жоҳил санаб, насиҳатни қабул қилмай қолиши, кимдир ота-боболарининг олий насаби билан фахрланиб, ўзгаларни насаби паст, деб билиши, кимдир эса мол-дунё туфайли ғурурга кетиши мумкин. Яна чирой, қувват каби неъматлар ҳам шулар жумласидан. Кўплар шу сабаблар туфайли “Бошқалардан устунман”, деб ўйлашади. Ваҳоланки, Аллоҳ банданинг чиройига, насабига, бойлигига эмас, қалбига, қилаётган нияти ва амалига қарайди.
Ибн Синонинг устози Кушёрнинг ҳузурига бир киши илм ўрганиш мақсадида келибди. 2-3 ой ўтса ҳамки, устози илм беришни бошламагач:
– Ҳазрат, энди менга жавоб берсангиз. Уч ой бўлди, дарс бермадингиз. Вақтингиз йўқ шекилли, – дебди. Шунда устоз:
– Мен сенга бажонидил дарс берардим. Лекин ҳузуримга келган пайтингда "бу илмдан менинг унча-мунча хабарим бор", дея кибрландинг. Ўша қарашинг ҳалиям кетмади. Мен бўш идишни тўлдираман, деб жавоб қилибди.
Мол-давлатга кибрлансангиз, демак фақирсиз. Ўзингизни бошқалардан устун кўрадиган бўлсангиз, ҳар қанча илмингиз бўлмасин, жоҳилсиз. Кишини зулмга, туғёнга соладиган куч-қувват аслида заифликдир. Ҳақиқий бойлик, мартаба ва илмни тавозели инсонлардан топасиз!
Жаъфархон Сўфиев,
Тўрақўрғон туманидаги
“Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби