Рамазон ойида қалбларимизда ўзгача бир туйғу, ҳаракатларимизда ўзгача бир самимият, ҳаёлларимизда Аллоҳнинг чексиз раҳматидан умидворлик, ибодатларимизда ўзгача бир хушуъ бор.
Не не пайғамбарлар охири замон пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уммати бўлиш орзусида ўтганлар. Чунки Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига Аллоҳнинг чексиз марҳаматлари бисёр.
Аллоҳнинг ана шундай неъматлари ичида Рамазон ойи ва унда минг ойданда яхшироқ бўлган Қадр кечасининг фазли биз умматларга берилган бебаҳо бойлигидир.
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар: “Кимки Қадр кечасида имон-эътиқод, қаноат ва ишонч билан турса олдинги гуноҳлари кечирилади, кимки Рамазон рўзасини имон-эътиқод ва ишонч билан тутса, олдинги қилган гуноҳлари кечирилади”.
(Имом Бухорий ривояти).
“Тўрт кечанинг кундузи ҳам кечаси каби фазилатлидир. Аллоҳу таоло бу кунларда дуо этган кишининг дуосини рад этмайди, уларни мағфират этади ва улар бу куни мўл эҳсонга эга бўладилар. Булар қадр кечаси, арафа кечаси, барот кечаси, жума кечаси кунларидир.” (Дайламий)
Бундай муборак вақтларда гуноҳлардан узоқ туриш, тоатларни, ибодатларни ва ҳар турли хайрли ишларни кўпайтириш керак. Аллоҳ таоло ғанимат қилиб берган вақтнинг барокатини, ҳурматини ва шарафини ҳис этишимиз даркор.
Ривоят қилинишича, бир куни Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолога нидо қилиб: “Илоҳо, сенинг яқинлигингни билишни истайман”, - деди. Аллоҳ таоло: “Мен Қадр тунида уйғоқ бўлганларга яқиндирман”, - деди. Мусо алайҳиссалом яна: “Илоҳо, сенинг раҳматингнинг орзусидаман”, - деди. Аллоҳ таоло: “Менинг раҳматим Қадр кечасида мискинларга раҳм қилганларгадир”, - деди. Мусо алайҳиссалом: “Илоҳо, сирот кўпригидан яшиндек ўтишни истайман”, - деганларида, Аллоҳ таоло: “Қадр кечасида фақирларга садақа берганларни олдинроқ ўтказаман”, - деди. Мусо алайҳиссалом нидоларини давом этиб: “Илоҳо, жаннат боғларида бўлишни ва уларнинг мевасидан тановул қилишни истайман”, - деди. “Қадр кечасида тасбеҳ айтиб, Мени зикр этиш билан машғул бўлганлар жаннат боғларига сазовор бўлишади”, - деди Аллоҳ. Мусо алайҳиссалом: “Илоҳо, дўзахдан нажот топишни истайман”, - деганларида, Аллоҳ таоло “Қадр кечасида истиғфорни кўп айтганлар дўзахдан нажот топадилар”, - деди. Мусо алайҳиссалом яна илтижо қилиб: “Илоҳо, сенинг розилигингни топишни истайман”, - деганларида, Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таоло: “Эй Мусо, Менинг розилигимни қадр кечасида икки ракъат нафл намоз ўқиганлар топадилар”, - деди (“Зубдатул воъизин” китобидан).
Қадр кечасида илм ўрганиш, Қуръони каримни тиловат қилиш, қазо намозларини ўқиш, тасбеҳ, такбир, таҳлил айтиш, садақа бериш, атрофдагиларга чиройли муомалада бўлиш бошқа вақтда қилинган ибодатларга нисбатан ажри савоби улуғдир.
Ўзимиз, оила аъзоларимиз, фарзандларимиз ва яқинларимизни минг ойнинг савоби ёғилиб турадиган ушбу кечада яхшиликларга чорлаб, эзгу амаллар қилишга ундашимиз даркор. Беморларни бориб кўриш, ночорларга ёрдам бериш, қалбни хурсанд қиладиган сўзлар айтиб, атрофдагилар кўнглини кўтариш ҳам савоб амаллардандир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Мунира АБУБАКИРОВА
Cавол: Мен макулатура сотиш билан шуғулланаман. Гоҳида ушбу қоғозлар орасидан эскирган Қуръон варақлари ва бошқа диний ёзуви бор қоғозлар ҳам чиқиб қолади. Уларни нима қилсам бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Маълумки, динимизда Аллоҳ таолонинг каломи ҳамда гўзал исмлари ёзилган қоғоз ва бошқа нарсаларни хорлаш ёки беҳурмат қилишдан қайтарилган, аксинча уларни эъзоз ва эҳтиром қилишга буюрилган. Шунинг учун, бундай муқаддас битикли қоғозларни макулатурага топшириш мутлақо ярамайди.
Аллоҳ таоло бу ҳақида бундай хитоб қилади:
ذَلِكَ وَمَنْ يُعَظِّمْ شَعَائِرَ اللَّهِ فَإِنَّهَا مِنْ تَقْوَى الْقُلُوبِ
“Гап шудир: Кимки Аллоҳнинг шиорларини улуғ деб билса, бас, албатта, бу дилларнинг тақвосидандир” (Ҳаж сураси, 32 оят).
Демак, оят ва ҳадислар ёзилган китоб ёки варақлар ўқиш учун яроқли бўлса, уларни ҳеч бир йўл билан йўқ қилиш жоиз бўлмайди, балки уларни фойдаланадиган кишиларга топшириш лозим.
Аммо улар эскириб, ўқишга яроқсиз ҳолатга келиб қолган бўлса, уларни тоза бир латтага ўраб, оёқ ости қилинмайдиган ерга кўмилади. Бу ҳақда Аллома Ҳаскафий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Фойдаланиб бўлмайдиган китоблардан Аллоҳ таолонинг фаришталар ва Пайғамбарларнинг исми ўчирилади ва ёқиб юборилади. Ўчирмасдан туриб ҳам оқар сувга оқизиб юборишнинг зарари йўқ. Кўмиш ҳам мумкин. Кўмиш энг афзал йўлдир. Зеро, Анбиёлар ҳам дафн этилганлар” (“Дуррул мухтор” китоби).
Демак, сизнинг қўлингизга келиб тушган муқаддас ёзувли варақларни имкони бўлса, кўмилади ёки ёқилади. Агар бу иш машаққат туғдирса, махсус воситалар ёрдамида ёзувларини кетказиб, қайта ишлаш мумкин.
Ҳозирга келиб эса, қоғозлардаги ҳар қандай ёзувларни кеткиза оладиган махсус воситалар ишлаб чиқилган. Шунга кўра, замонавий фатво марказлари ёзув ва ҳарфлари тўлиқ ўчирилган ва махсус ишлов берилган қоғозларни қайтадан фойдаланиш мумкинлигига фатво бермоқдалар. Бунинг сабаби улардаги оят ва ҳадис ҳамда бошқа диний ёзувлардан асар қолмаганидир.
Бу ҳақда Аллома Ибн Нужайм роҳимаҳуллоҳ бундай деганлар: "Қуръон ёзилган лавҳ (доска, тахта)ни ўчириб, уни дунё ишига ишлатса, жоиздир" ("Ал-Баҳр ар-Роиқ" китоби).
Бундан ташқари олдинги вақтларда қоғоз ва китоблар кам бўлгани учун, уларни ерга кўмиш машаққат эмас эди. Ҳозирда эса, уларнинг ҳажм ва миқдори кўпайгани сабабли бу миқдордаги китоб ва қоғозларни кўмиш катта машаққат ва сарф-харажат талаб қилади. Динимиз эса, машаққатга буюрмайди.
Шу билан бирга уларни кўмиб юборилса, ҳеч ким фойдалана олмайди. Аммо уларни қайта ишлаб қоғоз ҳолига келтирилса, қайтадан фойдаланиш мумкин. Бироқ, шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ушбу амалиёт жараёнида мусҳаф ёки оят ёзилган қоғозларни ушлашда уларнинг ҳурматини жойига қўйиш, таҳоратли ёки қўлқопли бўлиш лозим бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази