(Республика имом-хатибларининг“Ижтимоий-маънавий
муҳитни соғломлаштириш” анжумани шарафига)
Бу ватанда шарафдадир барча инсон,
Адолатдир ҳар бир ишда олий мезон,
Эгилса бош, қилич кесмас – бизга аён,
Ер юзида тимсоли йўқ нодир эл бу,
Адашганни кечирмоққа қодир эл бу!
Амир Темур сўзларини тумор қилган,
Кечиримлик одатини шиор қилган,
Ҳаққонийлик тамойилин ҳамкор қилган-
Ер юзида тимсоли йўқ нодир эл бу,
Адашганни кечирмоққа қодир эл бу!
Бағрикенгдир, бағри гулу райҳон диёр,
Ҳар бир қонун инсон учун бунда дастёр,
Амнистия акти эрур эзгу қарор,
Ер юзида тимсоли йўқ нодир эл бу,
Адашганни кечирмоққа қодир эл бу!
Давлатимиз раҳбаридан бу ташаббус,
Соғлом муҳит ичра ҳаёт сурса улус,
Гуноҳкорлар узрин айтур қилиб афсус,
Ер юзида тимсоли йўқ нодир эл бу,
Адашганни кечирмоққа қодир эл бу!
Ҳар бир фарзанд юрти учун содиқ ўғлон,
Ватанфуруш номин олмоқ қандай ёмон,
Ота каби талабчан-у меҳри уммон,
Ер юзида тимсоли йўқ нодир эл бу,
Адашганни кечирмоққа қодир эл бу!
Соғлом фикр, теран нигоҳ, эзгу ғоя,
Мустақиллик келажакка зўр сармоя,
Чин инсонга сололмагай шубҳа соя,
Ер юзида тимсоли йўқ нодир эл бу,
Адашганни кечирмоққа қодир эл бу!
Қанча-қанча адашганлар бўлиб шодон,
Қадам ташлар бугун соғлом ҳаёт томон,
Улар бошин рағбат ила силар ҳар он,
Ер юзида тимсоли йўқ нодир эл бу,
Адашганни кечирмоққа қодир эл бу!
Имом-хатиб, уламолар бир тану жон,
Тарғиботу ташвиқотда илғор чаққон,
Анжуманнинг бош мавзуси бу жараён,
Ер юзида тимсоли йўқ нодир эл бу,
Адашганни кечирмоққа қодир эл бу!
Зиёлилар оммасидир бугун якдил,
Мулоқотда очилади ҳар қулфи дил,
Қонун, виждон амрига эш бўлган оқил,
Ер юзида тимсоли йўқ нодир эл бу,
Адашганни кечирмоққа қодир эл бу!
Билиб-билмай адашганлар билди бугун,
Ёт оқимлар касофатдир дунё учун,
Сарф этишар эзгуликка энди кучин,
Ер юзида тимсоли йўқ нодир эл бу,
Адашганни кечирмоққа қодир эл бу!
Ижтимоий ҳам маънавий муҳит соғлом,
Бунёдкорлик, ҳурфикрлик эзгу мақом,
Бобомерос ҳикматлардан сўйлаб калом,
Ер юзида тимсоли йўқ нодир эл бу,
Адашганни кечирмоққа қодир эл бу!
Ёшлигидан зурёдимиз бўлсин огоҳ,
Уни йўлдан оздирмасин турфа гумроҳ,
Аммо, авф бор – ғўрлик сабаб қилса гуноҳ,
Ер юзида тимсоли йўқ нодир эл бу,
Адашганни кечирмоққа қодир эл бу!
Шу ватандир паноҳимиз, она замин,
Биздан фарздир асли поклаш рух оламин,
Керак бўлса тутиб меҳрин жон малҳамин,
Ер юзида тимсоли йўқ нодир эл бу,
Адашганни кечирмоққа қодир эл бу!
Кичик хато қилса - кечмоқ каттадан фарз,
Тўғри йўлга қайтмоқлик ҳам сабоқ, бир дарс,
Бошин эгиб адашганлар қилганда арз,
Ер юзида тимсоли йўқ нодир эл бу,
Адашганни кечирмоққа қодир эл бу!
Тараққиёт сари қадам бу анжуман,
Ибратларга тўла олам бу анжуман,
Кўнгилларни ёритган шамъ бу анжуман,
Ер юзида тимсоли йўқ нодир эл бу,
Адашганни кечирмоққа қодир эл бу!
Ўзбекистон – осойишта –тиниқ осмон,
Истиқлолдан яшнаётган сўлим бўстон,
Масъул эрур ватан учун ҳар тирик жон,
Ер юзида тимсоли йўқ нодир эл бу,
Адашганни кечирмоққа қодир эл бу!
Абдулаҳад анжуманда шоду хуррам,
Ёш авлодга ёрқин камол тилар ҳар дам,
Тараққиёт, савоб йўлдан ташлар қадам,
Ер юзида тимсоли йўқ нодир эл бу,
Адашганни кечирмоққа қодир эл бу!
2017 йил.
Абдулаҳад қори ШАҲРИХОНИЙ,
Бўз тумани бош имом-хатиби.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
1. Арафа куни кечаси, яъни, ҳайит кунига ўтар кечасини бедор ўтказиш.
Ҳайит кунига ўтар кечани Қуръон тиловати, зикр, тасбиҳ ва нафл намозлар билан ўтказиш улкан савобларга сабаб бўлади. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: "Ким икки ийд кечаларини Аллоҳдан савоб умидида қоим қилса, қалблар ўладиган кунда унинг қалби ўлмас”, деганлар (Ибн Можа, Табароний ривояти).
2. Ғусл қилиш. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр, азҳо ва арафа кунлари ғусл қилар эдилар” (Ибн Можа ривояти).
3. Энг яхши, янги ёки тоза кийимларни кийиш.
4. Хушбўйланиш.
5. Қурбон ҳайити намозига чиқишдан олдин ҳеч нарса емаслик. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ҳайитида таомланмасдан чиқмасдилар, қурбонлик кунида эса намоз ўқигунларича таомланмасдилар” (Имом Термизий ривояти).
Эслатма! Баъзилар қурбон ҳайитида ҳеч нарса емай намозга чиқишни нотўғри тушуниб, куннинг аввалги ярмига қадар рўзани ният қилиш керак, дейишади. Шу билан бирга, ўша куни саҳарликка туришади ва оғизларини ният билан беркитиб намозга чиқишади. Ҳайит намози ўқиб бўлингач эса, худди ифторликдаги каби оғизларини очишади. Бундай қилиш нотўғри. Ҳайит кунларида рўзани ният қилиш ҳаром амал саналади. Қолаверса, ярим кунга рўза ният қилинмайди.
6. Масжидга имкон бўлса пиёда ва эртароқ бориш. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ҳайит намозига пиёда юриб чиқардилар” (Ибн Можа ривояти).
7. Йўлда таҳлил (Лаа илаҳа иллаллоҳ), такбир (Аллоҳу акбар) ва таҳмид (Алҳамдулиллаҳ) айтиш. "Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Лаа илаҳа иллаллоҳу Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд".
8. Ҳайит намозидан олдин бошқа бирор нафл намоз ўқимаслик. Масжидга боргандан сўнг таҳийятул масжид ёки бошқа бирор нафл намоз ўқимасдан зикр қилиб ўтириш лозим.
9. Намозга бир кўчадан бориб, бошқасидан қайтиш. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилар эдилар.
10. Ҳайит билан муборакбод этиш. Саҳобалар: "Тақоббал Аллоҳ минна ва минкум (Аллоҳ биздан ҳам, сиздан ҳам қабул этсин)", деб бир-бирларини байрам билан табриклашарди.
11. Аҳли аёл ва ёш болаларни хурсанд қилиш. Оилада байрам кайфиятини пайдо қилиш, совға-ҳадялар улашиш керак.
12. Қавм-қариндош, ёш улуғларни зиёрат қилиш.
13. Таниш-билиш, ёру дўст, қўни-қўшниларни байрам билан табриклаш.
Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин!
Даврон НУРМУҲАММАД