Исломий ва миллий қадриятлардан бири ўзгаларга ёрдам қўлини чўзишдир. Ушбу кўмак моддий ёки маънавий бўлиши мумкин. Рамазон ойида бериладиган закот ва фитр ана шундай ыадриятлар сирасига киради.
“Закот” сўзи тилимизда “поклик” ва “ўсиш” маъноларини билдиради. Шаръий истилоҳда эса “Закот махсус молдан, махсус жузни махсус шахсга Аллоҳнинг розилиги учун шариатда тайин қилинганидек мулк қилиб беришдир”.
Закот туфайли ижтимоий барқарорлик юзага келади. Шунингдек, закотнинг фақат моддий эмас, балки маънавий, руҳий, ахлоқий маънолари ҳам бор. Закотда берувчига ҳам, олувчига ҳам, улар яшаб турган жамиятга ҳам катта фойда бор. Закот беришдан асосий мақсад кам таъмиланган фақир-фуқаро, бева-бечораларга молиявий ёрдам бериш баробарида инсонни молу дунёдан устун қилиш, инсон мол-дуёнинг, мол-дунё инсоннинг қули эканини таъминлашдир.
Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ:
“Аллоҳ таоло Ўз бандасига жон неъмати ва мол неъматини берган. Бадан ибодатлари жон неъматининг шукридир. Молиявий ибодатлар мол неъматининг шукридир”, деганлар.
Закот мусулмонларнинг маълум саноққа етган ва бир йил айланган чорва молларидан берилади. Унинг шарти йилнинг кўп қисмини яйловда ўтказган бўлиши керак. Уламоларимиз бунинг ҳикматини қуйидагича айтган. Одатда, чорва ҳайвонлар яйловдаги ўт-ўсимликлар билан озиқланади. Ваҳоланки, ўша яйловада унган ўт-ўланлар аҳолининг умумий мулки ҳисобланади. Демак, унда халқнинг ҳаққи бор. Чорвадор ҳамма молини халққа бера олмаслиги табиий. Шу боисдан унга молидан 2,5 фоизни ажратиш кифоя. Ана ўша ажратилган мулк, табиийки, ўзи каби мулкдор бойга эмас, муҳтож одамга берилади.
Муайян миқдорга етган, йил тўлган тижорат молларидан ҳам закот берилади. Тижоратчининг мулкига шубҳали моллар аралашиб қолиши эҳтимоли бор. Молини поклаб олиш учун муҳтожларга шариат белгилаган қисмини ажратиши керак бўлади. Яна уйида закот миқдорида пули борлар, ё сотиш ниятида машина, уй-жой, қиммат баҳо нарсалар олиб қўйган ҳамда 85 гр тилло-кумуши борлар ҳам закот беради. Тасаввур қилинг, бир одамнинг уйида 15 миллиондан ортиқ пули бор. Буни асраб қўйганига бир йил бўлди. Шундан у закот бериши керак бўлади. Чунки пулни уйида сақлагани боис давлат ва жамият зарар кўради.
Зеб-зийнат ва тилло тақинчоқлар ҳеч қачон қадр-қийматини йўқотмайди ва табиий равишда нархи ўсувчи мол ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ундан улуш берилади. Зеро, баъзи уддабурон одамлар пулни жамғариш мақсадида тиллога айлантириб қўйиши ҳеч кимга сир эмас. Давлатга тўланадиган солиқ садақа ва закот ҳисобига ўтмайди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бандалар тонг оттирган ҳар бир кунда, албатта, икки фаришта нозил бўлади-тушади. Улардан бири: “Аллоҳим! Инфоқ қилувчига ўринбосар бергин”-, дейди. Иккинчиси эса: “Аллоҳим! Мумсик (Зиқна бахил)га йўқотиш бергин”, дейди”, дедилар.
Тасаввур қилинг, агар ҳар бир мусулмон инсон жамиятдаги ва динидаги вазифасини сидқидилдан бажарса, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзса, жамиятда фақир ва мискин қолмайди.
Шу ўринда бир мулоҳаза закотни кимларга беришни Яратганнинг ўзи Каломида битиб қўйган. Уни кимларга бериб бўлмаслик ҳам ҳадисларда баён қилинган. Яна уламоларимиз номақбул йўлларга сарф қиладиганларга ҳам закот бериб бўлмаслигини таъкидлаганлар.
Албатта, закотнинг савоби янада мукаммал бўлиши учун уни муносиб ўринга берилиши муҳим. Чунки номуносиб шахсга берилган маблағ ношаръий ишларга йўналтирилиб, закот берувчи ҳам гуноҳкор бандалар қаторига тушиб қолиши мумкин. Шунинг учун ҳалол топган бойликдан ажратилган закот бева-бечора, етим-есир, камбағал, муҳтож оилаларга, толиби илмларга берилса, ҳам улкан савобларга эришилади.
Мева-чева ва ердан чиққан нарсалардан, агар уни оқин(оқар) сув ёки ёмғир суғорган бўлса, ушр-1/10 (ўндан бир) берилади. Халқимизда буни қўни-қўшничилик ва муҳтожлар ҳаққи деб юритилади. Агар ҳосил олишда суғориш асбобларидан фойдаланган бўлса, харажати ва қўл меҳнати кўпроқ синггани учун 1/20 (йигирмадан бир) берилади.
Фитр садақаси
Фитр садақаси буғдойдан, ундан олинадиган нарсалардан ва майиздан 2 кг. берилади. Хурмо ва арпадан 4 кг. берилади.
Бизнинг диёрда кенг тарқалгани фитр садақасини буғдойдан беришдир. Ўрта ҳисобда бозордаги сотилаётган буғдой нархи олинади. Баъзи олимлар камбағалларнинг фойдаси учун бозордаги энг қимматини ҳисоблаш яхши дейдилар. Ҳанафий мазҳабимизда садақаи фитр вожиб ҳисобланади. “Фитр”нинг маъноси “оғиз очиш” дегани. Закот ва бошқа садақалар молдан қилинса, фитр садақаси жон бошидан қилинади. Унинг ҳикмати ҳадисларда баён қилинганидек, рўзадаги камчиликларни бартараф қилиш, қолаверса, рўза тугаши ва Рамазон ҳайити кириши билан барча мусулмонлар байрам қилишидир. Табиийки, байрамни муносиб ўтказиш учун дастмоя керак. Бунинг учун эса қурби етганлар муҳтожларга фитр садақасини худди совғадек улашади ва байрам барчага татийди. Натижада жамият вакиллари ва табақалари ўртасида иноқлик, меҳр-мурувват ришталари шаклланади.
Аҳрорбек МАДАИПОВ,
Оҳангарон туманидаги “Хонобод” жоме масжиди имом ноиби
Бир савдогар бой одам ошқозон-ичак касаллигидан азоб чекиб, кўп муолажа олган, бир неча марта жарроҳлик амалиётини ҳам ўтказган эди. Турли хил муолажалардан сўнг ҳам аҳволи ўнгланмади. Бир куни бу ташвишлардан жуда зерикиб кетди ва машинасига ўтириб боши оққан томонга қараб кетди. Йўл-йўлакай, Нил дарёси бўйида жойлашган кичик бир қишлоқча ёнида тўхтади. Узоқдан бир деҳқонни кўриб қолди. Деҳқон эса ерга тўшалган тупроқда ўтириб, бир нима ейиш билан банд эди. Бой одам машинасидан тушиб, деҳқоннинг овқат еяётганини кузата бошлади.
Деҳқон уни кўриб қолиб: "Меҳмон бўлинг, овқатдан енг, чой ичинг!" деб чақирди. Бой одам ўзининг овқат ея олмаслигини тушунтирмоқчи бўлди, аммо деҳқон унинг баҳонасига қарамай, уни таклиф қилишда давом этди. Ахири бой одам ерга тўшалган жойга ўтирди. Унинг олдига овқат тўла патнис қўйилди. Унда бутун помидорлар, бодринг, кўкатлар, салат барги, пиширилган бедана тухумлари, нон ва кўмирда қайнатилган чой бор эди.
Бой одам деҳқонни хафа қилмаслик учун бир дона помидорни олиб оғзига солмоқчи бўлди. Деҳқон унга: "Бисмиллоҳ" деб егин, деди. Бой "бисмиллоҳ"ни айтиб помидорни оғзига солди. Бироқ зум ўтмай қорнида қаттиқ оғриқ пайдо бўлиб, ерга йиқилди. Деҳқон қўрққанидан оиласи билан уни уйига олиб кириб, ётоқхонага ётқизишди. Бой одам ўзининг дори-дармонларини олиб, оғриқни босишга уриниш билан овора бўлди.
Шу кеча деҳқон уйидаги намозхонада қоим бўлиб, бой одам учун Аллоҳдан шифо сўраб, тинмай дуо қилди. Саҳарга яқин, бой одам деҳқоннинг “Аллоҳим, эчкининг ҳаққи билан!” деб қўлларини дуога очганини кўриб қолди. Ҳайратда қолган бой, деҳқондан сўради: "Бу "эчкининг ҳаққи" нима дегани?".
Деҳқон шундай жавоб берди: "Бу Аллоҳ билан менинг орамдаги бир сир".
Бой одам деҳқондан бу сирни очишни сўради ва ҳоли жонига қўймаганидан кейин деҳқон ҳикоя қила бошлади: "Ёшлигимда ишчи бўлиб ишлардим, олган маошимни тўплаб, уйланиш учун сақлардим. Уйланишим учун менга 100 жунайҳ миқдорида маблағ зарур эди. Бир куни қўшнимнинг қизи икки эгизак бола туғиб, онаси вафот этиб қолди. Қўшнимнинг боши қотган, болаларни эмизадиган она керак. Аммо қишлоқда эса, ўзини боласига қўшиб яна икки болани эмизадиган аёл йўқ. Болаларнинг очликдан йиғлашлари менга эшитилган сари юрак-бағрим эзилиб кетади. Шундан кейин мен тўйим учун йиғиб юрган 35 жунайҳ пулни олиб, бозорга бордим. Болалар учун кийим-кечак ва уй учун керакли буюмлар сотиб олдим ва қўшнимга сездирмай нарсаларни унинг ҳовлисига киритиб қўйдим. Қўшним нарсаларни кўриб хурсанд бўлди, аммо яна бу билан қўшнимнинг муаммоси ҳал бўлмаслигини билар эдим.
Бир кеча тушимда бир шайх келиб: "Қўшнингнинг ҳовлисига эчки боғла", деди.
Эрталаб туриб, қолган пулимга янги болалаган эчки сотиб олдим. Қўшнимнинг ҳовлисига олиб кириб боғладим. Шундан кейин қўшнимнинг уйида болаларнинг чинқираб йиғлаган овози тинди. Қўшним эса ҳар куни “Эчкини олиб келган одамга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!” деб дуо қилар эди. Мен учун бу эчки Аллоҳ билан орамдаги бир сир бўлиб қолди. Ҳар қачон шу дуо билан Аллоҳдан сўрасам, Аллоҳ қабул қилади. Бу кеча эчкининг ҳаққи билан сенга шифо сўраб Аллоҳга дуо қилдим. Иншааллоҳ, Аллоҳ сенга шифо беради, деди. Бой одам деҳқоннинг ҳакоясини эшитдию, аммо унга унчалик эътибор қилмади.
Лекин шу воқеадан кейин яна бир марта шифокорнинг ҳузурига таҳлил учун борганида шифокорнинг хулосасини эшитиб ҳайратдан қотиб қолди. Чунки унга бир неча йиллардан бери оғриқ азобини бериб келаётган ошқозон ва ичакларидаги дардидан асар ҳам қолмаган эди.
Бой одам бу гапни эшитгач, шошилганча деҳқоннинг ҳузурига борди ва унинг қўлларини ўпиб миннатдорчилик билдирди ва унга ҳам шундай савобли ишлар қилишни ўргатишини сўради. Деҳқон эса уни қишлоқ бўйлаб олиб юриб, фақир ва муҳтожларнинг уйларини кўрсатди ва ҳар бир фақирнинг уйини олдида бир тўхтаб, унга: "Аллоҳ билан савдо қил!" деди. Бой одам: - Қандай қилиб Аллоҳ билан савдо қилиш мумкин? деб сўради. Шунда деҳқон: "Аллоҳ билан савдо қилишнинг йўллари кўп. Энг муҳими ихлос бўлсин. Шунда бир оғиз ширин сўзинг ҳам садақа ҳисобида бўлади".
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ