Ойларнинг султони муборак Рамазон ойининг ғанимат кунлари ўтиб бормоқда. Мана бугун Рамазон ойининг 10 кунидир. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам рамазонни 30 кунини учга бўлиб, биринчи ўн кунлигини Аллоҳ таолонинг бандаларига раҳмат, баракотлар ёғдирадиган кун эканини таъкидлаганлар. Шунга кўра, раҳмат ўн кунлигидан баҳра ололдикмикан? Бошларимиз узра Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғилдимикан? Рўза тутиб, билиб-билмай яна хатоларга қўл уриб қўймадикмикан? Арзимас туюлган дунё ишлари билан овора бўлиб, сабримиз етмай ота-оналаримиз, яқинларимиз ёки корхонада бирга хизмат қилаётганларни кўнгилларини оғритиб қўймадикмикан? Аслида рўзанинг ҳикматларидан асосийси бўлган жисмимизни очлик ва ташналикдан сабрга йўллаш, руҳимизни поклаш эканини бироз унутиб қўймадикмикан?
Маълумки, ишловчи ишчи-хизматчилар ва ўқувчи талабалар бир йилда бир маротаба таътилга чиқиб, дам оладилар. Руҳан-жисман тетиклашиб яна ишга, ўқишга қайтадилар. Баданимизнинг таътили эса мана шу Рамазон рўзасидир. Ҳамма ҳам бир йиллик таътилини рисоладагидек ўтказса, яна ишга қайтганида келгуси йилгача шу кайфиятда ўтишига туртки бўлади. Ўз соғлигимизга эътиборли бўлиб, соғ-саломат бўлсак, иш унумдорлиги ўйлаганимиздан ҳам кўра яхшироқ бўлади.
Биз ҳам Аллоҳ таолонинг биз билган-билмаган фазлу марҳамати билан мўмин-мусулмонларга фарз бўлган Рамазон рўзаси - баданларимиз таътилини хуш кайфиятда ўтказайлик. Инсон ички аъзолари тўхтовсиз бизлар учун тиним билмай хизмат қилиб туради. Улар ҳам шу муборак Рамазон ойида таътилга чиқадилар. Бўйнимизда жисмларимизнинг ҳаққи бор, улар ҳам дам олиш ҳуқуқига эга. Улар ҳам ортиқча еб-ичишдан, ортиқча ухлашдан ҳоли бўлсинлар. Очликда руҳият тетиклашади, дейилади. Мажбурий очлик билан фарз қилинган рўзадан ибрат олиб, очлар ва муҳтожлар ҳолини бир бора тафаккур қилайлик.
Тинч ва осуда мамлакатимизда ибодатларни эркин-эмин қилиб, хотиржамликда ўтаётган ҳар бир кунимизни ғанимат билайлик. Дунёнинг қайси бир бурчагида рўза тутиш учун егуликлари йўқ ёки бўлмаса беҳуда бўлаётган жанжал-урушлар туфайли ўз ҳаловатини йўқотиб рўза тута олмаётганлар ҳолидан ибратланайлик. Аллоҳ таолога шукрона айтиб, ихлосу эътиқод билан иккинчи бошланган мағфират ўн кунлиги қадрига етайлик.
Парвардигор гуноҳларимизни мағфират қилсин, билиб-билмай қилган гуноҳларимизни ойлар султони бўлган Рамазон шариф сабабли кечирсин. Масжидларда бўлаётган хатми Қуръонлар, истиғфор ва дуойи хайрлар шарофати билан юртимиз тинчлиги бардавом бўлсин. Оилаларимизда файзу баракотлар ёғилишига бу йилги Рамазон аввалги йиллардагидан ҳам муборакли из қолдирсин.
Инсонни бир йиллик ҳисоботи қилинадиган ва яна бир йиллик тақдирлари янгиланиб ёзиладиган бу ой ҳар биримизнинг номаи аъмолларимизга яхшиликлар бўлиб ёзилсин. Аллоҳ таоло Рамазоннинг биринчи ўн кунлигида қилишга улгура олмаган яхши амалларимизни қолган ғанимат кунларида кўпроқ қилишга имкониятлар берсин. Дуоларимиз ижобат бўлсин.
ЎМИ Ходимлар бўлими
мутахассиси Зарифа Маҳкам қизи
Унутмангки, Аллоҳ таоло Ўзига юзланишингиз учун сизни турли мусибатлар билан синайди. Баъзан Аллоҳдан имтиҳонлардан муваффақиятли ўтишни ёки солиҳа жуфт ҳалол ё яна бошқа нарсаларни сўраб ой ва йиллар давомида дуо қиласиз. Аммо дуоингиз ижобат бўлмаётганидан ташвишга туша бошлайсиз.
“Нега Аллоҳ дуоларимни қабул қилмаяпти?” деган саволлар ҳаёлингизда тинмай айланади. Аммо Аллоҳ сизга қанча неъматларини тайёрлаб қўйганини билмайсиз! Сиз банда эканингизни эътироф этиб, ноумид бўлмай Аллоҳдан қанча кўп сўрасангиз, қалбингиз шунча юмшайди. Тобора Аллоҳга муҳтож эканингизни тушунасиз. Аслида, ҳар бир олган ва чиқарган нафасимиз Аллоҳнинг бизга берган чексиз неъматидир.
Аллоҳнинг юборган синовлари сабабли банда ожизлигини англаш билан бирга, Аллоҳдан бошқа ҳеч ким унга ёрдам бермаслигини тушуниб етади. Бу банданинг иймонини янада мустаҳкамлайди.
Агар Сиздан “Аллоҳга энг яқин бўлган вақтиниз қачон бўлган?” деб сўрасалар сиз “Оила қурганимда”, “фарзандли бўлганимда” ёки “янги ишга кирганимда” деб айтмайсиз. Балки ҳаётингизнинг энг қийин лаҳзаларини, қийинчиликка дуч келганингизда вазиятдан қандай чиқишни билмай қолганингизни, фарзандингиз касал бўлганда, онангиздан айрилганингизда Аллоҳга янада яқин бўлганингизни эслайсиз.
Сиз ҳаётингизнинг ана шундай энг мушкул вазиятларида Аллоҳга ҳар қачонгидан ҳам кўра кўпроқ ёлвориб дуо қилгансиз.
Нега? Чунки фақат Аллоҳ сизни бу қийинчиликлардан қутқариши мумкинлигини билгансиз. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким ёрдам бера олмаслигини англаб етгансиз.
Ҳа, айрим бандалар турли синов-мусибатлар сабабли Аллоҳга юзланади, Роббига қайтади.
Яна баъзи бандаларнинг эса Аллоҳ таолога қайтишига гуноҳ амаллар сабаб бўлади. Бу ҳақда Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи бундай дейдилар: “Гоҳида У Зот сенга тоат эшигини очади ва қабул эшигини очмайди. Гоҳида сенга гуноҳни тақдир қилади ва у (У Зотга) етишишга сабаб бўлади”.
Уламолардан бири айтади: “Банда гуноҳ сабабли жаннатга кириши ва савоб иш туфайли жаҳаннамга тушиши мумкин”, деди. Одамлар таажжубланиб: “Қандай қилиб бундай бўлиши мумкин?” деб сўрашди. Олим уларга: “Банда баъзан гуноҳга қўл уради, кейин ўзига келиб, қилган гуноҳига қаттиқ афсусланади, тинмай афсус-надомат чекади. Охир оқибат унда ўзини паст олиш, синиқлик ва надомат пайдо бўлади. Аввалгидан кўра тоат-ибодатга кўпроқ уринади, ихлос қилади. Натижада бу гуноҳи унинг жаннат сари ҳаракат қилишига сабаб бўлади. Яна бошқа банда бир яхшилик қилиб, кибрга, ужбга, мақтанишга, одамлардан мақтов эшитишга берилади. Айнан шу ҳол унинг ҳалокатига, дўзахга сари етаклайди”.
Даврон НУРМУҲАММАД