“Агар Аллоҳ бу умматни азоблашни ҳоҳлаганида эди. Уларга Рамазон ойи ва Ихлос сурасини ато қилмас эди.”( Ҳазрати Али р.а)
Рамазон меҳру-мурувват, хайр-у саховат ойи. Рамазон қалб, руҳ ва жасадимиз покланадиган ой. Рамазон ойи дуоларимиз ижобат бўладиган, қадр кечаси, таровеҳ намозларию хатми Қуръонлар баракаси, рўзадорни ифторлантиришнинг савобидан баҳраманд бўладиган, хайрли амалларимиз учун савоблар, ажрлар кўпайтириб бериладиган, фазилатли, барокатли ой. Зеро, Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Агар умматим Рамазон ойида улар учун қанча фазилатлар борлигини билганларида эди, йилнинг ҳаммасини Рамазон бўлишини ҳохлар эдилар”, - деганлар. Рамазон ойида аввало қалбни поклаш, агар бир-бири билан хусуматлашган бўлса, гина ва хусуматларни унутиб бир-бири билан ярашиш, қўни-қўшни маҳаллада, қариндошлар орасида ёрдамга мухтожларга мурувват кўрсатиш, ёрдам қўлини узатиш, қариндошларга сийлаи раҳм қилиш, беморларни зиёрат қилиш, етимлар бошини силаш, ёлғиз кексалар, ногиронлар ҳолидан хабар олиш, савобли ишларга шошилишлигу, барча гуноҳ ишлардан ўзини тийиш, бировнинг дилига озор етказиб қўйишдан, бировнинг ҳаққига тажоввуз қилишдан сақланишликка бу ишларни амлга оширишлик билан бўлади. Бир ойлик эртаю-кеч қилинаётган анна шундай қизғин ибодатларга мукофотўлароқ гуноҳларимиз мағфират қилинади, айбу нуқсонларимиз кечирилади. Шунинг учун бу ойнинг авали раҳмат, ўртаси мағфират, ниҳояси дўзахдан нажотдир.
Рамазон ойи покланиш ойи экан, аввало қалбимизни поклайлик. Агар қалбимиз пок бўлса, бошқа аъзоларнинг гуноҳ қилишига имкон бермайди. Чунки, қалби покиза одамдан доимо яхшилик умид қилинади. Рамазон ойи йил ичидаги энг афзал ой ҳисобланади. Унинг фазли ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар улуғ уламоларимизнинг сўзлари, мадҳлари, шеърлар айтилган, китоблар битилган. Лекин бу ҳақидаги таърифларнинг гултожи Роббил Оламийннинг Ўз каломида айтган мадҳидир. Бу мадҳ турли оятларда келган. Ушбу оятдаги таъриф Рамазони шарифнинг энг улкан фазилатлари ҳақидадир. Яъни: Бақара сурасининг 185-оятида: “Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон тушурилгандир. Сизданким бу ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғи бошқа кунлардан. Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинликни хоҳламас. Саноғини мукаммал қилишингиз ва сизни ҳидоятга бошлаган Аллоҳни улуғлашингиз учун. Шоядки, шукр қилсаларингиз”.
Ҳазрати Мавлоно Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳафизаҳуллоҳ айтадилар: “Рўза Аллоҳ таоло билан банда ўртасидаги бир махфий аҳдлашувдир. Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда: “Рўза мен учундир. Унинг мукофотини Ўзим бераман” дейди. Чунончи, бошқа ҳар турли ибодатнинг савобини фаришталар ёзадилар. Магар, рўза борасида фаришталар “Бу банда рўза тутди” деб ёзадилар, холос. Унга бериладиган савоб ва мукофотни қиёмат куни Аллоҳ таолонинг Ўзи беради.
Бунда бир нозик жиҳат бор, уни яхшилаб тушуниб олайлик, ҳар бир берувчи ўзининг даражасига кўра беради. Фараз қилайлик, бирор тиланчи келиб мендан сўраса, мен ўзимнинг ҳолатимга мувофиқ, унга бир сўм бериб юбораман. Агар айни шу тиланчи бирор мулкдор одамдан сўраса, у бир сўм беришга уялади. Эҳтимол, у унга минг сўм бериб юбориши мумкин. Агар айни шутиланчи бирор мамлакатнинг подшоҳидан бориб сўраса, у минг сўм беришга уялади. У унга юзминг сўм бериб юборади, балки миллион сўм бериб юборар. Ундан кам бермайди. Дунёнинг буюк шахслари ўзларининг даражаси ва ҳолатига кўра берганларида, бу ўринда шуни англаб олиш лозимки, Аллоҳ таоло ҳам қиёмат куни рўза ибодатига савоб берганда, Ўзининг буюклигига мувофиқ беради.
Аллоҳ таоло барчамизни Рамазон савобларидан баҳраманд айласин.
“Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим
юрти мударрисаси Ҳуснигул Ҳалимова
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ўлим бир эшик. Барча инсонлар ундан ўтади. Эҳ кошки, бу эшикка киргандан кейин менинг уйим қанақалиги маълум бўлса?!
Биродар! Қаранг, қабрдагилар бир-бирларига жуда яқин ётишибди. Лекин улар сиртдан яқин қўшни. Аслида эса, бир-бирларининг ёнига ҳам бора олмайдилар.
Усмон розияллоҳу анҳу қачон қабр ёнидан ўтсалар, шу даражада йиғлар эдиларки, соқоллари кўз ёшларидан ҳўл бўлиб кетарди.
У кишидан: "Сиз нега жаннат ва дўзахни эсга олганингизда йиғламайсиз. Лекин қабрни кўриб йиғлайсиз?" деб сўрашди. У киши шундай дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қабр охиратнинг илк манзилидир", деганлар. Шунга кўра, агар маййит қабрдаги азобдан нажот топса, ундан кейинги ҳаёт осон бўлади. Агар қабрдаги азобдан нажот топа олмаса, у ҳолда ундан кейинги ҳаёт қийин бўлади.
Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мен қабрдан кўра дахшатлироқ бирор манзарани кўрмадим", деганлар.
Биз учун бу қабрларда ибрат йўқми? Қаранг, бой ҳам, фақир ҳам, зўравон ҳам, кучсиз ҳам, оқ танли ҳам, қора танли ҳам, подшоҳ ҳам, фуқаро ҳам барча баробар ётибди. Улар дунёга қайтишни хоҳлайдилар. Бойлик жамлаш ёки қаср қуриш учун эмас, балки, кошки мен бир намоз ўқиш учун муҳлат топсам, кошки бизга бир мартагина "Субҳаналлоҳ" дейиш учун фурсат берилса, деб, шу амалларни қилиш учун дунёга қайтишни хоҳлайдилар. Лекин энди иложи йўқ. Номаи аъмол ёпилиб бўлди. Руҳ жисмдан чиққан. Ҳаёт муҳлати тугаб бўлган. Энди ҳар бир маййит ўз амалининг гарови ўлароқ қабрида ётибди...
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан