Яратганга беадад шукрлар айтамиз. Аллоҳ таоло рамазон ойида рўзани фарз қилди ва ушбу ойни раҳмат ва мағфират ойи дея атади. Бу ой бизларга нафсимизни тарбия қилишда ёрдам беради, сабрни, меҳр-шафқатни ўрганамиз. Барча пайғамбарлар нафс тарбиясида шу ибодатдан фойдаланганлар. Агарда инсон ана шу ибодат машаққатига сабр қилса, уни муҳаббат билан адо этса, ушбу ойда кўпроқ эҳсон, садақалар қилса, охират қийинчиликларидан қутилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
“Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди”, дея марҳамат қилади (Бақара сурасининг 185-ояти).
Рамазон ойида тутилган рўза орқали вақтинчалик очлик ва чанқоқлик машаққатини тотиш билан охиратдаги оғир машаққатдан қутилиши Фурқон сурасининг 75-76-оятларида қуйидагича маълум қилинган:
“Айнан ўшалар сабр қилганлари сабабли (жаннатдаги) юксак даражалари билан мукофотланурлар ва у жойда (фаришталар томонидан) салом ва омонлик билан қарши олинурлар. Улар ўша жойда мангу қолурлар. У энг гўзал қароргоҳ ва энг гўзал даргоҳдир”.
Рўза-очлик ва чанқоқлик каби қийинчиликдан иборат. Бу эса рўзадордан сабр-матонат талаб қилади. Ушбу очликка сабр қилган инсон собир бандалар қаторидан жой олади. Собирларга ваъда қилинган мукофот эса абадий жаннатдир. Роббимиз барчамизга ибодатларни чиройли адо этишда сабр ато этсин.
Сабр тўғрисида Ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бундай деганлар: «Кимга сабр қилиш неъмати ато қилинган бўлса, у ҳеч қачон савобдан маҳрум бўлмайди».
Зумар сурасининг 10-оятида:
“…Албатта, сабр қилувчиларга мукофотлари беҳисоб берилур” дейилади.
Сабр ойи бўлмиш рамазони шарифдан унумли фойдаланиб, сабр деб аталмиш фазилатга эришишга маҳкам бел боғлайлик. Шоядки, Аллоҳ таоло бизларни ҳам ўзининг собир бандаларининг қаторига қўшса.
Абдулазиз Бобомирзаев,
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти мудири
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
2026 йилнинг 16 июнь куни – янги 1448 ҳижрий йил – Муҳаррам ойи бошланишининг 1 кунидир. Ашуро куни 2026 йилнинг 25 июнь, пайшанба кунига тўғри келади.
Муҳаррам ойи қандай ой?
Муҳаррам ойи – мусулмонлар тақвимининг биринчи ойидир. Бу ой Аллоҳ таоло уруш, қон тўкишни ҳаром қилган (Зулҳижжа, Зулқаъда, Муҳаррам, Ражаб) тўрт ойнинг бири бўлиб, унинг ўнинчи куни яъни, ашуро куни алоҳида фазилатларга эга.
Ашуро қандай кун?
Бу кун ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Шу боис Мусо алайҳиссалом бу кунда рўза тутган. Мен Мусога кўпроқ (яқин бўлишга) ҳақлироқман”, дедилар ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар” (Имом Бухорий ривояти).
Ашуро куни рўза тутиш ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади.
Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ашуро кунининг рўзаси – Аллоҳдан умид қиламанки – бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Бу кун яқинларга кенгчилик қилиш, бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади.
Абу Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Ашуро кунини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай ўтказардилар?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунни ўтказиб юбормаслик учун қаттиқ ҳаракат қилардилар, унинг савобига эришиш учун бу куннинг келишини интиқлик билан кутардилар. Бу ҳақда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Ашуро куни рўзасини Рамазон ойи рўзасини кутиб соғингандек, бошқа кун ва ой рўзасини кутганларини кўрмадим” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутиб, одамларни ҳам бу куннинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: “Ё, Расулуллоҳ! Бу кун яҳудий ва насронийлар улуғлайдиган кун-ку!” дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ хоҳласа келаси йил тўққизинчи куни ҳам тутамиз”, дедилар. Аммо, келаси йил келмасидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар (Имом Муслим ривояти).
Уламоларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ниятларига эътиборан, Ашуро кунига қўшиб бир кун олдинги ёки бир кун кейинги кунда ҳам рўза тутмоқ афзал дейдилар.
Аллоҳ таоло ушбу ойнинг фазилатларидан барча мўмин-мусулмонларни тўлиқ баҳраманд этсин. Ўзининг розилигини топадиган амалларда бардавом қилсин.
Даврон НУРМУҲАММАД