frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

“Суннатларнинг онаси”

28.05.2017   19462   5 min.
“Суннатларнинг онаси”

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:“Бир куни Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бирдан устимизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Бизларнинг бирортамиз уни танимадик ҳам. У келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг  тўғриларига ўтирди.  Икки тиззасини У зотнинг тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва “Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) менга Ислом  ҳақида ҳабар бер”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам; “Ислом Лаа илаҳа илаллаллоҳу Муҳаммадур  Расулуллоҳ”, деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни  тўкис адо этмоғинг, закотни бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлга қодир бўлсанг байтни ҳаж қилмоғинг, дедилар”. “Тўғри айтдинг”, -деди. Биз унинг ишидан ажабландик. Ўзи сўрар ва ўзи тасдиқ қилар эди.

“Менга иймон ҳақида ҳабар бер”-деди. “Иймон Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг”, дедилар. “Тўғри айтдинг”, деди.

У “Менга эҳсон ҳақида ҳабар бер”, деди. “Эҳсон Аллоҳга ҳудди уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен уни кўрмасанг У сени кўриб турибди”, дедилар.

“Менга қиёмат ҳақида ҳабар бер”, деди. “Бу борада сўралинаётган киши сўраётган кишидан билгувчи эмас”, дедилар.  “Унда унинг аломатлари ҳақида хабар бер”, деди.  “Чўри ўз хожасини туғмоқлиги, ялангоёқ, яланғоч, камбағал чўпонларни бино қуришда бир-биридан ўзишга уринишларини кўрмоғинг”, дедилар. 

Сўнгра у қайтиб кетди. Бир муддат туриб қолдим.  Сўнг У зот менга “Эй, Умар, сўровчи кимлигини билдингми?”, дедилар. “Аллоҳ ва унинг Расули билгувчи”, дедим. “Албатта У Жаброилдир. Сизларнинг динингизни ўргатиш учун келибди”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Ибн Дақийқ ал-Ийд айтади: “Бу ҳадис жуда  муҳим ҳадис бўлиб, у барча зоҳирий ва ботиний амалларни ўзида мужассам этган. Шариат илмларининг барчаси бу ҳадисдан тўйинган. Чунки, бу ҳадис барча суннат илмларини  жамлаган. “Фотиҳа” сураси Қуръоннинг онаси деб номлангани каби бу ҳадис ҳам суннатнинг онасидир”.

“Жибрил ҳадиси” номини олган бу ҳадис мутавотир ҳадис ҳисобланади. Зеро, бу ҳадисни Абу Ҳурайра, Умар, Абу Зарр, Анас, Ибн Аббос, Ибн Умар, Абу Омир Ашърий, Жарийр Балхий каби буюк саҳобийлар ривоят қилганлар.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар;

Кийим бош ва кўринишни чиройли тутиш. Масжид ва илм мажлисларига бориш учун покиза кийимларни кийиш ва ҳушбўйликларни суриш мустаҳаб саналади. Шунингдек илм мажлисларида олимлар билан одоб доирасида муомилада бўлиш. Зеро, Жаброил алайҳиссалом инсонларга гаплари ва холатлари билан илм ўргатиш учун ташриф буюрган эдилар.

Эҳсон нима? Эҳсон – бирор ишни пухта ва ихлос билан қилишликдир. Яъни, Аллоҳ таолога ибодат шу даражада холис бўлиши керакки, гўёки банда ибодат вақтида Аллоҳни кўриб тургандек бўлиши керак. Агар бунинг уддасидан чиқа олмаса, шуни ёдига тутсинки, Аллоҳ таоло уни кўриб турибди ва ундан содир бўлаётган барча катта ва кичик амаллардан хабардор эканини ҳис қилиб туришидир.

Қиёмат ва унинг аломатлари. Қиёмат қачон қоим бўлиши фақатгина Аллоҳ таолонинг ўзигагина маълум бўлган ғайбий ишдир. Бироқ ҳадисда унинг аломатлари зикр қилинмоқда.

Илм ҳақида сўрашнинг зарурлиги. Мусулмон инсон ўзининг дунёси ва охирати учун фойдали нарсалар ҳақида сўраб ўрганиши ва бефойда нарсаларни тарк қилиши лозим. Шунингдек, бир илм мажлисига борса ва бу ердагилар бирор масалага мухтож эканликларини кўрса-ю, бироқ бу масала ҳақида ҳеч ким сўрамаётган бўлса, агарчи ўзи бу ҳақда билса ҳам ҳудди билмаган одам сингари бу ҳақда олим  одамга савол бериши керак. Чунки унинг  саволи натижасида шу масаладан бехабар бўлганлар унинг  моҳиятини билиб оладилар.

Кимки ўзи билмайдиган нарсалар ҳақида савол берилса унга “билмайман” деб жавоб қайтариши вожиб бўлади. Бу унинг тақвоси ва илмини тўғри йўналтирганининг далилидир.

Савол жавоб ҳам тарбия бериш усулларининг биридир. Бу услуб қадимда ҳам ҳозирда ҳам оммалашган усулдир. Шунингдек, бу усул Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуда кўп ҳадисларида ҳам такрорланган. Зеро, бундай услуб тингловчиларнинг назарини ўзига жалб қилади ва уларни жавобга ташна холатга келтиради.

Жалолиддин  Ҳамроқулов

"Новза" жоме  масжиди имом-хатиби,

ТИИ ”Таҳфизул Қуръон” кафедра мудири

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Масжидларда "яшил энергия": 1 900 дан ортиқ жомеда қуёш панеллари ўрнатилди

29.07.2026   18577   1 min.
Масжидларда

Сўнгги йилларда мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланиш ва экологик барқарорликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу эзгу ташаббус доирасида юртимиздаги масжидларда ҳам қуёш панеллари ва гелеоколлекторларни ўрнатиш ишлари изчил давом эттирилмоқда.

2026 йил 29 июль ҳолатига кўра асосий кўрсаткичлар:

Республика бўйича фаолият юритаётган 2 161 та масжиддан:

1 910 таси (88,4%) қуёш панеллари билан таъминланди (умумий қуввати — 14,3 МВт / 14 315,5 кВт);

1 020 таси (47,2%) иссиқ сув таъминоти учун гелеоколлекторлар билан жиҳозланди (умумий сиғими — 206 470 литр).

Ҳудудлар кесимида етакчилар:

Тўлиқ қамров: Қорақалпоғистон Республикаси, Сирдарё, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларидаги деярли барча масжидларга қуёш панеллари ўрнатиб бўлинди.

Энг юқори қувват: Тошкент шаҳри (2 559 кВт), Тошкент вилояти (1 706 кВт) ва Самарқанд вилояти (1 436,5 кВт) етакчилик қилмоқда.

Гелеоколлекторлар бўйича: Андижон (182 та), Наманган (181 та) ва Тошкент вилояти (172 та) масжидларида энг юқори кўрсаткичлар қайд этилди.

Қайта тикланувчи энергия тизимларининг жорий этилиши электр энергияси ва табиий газ сарфини сезиларли даражада камайтириб, масжидларнинг коммунал харажатларини қисқартириш ҳамда атроф-муҳит муҳофазасига муносиб ҳисса қўшиш имконини бермоқда.

Келгусида қолган 251 та масжидга қуёш панеллари ва 1 141 та масжидга гелеоколлекторларни босқичма-босқич ўрнатиш ва республикадаги сиғимларни тўлиқ «яшил энергия»га ўтказиш режалаштирилган.

Нодирбек Қодиров,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Масжидлар билан ишлаш бўлими мутахассиси

Ўзбекистон янгиликлари