Ҳазрати Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда бундай дейилади:
“Ислом бешта устун тепасига бино бўлган: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига, Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси эканлигига гувоҳлик бериш; намозни барпо қилиш; закотни бериш; Рамазон рўзасини тутиш, Байтуллоҳни тавоф қилишдир;” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло инсон зотини нима амалга буюрган бўлса, ҳаммасида инсон учун фойдалар бор. Уларнинг ҳар биридан кўзланган мақсад Аллоҳнинг ризолигини топиб унинг раҳматига етишиш экани барчамизга маълум. Аммо Аллоҳ таоло ўз марҳамати билан ана ўша амалларни бажарган инсоннинг жисмига ҳам фойдалар етказиб қўйган. Яққол кўзга ташланиб турадиган, оддий одамлар ҳам кузатиб билиш мумкин бўлган хусусиятларга тўхталамиз. Масалан, иймонли одамнинг яшашдан мақсади аниқ бўлади. Шунинг учун ҳар ерда довдираб юриб, бесамар ҳаёт кечирмайди. Таҳорат олган киши покиза бўлгани боис касаллик юқтирувчи бактериялардан омон бўлади. Танасини сув ювиб тургани боис қон айланиши фаоллашади. Намоз ўқиш бўғинларда туз йиғилишига қаршилик қилади, қон айланишини яхшилайди. Закот бериш кишига ўзининг қилган ишидан мамнунлик бағишлаб кайфиятини кўтаради, юрак касалликларидан, хафақонликдан асрайди. Ҳажга борган одам саёҳат ҳам қилади.Саёҳатнинг фойдали жиҳати шундаки, бир жойда ўтираверган кишининг ичига йиллар давомида шумлик, сершубҳалик, бадгумонлик ва шуларга ўхшаш иллатлар йиғилиб қолади. Йўл юрган инсон эса, ўзи сезиб-сезмай ана шу иллатлардан халос бўлиб, енгил тортиб қолади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сафарга чиқиш борасида айтган ҳадиси шарифларининг ҳикмати ҳам ана шунда намоён бўлади.
Ана энди рўзанинг фойдалари ҳақида тиббиёт мутахассислари ўтказган тадқиқотларнинг хулосалари билан танишинг:
Бу фойданинг бир жиҳати иглотерапияга ҳам ўхшайди. Иглотерапиянинг моҳияти шундай эканки, фаол ишлаб турган ҳужайраларни игна билан ҳаракатдан тўхтатиб қўйиб, ялқовланиб, ўлиш арафасига келиб қолган ҳужайраларни ишлашга мажбур қилиш экан. Рўзада ҳам одам оч юргани боис танасига ўн бир ой давомида йиғилиб қолган ортиқча ёғлар эриб ишлатилиб кетар экан-да, одамнинг жисми ортиқча юклардан қутулиб енгиллашиб қолар, ўша ёғларнинг остида ўлимини кутиб ётган бечора ҳужайралар яна фаол ишлаб кетар экан.
Ана бизга Раббимизнинг буюк марҳамати!
Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.
Савол: Ҳозирги кунда айрим одамлар қабристонлардан ўзлари, оиласи учун ер сотиб олиб, сағана қилдириб қўйишмоқда. Бу ишлари тўғрими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Қабристонлар омма фойдаланиши учун ҳукумат тарафидан берилган умумий жой ҳисобланади, ҳеч кимнинг шахсий мулки эмас.
Шунга кўра унга кимдир эгалик қилиши, у жойдан ер сотиши ёки сотиб олиши мумкин эмас. Биздан аввалги авлодлар, ота-боболаримиз қабристондан бирор нарсани олишга, ҳатто қуриган гиёҳ олишдан ҳам чўчиганлар.
Ҳозирда ҳам айрим одамлар қабристондаги мева ва ўт-ўланлардан фойдаланиш ҳақида кўп савол беришлари бежизга эмас, ана шу ҳадикдан пайдо бўлган. Аммо минг афсуски, айрим одамлар томонидан кимлар биландир тил бириктириб, ер сотиб олиш ҳолати оз бўлса-да, пайдо бўлмоқда. Бундан эҳтиёт бўлиш лозим. Чунки бу ноҳақдан ер олиш ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ огоҳлантириб, бундай деганлар: “Ким бир қарич ерни ноҳақдан олса, қиёмат куни уни етти қават ер ютади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир қарич ерни зулм ила олса, қиёмат куни унинг бўйнига етти қават ер осиб қўйилади”, деганлар (Муттафақун алайҳ).
Бу ишнинг қанчалик оғир эканини тушунмаган одамлар турли воситалар билан бир қарич бўлса ҳам бировнинг ерини ўзига қўшиб олишга ҳаракат қиладилар. Исломда бу иш зулм ҳисобланади ва катта гуноҳ сифатида қораланади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.