“Дунёдаги энг бой одам ким?” деган саволга “Билл Гейтс” деб жавоб бериш мумкин. Аммо бу жавоб унчалик ишончли эмас. Чунки бойлигининг ҳисобини яшириб юрганларнинг кўпчилиги бу одамдан бадавлат эканини тахмин қилиш мумкин... Модомики, шундай экан, “компьютер қироли”нинг биринчи рақамли бой экани шартли бўлиб қолади.
Бу – масаланинг бир томони, иккинчи жиҳати шуки, бойлик ўзи нима билан ўлчанади – нарсанинг кўплиги биланми, назарнинг тўқлиги биланми?..
Руҳиятшунослар инсон яхши ютуқларга эришиб бахтиёр бўлмоғи учун ижобий фикр юритмоғи аҳамиятли дейдилар. Ҳаётда катта мувафаққиятларни қўлга киритган одамларнинг хотираларини тинглаганда уларнинг ҳам ҳаёти бошида фаровон бўлмаганини, жиддий синовларга юзлашган ҳолда қийинчиликлар қошида тушкунликка тушмасдан тиришиб-тирмашиб вазиятдан чиқиб олганига гувоҳ бўламиз. Омадли инсонлар билан омадсизлар ўртасидаги фарқ ҳам шу ўзи. Ҳар иккиси бошида ўхшаш шароитда бўлган эса-да, улардан бир муаммоларни ҳал этиш учун Аллоҳ унга берган куч-ғайратни ишга солган, иккинчиси эса тушкунликка тушиб ҳар доим ўзининг ҳолига ачиниб, ҳолидан шикоят этиб ўзини-ўзи омадсизликка маҳкум этган.
Парвардигорнинг тақдирига инонмаган, ўзига нисбатан ҳақсизлик қилинди дея ўйлаган кишининг ҳаёти ғавғо ичида кечади. Ҳар доим салбий ҳиссиёт таъсирида бўлгани боис ишларини тўғри ташкил қила олмайди.
Инсон ўз насибасига рози бўлса, қўлидан келадиган ишларни гўзал суратда бажарса, Аллоҳга энг гўзал шукр этган бўлади. Чунки ҳақиқий шукр Аллоҳнинг неъматининг қийматини билиб, уларни Унинг ризоси учун қўлламоқдир.
Ижобий фикрламоқ ҳаётни қадрламоқни, турли воқеа-ҳодисалар қаршисида собит тура билмоқни таъмин этади. Насибасига рози бўлмоқ кишини пишитади, қайғу-аламлардан қочишига ёрдам беради. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган бир ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: “Аллоҳнинг берганига рози бўл, инсонларнинг энг бадавлати бўл!” деб марҳамат қилганлар (ИмомТермизий ривояти).
Дунёда ҳеч бир инсон йўқки, ҳар бир неъматнинг, ютуқнинг ўзиники бўлишини истамасин. Ўз нафси учун ҳар нарсанинг энг яхшисини исташи инсоннинг бошқалар насибасига чанг солишига сабаб бўлади. Аммо Парвардигори олам бандаларининг насибаларини ўзи истагандек яратган. Баъзиларга ҳусн, баъзиларга қобилият, яна бирига моддий имконият, бошқа бирига эса уни тушунадиган, қўллаб-қувватлайдиган яхши бир жуфти ҳалол ато қилган. Баъзи бандаларига катта имкониятлар эшигини очиб қўяр экан, бошқаларини торлик ва мушкулотларга дучор қилган.
Бу тақдир сабабидан сиқилиш банданинг одобига тўғри келмайди. Чунки иймонли инсон биладики, Робби унинг тақдирини тайин қилган экан, унга бўйинсунмоқ бурчидир.
Аллоҳ таоло бандаларини турли суратда имтиҳон қилади. “Нега уни бундай имтиҳон қилдинг, мени бундай имтиҳон қилдинг” дейилмайди. Аксинча, у ўз имтиҳонидан сўралади, мен ўз имтиҳонимдан, аҳамиятлиси – имтиҳондан ёруғ юз билан чиқмоғимдир” дейилади.
Ношукрлик – бахтсизлик сабаби. Зеро, насибасига рози бўлмаслик ва етишмовчиликдан шикоят қилиш ҳеч нарсани ўзгартирмайди, аксинча, нолиётган кимсанинг дардини икки баробар оширади. Шукр қилиш, қўлидаги неъматлар сабаби ила ижобий туйғуларга соҳиб бўлиш инсоннинг бу дунёси ва охирати учун ниҳоятда фойдалидир. Масалан, моддий бойлиги бўлмаган, аммо соғлиги яхши бўлган одам: “Шукрки, соғлигим яхши” деб қўлидан келганча меҳнат қилиб моддий қийинчиликдан қутулиб олади.
Бунинг аксини қилиб, киши ҳар доим бошқаларга қараб, ўзини улар билан муқояса қилиб, “Нега фалон кишилар мўл-мўл харажатлар қилади-ю, мен қила олмайман? Мен ҳам улар каби харжлашни истайман!” деса ўзининг аҳволини оғирлаштиради. фарзандларининг ризқини қияди, ҳатто қарзга ботиб қолади.
“Ҳеч вақойим йўқ”, деган одамлар ҳам жуда кўп неъмат эгасидир. Агар соғлик, бўш вақт, ёшлик каби ҳеч ўйламаган неъматларимизга бажара олганимиз қадар шукр қилсак Аллоҳ таоло ризқимизни янада кенг қилиб қўяди. Бинобарин, Қуръони каримда: “Ким бир яхшилик қилса, биз унга ўша ишида яхшиликни зиёда қилурмиз. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратли, Шакурдир” (Шўро сурасининг 23-ояти), дея марҳамат қилингандир.
Дамин ЖУМАҚУЛ,
Журналист
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Фақиҳлар фиқҳга шундай таъриф беришади: «Фиқҳ мукаллафларнинг амалларини ҳалол ва ҳаромлик, фасод ва саҳиҳлик жиҳатидан ўрганадиган илмдир». Бу таърифни ҳам кенгроқ таҳлил қилиб кўрайлик. «Ўрганадиган илм» нима дегани? Ҳозиргина «Илм бир нарсанинг воқеликка мувофиқ келишидир», дедик.
Фиқҳнинг мавзусига бир мисол келтирайлик. Масалан, мен мукаллафман. Хотинимга «Сен талоқсан», дедим. Бунинг ҳукми нима бўлишини фиқҳ ўрганади. Демак, фиқҳ мен каби мукаллафларнинг мана шу каби ҳолатларини ўрганади. Масалан, мен шерикчилик ақдини тузишим мумкин, бирон нарсани сотишим, ижарага олишим мумкин. Фиқҳ ана шундай ҳолатларни, мен қилган ишнинг ҳалол ёки ҳаром, саҳиҳ ёки фасодлигини ўрганади. Демак, фиқҳнинг мавзуси мукаллафлар қиладиган амалларнинг ҳолатини ўрганишдир.
Фақиҳларнинг фиқҳга берган таърифларида «далил» деган сўз борми? Йўқ. Улар фақат мукаллафларнинг амаллари ҳақида гапиришди, ҳукмларнинг мукаллафларга нисбатан жорий бўлиш ҳолатларига эътибор қаратишди. Демак, умумий қилиб айтадиган бўлсак, фиқҳга икки хил таъриф берилди. Бири усулий уламоларнинг таърифи, яъни «Қуръон ва Суннатдан ҳукмларни қай тарзда чиқариб олиш ҳақидаги илм» деган таъриф. Иккинчиси фуқаҳолар берган таъриф бўлиб, унда ҳосил бўлган ҳукмларнинг мукаллафларга қандай жорий қилиниши асосий ўринга қўйилди. Бу ҳукмлар мутлақ мужтаҳидлар тарафидан чиқарилади. Ҳукмни фақат мутлақ мужтаҳид чиқара олади. Ана шу мужтаҳид муайян бир ҳукмни Қуръон ва Суннатдан қандай чиқарганини ўрганиш усул илмининг мавзусидир. Чиқарилган ҳукмни ўзимизга ва жамиятга татбиқ қилиш эса муфтий ва фақиҳларнинг ишидир.
Демак, фиқҳга икки хил қараш мумкин экан: ҳукмни чиқариб олиш ва уни татбиқ қилиш. Бизнинг хатоимиз шуки, ҳукмни ишлаб чиқиш билан уни татбиқ қилиш орасидаги фарқни тушунмаяпмиз. Тушунмаганимиз учун кераксиз гапларни гапиряпмиз. Биз юқорида айтиб ўтган икки йўналиш – таҳаллул, яъни динга енгил қараш ва ташаддуд, яъни динда ғулувга кетиш йўналишлари ё иккинчи таърифдан бехабар қолишди, ёки унга эътиборсиз қарашди. Улар фақат биринчи таърифни, яъни ҳукмни қай тарзда ишлаб чиқишни изоҳлашди.
Масалан, сиз биринчи йил илм олаётган бўлсангиз, улар сизга: «Сен айтган ҳукмни фақат далил келтирсанг, қабул қиламиз», дейишади. Ахир сиз ҳали далилларни билмайсиз-ку! Бирорта жумлани оят деб ўйлашингиз мумкин, лекин аслида у оят бўлмаслиги мумкин. Бир ҳадисни Бухорийда келган, деб айтишингиз мумкин, лекин у Бухорийдан ривоят қилинмаган, тўқима ҳадис бўлиб чиқиши мумкин, чунки сиз ҳали далилларни ўрганмагансиз. Улар мана шу даражадаги одамлардан далил сўрашди, очиқ-ойдин далили бўлмаган ҳукмни эса ботилга чиқаришди. Бунга бироз кенгроқ ёндашиш керак...
Юқорида айтганимдек, асосий мақсадим таърифларга доир қўшимча маълумотларни айтиб ўтиш эди. Келинг, шу масалани кўрайлик. Ана ўша йўналиш эгалари ҳар бир ҳукмга далил талаб қилишяпти. Аввало айтинг-чи, далил нима ўзи? Улар: «Далил – бу Қуръон ва Суннат», дейишади. Уларнинг «Далил Қуръон ва Суннатдир», дейиши илмий маънода хатодир, чунки далилни фақат Қуръон ва Суннатгагина чеклаб қўйсак, динни зое қилиб қўямиз, чунки булардан бошқа далиллар ҳам бор. Далил тўғри ёндашиш орқали талаб қилинган маълумотга етказадиган манбадир. Демак, Қуръон ва Суннат далилларнинг асосий қисмидир, лекин далилларнинг барчаси эмас, чунки ижмоъ ҳам далил, қиёс ҳам далилдир. Тўғри ёндашиш орқали талаб қилинган маълумотга етказадиган ҳар қандай манба далил бўлади. Лекин бу гапни улар тушунмайди. Улар далилни фақат Қуръон ва Суннат, деб тушунишади.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан