Халқимиз орасида миллий қадриятларимиз ила йўғрилган жуда кўп удумларимиз бор. Бу одатлар ота-боболаримиз замонасидан бери риоя қилиниб келингани боис, одатлар асосини дин ташкил қилади деган тушунчада бўлишган.
Маълумки никоҳ икки ёшнинг оила деб аталмиш жамиятнинг бир бўлагини яратилишидир. Никоҳ маросими билан боғлиқ турли одатлар борки, шулар борасида фикр юритмоқчимиз.
Никоҳнинг илк кечаси янгалар томонидан турли иримлар қилинади. Бу одатлардан ойна, косада ширин сув ва Қуръон китоб олиб кирилади. Келин-куёв ойнага қараб ўз ниятларини баён қилишлари керак. Бу каби одатларнинг ҳеч бири шариатда кўрсатилмаган. Аммо бу олдинги вақтлар жорий қилинган одат бўлиб, келин-куёвлар илк бор бир-бирларини чимилдиқда кўришганлари учун ойна орқали бир-бирлари билан танишишган. Ҳозирги вақтда эса бундай удумга ҳожат йўқ, чунки никоҳдан олдин келин-куёв бир-бирларини таниб улгуришади. Ширин сувдан ичиб яхши ниятлар қилинади. Буларнинг ҳаммаси чаққон янгалар орқали амалга оширилади.
Ҳаммасидан ҳам ўтиб тушадигани куёв томондан бир аёл, келин томондан бир аёл бўлиб, келин-куёвларнинг кроватида ётиб беришади. Кейин “туғди” маросими қилинади. Янгалар ёстиқни ўраб, унга алла айтишни бошлашади. Алла айтганга эса атрофдагилар пул беришади. Шундан кейин “патнис чалиш” ирими бошланади. То келин томонидан бирор нарса ундиришмагунча патниснинг овози тинмайди.
Аслида Аллоҳнинг каломидан ўқиб, келин-куёв учун чиройли дуолар қилиниши зарур.
Бошқа ҳудудларда куёв келинни хонадонга олиб киришидан аввал аланга атрофида айлантириш одати бор. Бу амал ҳам бидъат амаллардан бўлиб, одатда жинлардан асраш ёки бир-бирига иситиш мақсадида ўтказилади.
Келин-куёвни баланд қилиб тўшалган ўринга ётқизиб, устига кўрпа солиб қўйишади. Ўрин атрофида аёллар эса тонг отар турли воқеаларни айтиб, гўёки келин-куёвларга ҳаётдан сабоқ беришади.
Никоҳ деб аталмиш бахт қасрининг илк кечасида турли одатлари-у, ирим-сиримлар эмас, балки Яратгандан гўзал ниятлар ила шукрона намозларини ўқиш, дуолар қилиш даркор. Намоз ўқиб, дуолар қилиш бир оз қўрқувда ва ҳаяжонда турган икки ёшни тинчлантиради.
Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
“Қачон бирингиз бирор аёлга уйланса, қўшилиш кечасида икки ракаат намоз ўқисин, ун(келин)га ҳам ортида икки ракаат намоз ўқишини айтсин. Албатта, Аллоҳ уйда яхшиликни (пайдо) қилувчидир” (Баззор ривоят қилган).
Шунинг учун ҳам ёшларга куёв жўра, келинга янга танлашда диний илмга, тиббий маданиятга эга инсонлар танланади. Бу инсонларнинг янги ҳаёт қураётган ёшларга берадиган маслаҳатлари нафақат никоҳнинг илк кечаси, балки ҳаёт давомида дуч келадиган муаммоларда биргалашиб ечим топиш, эр ва аёллик вазифалари, бир-бирларини тушуниш, ишонч, қайнбўйинлар билан муносабатларда ўз самарасини беради. Келин янга ва куёв жўранинг вазифалари ўта масъулиятли бўлиб, уларни кўрсатган тўғри йўллари келин-куёвларнинг янги ҳаётга кўникишларида ёрдам беради.
Ўзаро ишонч, меҳр-муҳаббат, бир-бирини қувватлаш эса ҳайрли дуолар ила юзага келади. Жамиятимиздаги қурилаётган ҳар бир янги оила мукаммал бахтга, тинчлик-хотиржамлик ва болалар кулгусига тўла бўлишини Яратгандан сўраб қоламиз.
Мунира АБУБАКИРОВА
Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси
Муҳаммад Саид ибн Рамазон ибн Умар ибн Мурод ал-Бутий 1929 йилда Усмонийлар империяси таркибида бўлган, бугунги кунда Туркия Республикаси ҳудудига кирувчи Жизре (арабча: Жазират ибн ‘Умар, курдча: Cizîrê Botan) вилоятига қарашли Жалка қишлоғида таваллуд топган. Ушбу ҳудуд тарихан бой илмий ва маданий меросга эга бўлиб, кўплаб етук шахслар, айниқса ислом олимлари билан машҳур бўлган. Жизре ҳудуди ўзининг узоқ йиллик илм-фан ва маърифат анъаналари билан ажралиб туради. Тарихий манбаларда бу ерда яшаб ўтган кўплаб олимларнинг исмлари тилга олинади. Жумладан, буюк мусулмон тарихчиси ва "ал-Камил фīът-Тарих" асари муаллифи Ибнул-Асир (1160–1233), машҳур қироат олими Абул-Хойр Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Жазарий, механика ва техника соҳасида кашшоф сифатида танилган, "ал-Жамиʻ байнаал-ʻилм вал-ʻамал ан-нафиʻ фī ṣинаʻат ал-ḥиял" асари муаллифи Абул-‘Изз ибн Исма‘ил ар-Роззаз ал-Жазарий (вафоти 1206-йил) шулар жумласидандир.
Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутий ана шундай юксак мартабали олимлардан биридир. У Ислом оламида асосан фиқҳ, даъватчилик фаолияти, асарлари ва сиёсат билан алоқаси сабабли машҳур бўлган. Унинг илмий мероси, асарлари ва илгари сурган ғоялари кўпинча Ғазолий билан қиёсланади [1].
Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутий 1934-йилда оиласи билан Суриянинг Дамашқ шаҳрига ҳижрат қилган. Улар асосан курдлар истиқомат қиладиган Рукнуддин маҳалласига жойлашадилар. Бутий болалигидан Қуръон таълимини бошлайди ва атиги олти ой ичида Қуръонни тўлиқ хатм қилади. Кейинчалик отаси бош-қошлигида турли мадрасаларда диний илмлар билан шуғулланади. 1953-йилгача Шайх Ҳасан Ҳабанка ал-Майдоний бошчилигидаги "Ат-тавжиҳ ал-исломий" коллежида наҳв, мантиқ, балоғат, усул ва бошқа диний фанларни ўрганади.
1953-йилда Мисрнинг Азҳар университети Шариат факултетига ўқишга кириб, 1956-йилда тамомлайди. 1957-йилда Ҳумус шаҳрида диний маданият ўқитувчиси сифатида фаолият бошлайди. 1960-йилда Дамашқ университетининг Шариат факултетида ёрдамчи лавозимига тайинланади. 1965-йилда Азҳар университетида "Ислом ҳуқуқида "Маслаҳа" мавзусида докторлик диссертатсиясини "Мумтаз" (жуда а‘ло) баҳоси билан ҳимоя қилади. Шундан сўнг у Дамашқ университетида профессор унвонига эришиб, ислом ҳуқуқи, фиқҳ, ақида ва сийрат фанларидан сабоқ беради.
1970-йилда дотсент, 1975-йилда профессор, 1977-йилда эса Шариат факультети декани лавозимига тайинланиб, 1993-йилгача бу лавозимда ишлайди. У араб, курд, турк ва инглиз тилларини яхши билган. Академик фаолияти давомида у китоблари, телевидения, радио ва интернет орқали кенг оммага диний таълим етказган. Унинг Дамашқдаги йирик масжидлардаги ваъзлари кўп сонли кишиларни жамлаган.
Европалик тадқиқотчи Андреас Чристманн таъкидлаганидек, диний амалларга риоя қилмайдиган ҳатто мусулмон бўлмаган кишилар ҳам унинг маърузаларига қизиқиш билдирган [2]. 2005-йилда Дубай Қуръон Хизмат Кенгаши уни "Намунали Ислом Олими" деб эътироф этган. 2012-йилда эса Иордания Қироллик Академияси томонидан тузилган энг нуфузли 500 мусулмон рўйхатида 22-ўринни эгаллаган.
Бутий ақидада Ашъарий калом мактабига эргашган бўлиб, салафийлик оқимига танқидий ёндашуви билан машҳур эди. Фиқҳий йўналишда эса Шофиъий мазҳабига мансуб бўлган.
Бутийнинг илмий фаолиятида биринчи йирик ютуғи сифатида "ад-Давабитуъл-Маслаҳа фиъш-Шари‘атиъл-Исламийя" номли докторлик диссертатсияси бўлиб, бу асар Ислом ҳуқуқидаги "Маслаҳа" масаласини чуқур таҳлил қилгани сабабли тадқиқотчилар томонидан муҳим манба сифатида қадрланади.
Унинг асл шуҳрати эса "Фиқҳус-сийра" асари орқали кенг тарқалган. Ушбу китобда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари асосида шаръий ва фиқҳий хулосалар чиқарилиб, янгича илмий услубда тақдим этилган.
Tahrirchi Bot, [16.05.2025 12:30]
Бутий 70 га яқин китоб ва кўплаб мақолалар муаллифи бўлиб, Ислом уммати муаммоларига бағишланган "Абҳас фиъл-Кимме" номли ўнта рисоладан иборат тўплами ҳам эътибор қозонган. Бу рисолаларда у муаммоларга ечимларнинг ўзини эмас, балки уларнинг асл сабаблари, хусусан, Ғарб қаршисида мусулмонларнинг ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан орқада қолиш омилларини очиб беришга интилган.
У бутун умри давомида исломий фикр, ахлоқ ва маърифатни тарғиб этишда фидокорона хизмат қилган. Афсуски, бу юксак илм ва тақво соҳиби 2013 йил 21 март куни Дамашқдаги Имом масжидида дарс бераётган пайтида шаҳид бўлди. Унинг вафоти нафақат Сурияда, балки бутун Ислом оламида чуқур изтироб билан қабул қилинди. Шу тариқа Рамазон Бутий ўзининг бой илмий мероси ва мардонавор хизматлари билан мусулмон умматининг қалбида чуқур из қолдирди.
Муҳаммаддиёр МЎМИНОВ,
Тошкент Ислом институти 402-гуруҳ талабаси.
[1] Mahsum Aslan. Muhammed Said Ramazan el-Bûtî’nin hayatı, eserleri, ilmî kişiliği ve fıkıhçılığı "Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутийнинг Ҳаёти, Асарлари, Илмий Шахсияти ва Фиқҳчилиғи" номли магистрлик диссертациясидан. Дижла Университети, Социал фанлар институти, Диярбакир, қисқартирма, 2014.– Ж.1. — Б.1.
[2] Andreas Christmann. Islamic scholar and religious leader: A portrait of Shaykh Muhammad Sa’id Ramadan al-Būti “Musulmon Olim va Diniy Yetakchi: Shayx Muhammad Said Ramazon al-Butiy”, tarj. Muammer İskenderoğlu, Усул исломий тадқиқотлар журнали, Сон: 2, Июль-Декабрь, 2004. – 129-154, - Б.130.