Қулупнай меваси саратон касаллигини даволашда ёрдам беради.
Мутахассис олимлар тадқиқотлари кунига бир пиёла қулупнай истеъмол қилиш саратон хасталигининг олдини олувчи восита эканлигини аниқлашди. Бу мева ҳатто мазкур касалликка чалиниб улгурган кишилар учун ҳам фойдалидир.
Клиник тадқиқотлар натижалари кунига 15 дона қулупнай мевасини истеъмол қилиб юриш саратон хавфли касаллигидан ҳимоя қилишини исботлади.
Олимлар ўтказган тадқиқотлари бу хавфли касалликни орттириб олганларда ҳам синаб кўрилди.
Беш ҳафта ўтгач, бу хасталик шишлари тарқалиши ва ўсиши тўхтаб, ҳатто улар кичрайгани маълум бўлди.
Италиянинг Marche Polytechnic University олимлари қатор тадқиқотлари давомида (хусусан, аёллар кўкрак саратони) шишларнинг сезиларли кичрайганини қайд этишди.
Аввалги ўтказилган тадқиқотлар кунига 10-15 дона қулупнай истеъмол қилиш қон таркибидаги холестерин миқдорини пасайтириши ҳисобига саломатликни мустаҳкамлашини исботлади.
Қулупнайда ўсимликнинг фенол компонентлари ижобий таъсир кўрсатишга асос бўлади.
Тажриба қулупнай мевасидан организмда ажраладиган шарбат таъсирида саратон ҳужайралари биологик ўсиш ва тарқалиш жараёнига чек қўйишини кўрсатди.
Бу мева истеъмол қилинганида кишида касалликнинг кучайишига сабаб бўлувчи бир қанча генлар фаоллиги сусайган.
Қулупнай истеъмол қилиш ҳаммага ҳам бирдек тўғри келавермайди. Бу биринчи навбатда ошқозон ичак тизими фаолиятида хасталиги бор кишиларга, хусусан, гастрит, ошқозон яраси бор кишиларга тааллуқлидир. Қулупнай мевасида мавжуд бўлган катта миқдордаги мева кислоталари мазкур касалликлар хуружига сабаб бўлиб қолиши мумкин.
Пишиқчилик мавсумидан олдинроқ мевани бозор расталарига олиб чиқиш ва катта фойда-даромад орттириш мақсадида айрим қулупнай етиштирувчилар инсон саломатлиги учун хавфсиз бўлмаган агротехник усуллар ва воситалар (нитрат ва гормонлар)ни қўллайдилар. Шунинг учун бозор расталарига табиий пишиқчилик мавсумидан олдин барвақт сотувга чиқарилган мевалар инсон саломатлиги учун хавф-хатар манбаи бўлиб хизмат қилади. Энг яхшиси қулупнайни табиий пишиқчилик мавсумида ўзи етилиб пишганида харид қилиб истеъмол қилиш саломатлик учун фойдалидир.
Жалолиддин Нуриддинов
Фарзанд учун ота-онага хизмат қилиб, уларнинг розилигини олишдан ҳам улуғроқ саодат йўқ. Боиси Аллоҳ таоло ризоси ота-она розилигига боғланган.
Меҳрибон Роббимиз ота-она розилигини топиш учун бизларга унинг йўллари ва воситаларини осон қилиб қўйган. Нафақат ҳаётликларида, балки дунёдан кўз юмганларидан кейин ҳам уларга яхшилик қилиш шулардан биридир.
Шариатимизда ота-она нафақат ҳаётлик чоғларида, балки улар бу дунёдан ўтиб кетганларидан кейин ҳам ҳақларини адо этмоқлик фарзанд зиммасидаги вазифалардан саналади. Ана шулардан бири ота-она яқинлари ва дўстларига яхшилик қилишдир.
Ибн Динордан ривоят қилинади: “Абдуллоҳ ибн Умарнинг эшаги ва салласи бўлар эди. Бир куни ўша эшагини миниб кетаётган эди, олдидан бир аъробий ўтиб қолди. Шунда “Сен фалончининг ўғли эмасмисан?” деди. У: “Ҳа, шундай”, деди. Ибн Умар унга эшакни бериб, “Бунга миниб ол”, деди ва салласини бериб: “Буни бошингга ўраб ол”, деди.
Шерикларидан бири унга: “Аллоҳ сизни мағфират қилсин! Чарчаганда миниб турадиган эшагингизни, бошингизга ўрайдиган саллангизни мана шу аъробийга бердингиз-а?” деди. Ибн Умар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Яхшиликларнинг энг яхшиси – киши отаси кетганидан (вафот этганидан) сўнг унинг яхши кўрганларига яхшилик қилишидир”, деганларини эшитганман. Унинг отаси (отам) Умарнинг дўсти эди”, деди” (Имом Муслим ривояти).
Абу Усайд Молик ибн Рабиъа Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида эдик, Бани Салималик бир киши келиб, “Ё Аллоҳнинг Расули, ота-онамнинг вафотидан кейин уларга қилишим мумкин бўлган яхшиликлардан бирор нарса қолдими?” деди. У зот: “Ҳа. Уларнинг ҳаққига дуо қилиш, улар учун истиғфор айтиш, улардан кейин аҳдларига вафо қилиш, улар орқалигина боғланадиган силаи раҳмни боғлаш ва уларнинг дўстларини икром қилиш”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Ҳадиси шарифда фарзанд ўз ота-онасига қиладиган яхшилик уларнинг вафотларидан кейин ҳам давом этиши лозимлиги баён қилинмоқда. Яъни, фарзанд ота-онаси ҳаққига уларнинг вафотидан кейин ҳам мағфират сўраб дуо қилиб турса, улар учун Аллоҳ таолога истиғфор айтишни канда қилмаса, иншоАллоҳ ота-онасининг савобига савоб қўшилиб бораверади, даражаси эса кўтарилади. Яна бир муҳим жиҳат шуки, фарзандлар ота-онасининг яқинларига ҳамиша сила раҳм қилиши, уларнинг ҳолларидан хабар олиб туришлари лозим.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Отангнинг дўстлигига риоя қил, шунда Аллоҳ таоло нурингни сўндирмайди”, деганлар.
Демак, ота билан дўстлашган ҳар қандай одамлардан алоқани узмаслик керак.
Илёсхон АҲМЕДОВ