Муқаддас Ислом дини шариатининг асл моҳиятини кенгроқ тушунтириш ҳамда ўтмишдаги мужтаҳид имомлар томонидан амалга оширилган улкан ишлардан келажак авлодни бохабар қилишда бугунги кунга қадар кўплаб уламоларимиз беқиёс хизматларини тақдим қилганлар. Ана шундай хизматлардан бири имом Аҳмад ибн Абу Саъид ал-ҳанафийнинг “Тафсирот Аҳмадийя” асаридир.
Ушбу асардаги “Аҳмадия” сўзи муаллифнинг исми Аҳмад бўлгани билан боғлиқ. асарларни муаллиф исми ёки нисбатига қўшиб номлаш ҳолатларини кўплаб муътабар манбаларда ҳам учратиш мумкин. Буюк ватандошларимизнинг “Сулосиёт ал-Бухорий”, “Илал ат-Термизий”, “Мақомот аз-Замахшарий” каби асарлари ҳам шу тариқа номланган.
Тафсирот Аҳмадийя – муаллифи Аҳмад ибн Абу Саъид ибн Абдуллоҳ ал-Ҳанафий Шайх Жийван ва Мулло Жийван[1] лақаблари билан танилган бўлиб, ҳижрий 1047 йили Ҳиндистонда таваллуд топган. маълумотларга кўра Мулла Жийван ёшлигидан ўзгача истеъдод соҳиби бўлган. Айниқса, унинг ёдлаб қолиш қобилияти билан тенгдошларидан ажралиб турган. Етти ёшида Қуръони каримни тўлиқ ёд олган. Дарслик китобларни мутолаа қилиш жараёнида берилган топшириқларга бир мата оҳиста назар ташлаш биланоқ тўлиқ ўзлаштирган. Ҳажми катта бўлган қасидаларни ҳам бир марта эшитиб, ёддан қайта айтиб бера олган. Фиқҳ, усул, ҳадис фанлари бўйича етук илмга эришган. Ҳанафий мазҳаби фиқҳи бўйича фатво бериш даражасига эга бўлган. Замонасидаги кўплаб толиби илмлар унинг илмий фаолиятидан манфаат олишган.
Мулла Жийваннинг илмий фаолияти ҳам серқирра бўлган. Айниқса, унинг қаламига мансуб бўлган “Нурул анвор фи шарҳ ал-манор” асари Ҳанафий мазҳабидаги усулул-фиқҳ фанига оид машҳур асар бўлиб, буюк аждодимиз Имом Абул Баракот Насафийнинг “Манорул анвор” номли рисоласига шарҳ ҳисобланади.
Шунингдек, олим шерият майдонида ҳам самарали ижод қилган. Унинг беш минг байтдан иборат шеърий тўплами – девони ҳозиргача сақланиб қолган.
Умрини китоб таълиф қилиш ва кўплаб толиби илмларга дарс беришга бағишлаган Мулла Жийван 1130 ҳижрий (мелодий 1718) йили Деҳлида вафот этган.
Унинг “Тафсирот Аҳмадийя” асари асосан ҳукмий оятлар тафсирига бағишланган. Муаллиф тафсирга киришиш асносида муқаддима билан сўз бошлайди. Ҳамду санодан сўнг, диний илмлар орасида Қуръон илми асосий негиз эканини таъкидлаб ўтади. Уламоларнинг Қуръони каримни ўрганишга қаратган улкан эътиборлари натижасида қироат, сарф (морфология), наҳв (синтаксис), балоғат, фасоҳат, калом, фиқҳ ва усулул фиқҳ каби фанлар қаторида тафсир илми ҳам мукаммал фан сифатида шаклланганлигига эътибор қаратади. Буни ёрқин мисоли сифатида Қуръони карим қамраган илмлардан иқтибослар келтириб, тафсир илмини ҳам инсонларга етказишда муҳим ўрин тутишига ишора қилади. Шудан келиб чиққан ҳолда тафсир илми қамраган йўналишлар – қиссалар тарихи, ваъда ва ваъидлар мавзуси, мавъиза ва ибратларни санаб ўтиб, улар орасида, шаръий ҳукмларни истинбот қилиш йўналиши асосий ўрин тутишини қайд этади.
Шу ўринда муаллиф ўзининг ёшлигида “Имом Ғаззолий Қуръони карим оятлари орасидан беш юз оятни ҳукмий оят деб алоҳида эътибор қилган”и ҳақидаги хабарни устозларидан эшитиб, умри давомида анашу гап унинг онгида қайта-қайта такрор топганини эслайди. Ҳукмий оятларга бўлган қизиқиши уларни жамлаш, фиқҳий ва усулий қоидалар асосида мўжаз бир шарҳ битишга ундайди. Муаллиф “Тафсирот Аҳмадийя” китби ёзилиш тарихини шу тариқа ўз ҳаётига боғлайди.
Муқаддимада тилга олган маълумотларидан яна бири ўз замонасининг адолатпарвар ва инсофлик подшоҳи Муҳаммад Аврангзеб Оламгирга мақтовлардир. Муаллифнинг фикрича ўша даврда Ҳиндистон бўйлаб ислом динининг равнақ топиши, хусусан, Ҳанафийлик мазҳабининг гуллаб-яшнаши айнан Аврангзеб Оламгир номи билан боғлиқдир. Подшоҳига чексиз мақтовларни ёзиб бўлгач, муаллиф “бу мақтов гаплар подшоҳдан пул ёки дунё тамасида эмас, балки Аллоҳ учун, ҳамда (у сабаб) диннинг ривожини қаттиқ хоҳлаганимдандир, зеро мен ундайлардан эмасман” деб, ўзини лагамбардорлик ва маддоҳлик иллатидан йироқлигини ёзади.
Муаллиф Тафсирот Аҳмадийя китобида Ҳанафийя мазҳаби усул қоидаларига асосланган ҳолада ояти карималардан фиқҳий ҳукмлар ва ақидавий масалаларни жамлашга ҳаракт қилган. Масалалар тартиби Қуръони каримдаги оятлар тартиби бўйича жойлаштирилган.
Аввал фиқҳий ҳукм мазмунини ифодалаган оят тўлиғича берилган, сўнгра оятнинг нозил бўлиш сабаблари кўрсатилгач, машҳур муфассирлардан иқтибослар келтирилган ҳолда ўзига хос услубда изоҳланган, тафсир қилинган. Сўнгара ояти каримага мужтаҳид уламолар нигоҳи билан қаралиб, ундан олинадиган фиқҳий ҳукмларга эътибор берилган, айрим ўринларда бир масалага бир неча мазҳаб мужтаҳидларининг илмий хулосалари қиёсий таҳлил учун келтирилган. Асосий эътиборни Ҳанафий мазҳабининг мужтаҳидлари олган ҳукм ва хулосаларига қаратилган. Мазҳаб уламоларидан нақл қилинган ҳукмни ҳадислар, саҳоба ва тобеинларнинг сўзлари ила асослаш билан бир оят тафсирига умумий якун ясалган.
Китобда ёритилган ҳар бир баҳсга синчковлик нуқтаи назар билан ёндашилган. Келтирилаётган маълумотлар қайси манбадан олинганлиги қисқа тарзда кўрсатиб ўтилган. Фойдаланилган адабиётлар асосан Ҳанафий мазҳабининг машҳур манбалари бўлиб, улар қаторида буюк ватандошларимиз Жоруллоҳ Маҳмуд аз-Замахшарийнинг “ал-Кашшоф”, Абул Баракот ан-Насафийнинг “Мадорикут танзил”, Мавлоно Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Тафсир Ҳусайний”, Фахрул Ислом Паздавийнинг “Усул” китоби, Саъдуддин Тафтазонийнинг “Шарҳ ақоид ан-Насафий”, Бурҳониддин Марғинонийнинг “ал-Ҳидоя” ва унинг кўплаб шарҳларидан кенг миқёсда фойдаланилган.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, бугунги кунда муқаддас динимизга мутлақо зид бўлган ғоявий ва мафкуравий таҳдидлар авж олган бир пайтда, ўзининг нотўғри тушунчаси билан ғаразли мақсадлари илинжида ҳеч нарсадан тап тортмайдиган турли хил руҳдаги оқимларга қарши курашиш, уларнинг пуч қарашларига илмий асосда раддиялар беришда мўътабар манбаларимизнинг ўрни беқиёс. Айниқса, динимиз таълимотларини ананавий Ҳанафийлик мазҳаби асосида ўрганиш ва келажак авлодга етказиш юртимиз диний соҳа ходимларининг асосий вазифаларидан ҳисобланади.
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси
Абдулбоқий Турсунов
[1] “Жийван” ҳинд тилига мансуб сўз бўлиб, ҳаёт мазмунини ифодалайди.
Аллоҳ таоло Фажр сурасининг илк оятларини “Тонгга қасам! Ва Ўн кечага қасам!” – дея улуғворликка далолат қилувчи мавҳум (накра) сийға билан ниҳоятда қадри баланд бўлган ўн кечага қасамёд қилиш билан бошлаган. Мазкур ўн кечанинг қайси кечалар эканлиги ҳақида муфассирлар икки хил фикр билдирганлар. Биринчиси, рамазон ойининг охирги ўн кечаси бўлса, иккинчи қавлга кўра, бу кечалардан мурод зулҳижжа ойининг аввалги ўн кечасидир. Бу ўринда кеча дейилар экан фақат тунлар эмас, балки, кундуз кунлар ҳам тушунилади.
Бу кунларда улуғ ибодатлар амалга оширилади. Ҳаж ибодатининг ўзаги бўлган Арафада вуқуф қилиш ҳам айнан мана шу кунларнинг ичидадирки, у кунда Аллоҳ таоло бандалари учун шайтонни ғамга ботирадиган даражада беҳисоб раҳмат ва мағфиратларини инъом қилади. Шайтон алайҳиллаъна Арафа кунида кўраётган нарсаларидан, хусусан малоикалар ва Аллоҳнинг раҳматлари мўминлар устига ёғилишидан қаттиқ ғамга ботади. У ҳеч қайси кунда у кундагидек ҳақир ва мағлуб бўлиб кўринмайди.
Ушбу ҳадиси шариф ўз мазмунига кўра зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунлигида солиҳ амаллар ва нафл ибодатлар қилиш ниҳоятда фазилатли эканлигига далолат қилади. Нафл рўза ҳам албатта солиҳ амаллар сирасига киради, балки, у солиҳ амалларнинг муқаддимасида туради. Шу боис ҳам уламолар мазкур кунларда бошқа нафл ибодатлар билан бир қаторда рўза тутишни ҳам мустаҳаб амаллардан ҳисоблаганлар.
Гарчи биринчи ҳадиснинг зоҳиридан зулҳижжа ойининг ўн кунида рўза тутишлик тушунилса ҳам, аслида тўққиз кун рўза тутилади. Чунки, ўнинчи куни ҳайит бўлиб, рўза тутишлик ҳаром бўлади. Бунга иккинчи ҳадиснинг мазмуни ҳамда Абу Саид ал-Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис ҳам далолат қилади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни (яъни Ийдул-Фитр) ва Наҳр куни (яъни Қурбонлик қилинадиган кун – Ийдул-Азҳо куни) рўза тутишдан қайтардилар» (Имом Бухорий ривояти, 1992-ҳадис; Имом Муслим ривояти, 827-ҳадис).
Шу боис, уламолар байрам куни рўза тутишнинг жоиз эмаслигига иттифоқ қилганлар. «Ўн кун» деб тилга олинишининг сабаби эса одатда катта нарсани тилга олиш билан нисбатан кичикроқ нарсани ҳам назарда тутиш ёки яхлитлаб айтиш қоидасига биноандир. Бу ўн кунларнинг асоси, меҳвари, бориб тақаладиган жойи ва хотимаси Ийд куни бўлганлигидан у кунлар Ийд куни билан қўшиб зикр қилинган.
Демак, ҳажда бўлмаганларга зулҳижжанинг аввалги тўққиз кунида рўза тутиш мустаҳаб. Ҳанафий мазҳабига кўра арафа куни рўза тутиш ҳаж қилаётган инсонга қийинчилик туғдирмаса, мустаҳаб. Бордию, у кундаги рўза уни машаққатга соладиган бўлса, арафа кунида рўза тутиш унинг ҳақида макруҳ бўлади.
Мазкур ўн кундан ҳисобланувчи Арафа кунининг рўзаси эса алоҳида фазилатга эга. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб, дедилар: “Арафа кунининг рўзаси ўзидан аввалги бир йил ва ўзидан кейинги бир йилнинг гуноҳларига каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан” (Имом Муслим ва бошқалар ривояти).
Демак, зулҳижжанинг илк ўн кунлигида умуман нафл рўза, қўшимча ибодатлар, Аллоҳнинг зикри, Қуръон тиловати, хайру саховат каби эзгуликларни кўп ва хўп бажариш мустаҳаб бўлса, Арафа кунида бу амаллар янада кучлироқ фазилат касб этади.
Уламолар “фазилатда қай бири кучли: зулҳижжанинг аввалги ўн куними ёки Рамазоннинг охирги ўн кунлигими?”, деган саволга: “зулҳижжанинг ўн куни кундуз кун эътибори билан афзал, рамазоннинг охирги ўн кунлиги эса кечалар эътибори билан афзал, зеро унда қадр туни бор”, дея жавоб берганлар.
Одилхон қори Юнусхон ўғли