Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
03 Июл, 2025   |   8 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:10
Қуёш
04:55
Пешин
12:32
Аср
17:42
Шом
20:04
Хуфтон
21:40
Bismillah
03 Июл, 2025, 8 Муҳаррам, 1447

Юртимиз қорилари Эронда ўтказилган Қуръони карим мусобақасида иштирок этди

29.04.2017   2293   1 min.
Юртимиз қорилари Эронда ўтказилган Қуръони карим мусобақасида иштирок этди

Шу йилнинг 19-26 апрель кунлари Эрон Ислом Республикасининг пойтахти Теҳрон шаҳрида ўтказилган 34-Халқаро Қуръони карим мусобақасида 2 нафар вакилимиз – Тошкент шаҳар, Учтепа туманидаги “Абу Ҳурайра” жоме масжиди имом-ноиби Саидов Худойқул ҳамда Тошкент шаҳар, Учтепа туманидаги “Азиз ота” жоме масжиди имом-ноиби Аминов Муҳаммадлоиқ  иштирок этишди.

 Ушбу мусобақада дунёнинг 80 дан ортиқ давлатларидан ташриф буюрган қорилар иштирок этиб, улар орасида вакилларимиздан Саидов Худойқул Қуръони каримни тўлиқ ёддан ўқиб бериш (ҳифз) йўналиши бўйича қатнашган бўлса, Аминов Муҳаммадлоиқ эса Қуръони каримни тажвид қоидаси билан ўқиб бериш (қироат) йўналишида  иштирок этди. Мусобақанинг ҳифз йўналишида 1-ўринни Эрон, 2-ўринни Сурия, 3-ўринни Судан, қироат йўналишида 1-ўринни Эрон, 2-ўринни Ироқ, 3-ўринни Швеция давлатлари эгаллашди. Мусобақа ҳайъати томонидан юртимиз вакилларига муносиб иштироки тўғрисидаги “Ташаккурнома” тақдим этилди.

Шунингдек, ўрта мактаб ўқувчилари, аёл-қизлар ва кўзи ожизлар иштирокида ҳам халқаро Қуръони карим мусобақаси бўлиб ўтди. Барча иштирокчилар учун Теҳрон шаҳридаги диққатга сазовор жойларга зиёрат уюштирилди.

                                                                                                                                               

ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Катта жамоага эргашиш

30.06.2025   4214   3 min.
Катта жамоага эргашиш

“Мазҳаб” сўзи арабча сўз бўлиб, “йўл”, “йўналиш” маъноларини билдиради. Шаръий истилоҳда эса, “бирор диний масала, муаммо бўйича муайян мужтаҳид олимнинг фатво чиқариш йўлидир”. Саҳоба ва тобеъинлар даврида мазҳаблар кўп бўлган. Аммо вақт ўтиши билан улар орасида тўрт йирик: ҳанафий, моликий, шофеий, ҳанбалий мазҳаблари ривож топган. Мазкур тўрт мазҳаб вужудга келишининг асосий омили –  булар қолган мазҳабларнинг таълимотини ҳам тадқиқ қилиб, қамраб олганидир.

Бу ҳақда аллома Ибн Ражаб  ўзининг “Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия” асарида қуйидаги сўзни айтганлар: “Кўплаб мазҳаблар орасидан айнан тўрт мазҳаб сақланиб қолиши худди Қуръони каримнинг етти қироатидан фақат биттаси қолганига ўхшайди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони карим етти хил лаҳжада нозил бўлган. Кейинчалик ислом дини атрофга кенг ёйилиб, мусулмонларнинг сони ортиб борди ва қироат борасида улар ўртасида баъзи ихтилофлар келиб чиққач, Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу мусҳафни етти қироатдан фақат биттасининг лаҳжасида ёздиришга қарор қилди. Оқибатда бугун ер юзи мусулмонлари Қуръонни фақат битта мусҳафдан яъни, Усмон мусҳафида ёзилган хатидан ўқийдиган бўлди. Демак, кўплаб мазҳаблар орасидан фақат тўрттасининг сақланиб қолгани асрлар давомида инсонларни турли зиддиятлар ва ихтилофлардан ҳимоя этишда асос бўлган”.

Мазкур тўрт мазҳабнинг тўғрилиги ва ҳақ эканлиги ҳақида барча мусулмон уммати ижмо, иттифоқ қилганлар. 

Аллома Ибн Ражаб раҳматуллоҳи алайҳ яна шундай дейди: “Аллоҳ таоло шариатни сақлаш ва динни муҳофаза қилиш учун ўз ҳикмати билан одамлар ичидан тўрт забардаст имомларни чиқариб берди. Уларнинг илму маърифатда бир мартабага эришганларини ва чиқарган фатво ва ҳукмларини ҳақиқатга ўта яқинлигини барча уламолар бир овоздан эътироф қилганлар. Барча ҳукмлар ўшалар орқали чиқариладиган бўлди. Бу нарса мўмин бандалар учун Аллоҳ таолонинг лутфу карами ва марҳамати бўлди”.

Уламоларимиз фиқҳий мазҳаблар имомларини ва уларнинг ишларини қуйидаги мисол билан тушунтирадилар: “Аллоҳнинг розилигига эришиб, жаннатий бўлиш худди тоғнинг чўққисига чиқишдек бўлса, мазҳаб имомлари – Қуръон, ҳадис ва шуларга асосланган манбалардан фойдаланиб, чўққига чиқишнинг энг осон ва бехатар йўлини топиб, белги қўйиб, осонлаштириб қўйган кишилардир. Чўққига чиқувчилар мазкур буюк тўрт имом кўрсатган йўлдан бирини тутсалар осонгина, қийналмасдан мақсадига эришади”.

Имом Бадруддин Заркаший “Баҳрул муҳит” китобида шундай ёзади: “Мусулмонларнинг эътироф қилинган тўрт мазҳаби ҳақдир ва ундан бошқасига амал қилиш жоиз эмас”.

Имом Али ибн Абдуллоҳ Самҳудий ўзларининг “Иқдул фарид фи аҳкомит-тақлид” номли асарларида шундай деганлар: “Билингки, ушбу тўрт мазҳабдан бирини ушлашда катта фойда бор. Ундан юз ўгиришда эса, катта муаммо ва ихтилофлар бор. Бир мазҳабда юришдаги фойдалардан бири – саҳоба ва тобеъинларнинг шариат илмини ўрганишдаги одатларига эргашишдир. Чунки, тобеъинлар шариат ишида бир-бирларига ёки саҳобаларга эргашар эди, саҳобалар эса, бир-бирларига ёки Расулуллоҳга эргашганлар”.

У зот яна шундай деганлар: “Бир мазҳабда юришдаги фойдалардан яна бири – Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилган қуйидаги ҳадисга амал қилиш бор: яъни: “Агар ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга кўпчилик томонини лозим тутинг” (Имом Ибн Можа ривояти).

Тўғри мазҳаблардан фақат мана шу тўрттаси қолган экан, уларга эргашиш катта жамоага эргашиш ҳисобланади.

Шамсуддин Хапизов,

Наманган тумани "Ҳалил ҳожи" жоме масжиди имом-хатиби

Манба: @Softalimotlar

МАҚОЛА