Истанбулда “XII Лолалар фестивали” бўлиб ўтади. Шу муносабат билан, мамлакат пойтахтида 160 хил кўринишдаги 26 миллион дона гуллар экилди. “Султон Аҳмад” масжиди ва “Айя София” музейи олдидаги 1453 кв. метр ҳудудга 564 минг дона гул ёрдамида катта гулли гилам ясалди.
Ташкилотчиларнинг айтишича, бу тадбирга миллионлаб сайёҳлар ташриф буюрадилар. Лолалар – бу Туркиянинг анъанавий рамзидир. Бу ҳудудларга биринчи маротаба лола Византия империяси даврида келган. Бугунги кунда лоланинг асл макони деб юритиладиган Голландияга лолалар айнан Византиядан олиб келинган. Лолалар шарафига уюштириладиган тадбир Туркияда 2005 йилдан бошлаб анъанага кирган.
Моҳира Зуфарова тайёрлади.
Бугун, 20 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари иштирокларида “Ҳаж – 2025” мавсумини юқори даражада ўтказиш бўйича йиғилиш бўлиб ўтди. Унда ҳаж делегацияси аъзолари, ишчи гуруҳи, элликбошилар ва шифокорлар жамоалари иштирок этди.
Муфтий ҳазратлари ҳаж кунларига қадар зиёратчилар билан мунтазам маърифий суҳбатлар ташкил этиш, уларда ҳажнинг тартиб-қоидалари, фарз, вожиб ва одоблари, ўзига хос машаққатларини тушунтириш ҳамда зикру дуолар билан машғул бўлиш ва барча мурожаатларини ижобий ҳал этиш зарурлигини таъкидладилар. Шунингдек, юртдошларимиз муборак заминдаги ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб, уни мазмунли ва ибодатлар билан ўтказиши ҳамда ҳаж амалига руҳан ва жисмонан тайёргарлик кўришучун воиз уламолар, элликбошилар бор куч-ғайратларини сарфлаши лозимлигини алоҳида қайд этдилар.
Йиғилишда зиёратчиларнинг ибодатлари мукаммал бўлиши учун уларга қулай шарт-шароитларни муҳайё қилиш борасида Макка ва Мадина шаҳарларидаги ишчи гуруҳи фаолият олиб бораётгани, меҳмонхоналарда зиёратчилар учун барча шароитлар ҳозирлангани, Мино, Арафот ва Муздалифадаги жойлар кўздан кечирилгани ҳақида маълумот тақдим этилди.
Шифокорлар гуруҳи раҳбари Алишер Саатов ва бошқа мутасаддилар сўзга чиқиб, тиббий жиҳатлар, зиёратчилар саломатлиги, иссиқ кунларда ҳаракатланиш тартиби, қонун-қоидаларга амал қилиш, транспорт хизмати, ҳожилар хавфсизлигини таъминлаш ва огоҳликга оид муҳим тавсиялар бердилар.
Йиғилиш якунида Ҳақ таолодан бу йилги ҳаж мавсуми муваффақиятли ўтишини сўраб, Қуръони карим хатмлари ва хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати