Истанбулда “XII Лолалар фестивали” бўлиб ўтади. Шу муносабат билан, мамлакат пойтахтида 160 хил кўринишдаги 26 миллион дона гуллар экилди. “Султон Аҳмад” масжиди ва “Айя София” музейи олдидаги 1453 кв. метр ҳудудга 564 минг дона гул ёрдамида катта гулли гилам ясалди.
Ташкилотчиларнинг айтишича, бу тадбирга миллионлаб сайёҳлар ташриф буюрадилар. Лолалар – бу Туркиянинг анъанавий рамзидир. Бу ҳудудларга биринчи маротаба лола Византия империяси даврида келган. Бугунги кунда лоланинг асл макони деб юритиладиган Голландияга лолалар айнан Византиядан олиб келинган. Лолалар шарафига уюштириладиган тадбир Туркияда 2005 йилдан бошлаб анъанага кирган.
Моҳира Зуфарова тайёрлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириқлари билан халқимизнинг бағрикенглик ва қўллаб-қувватлаш рамзи сифатида "Қурбон ҳайити" (Эид ал-Адҳа) муносабати билан Афғонистон аҳолисига 183 тонна озиқ-овқат маҳсулоти ортилган навбатдаги инсонпарварлик ёрдами юклари Балх вилоятига етказилди.
Инсонпарварлик юклари Ҳайратон шаҳридаги "Астрас" компанияси ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Иргашев, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳамда Балх вилояти губернаторининг ўринбосари Нурулҳоди Абуидрис, шунингдек, икки томон расмийлари иштирокида топширилди.
Инсонпарварлик ёрдами таркибидан ун, гуруч, шакар, макарон ва қандолат маҳсулотлари, ўсимлик ёғи, тез тайёрланадиган таомлар, қизил ловия ва мош ўрин олган.
Афғонистон расмийлари Ўзбекистон Президенти ва халқига кўрсатаётган инсонпарварлик ёрдами учун миннатдорчилик билдириб, Қурбон ҳайити муносабати билан самимий табрикларини йўллашди.