Маънавий янгиланиш йўлидан дадил одимлаб бораётган юртимизда муқаддас динимизга алоҳида эътибор берила бошланди. Жумладан, ислом билим юртлари фаолияти тубдан яхшиланди. Бунинг замирида ислом динини асл ҳолатида ўрганишга бўлган эҳтиёжни қондириш, диёримиз алломаларининг динимизга оид бой маънавий меъросини тадқиқ этиб, уларни халқимизга содда ва равон услубда етказиш, замон талаблари даражасидаги малакали диний мутахассисларни тайёрлаш мақсад қилиб қўйилган.
Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки, жамиятимизда рўй берган ижобий ўзгаришлар мамлакатимиз мусулмонлари ҳаётида ҳам улкан бурилишларга сабаб бўлди. Республикамиз халқаро майдонда ўз ўрнини топди. Ҳар йили турли мамлакатларда ўтказиладиган Халқаро Қуръон мусобақаларида диёримизда етишиб чиқаётган қориларимиз ҳам қатнашиб, нуфузли ўринларни эгаллашмоқда.
Бугун пойтахтдаги “Хожа Аламбардор” жоме масжидида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Тошкент ислом институти, Ислом университети ва ўрта махсус ислом билим юртлари талабалари иштирокида “Қорилар мусобақаси” кўрик-танловининг Республика босқичи ўтказилди. Анъанавий тарзда ўтказилаётган бундай кўрик-танлов юртдошларимизнинг Қуръони каримни ўқиб-ўрганиш, ёдлаш, тинглаш ҳамда тажвид қоидаларини янада пухта ўрганишга бўлган меҳр-муҳаббатининг ошишига сабаб бўлмоқда.
Қуръони каримни ёдлаган иқтидорли талабаларни аниқлаш, қўллаб-қувватлаш, улардаги ноёб фазилатларни янада ривожлантириш мақсадида ташкил этилган “Қорилар мусобақаси”нинг Республика босқичи икки йўналишда ўтказилди. Биринчи йўналиш мураттаб қорилар, иккинчи йўналиш мужаввид қорилар ўртасида бўлиб ўтди.
Кўрик-танлов натижалари қуйидагича бўлди:
Мураттаб қори йигитлардан:
1-олий ўринга Тошкент ислом институти талабаси Раҳмонберди Абдулазиз қори;
1-ўринга Саййид Муҳйиддин Махдум мадрасаси талабаси Абдумаликов Сирожиддин қори;
2-ўринга Кўкалдош мадрасаси талабаси Абдумаликов Низомиддин қори;
3-ўринга Мир Араб мадрасаси талабаси Мирбобоев Мираббос;
Мужаввид қори йигитлардан:
1-ўринга Фахриддин ар-Розий мадрасаси талабаси Ҳомидов Муҳаммадюсуф;
2-ўринга Муҳаммад ал-Беруний мадрасаси талабаси Пирхонов Насибиллоҳ қори;
3-ўринга Мир Араб мадрасаси талабаси Аҳмаджонов Қодирали;
Мураттаб қория қизлардан:
1-ўринга Хадичаи Кубро мадрасаси талабаси Исҳоқжонова Муҳсина;
2-ўринга Тошкент ислом институти талабаси Нурматова Шоҳистахон;
3-ўринга Жўйбори Калон мадрасаси талабаси Яҳёева Шаҳноза;
Мужаввид қория қизлардан:
1-олий ўринга Тошкент ислом институти талабаси Нажмиддинова Робия;
1-ўринга Хадичаи Кубро мадрасаси талабаси Умаралиева Дилнозахон;
2-ўринга Жўйбори Калон мадрасаси талабаси Ўринова Лутфия;
3-ўринга Тошкент ислом университети талабаси Жалолиддинова Маҳфуза муносиб деб топилди.
Кўрик-танлов ғолиблари Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда ҳомийлар томонидан ташкил этилган диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.
Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир қиз айтади:
«Худонинг берган куни ҳали у тарафдан, ҳали бу тарафдан мени ғам-ташвишлар сиқувга олади. Лекин жума куни кайфиятим бошқача бўлади, қайғуларим камайиб, хурсандчилигим ортади. Сизларга бунинг сирини айтиб бераман.
Авс ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Энг афзал кунлардан бири – жума кунидир. Одам алайҳиссалом шу куни яратилган, руҳи ҳам шу куни қабз қилинган. Сурга шу куни пуфланади. Даҳшатли қичқириқ ҳам шу куни бўлади. Бу кунда менга кўп салавот айтинглар, чунки салавотларингиз менга кўрсатиб турилади». Саҳобалар «Ё Аллоҳнинг Расули, сиз тупроққа қоришиб кетган бўлсангиз, қандай қилиб салавотларимиз сизга кўрсатилади?» дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жалла анбиёларнинг жасадини тупроққа ҳаром қилган», дедилар (Абу Довуд, Насоий ривояти).
Мана шу муборак ҳадисни эшитганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени қандай қилиб таниб олишларини ўйладим. Ҳар жума куни айтган салавотларим у зотга етказиб турилар экан. Расулуллоҳ мени умуман салавот айтмаган ёки жуда кам салавот айтган ҳолимда таниб қолсалар-чи? Буни ўйлаб, ўзимдан ҳам, Расулуллоҳдан ҳам жуда уялиб кетдим. Қиёмат куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени таниб олсинлар, у зотга кўп салавот айтганим учун шафоат қилсинлар деб умид қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп-кўп салавот айтадиган бўлдим. Ҳар жума куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга кўпроқ салавот айтишни одат қилдим.
Шундан кейин салавот айтиб бўлишим билан улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатилаётганини ўйлаб, жума кунини чинакамига севиб қолдим. Жума куни айтган салавотларим Расулуллоҳга кўрсатилгани учун бу кунни интиқлик билан кутадиган бўлдим. Жума куни тонгда бомдод намозини ўқиб бўлгач, қалбим шодликдан энтикиб кетадиган бўлди, чунки шу кунги салавотларим суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатилади! Иншааллоҳ, мен бу борада биринчилардан бўламан!
Салавотнинг бундан бошқа фойдалари ҳам билина бошлади. Жума куни уйимиз янада сокин, файзли бўлиб қолади, муаммо ва ташвишлардан холи бўлиб кетади. Шу куни онам билан бир-биримизга янада меҳрибон, илтифотли бўлиб қоламиз. Буларнинг барчаси, албатта, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган салавотларимизнинг шарофатидир. Ҳатто узрли пайтимда бошқа кунларни руҳан сиқилиб ўтказсам ҳам, жума куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп салавот айтганим учун қийинчиликлар йўқ бўлиб кетади. Мен бу ҳолатни тахминан етти йилдан бери кузатиб келаман. Ҳозирда эса жума кунлари ўзгача бахт, ўзгача тетиклик ҳис қиламан. Аллоҳ таоло барча муслима қизларни жума кунлари ҳам, бошқа кунларда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш ҳаловати билан сийласин!»
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.