Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қалбида Қуръондан ҳеч нарса бўлмаган инсон хароба уй кабидир”, деб марҳамат қилдилар.(Термизий ривояти.)
* * *
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: “Қуръонни ёдлаган қорига (қиёмат куни) “Ўқи, кўтарил ва дунёда тиловат қилганингдек тиловат қил. Сенинг манзилинг охирги ўқиган оятингдадир”, деб айтилади”. (Термизий ва Насоий ривояти.)
* * *
Муоз ибн Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Қуръонни ўқиб, ундаги ҳукмларга амал қилса, қиёмат кунида Аллоҳ таоло унинг ота-онасига тож кийдиради. Унинг нури дунё уйларидаги қуёш нуридан кўра ёрқинроқдир. Бунга амал қилган инсон ҳақида гумонинг қандай?”. (Абу Довуд ривояти.)
Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон ўқинглар, зеро у қиёмат кунида ўз эгалари учун шафоатчи бўлиб келади”, деб марҳамат қилдилар. (Муслим ривояти.)
* * *
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фақат икки нарсада ҳасад қилиш жоиз: Аллоҳ унга Қуръонни ато қилган бўлиб, кечаю кундуз унинг тиловати билан машғул бўладиган кишига ва Аллоҳ таоло унга мол дунё ато қилган бўлиб, кечаю кундуз уни инфоқ қиладиган кишига”, дедилар.(Бухорий ва Муслим ривояти)
* * *
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳуданРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қилганлари ривоят қилинади: “Аллоҳ таоло айтади: “Кимни Қуръон ўқиш ва менинг зикрим уни бошқа нарсаларни сўрашдан тўсиб қўйса, мен унга сўраганларга берганимдан кўра кўпроғини бераман. Аллоҳ таоло каломининг бошқа каломларга нисбатан фазли Аллоҳ таолонинг бандаларга нисбатан фазли кабидир”. (Термизий ривояти.)
* * *
Бизни кузатиб боринг ва мусобақа расмларидан баҳраманд бўлинг
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, бошқаларга ўргатганларингиздир”, деб марҳамат қилганлар.
* * *
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни ўқиган ва унга моҳир бўлган қорилар улуғ ва мукаррам фаришталар билан бирга бўлади, Қуръонни тутилиб-тутилиб ўқиган ва қироат унга машаққатли бўлган киши учун икки ажр бордир”, деб марҳамат қилдилар. (Бухорий ва Муслим ривояти.)
* * *
Абу Мусо Ашъарий[1]розияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Қуръон ўқийдиган мўминнинг ўхшаши утружжа[2] кабидир, унинг ҳиди ҳам, ўзи ҳам шириндир. Қуръон ўқимайдиган мўмин ўхшаши ҳурмо кабидир, унинг таъми ширин бўлиб, ҳиди бўлмайди, Қуръон ўқийдиган мунофиқнинг ўхшаши райҳон кабидир, ҳиди ҳушбўй, лекин мазаси аччиқдир. Қуръон ўқимайдиган мунофиқнинг ўхшаши эса ҳанзала[3]кабидир, унинг ҳиди ҳам йўқ, таъми ҳам аччиқдир”. (Бухорий ва Муслим ривояти.)
* * *
Ҳар бир мусулмон учун ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида Ислом ахлоқига амал қилиш фарз саналади. Бунинг ичига йўлда ҳаракатланиш, пиёда ва ҳайдовчи сифатида қоидаларга риоя қилиш ҳам киради. Ислом дини фақат ибодатлар билан чекланиб қолмайди, балки жамиятда тинч-тотув яшаш ва бошқаларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилишни ҳам талаб қилади.
1. Жавобгарлик ҳисси — ҳайдовчининг одоби.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин киши бошқаларга зарар етказмайди ва зарар ҳам кўрмайди” (Имом Ибн Можа ва Имом Аҳмад ривояти).
Ушбу ҳадисга кўра, ҳайдовчи йўлда бошқаларнинг ҳаётига, саломатлигига таҳдид солувчи ҳаракатлардан эҳтиёт бўлиши лозим. Йўлдаги ҳар бир ҳаракатимиз бошқаларга таъсир қилиши мумкин.
2. Қоидаларга риоя қилиш — итоат ва омонат.
Қуръони каримда бундай дейилади: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз!” (Нисо сураси, 59-оят).
Ҳукумат томонидан белгиланган йўл қоидалари кишиларнинг хавфсизлиги учун жорий қилинган. Уларга итоат қилиш – Ислом таълимотига мувофиқ ҳаракат қилишдир.
3. Шошилмаслик ва сабр - ҳаётни сақлаб қолиш воситасидир.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Хотиржамлик Аллоҳдан ва шошилиш шайтондандир” (Имом Термизий ривояти).
Йўлда шошиш, қонунни бузиш, ортиқча тезлик билан ҳаракатланиш –ҳайдовчининг нафақат ўз ҳаётига, балки бошқалар ҳаётига ҳам хавф туғдиради.
4. Қўполликдан эҳтиёт бўлиш ва йўлдаги одоб.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йўл одоблари ҳақида: “Йўлларда ўтиришдан сақланинглар!” деганлар.
Шунда “Бизнинг йўлда ўтиришдан бошқа иложимиз йўқ, чунки гаплашадиган мажлисларимиз йўлларда бўлади”, дейишди.
У зот алайҳиссалом: “Агар йўлда ўтиришдан бошқага кўнмасангиз, у ҳолда йўлнинг ҳақини адо этинглар”, дедилар. Улар: “Йўлнинг ҳақи нима?” деб сўрашди.
У зот алайҳиссалом: “Йўлнинг ҳаққи кўзни тийиш, озор етказишдан тийилиш, саломга алик олиш, маъруф ишларга буюриш ва мункар ишлардан қайтариш”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Бугунги кунда бу одоблар ҳайдовчилар ва пиёдалар учун ҳам долзарбдир. Йўлда ҳурмат ва одобни сақлаш, йўл бериш, ўзгаларни ҳақорат қилмаслик – мусулмоннинг одобидир.
5. Ҳуқуққа риоя қилиш — бошқаларга ёрдам
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким дунёда бир мўминни дунё ғамларидан бирини енгиллатса, Аллоҳ таоло унинг дунё ва охират ғамларини енгиллатади. Ким бир мўминнинг қийинчилигини осонлаштирса, Аллоҳ таоло ўша инсонни дунё ва охиратда мушкулини осон қилади” (Имом Муслим ривояти).
Йўлда бошқаларга ёрдам бериш — масалан, ҳайдовчи бўлсангиз, қария ёки ногиронни олиб ўтиш, машинангизда ёрдамга муҳтож кишини олиб бориш – савобли амалдир.
Хулоса:
Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш фақат давлат талабига амал қилиш эмас, балки Ислом ахлоқи ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига амал қилишдир. Ҳар бир мусулмон ҳаракатда ҳам, ниятда ҳам одобли, масъулиятли ва салбий оқибатларни олдиндан ўйлайдиган инсон бўлиши лозим.
Манбалар асосида
Илёс Аҳмедов тайёрлади.