بسم الله الرحمن الرحيم
Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло инсонни мавжудотларнинг энг шарафлиси этиб яратган. Ислом дини инсонларни икки дунё саодатини қўлга киритиш учун лозим бўлган барча нарсаларни баён қилиб берган. Инсонлар динимиз кўрсатмаларига риоя қилиб яшасалар, дунёда тинч-омонликда яшаб, саодатли ҳаёт кечирадилар. Буюк ватандошимиз Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган:
عَنْ النُّعْمَانِ بْنِ بَشِيرٍرَضِيَ الله عَنْهُ عن النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: الْحَلَالُ بَيِّنٌ وَالْحَرَامُ بَيِّنٌ وَبَيْنَهُمَا مُشَبَّهَاتٌ لَا يَعْلَمُهَا كَثِيرٌ مِنْ النَّاسِ فَمَنْ اتَّقَى الْمُشَبَّهَاتِ اسْتَبْرَأَ لِدِينِهِ وَعِرْضِهِ وَمَنْ وَقَعَ فِي الشُّبُهَاتِ كَرَاعٍ يَرْعَى حَوْلَ الْحِمَى يُوشِكُ أَنْ يُوَاقِعَهُ أَلَا وَإِنَّ لِكُلِّ مَلِكٍ حِمًى أَلَا إِنَّ حِمَى اللَّهِ فِي أَرْضِهِ مَحَارِمُهُ أَلَا وَإِنَّ فِي الْجَسَدِ مُضْغَةً إِذَا صَلَحَتْ صَلَحَ الْجَسَدُ كُلُّهُ وَإِذَا فَسَدَتْ فَسَدَ الْجَسَدُ كُلُّهُ أَلَا وَهِيَ الْقَلْبُ.
رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ
Яъни, Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳалол очиқ ойдиндир, ҳаром очиқ ойдиндир. Улар орасида кўпчилик одамлар билмайдиган шубҳали нарсалар бор. Ким шубҳали нарсалардан сақланса, дини ва шаъни учун пок тутибди. Ким шубҳали нарсаларга тушса, худди қўриқхона атрофида чўпонлик қилиб, унга ўтиб кетай деган чўпонга ўхшайди. Огоҳ бўлинг! Албатта, ҳар бир подшоҳнинг қўриқхонаси бордир. Огоҳ бўлинг! Албатта, Аллоҳнинг ердаги қўриқхонаси – ҳаром қилган нарсаларидир. Огоҳ бўлинг! Танада бир парча гўшт бор, у соғлом бўлса, бутун тана соғлом бўлади. У бузилса, бутун тана бузилади. Огоҳ бўлинг! Ўша нарса қалбдир”. Имом Бухорий ривоят қилган.
Ушбу ҳадиси шариф ҳалол нарсалар баён қилинганини, бандалар ҳаром ва шубҳали нарсалардан сақланиб, фақат ҳалолни талаб қилиши лозим эканини баён қиляпти.
Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир нечта ўринларида мўмин-мусулмон бандаларини ҳалол ризқ ейишга буюрган. Жумладан Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ كُلُوا مِمَّا فِي الْأَرْضِ حَلَالًا طَيِّبًا وَلَا تَتَّبِعُوا خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ إِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُبِينٌ
яъни: “Эй одамлар, ердаги ҳалол-пок нарсалардан тановул қилингиз ва шайтоннинг изларидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир”(Бақара 168-оят).
Ушбу ояти каримада шайтоннинг изидан эргашиш ҳалол-пок ризқларни ейишга зид қилиб қўйилмокда. Бундан мурод – “Шайтоннинг йўлида юрганларни ҳалоллик йўлидан юришга қўймайди", деганидир. Ўтган аҳли солиҳларимиздан Саҳл ибн Абдуллоҳ: “Нажот уч нарсада - ҳалол ейиш, фарзларни адо этиш ва Набий алайҳиссаломга эргашишдадир”, деганлар.
Ҳалолдан ризқ ейиш деганда ейдиган нарсанинг ҳалол бўлишининг ўзи кифоя қилмайди. Балки унга ҳалол йўл билан эришиш лозим бўлади. Чунки истеъмол қилинадиган нарса гарчи шаръий жиҳатдан ҳалол бўлса-да, лекин айрим инсонлар уни ҳаром йўл билан қўлга киритиб истеъмол қилишлари ҳам мумкин.
Расулуллоҳ (с.а.в.) видолашув ҳажида кўп нарсаларни васият қилганлар. Шулар қаторида бошқа кишиларнинг молини зулм билан ейиш ҳаромлигини ўқтириб айтдилар: “Огоҳ бўлинглар! Албатта Аллоҳ таоло сизларга қонларингиз ва молларингизни бир-бирингизга ҳаром қилди”. Бу ҳадисдан маълум бўладики, инсонларнинг қонини тўкиш қанчалик ёмон амал бўлса, уларнинг молларини ноҳақдан ейиш ҳам шунчалик манфур (нафратли) амалдир.
Аллоҳ таоло яна бир оятда шундай марҳамат қилган:
وَلَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ
Яъни, “Мол (ва бойлик)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз!” (Бақара сураси, 188-оят).
عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ ، رَضِيَ الله عَنْهُمَا قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:» أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا اللَّهَ وَأَجْمِلُوا فِي الطَّلَبِ فَإِنَّ نَفْسًا لَنْ تَمُوتَ حَتَّى تَسْتَوْفِيَ رِزْقَهَا وَإِنْ أَبْطَأَ عَنْهَا فَاتَّقُوا اللَّهَ وَأَجْمِلُوا فِي الطَّلَبِ خُذُوا مَا حَلَّ وَدَعُوا مَا حَرُمَ« .
رَوَاهُ ابن ماجة
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй инсонлар! Аллоҳдан қўрқинг ва талабни гўзал қилинг! Чунки ҳеч бир жон гарчи (ризқи) ундан кечикса-да, лекин ризқини тўлиқ олмагунича вафот этмайди. Шундай экан, Аллоҳдан қўрқинг ва талабни гўзал қилинг. Ҳалол бўлганини олинг ва ҳаром қилинганини тарк қилинг!”, дедилар”. Ибн Можа ривоят қилган.
Ушбу ҳадисда ризқни ҳалол-покиза йўл билан талаб қилишга, ҳаром йўлга зинҳор яқинлашмасликка тарғиб қилинмоқда.
Муҳтарам жамоат! Ҳалоллик деганда нафақат ризқ талаб қилиш, балки барча ишларимизда ҳалол йўлни танлашимиз лозимдир. Ҳалолликнинг мезони кенгдир. Ҳар бир мўмин, у ким бўлишиданқатъий назар, ҳалолликка аҳамият бериши унинг жамият олдидаги бурчидир. Шунингдек, камолот топиши ҳамда Аллоҳ таолонинг фазлу-карамига эришиб икки дунё саодатини қўлга киритиши учун ҳалолликни лозим тутиш ўта аҳамиятлидир. Бу эса турли касб ва соҳаларда хизмат қилаётганлар иймону ихлос билан ҳалолликни лозим тутишини ифодалайди.
Жумладан: Нонвой эрта-тонгдан унни қориб, касбга киришар экан, ёпадиган нони ҳар бир инсоннинг қўлига ҳалол пок етиб бориши учун ундан покизалик талаб қилинади. Ҳатто пешонасидан томадиган терни ҳам қораётган хамирга томмаслиги чорасини кўриши лозимдир.
Қассоб ҳам сўяётган жонлиқни "Бисмиллоҳ"ни айтиб, ҳалол покиза сўйиши, жамиятга ҳалол гўшт тақдим қилишни ўзининг бурчи деб билиши ҳамда бу борада ўзини омонатдор ҳис қилиши лозимдир.
Жамоат жойларида хизмат қилаётган ошпазлар, ҳатто идиш-товоқ ювушчилар ҳам покизаликка катта аҳамият қаратиши лозим бўлади.
Ҳайдовчилар ҳам белгиланган қонун-қоидаларга риоя қилиб, йўловчилар хавфсизлигини кўзлаб ҳаракат қилиши ва ўзгаларга халақит бермасдан автоуловларни бошқариши лозим бўлади.
Ўқитувчи-муаллимлар ҳам дарс вақтини риоя қилиши ҳамда ўз касбининг омонатдори эканини асло унумасликлари лозимдир. Улар синфхонада 45 минут ёки 80 минут дарс вақтидан ҳар бир дақиқасини унумли фойдаланиши, ўқувчи ёки талабаларга манфаатли билимлари етказишга бор имкониятини сарфлаши, бунинг учун эса аввало дарсга яхши тайётгарлик кўриб вақтида келиши лозим бўлади.
Ўқувчи талабалар ҳам ўқитувчининг ҳамда синфдошларининг вақтини беҳуда зое қилмаслиги учун уй вазифаларини яхши тайёрлаб келишлари, бу борада уларни ота-оналари қаттиқ назорат қилишлари талаб қилинади.
Шунингдек, халқнинг соғлиғига масъул бўлган соҳа мутахассисларининг хизматлари ҳам алоҳида таҳсинга муносибдир. Шундай бўлса-да, уларга маслаҳатимиз беморларга нисбатан имкон қадар яхши муомала қилиши, уларни даволашда бор имкониятларини ишга солишлари лозим бўлади.
Худди шу каби бошқа барча соҳа вакиллари ҳам ҳалолликка аҳамият қаратиши, ўзлари Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳамда жамият олдида касбининг омондори деб билишлари лозим бўлади.
Муҳтарам жамоат! Ҳалоллик баъзан бандага қийин кўриниб, унинг нафсига ёқмаслиги мумкин. Лекин бандалар ҳалолликнинг ортида жаннат борлигини, шунингдек, ҳаромнинг ортида эса дўзах борлиги билиши ва шунга кўра амал қилиши лозим бўлади. Ҳадиси шарифда шундай дейилган: “Аллоҳ таоло жаннатни ва дўзахни яратган вақтида Жаброилни жаннатга жўнатиб: “Унга ва у ерда унинг аҳли учун тайёрлаб қўйган нарсаларимга қара”, - деди. У келиб унга ва у ерда Аллоҳ таоло жаннат аҳли учун тайёрлаб қўйган нарсаларга қаради. Сўнгра Аллоҳнинг ҳузурига қайтиб бориб: “Иззатингга қасамки, бу ҳақида эшитган киши борки, албатта, унга киради” деди. Сўнгра Аллоҳ жаннатга буюрди, у бажарилиши қийин ва инсоннинг нафсига зид амаллар билан ўралди. Аллоҳ таоло Жаброилга: “Унга қайтиб бор ва у ерда унинг аҳли учун тайёрлаб қўйган нарсаларимга қара”, - деди. Жаброил унга қайтиб келиб қараса, у бажарилиши қийин ва инсоннинг нафсига зид амаллар билан ўралибди-ку. У Аллоҳнинг ҳузурига қайтди ва: “Иззатингга қасамки, унга бирор кимса киролмаса керак, деб хавфсираб қолдим”, - деди. Аллоҳ таоло унга: “Дўзахга бор ва у ерда унинг аҳли учун тайёрлаб қўйган нарсаларимга қара”, - деди. Қараса, унинг баъзиси баъзининг устида турган эди. Шунда у (Жаброил) Аллоҳнинг ҳузурига қайтиб бориб: “Иззатингга қасамки, у ҳақида эшитмай қолган кимсагина унга кириши мумкин”, - деди. Аллоҳ унга буюрди, у шаҳватлар (нафснинг хоҳишлари) билан ўралди. Аллоҳ таоло: “Унга қайтиб бориб қара”, - деди. Жаброил қайтиб бориб қаради ва: “Иззатингга қасамки, ундан бирор кимса нажот топа олмай, унга кириб кетса керак деб қўрқиб қолдим”, - деди”, - деб айтдилар. Имом Термизий ривоят қилган.
Яҳё ибн Муоз раҳматуллоҳи алайҳ шундай деган: “Эй одам боласи, жаннат нафс хуш кўрмайдиган нарсалар билан ўралган. Сен эса (нафсингга эргашиб) уларни ёмон кўряпсан. Жаҳаннам нафс хоҳлайдиган нарсалар билан ўралган. Сен эса (нафсингга эргашиб) уларни талаб қиляпсан. Сен худди қаттиқ дардга чалинган бемор кабисан. Агар банданинг нафси муолажанинг оғриғига сабр қила олса, сабр сабабли шифога эришади. Агар унинг нафси муолажа сабабли етадиган оғриққа сабр қила олмаса, касали узайиб бораверади”.
Муҳтарам жамоат! Дуоларимиз ижабот бўлиши учун ҳам биз барча ишларда ҳалолликни лозим тутишимиз керак. Зеро ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинган:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Эй инсонлар, албатта, Аллоҳ таоло покдир, пок (амал)дан ўзгасини қабул қилмас. Албатта, Аллоҳ таоло пайғамбарларни нимага буюрган бўлса, мўминларни ҳам шунга буюргандир. (Аллоҳ таоло): “Эй, пайғамбарлар! Пок (таом)лардан тановул қилингиз ва эзгу иш қилингиз! Албатта, Мен қилаётган ишларингизни билувчидирман (Муъминун сураси, 51-оят) деган, ҳамда: “Эй, мўминлар! Биз сизларга ризқ қилиб берган покиза нарсалардан енглар!” (Бақара сураси, 172-оят)деган. Сўнгра (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам) сочлари тўзғиб чанг-тўзонга беланиб, узун сафар қиладиган ва қўлларини осмонга чўзиб: “Эй Роббим, эй Роббим” – дея дуо қиладиган кишини (мисол тариқасида) зикр қилиб: “Унинг егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром, ҳаромдан озуқаланган, шундай экан, қандай қилиб (унинг дуоси) ижобат қилинсин”, дедилар”. Муслим ривоят қилган.
Муҳтарам жамоат! Демак, ҳаётимизнинг барча ўринларида биз ҳалолликни лозим тутайлик. Ҳалоллигимиз бир-биримизнинг мулкимизга кўз олайтирмаслигимиз, касб-коримиздан келиб чиқадиган ишларни фидокорона бажармоғимиз, шунингдек, умматимизнинг барча ўзаро муносабатларида ҳалоллик акс этмоғи лозим.
Аллоҳ таоло халқимизнинг барча ишларини ҳалолдан бўлишини муваффақ қилсин, ҳалол касб қилаётган юртдошларимизнинг касби-корларига баракалар ато қилсин. Юртимизни ҳамиша тинч, осмонимизни эса мусаффо қилсин! Омин!
Илм йўлида юрганларга ёрдам – Қуръон ва суннат нурида
Илм – бу инсоният тараққиётининг асоси бўлиб, динимиз эса бу ҳақиқатни ҳар жиҳатдан юксак даражада таъкидлаб келади. Ислом дини илмни нафақат мақтайди, балки уни талаб қилишни ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга вожиб деб санайди. Айниқса, илм талаб қилаётган кишиларга ёрдам бериш, уларни қўллаб-қувватлаш, йўлларини очиш ва уларга енгиллик яратиш – бу фақат инсонийлик эмас, балки ибодатнинг ўзидир. Ушбу мақолада Қуръон оятлари, ҳадиси шарифлар ва уламолар ҳикматлари асосида бу мавзу чуқурроқ таҳлил қилинади.
Қуръони каримда илм аҳлига эҳтиром
“Агар ҳар бир жамоатдан бир гуруҳ чиқиб, динни ўрганиб келса ва ўз қавмларини огоҳлантирса, эҳтимолки, улар (гуноҳлардан) сақланурлар эди” (Тавба сураси, 122-оят).
Бу оят илм талаб қилишнинг ижтимоий ва диний масъулият эканлигини очиқ-ойдин ифодалайди. Динни чуқур тушунадиган кишилар жамиятнинг маънавий устунидир. Уларнинг тайёргарлиги учун шароит яратиш – бу жамоанинг иймонига далолатдир. Ҳар бир мусулмон илм аҳлини рағбатлантириши, моддий-маънавий ёрдам бериши бу оят асосида шаръий масъулият бўлиб қолади.
“Айтинг: билганлар билан билмаганлар тенг бўлурми? Фақат ақл эгалари ибрат олурлар” (Зумар сураси, 9-оят).
Аллоҳ таоло илм эгаларининг даражасини улуғлаб, уларни билмаганлардан ажратмоқда. Бу оят, илм эгасини қадрлашни, унга хизмат қилишни ва унга ёрдам кўрсатишни Аллоҳнинг марҳаматига яқинлаштирадиган амаллардан бири деб англашга ундайди.
Ҳадиси шарифлар: Илм йўлида юрганларга жаннат йўли очилади
“Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннат сари йўлни осон қилади” (Имом Муслим ривояти).
Бу ҳадис илм йўлида юрган кишини қўллаб-қувватлаган ҳар бир инсонни жаннат йўлининг шерикларидан бири бўлиши мумкинлигини билдиради. Илм олувчига сув олиб бериш, китоб олиб бериш, йўл харажатига ёрдам бериш, ҳатто унга дуолар қилиш ҳам бу йўлга хизмат қилишдир.
“Агар Аллоҳ бир кишига яхшиликни хоҳласа, уни динни тушунишга муваффақ қилади” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Бу ҳадисда Аллоҳнинг бир бандага берган энг катта неъматларидан бири – илмга рағбатдир. Шундай инсонларни қўллаб-қувватлаш, Аллоҳ иродасини бажараётгандай ажр олиб келади.
Талаба – Аллоҳнинг розилигини истаётган банда. Унга ёрдам – бу розилик сари қўл чўзишдир.
Уламолар ҳикматларида:
Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ: “Илм талаб қилувчига хизмат қилиш Аллоҳга ибодат қилишдир”.
Бу сўзлар илмга хизмат қилишнинг даражасини аниқ белгилайди. Бу фақат одамга эмас, балки Аллоҳга қилинаётган хизмат сифатида баҳоланади.
Ибн Қаййим Жавзийя раҳимаҳуллоҳ: “Илм эгаларини кўтариш, уларга йўл очиш – жамиятнинг юксалиши учун замин яратади”.
Илм аҳли ёрдам олмаса, жамият заифлашади. Уларнинг илм олишига, ривожланишига, хизмат қилишига ёрдам бериш жамиятнинг тараққиётига хизматдир.
Илм йўлида ҳаракат қилаётган кишилар – бу умматнинг келажак пойдеворидир. Уларга ёрдам бериш, уларга хизмат қилиш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш – Қуръон ва Суннат кўрсатмасидир. Ҳар биримиз бу йўлда ҳисса қўшсак, Аллоҳ ҳузурида ажру савоб оламиз ва охиратда илм билан дўстлашганлардан бўламиз, иншаАллоҳ.
Хулоса қилиб айтганда “Илм эгасига берганинг – Аллоҳга берганингдир!” бу сўзлар ҳар бир мусулмон қалбига ёзилиши керак.
Анвар ХУЖАХАНОВ,
Тошкент Ислом институти талабаси.