Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Январ, 2025   |   22 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:20
Қуёш
07:43
Пешин
12:40
Аср
15:46
Шом
17:30
Хуфтон
18:47
Bismillah
22 Январ, 2025, 22 Ражаб, 1446

Энг буюк саодат – оила бахти

25.04.2017   8666   12 min.
Энг буюк саодат – оила бахти

Ота-онанинг муҳим вазифаларидан бири – вояга етган фарзанди ўғил бўлса уйлантириш, қиз бўлса турмушга узатиш. Халқимизда “Тенгини топсанг текин бер”, деган мақол бор. Ҳамма шу мақолга амал қилишни истайди. Аммо ана шу тенгликка ҳар хил ёндошади. Масалан, биров бўлажак қудаларнинг бойликдаги баробарлигини тушунса, бошқа бири йигит ва қизнинг чиройини, яна бири уларнинг бўйи-бўйига мослигини назарда тутади...

Бу борада боболарнинг фикри қандай бўлган?

 “Ахлоқи муҳсиний”да ёзилишича: “Уламолардан бирининг соҳибжамол қизи бор эди. Шаҳарнинг ҳамма улуғлари қизнинг кўнглини олиш илинжида эди. Бу уламо қизини кимга берарга ҳайрон эди. Унинг бир ғайридин ҳамсояси бор экан. Уни чақириб, деди: “Эй ҳамсоя, менинг бир қизим бор, кўпчилик унинг кўнглини олиш илинжида, уларнинг қайси бирига розилик беришга ҳайронман. Сен нима маслаҳат берасан?”. Ғайридин деди: “Мен ислом динидан бегона кишиман, нечун бу сўзни мендан сўрайсан?”. Уламо деди: “Сен гарчи ислом динидан бегона бўлсанг-да, ҳар ишда тадбиркор инсонсан. Улуғлар кенгаш тўғрисида муболаға қилиб бундай деганлар: тўғри, донишманд киши билан кенгашиш керак. Ҳадисда ёзилганки: “Ал-мусташору муътаминун” (Шундай киши билан кенгашиш керакки, одам унга ишона олсин). Шундай экан, ҳозир сен қандай маслаҳат берсанг, мен шунга амал қиламан”. Ғайридин деди: “Никоҳдаги кифоят эру хотиннинг баробарлигидир. Кифоят мусулмонлар мазҳабида дин ва миллат билан бўлади, бизнинг одатимизда аслу насаб билан ва замона аҳли наздида мулк ва улуғлик биландир. Энди ўйлаб кўр, агар ўз динингга риоя қилсанг, дин йўлини ихтиёр қил, агар бизнинг расмимизга келсанг, насабга эътибор қил, агар замона аҳли одатига амал қилсанг, молу жоҳ талаб қил!””

Уламога бу жавоб хуш келди ва деди: “Дин ҳаммага баробар. Динни ихтиёр қилдим”. Унинг Муборак исмли ғоят олим ва диндор қули бор эди. У, мен Муборакдек иймонли диндорни билмайман. Демак, қизимни унга никоҳ қилиб берай, деб чақиртириб, қизини унга берди.

Ҳақ (пок ва олий) Муборакка у қиздан бир фарзанд бердики, у ислом аҳлини пешвоси ва диндорларнинг имоми, зоҳидлар ўртасида ягона ва орифлар ўртасида тенги йўқ Абдуллоҳ ибн Муборакдир”.

Буни қарангки, ота-она фарзандларини уйлантириш ёки узатиш билан уларнинг бахтиёр яшаб кетишини, авлодининг давомийлигини таъминлаш баробарида ўғли ва қизининг кўплаб жиддий касалликларга чалиниб қолишининг ҳам олдини олишга сабабчи бўлар экан.

Ёлғизлик ҳалокатли!

Уммон ортида ўтказилган тадқиқотлар жиддий касалликларнинг энг муҳим сабабчиларидан бири ёлғизлик эканини кўрсатди. Ёлғизлик ўлим хавфини камида икки баробар орттирар экан.

АҚШнинг марказий онлайн “Slate” журнали ёлғизлик сабабли пайдо бўладиган таҳликаларга оид бир мақола эълон қилди. Унда ёзилишича, изланишлар натижасида ёлғиз кишиларнинг хасталикларга қарши чидамсиз бўлиши аниқланди. Кейинги тадқиқотлар эса ёлғизликнинг фақат касаллик чақирувчи эмас, ўлимга сабаб бўлишини ҳам кўрсатди.  

Тадқиқот натижалари ёлғизликнинг семириб кетиш ва тамаки чекишдан-да хатарли эканини кўрсатди. Аниқроғи, ёлғизлик сабабли ўлим хавфи тамаки чекиш билан баробар экан-у,  бироқ семизликдан икки баробар ортиқроқ экан...

Илгарироқ Калифорния институти олимлари рак касаллигининг олдини олиш борасида олиб борган изланишлари натижасида оила ҳаёти онкологик касалликка чалинган беморнинг узоқроқ яшашига ёрдам қилишини аниқлаган эди.

Олимлар ижтимоий яккаланиб қолиш инсоннинг иммунитет тизими фаолиятига жиддий зарар етказиб, унда яллиғланувчи касалликлар кучайишини аниқлади. Ревматизм, қандли диабет ва юрак касалликлари ёлғиз инсонларда тез ривожланади. Шунингдек, тадқиқотлар ёлғизликни интернет воситасида бартараф этиб бўлмаслигини кўрсатмоқда. Мичиган университети олимлари Facebookдан фойдаланувчилар орасида виртуал алоқа кўпайишига қарамай, улар ўзларини бахтли ҳис этмаганини айтган. Ўша одамлар бошқалар билан тўғридан тўғри боғланганда бахтиёр бўлганини маълум қилган. 

“Ё” ҳарфига ишорат каби...

Чикаго университети психологи Жон Т.Какиоппо: “Ёлғиз эканингизни ўзингизга ўзингиз эътироф этишингиз манглайингизнинг ўртасига катта қилиб “Ё” ҳарфини ёзиб қўйганга ўхшайди“, дер экан, инсонларнинг бу туйғу билан ўтаётган кунларининг машаққатли эканига эътибор қаратади. Мутахассиснинг фикрича, инсонга атрофида қанча кўп одам жамланишининг унчалик эътибори йўқ. Инсон ёлғизликни ҳис этмаслиги учун жилла қурса бир кишига эҳтиёжи бор. Шуни ҳисобга олиб Европадаги Англия ва Донимарка каби ўлкаларда кекса ёшдаги ёлғиз кишилар учун турли хил профилактика ишлари олиб борилмоқда. 

Никоҳ ичкиликбозликдан асрайди

“American Journal of Psychiatry”  журналида эълон қилинган мақолада турмуш қурган одамлар ичкиликбозликка ёлғизларга нисбатан камроқ берилиши ёзилган. Бироқ, тадқиқотлардан аён бўлишича, майхўр кимса билан турмуш қуриш ичкиликбознинг янада кўпроқ ичишига ёки унинг турмуш ўртоғининг ҳам ичкиликка ўрганишига сабаб бўлар экан.

  – Биз ичкиликбоз билан турмуш қурган кишига унинг қанчалик таъсири бўлишини ўрганишга ҳаракат қилдик, – дея тадқиқот ишининг мақсадини ифода этди муаллифлардан бири, Виржиния ҳамкорлик университети тиббиёт мактаби профессори, психиатр Кеннет Кендлер. – Жавоб шундай чиқди: ҳа, жуда ҳам кучли. 

Таҳлиллар кўрсатишича, турмуш қуриш ичкиликбозликка ружу қўйишни эркакларда 59 фоизга, аёлларда эса 73 фоизга камайтиради. Айниқса, вақтида оила қуриш наслида ичкиликбозлик бўлган одамларга жуда ҳам фойдали. Шунингдек, эр ёки аёлнинг тўйдан олдинги вақтларда ичкиликка мойиллиги бўлган эса келажакда иккинчисида ушбу муаммо тезлик билан юксалади. Хусусан, ана шу аҳмақона одатга ичкиликбознинг аёли гирифтор бўлади. Демак, ичкиликбоз билан оила қуриш ёлғиз яшашдан ҳам ёмон экан.

Кеннет Кендлер: “Ҳозир олимлар ичкиликбозликнинг ажралишга мойиллик туғдиришини ўрганишмоқда. Уларнинг тахминича, ажралиш ичкиликбозликка мойилликнинг ошишига сабаб бўлар экан”, дейди.

Оила пароканда бўлса...

Оиланинг бузилиши эркакка ҳам, аёлга ҳам, оиланинг бошқа аъзоларига ҳам  қаттиқ руҳий зарба. Шунинг учун ҳам оилавий ажрим барча дин, таълимот ва давлатларда нохуш ҳодиса саналади. Жумладан, Ислом динида ажралишни ифода этувчи “талоқ” сўзи тилга олинганда Аллоҳнинг Арши ларзага келиши таъкидланади. Лекин жами динлар, таълимотлар, давлат қонунлари маъқулламагани ҳолда ажралишни тақиқламайди. Негаки, агар ажралиш тақиқланса, одамлар ўртасида ўз жонига қасд қилишлар кўпайиб кетади.   

Маълумотларга кўра, 50-йилларда ажралишлар собиқ Иттифоқ бўйича атиги уч фоизни ташкил қилган. 60-йилларга келиб ўн фоизга чиққан. 80-йилларда 33 фоизга етган, бугунги кунда эса Ўзбекистонда 15 фоизни, Россия федерациясида 45 фоизни ташкил қилмоқда.

Ажралишнинг асосий сабаблари: ёшларнинг турмушига ота-онанинг аралашуви, хиёнат, етишмовчилик, муросага кела олмаслик, жанжал, зарарли одатлар – ичкиликбозлик, гиёҳвандлик; характерларнинг тўғри келмаслиги; тирикчилик муаммолари; туйғуларнинг сусайиши; масъулиятсизлик ва рашк асоратларидир.

Ёшларнинг оила шароитига кўника олмаслигининг сабаблари жуда ҳам кўп.

Эр-хотин ўртасидаги муомалада бир-бирини тушунмасликлари сабабли оилада биргаликда ҳаракат қилиш, бир-бирига ёрдам қилиш, ўзаро ишонч ва яхши-ёмон одатларга сабр қилиш бўлмайди. Келин-куёвнинг ота-оналарининг тутумлари тўғри келмаслиги ҳам келишмовчиликлар келиб чиқишига сабаб бўлади. Яна эндигина турмуш қурган ёшлар оила бошқарувини қўлга олиш учун талашади.

Ёшларнинг тўйгача яхши танишиб олмасликлари ажралишларнинг сабабларидан биридир. Баъзида йигит ва қизнинг интилишлари ва қарашлари бир хил чиқади. Шундай ҳолатда уларнинг бахти кулади. Ёшлар бир-бирига суянади, бир-бирига мослашади. Аммо бунинг учун инсонга сабр, хоҳиш ва уқув керак.  

Россия жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази бир тадқиқот ўтказган. Иккита оила. Биринчи ва иккинчи оиладаги эркаклар ва аёллар талантли ёшлар. Икки оиладагилар ҳам бир-бирини севади. Лекин биринчи оила бузилади. Иккинчиси сақланиб қолади. Хўш, биринчи оиланинг бузилишнинг сабаби нимада? Бу оиладаги аёл эрининг сиймосида оила бошини эмас, дўстни кўради. У турмуш ўртоғини ҳаётдаги ўсиб-ўнишлар жараёнида рақиб ўрнида билгани боис уй ишлари ва болаларни – эри ундан илгарилаб кетиш учун ўйлаб топган тузоқ деб ўйлайди. Шу боис эри университетни битириб аспирантурага топширганда ажралишга ариза беради. Иккинчи оила эса бир-бирига қўлдош бўлади. Аёл эри билан пойгалашмайди. Эри доктор бўлган чоқда хотини номзодлик билан кифояланиб қўя қолади. Унинг сабабини сўрашганида оилани сақлаб қолиш учун шундай қилганини айтган. Хотини қўллаб турган эркак номдор олимга айланади. Натижада бундан оила ютиб чиқади. Айниқса, эрига мададкор бўлган аёл.

Ана шу тадқиқот хулосасини ўқир эканман, раҳматли устозимиз, профессор Бегали Қосимовнинг турмуш ўртоғи билан кечган бир суҳбат ёдимга тушди. Матлуба опадаги катта билимни, кучли мантиқни кўрган суҳбатдошлардан бири: “Шунча билимингиз билан нега илм қилмагансиз?” деб сўраганда. Матлуб опа: “Мен ҳар доим оилани биринчи ўринга қўйганман”, деб жавоб берган эди. Опанинг ана шу тушунчаси, сайъ-ҳаракатлари натижасида Бегали ака дунёга танилган олим бўлди, фарзандлари ақлли, тарбияли инсонлар бўлиб вояга етди.      

Ажралишларнинг аксари йирик ва бой шаҳарларда юз беради. Бундай мегаполисларда қариндошлар, келин-куёвнинг ота-оналари, қўни-қўшнилар, таниш-билишларнинг оила устидан ўрнатадиган ижтимоий назорати бирмунча заиф бўлади. Ёшлар шошқалоқлик билан никоҳдан ўтади. Баъзи никоҳлар тамагирлик ва қалбакилик асосига тузилади ва кўп ўтмай бузилиб кетади.

Республика хотин-қизлар қўмитаси раиси, Элмира Боситхонова “Оила даврасида” газетасига берган интервьюсида мамлакатимиз бўйича ажрашишлар кўрсаткичи ўртача 15 фоиз атрофида бўлгани ҳолда бу кўрсаткич Тошкент шаҳрида 32 фоизни ташкил этганини айтгани ушбу фикрни тасдиқлайди.

Ажралишнинг яна бир сабаби, ҳаммага таниш бўлган ҳисоб-китоб асосида турмуш қуриш. Бундай оила муҳаббат асосида эмас, келин куёвдан ёки куёв келиндан нимадир кутиш эвазига пайдо бўлади. Бу каби оилаларда тўйдан бир йил, ҳатто бир ой ўтар-ўтмас ўзаро ҳурмат-эҳтиромнинг, ахлоқий тамойилларнинг энг оддийсига ҳам риоя қилмаслик бошланади ва у кун сайин ривожланиб боради. Тамагирлик асосида барпо бўлган оилалар моддий жиҳатдан тўла таъминлангани билан маънавий томондан қашшоқ бўлгани сабабли барбод бўлади.

Туркия статистика қўмитаси ўтказган бир тадқиқотда оила қурган 95 фоиз аёллар эркакларга ўзини бекаму кўст таъминлайдиган ишчи кучи сифатида эътибор қаратар экан, 60 фоиз атрофидаги эркак эса қизларнинг гўзаллигига учаркан. Уларнинг иккисида ҳам инсон маънавиятига, руҳиятига  дахлдор назар йўқлигидан турмуши узоққа бормаслигини тахмин этса бўлади.

Модомики, ажралишни бирорта дин ва давлат ёқламас экан, модомики, оиласи бузилган эркак ва аёл ҳамда фарзандлар бундан қаттиқ руҳий зарба олар экан, модомики, ёлғизлик одамнинг ҳалокатига, ичкиликка ружу қўйишига сабабчи бўлар экан, унда турмушни бузмасликнинг чорасини қидириш, оилани энг сўнгги илинж қолгунга қадар  ҳимоя қилиш ҳар бир инсоннинг ўзи учун яхши эмасмикан!..

Дамин ЖУМАҚУЛ,  журналист

 

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ўзга дин вакиллари билан муомала

22.01.2025   134   7 min.
Ўзга дин вакиллари билан муомала

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Инсониятга гўзал ахлоқни ўргатиб, уларни комил инсон бўлиб етишишларида йўл-йўриқлар кўрсатишлари учун Пайғамбарларни йўлчи юлдуз қилиб юборган Аллоҳ таолога беадад ҳамду сано ва шукроналар бўлсин.

Гўзал хулқларни камолга етказиш учун юборилган ва ўзининг ҳаётида барчага энг олий намуна бўлган ҳазрати Пайғамбаримизга беадад дуруду салавотлар ва саломлар бўлсин.

Юртимизда эркин ва фаровон ҳаёт, кучли ҳуқуқий-демократик давлат, адолатли фуқаролик жамияти қуриш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу эзгу мақсад замирида инсон ва унинг манфаатлари мужассам бўлиб, унинг самарадорлиги халқимиз маънавий-руҳий ва маърифий қарашларидаги янгила­ниш, жамиятимиз онгу тафаккуридаги юксалиш билан узвий боғлиқ.

Бағрикенглик мавзусида  фикр юритган уламолар ҳам Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар асосида унинг ўзига хос усулларини ишлаб чиқдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам, саҳобалар, тобеинлар томонидан асос солиб бойитилган бағрикенглик борасидаги қарашлар  мусулмонларнинг бошқа дин вакиллари билан аҳил-иноқ бўлиб яшашларида ўзига хос из қолдирган. Ота-боболаримиз ҳам бу масалага жиддий эътибор қаратишган.

Жаҳонда глобалашув жараёни давом этаётган бир пайтда миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик  муҳим тушунча саналиб, инсоният тарихида юз берган кўплаб аҳолининг осойишталигига раҳна солувчи дунё миқёсидаги урушларнинг, агрессив сиёсатларнинг, ирқчилик ва сегрегация(одамларни мажбурий тарзда ирқий, этник ва бошқа гуруҳларга ажратиш) каби разил одатларнинг барҳам топишида, халқлар, давлатлар, жамиятлар ва миллатлар ўртасида дўстона муносабатларнинг шаклланиши ва ривожланишида асосий ҳамда самарали йўлдир.

Ислом тарихида мусулмонларнинг бошқа дин вакиллари билан ўрнатган муносабатларини ўрганиш, унинг ижтимоий-сиёсий манбалари ва ривожланишининг асосий йўналишлари масаласи ўз долзарблигини сақлаб қолмоқда.

Ўзбекистоннинг стратегик тараққиётида “Динга ҳурмат ва эътиқод – ўлмас қадрият” сифатида белгилаб қўйилган. Унга кўра, икки тушунча муҳим ўрин тутади:

"Биз ўз муқаддас динимиз ва эътиқодимиздан ҳеч қачон воз кечмаймиз".

 "Муқаддас динимиз шаънига доғ тушурмоқчи бўлган, ундан ғаразли сиёсий мақсадларда фойдаланишни истайдиган кимсалар ва кучлар билан ҳеч қачон муроса қилмаймиз".

Бу икки муҳим омил жамиятимизда диний бағрикенглик туйғусини шакллантиришда асосий рол уйнайди. Чунки халқимизнинг аксар қисми ислом динига эътиқод қилади. Қолаверса, халқимизнинг миллий қадриятлари ва урф-одатлари ислом дини билан боғлиқдир. Ҳамда бошқа дин эътиқодчилари билан диний бағрикенглик муносабатида бўлиш биз ўйлаган эзгу мақсадларга эришишни осонлаштиради.

Ислом нуқтаи-назаридан бошқа дин вакиллари икки тоифага бўлинади: 

1. Бутпараслар, мажусийлар, даҳрийлар  ва собийилар (юлдузларга сиғинувчилар)

2. Аллоҳ тарафидан туширилган самовий китобларга эътиқод қилувчи яҳудийлар, насронийлар; мусулмонларга қарши уруш очмаган барча халқлар билан уларнинг дину диёнати, ижтимоий ҳолати, ирқи ва насаби, танасининг рангидан қатъи назар, доимий ҳамкорлик олиб боришга, уларга яхшилик ва адолат қилишга тарғиб бор.

Аллоҳ таоло Мумтаҳана сурасида шундай марҳамат қилади: “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар” (Мумтаҳана сураси, 8-оят).

Аллоҳ таоло бу ояти каримада мўмин – мусулмонларни бошқа миллат ва диёнат вакиллари билан, агар улар мусулмонларга диний адоват ила уруш қилмаса ва уларни сиқувга олиб ўз диёрларидан чиқариб юборишга уринмаса, яхши алоқада бўлишга буюрмоқда ва уларга нисбатан адолатли бўлишни таъкидламоқда.

Ушбу ҳукм Ислом динининг нақадар инсонпарвар ва кенгбағр дин эканининг ёрқин далилидир. Бу дин бошқа диндагиларга яхшилик қилишдан ҳеч кимни ман қилмайди. Ислом динида бошқа дин вакиллари орасида айниқса, аҳли китобларга муомала қилишга алоҳида аҳамият берилган бўлиб, Аллоҳ таоло уларнинг таомларини ейишни ва аёлларига уйланишни ҳалол  қилди. Моида сурасининг 5-оятида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: Бугун сизлар учун покиза нарсалар ҳалол қилинди. Шунингдек, Аҳли Китобларнинг таоми сизлар учун ҳалол ва таомингиз улар учун ҳалолдир. Зинокорлик ва махфий ўйнаш қилиб олиш учун эмас, балки маҳрларини берсангиз, мўмина аёлларнинг иффатлилари ва сизлардан олдин китоб берилганларнинг иффатли аёллари (ҳам ҳалолдир)...”     

Мусулмонлар билан бир жамиятда  яшайдиган аҳли китоблар аҳли зимма деб аталиб уларнинг исломда ўзига яраша ўрни бор ҳамда уларга ўзига хос муомала қилинади.

Исломда мусулмонлар билан бир ўлкада яшайдиган бошқа дин вакилларини “Аҳли зимма” ёки “ Зиммий” номи билан ишлатиш жорий бўлган. “Зимма” сўзи аҳд, кафиллик, омонлик деган маъноларни англатади. Бундай номланишининг сабаби шундаки улар учун Аллоҳ ва унинг расулининг, қолаверса мусулмон жамоасининг аҳди бўлганлиги учундир. Ушбу аҳди туфайли улар ислом ҳимоясида тинч, хотиржам яшашади. Шунингдек улар мусулмонларнинг омонлигида ва кафиллигида бўлади. Бу аҳд уларга ўзига яраша ҳақ- ҳуқуқлар бериши билан бирга ўзига хос бурч ва вазифаларни ҳам юклайди.

Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли китобдан қўшнилари бўлган. Улар билан яхши қўшничилик қилар, ҳадя бериб, улардан қабул этардилар.

Мусулмонлар томонидан фатҳ этилган халқлар исломни қабул қилишга мажбурланган, деган сохта даъволар ва тасаввурлар ғарб тадқиқотчиларининг ўзлари томонидан ҳам рад қилинди, мусулмонларнинг адолатли ва диний хайрихоҳлик билан муносабатда бўлишини ҳамма тан олди. Бу тўғрида дин тарихчиси Л. Браун шундай дейди: "Мусулмонлар ўз давлатларига қўшиб олган халқларни қилич билан исломни қабул қилишга мажбурлаган, деган даъволар ғирт тўқима. Буни исбот талаб қилмайдиган далиллар тасдиқлаб турибди. Уларни янги фатҳларга руҳлантирган динамик омил бу бирдамлик ва иймон эди. Бу худди сел каби кенгайиб бораётган дарёга ўхшайди".

Тарих давомида жуда кенг ҳудудларни бошқарган мусулмон ҳукмдорлар бошқа динларнинг вакилларига фавқулодда ҳурмат ва бағрикенглик билан муносабатда бўлганлар. Ислом давлатларида яҳудий динидагилар ҳам, насронийлар ҳам ҳамиша тўла хавфсизликда, тинч-осойишталикда, диний эркинликда яшаб келганлар.

Буларнинг барчаси ислом бутун оламларга раҳмат ўлароқ келганидандир. Бундай мурувват бошқа бирор маконда ва замонда кўрилган эмас.

 

Асадуллоҳ Қудратуллоҳ,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси

Мақолалар