Ота-онанинг муҳим вазифаларидан бири – вояга етган фарзанди ўғил бўлса уйлантириш, қиз бўлса турмушга узатиш. Халқимизда “Тенгини топсанг текин бер”, деган мақол бор. Ҳамма шу мақолга амал қилишни истайди. Аммо ана шу тенгликка ҳар хил ёндошади. Масалан, биров бўлажак қудаларнинг бойликдаги баробарлигини тушунса, бошқа бири йигит ва қизнинг чиройини, яна бири уларнинг бўйи-бўйига мослигини назарда тутади...
Бу борада боболарнинг фикри қандай бўлган?
“Ахлоқи муҳсиний”да ёзилишича: “Уламолардан бирининг соҳибжамол қизи бор эди. Шаҳарнинг ҳамма улуғлари қизнинг кўнглини олиш илинжида эди. Бу уламо қизини кимга берарга ҳайрон эди. Унинг бир ғайридин ҳамсояси бор экан. Уни чақириб, деди: “Эй ҳамсоя, менинг бир қизим бор, кўпчилик унинг кўнглини олиш илинжида, уларнинг қайси бирига розилик беришга ҳайронман. Сен нима маслаҳат берасан?”. Ғайридин деди: “Мен ислом динидан бегона кишиман, нечун бу сўзни мендан сўрайсан?”. Уламо деди: “Сен гарчи ислом динидан бегона бўлсанг-да, ҳар ишда тадбиркор инсонсан. Улуғлар кенгаш тўғрисида муболаға қилиб бундай деганлар: тўғри, донишманд киши билан кенгашиш керак. Ҳадисда ёзилганки: “Ал-мусташору муътаминун” (Шундай киши билан кенгашиш керакки, одам унга ишона олсин). Шундай экан, ҳозир сен қандай маслаҳат берсанг, мен шунга амал қиламан”. Ғайридин деди: “Никоҳдаги кифоят эру хотиннинг баробарлигидир. Кифоят мусулмонлар мазҳабида дин ва миллат билан бўлади, бизнинг одатимизда аслу насаб билан ва замона аҳли наздида мулк ва улуғлик биландир. Энди ўйлаб кўр, агар ўз динингга риоя қилсанг, дин йўлини ихтиёр қил, агар бизнинг расмимизга келсанг, насабга эътибор қил, агар замона аҳли одатига амал қилсанг, молу жоҳ талаб қил!””
Уламога бу жавоб хуш келди ва деди: “Дин ҳаммага баробар. Динни ихтиёр қилдим”. Унинг Муборак исмли ғоят олим ва диндор қули бор эди. У, мен Муборакдек иймонли диндорни билмайман. Демак, қизимни унга никоҳ қилиб берай, деб чақиртириб, қизини унга берди.
Ҳақ (пок ва олий) Муборакка у қиздан бир фарзанд бердики, у ислом аҳлини пешвоси ва диндорларнинг имоми, зоҳидлар ўртасида ягона ва орифлар ўртасида тенги йўқ Абдуллоҳ ибн Муборакдир”.
Буни қарангки, ота-она фарзандларини уйлантириш ёки узатиш билан уларнинг бахтиёр яшаб кетишини, авлодининг давомийлигини таъминлаш баробарида ўғли ва қизининг кўплаб жиддий касалликларга чалиниб қолишининг ҳам олдини олишга сабабчи бўлар экан.
Ёлғизлик ҳалокатли!
АҚШнинг марказий онлайн “Slate” журнали ёлғизлик сабабли пайдо бўладиган таҳликаларга оид бир мақола эълон қилди. Унда ёзилишича, изланишлар натижасида ёлғиз кишиларнинг хасталикларга қарши чидамсиз бўлиши аниқланди. Кейинги тадқиқотлар эса ёлғизликнинг фақат касаллик чақирувчи эмас, ўлимга сабаб бўлишини ҳам кўрсатди.
Тадқиқот натижалари ёлғизликнинг семириб кетиш ва тамаки чекишдан-да хатарли эканини кўрсатди. Аниқроғи, ёлғизлик сабабли ўлим хавфи тамаки чекиш билан баробар экан-у, бироқ семизликдан икки баробар ортиқроқ экан...
Илгарироқ Калифорния институти олимлари рак касаллигининг олдини олиш борасида олиб борган изланишлари натижасида оила ҳаёти онкологик касалликка чалинган беморнинг узоқроқ яшашига ёрдам қилишини аниқлаган эди.
Олимлар ижтимоий яккаланиб қолиш инсоннинг иммунитет тизими фаолиятига жиддий зарар етказиб, унда яллиғланувчи касалликлар кучайишини аниқлади. Ревматизм, қандли диабет ва юрак касалликлари ёлғиз инсонларда тез ривожланади. Шунингдек, тадқиқотлар ёлғизликни интернет воситасида бартараф этиб бўлмаслигини кўрсатмоқда. Мичиган университети олимлари Facebookдан фойдаланувчилар орасида виртуал алоқа кўпайишига қарамай, улар ўзларини бахтли ҳис этмаганини айтган. Ўша одамлар бошқалар билан тўғридан тўғри боғланганда бахтиёр бўлганини маълум қилган.
“Ё” ҳарфига ишорат каби...
Чикаго университети психологи Жон Т.Какиоппо: “Ёлғиз эканингизни ўзингизга ўзингиз эътироф этишингиз манглайингизнинг ўртасига катта қилиб “Ё” ҳарфини ёзиб қўйганга ўхшайди“, дер экан, инсонларнинг бу туйғу билан ўтаётган кунларининг машаққатли эканига эътибор қаратади. Мутахассиснинг фикрича, инсонга атрофида қанча кўп одам жамланишининг унчалик эътибори йўқ. Инсон ёлғизликни ҳис этмаслиги учун жилла қурса бир кишига эҳтиёжи бор. Шуни ҳисобга олиб Европадаги Англия ва Донимарка каби ўлкаларда кекса ёшдаги ёлғиз кишилар учун турли хил профилактика ишлари олиб борилмоқда.
Никоҳ ичкиликбозликдан асрайди
“American Journal of Psychiatry” журналида эълон қилинган мақолада турмуш қурган одамлар ичкиликбозликка ёлғизларга нисбатан камроқ берилиши ёзилган. Бироқ, тадқиқотлардан аён бўлишича, майхўр кимса билан турмуш қуриш ичкиликбознинг янада кўпроқ ичишига ёки унинг турмуш ўртоғининг ҳам ичкиликка ўрганишига сабаб бўлар экан.
– Биз ичкиликбоз билан турмуш қурган кишига унинг қанчалик таъсири бўлишини ўрганишга ҳаракат қилдик, – дея тадқиқот ишининг мақсадини ифода этди муаллифлардан бири, Виржиния ҳамкорлик университети тиббиёт мактаби профессори, психиатр Кеннет Кендлер. – Жавоб шундай чиқди: ҳа, жуда ҳам кучли.
Таҳлиллар кўрсатишича, турмуш қуриш ичкиликбозликка ружу қўйишни эркакларда 59 фоизга, аёлларда эса 73 фоизга камайтиради. Айниқса, вақтида оила қуриш наслида ичкиликбозлик бўлган одамларга жуда ҳам фойдали. Шунингдек, эр ёки аёлнинг тўйдан олдинги вақтларда ичкиликка мойиллиги бўлган эса келажакда иккинчисида ушбу муаммо тезлик билан юксалади. Хусусан, ана шу аҳмақона одатга ичкиликбознинг аёли гирифтор бўлади. Демак, ичкиликбоз билан оила қуриш ёлғиз яшашдан ҳам ёмон экан.
Кеннет Кендлер: “Ҳозир олимлар ичкиликбозликнинг ажралишга мойиллик туғдиришини ўрганишмоқда. Уларнинг тахминича, ажралиш ичкиликбозликка мойилликнинг ошишига сабаб бўлар экан”, дейди.
Оила пароканда бўлса...
Оиланинг бузилиши эркакка ҳам, аёлга ҳам, оиланинг бошқа аъзоларига ҳам қаттиқ руҳий зарба. Шунинг учун ҳам оилавий ажрим барча дин, таълимот ва давлатларда нохуш ҳодиса саналади. Жумладан, Ислом динида ажралишни ифода этувчи “талоқ” сўзи тилга олинганда Аллоҳнинг Арши ларзага келиши таъкидланади. Лекин жами динлар, таълимотлар, давлат қонунлари маъқулламагани ҳолда ажралишни тақиқламайди. Негаки, агар ажралиш тақиқланса, одамлар ўртасида ўз жонига қасд қилишлар кўпайиб кетади.
Маълумотларга кўра, 50-йилларда ажралишлар собиқ Иттифоқ бўйича атиги уч фоизни ташкил қилган. 60-йилларга келиб ўн фоизга чиққан. 80-йилларда 33 фоизга етган, бугунги кунда эса Ўзбекистонда 15 фоизни, Россия федерациясида 45 фоизни ташкил қилмоқда.
Ажралишнинг асосий сабаблари: ёшларнинг турмушига ота-онанинг аралашуви, хиёнат, етишмовчилик, муросага кела олмаслик, жанжал, зарарли одатлар – ичкиликбозлик, гиёҳвандлик; характерларнинг тўғри келмаслиги; тирикчилик муаммолари; туйғуларнинг сусайиши; масъулиятсизлик ва рашк асоратларидир.
Ёшларнинг оила шароитига кўника олмаслигининг сабаблари жуда ҳам кўп.
Эр-хотин ўртасидаги муомалада бир-бирини тушунмасликлари сабабли оилада биргаликда ҳаракат қилиш, бир-бирига ёрдам қилиш, ўзаро ишонч ва яхши-ёмон одатларга сабр қилиш бўлмайди. Келин-куёвнинг ота-оналарининг тутумлари тўғри келмаслиги ҳам келишмовчиликлар келиб чиқишига сабаб бўлади. Яна эндигина турмуш қурган ёшлар оила бошқарувини қўлга олиш учун талашади.
Ёшларнинг тўйгача яхши танишиб олмасликлари ажралишларнинг сабабларидан биридир. Баъзида йигит ва қизнинг интилишлари ва қарашлари бир хил чиқади. Шундай ҳолатда уларнинг бахти кулади. Ёшлар бир-бирига суянади, бир-бирига мослашади. Аммо бунинг учун инсонга сабр, хоҳиш ва уқув керак.
Россия жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази бир тадқиқот ўтказган. Иккита оила. Биринчи ва иккинчи оиладаги эркаклар ва аёллар талантли ёшлар. Икки оиладагилар ҳам бир-бирини севади. Лекин биринчи оила бузилади. Иккинчиси сақланиб қолади. Хўш, биринчи оиланинг бузилишнинг сабаби нимада? Бу оиладаги аёл эрининг сиймосида оила бошини эмас, дўстни кўради. У турмуш ўртоғини ҳаётдаги ўсиб-ўнишлар жараёнида рақиб ўрнида билгани боис уй ишлари ва болаларни – эри ундан илгарилаб кетиш учун ўйлаб топган тузоқ деб ўйлайди. Шу боис эри университетни битириб аспирантурага топширганда ажралишга ариза беради. Иккинчи оила эса бир-бирига қўлдош бўлади. Аёл эри билан пойгалашмайди. Эри доктор бўлган чоқда хотини номзодлик билан кифояланиб қўя қолади. Унинг сабабини сўрашганида оилани сақлаб қолиш учун шундай қилганини айтган. Хотини қўллаб турган эркак номдор олимга айланади. Натижада бундан оила ютиб чиқади. Айниқса, эрига мададкор бўлган аёл.
Ана шу тадқиқот хулосасини ўқир эканман, раҳматли устозимиз, профессор Бегали Қосимовнинг турмуш ўртоғи билан кечган бир суҳбат ёдимга тушди. Матлуба опадаги катта билимни, кучли мантиқни кўрган суҳбатдошлардан бири: “Шунча билимингиз билан нега илм қилмагансиз?” деб сўраганда. Матлуб опа: “Мен ҳар доим оилани биринчи ўринга қўйганман”, деб жавоб берган эди. Опанинг ана шу тушунчаси, сайъ-ҳаракатлари натижасида Бегали ака дунёга танилган олим бўлди, фарзандлари ақлли, тарбияли инсонлар бўлиб вояга етди.
Ажралишларнинг аксари йирик ва бой шаҳарларда юз беради. Бундай мегаполисларда қариндошлар, келин-куёвнинг ота-оналари, қўни-қўшнилар, таниш-билишларнинг оила устидан ўрнатадиган ижтимоий назорати бирмунча заиф бўлади. Ёшлар шошқалоқлик билан никоҳдан ўтади. Баъзи никоҳлар тамагирлик ва қалбакилик асосига тузилади ва кўп ўтмай бузилиб кетади.
Республика хотин-қизлар қўмитаси раиси, Элмира Боситхонова “Оила даврасида” газетасига берган интервьюсида мамлакатимиз бўйича ажрашишлар кўрсаткичи ўртача 15 фоиз атрофида бўлгани ҳолда бу кўрсаткич Тошкент шаҳрида 32 фоизни ташкил этганини айтгани ушбу фикрни тасдиқлайди.
Ажралишнинг яна бир сабаби, ҳаммага таниш бўлган ҳисоб-китоб асосида турмуш қуриш. Бундай оила муҳаббат асосида эмас, келин куёвдан ёки куёв келиндан нимадир кутиш эвазига пайдо бўлади. Бу каби оилаларда тўйдан бир йил, ҳатто бир ой ўтар-ўтмас ўзаро ҳурмат-эҳтиромнинг, ахлоқий тамойилларнинг энг оддийсига ҳам риоя қилмаслик бошланади ва у кун сайин ривожланиб боради. Тамагирлик асосида барпо бўлган оилалар моддий жиҳатдан тўла таъминлангани билан маънавий томондан қашшоқ бўлгани сабабли барбод бўлади.
Туркия статистика қўмитаси ўтказган бир тадқиқотда оила қурган 95 фоиз аёллар эркакларга ўзини бекаму кўст таъминлайдиган ишчи кучи сифатида эътибор қаратар экан, 60 фоиз атрофидаги эркак эса қизларнинг гўзаллигига учаркан. Уларнинг иккисида ҳам инсон маънавиятига, руҳиятига дахлдор назар йўқлигидан турмуши узоққа бормаслигини тахмин этса бўлади.
Модомики, ажралишни бирорта дин ва давлат ёқламас экан, модомики, оиласи бузилган эркак ва аёл ҳамда фарзандлар бундан қаттиқ руҳий зарба олар экан, модомики, ёлғизлик одамнинг ҳалокатига, ичкиликка ружу қўйишига сабабчи бўлар экан, унда турмушни бузмасликнинг чорасини қидириш, оилани энг сўнгги илинж қолгунга қадар ҳимоя қилиш ҳар бир инсоннинг ўзи учун яхши эмасмикан!..
Дамин ЖУМАҚУЛ, журналист
عن أبي هريرة رضي الله عنه: عن النبي صلي الله عليه وسلم قال: مَن أنْفَقَ زَوْجَيْنِ في سَبيلِ اللَّهِ، دَعاهُ خَزَنَةُ الجَنَّةِ، كُلُّ خَزَنَةِ بابٍ: أيْ فُلُ هَلُمَّ، قالَ أبو بَكْرٍ: يا رَسولَ اللَّهِ، ذاكَ الذي لا تَوَى عليه، فقالَ النبيُّ صَلَّى اللهُ عليه وسلَّمَ: إنِّي لَأَرْجُو أنْ تَكُونَ منهمْ. رواه البخاري.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳнинг йўлида бир жуфт (нарса) нафақа қилса, уни жаннат хозинлари чақиради. Ҳар бир эшик хозини: “Эй фалончи, кел бу ёққа”, (дейди)”, дедилар. Абу Бакр: “Ё Аллоҳнинг Расули, зое бўлмайдиган ўша экан-ку”, деди. Шунда Набий алайҳиссалом: “Сен улардан бўлишингни умид қиламан”, дедилар.
Ушбу ҳадиси шарифда раҳмат пайғамбари Саййидимиз Набий алайҳиссалом биз умматни осон, аммо Аллоҳ таолонинг ҳузурида катта даражаларга, ажр-мукофотга етказадиган амалга буюряптилар. Эътибор билан қараладиган бўлинса, ҳадиси шарифда айтилаётган амални ҳаммамиз ҳар куни қила олишимиз мумкин бўлган амалки, ҳеч биримиз Аллоҳ таолонинг фазл-у марҳаматидан умидимизни сўндирмасак ҳам бўлади.
Ҳадиси шарифда “бир жуфт”, дейилди. Бунда ҳар қандай нарсадан бир жуфтни тушунишган ушбу ҳадисни шарҳлаган уламоларимиз. Бир жуфт кийим, бир жуфт дирҳам, бир жуфт динор, бир жуфт нон, бир жуфт таом ва ҳоказо. Инсонга ёрдами тегиши мумкин бўлган, унга фойда бериши мумкин бўлган ҳар қандай нарса тушунилади. Демак, айнан қайсидир нарсанинг қандай турини инфоқ қилиш шарт эмас. Киши топганини мусулмон биродарига илиниб уни садақа қилса ҳадиси шарифда айтилаётган ваъдага етиши аниқ экан. Қаранг, ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган амални ихлос билан, ёлғиз Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаб амалга оширадиган бўлсак, жаннатни ҳаётимизда доим учрайдиган, ҳамма ҳам қила оладиган, оддий амал билан қўлга киритишимиз аниқ экан.
Савол туғиладики, бу амални бир маротаба қилса кифоями ёки доимий шундай амалда бардавом бўлиш керакми? Ҳадиси шарифдан шу нарса маълум бўладики, бу амални бир маротаба ёки доим қилган одамга ушбу ваъда етиши мумкинлигини тушунамиз. Мана шундай амалда чин ихлос-ла, Аллоҳ таолонинг розилигини мақсад қилиб собит бўлган одамга қиёмат куни ҳар бир Жаннат дарвозасида турган фаришталар уни эй, фалончи, бу ёққа, кел, дея чақирар экан.
Бошқа ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Ким Аллоҳ йўлида икки бор инфоқ қилса-бирор нарса сарфласа (ёки маъноси: Аллоҳ йўлида икки жуфт от, туя, эшак, динор ва ҳоказо сарфласа), жаннат эшикларидан биридан чақирилади: ким намоз аҳлидан бўлса, намоз эшигидан, ким жиҳод аҳлидан бўлса, жиҳод эшигидан, ким рўза аҳлидан бўлса, райён эшигидан, ким садақа аҳлидан бўлса, садақа эшигидан чақирилади”. Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу шунда: “Ё Аллоҳ пайғамбари, ота-онам сизга фидо бўлсин, барча эшиклардан кириш фазилати ҳам бўлармикан, бирор киши барча эшиклардан ҳам чақирилиб қоладими?” деб сўрадилар. Пайғамбар алайҳиссалом: “Ҳа. Сиз ўшалардан бўлсангиз керак”, деб жавоб бердилар.
Уламолардан Ибн Абдул Барр раҳимаҳуллоҳ “Ат-Тамҳид” номли асарларида (7/184-185 бетлар) қуйидагиларни айтадилар:
“Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалардан бири шуки, Ислом тарғиб этган амалларни бажаришда ҳар ким ҳам ҳамма соҳада илғор бўлолмайди, бирида жонбозлик кўрсатса, аксар ҳолларда бошқасидан маҳрум қолиши мумкин, жуда кам ҳолатларда буларнинг барчаси бир кишида тўпланади, Абу Бакр розияллоҳу анҳу ана шундай нодир кишилардан эдилар. Бу ҳадисда яна шунга далолат борки, бир нарсага кўпроқ одатланган киши ўшанга мансуб этиб қайд этилади (албатта, бу ерда фарзи айндан ташқари бўлган ибодатлар ҳақида гап кетмоқда). “Ким намоз аҳлидан бўлса”, деган сўзларига эътибор беринг, яъни, “ким намоздан кўпайтирган, кўп ўқиган бўлса” дегани. Негаки, ҳамма ҳам намоз аҳлидан экани маълум. “Ким жиҳод аҳлидан бўлса”, “ким рўза аҳлидан бўлса” деганлари ҳам шу маънода.
Имом Моликнинг Абдуллоҳ ибн Абдулазиз Умарий номли зоҳид, обид кишига айтган сўзлари ҳам шунга ўхшаб кетади. Мазкур зоҳид бир куни имом Моликни кўпроқ узлатга даъват этиб, зикру намоз, амални кўпайтиришга, одамлар билан ҳадеб ўтиравермасликка чақириб хат ёзади. Имом Моликнинг унга жавоби қуйидагича бўлган эди: (Аллоҳ таоло худди ризқларни бўлиб берганидек, амалларни ҳам тақсимлаб қўйди; баъзиларга намозда ғайрат берилиб, рўзада унча берилмаган бўлса, айримлар рўзада пешқадам бўлиб, намозда бундай бўлмаган, яна бошқалар садақада жонбозлик кўрсатиб, рўзада илғор бўла олмаган, тағин бирлар жиҳодда ўрнак бўлиб, намозда ўртаҳол бўлган. Илмни ёйиб, ундан таълим бериш энг афзал эзгу амаллардан ҳисобланади. Бу борада Аллоҳ таоло менга бериб қўйганига розиман. Мен қилаётган иш сиз қилаётган амалдан қуйи бўлмаса керак, иккимиз ҳам яхшилик устидамиз, деб умид қиламан)”. Ибн Абдул Баррдан келтирилган иқтибос тугади.
Демак, ҳаётимизнинг жабҳалари турлича. Инсонлар ҳам турли хил табиат, турли хил қараш, турфа хиллик билан яратилган. Уларнинг дунё қараши, қизиқиши, бирор бир нарсага бўлган рағбати ҳам турли хил. Мана шуларни жуда яхши билган Роббимиз Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг раҳмат набийси саййидимиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг муборак тиллари билан бизга таълим бериб айтяптики, барчангиз ҳаётнинг турли хил жабҳаларидан юриб менинг розилигимни истанглар, ҳар ким ўзига муяссар қилинган амал ила менинг розилигимни топишга ҳаракат қилсин! Зеро, сизларнинг қай бирингизни қай бир амали қабул қилинишини Мендан ўзга ҳеч ким билмайди. Сизларни кўзингизга катта кўринган амални қабул қилмаслигим, сизларнинг наздингизда кичик, ҳақир кўринган амални қабул қилиб, ундан рози бўлишим ҳамда уни амалга оширган бандамни жаннатимга киритишим ҳам мумкин.
Азизлар! Динимиз барчaмизни амалга буюради. У катта бўлсин, кичик бўлсин, ҳар қандай амални ихлос, муҳаббат ва асосийси Роббимиз азза ва жалланинг розилигини истаган ҳолда амал қилишга ҳаракат қилишимиз лозимки, зеро, Аллоҳ таоло покдир, покни қабул қилади. Аллоҳ таоло барчамизни солиҳ амалларда собит қилсин! Ўзининг розилигига етказсин! Бизларни набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳларга қовуштирсин! Омин!
Абдуллоҳ Абдулғофир,
ТИИ “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси.