Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ражаб ойи кирса, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳумма барик лана фи ражабин ва шаъбана, ва баллиғна рамазона”, дер эдилар” (Байҳақий ва Тобароний ривояти).
“Ё Аллоҳ! Ражаб ва шаъбон ойларида бизга барака ато қилгин ва бизларни Рамазон ойига етказгин!”.
Ражаб ойи шамолга, Шаъбон ойи булутга, Рамазон ойи эса ёмғирга ўхшайди. Энди ким Ражаб ойида экин экмаса, шаъбон ойида уни суғормаса, Рамазон ойида ҳосилни қандай қилиб йиғиб олади?
Шундай экан, ҳосилингиз серҳосил бўлиши учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олган ҳолда Ражаб ойида кўпроқ солиҳ амаллар билан бирга дуо қилишни ҳам унутманг!
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади
Бир одамнинг қорни очди. У гарчи иқтисодий аҳволи яхши бўлмаса-да, бир тамаддихонага кириб, таом буюртма қилди. Буюртма тайёр бўлгунга қадар деразадан ташқарига қараб ўтираркан, эллик ёшлардаги одам тез-тез тамаддихонага қараб қўяётгани, киришга жазм қилолмай турганига кўзи тушди. Ўтган кетганлар унга эътибор бермас, у эса афтидан жуда оч қолган эди.
Шу пайт буюртма берилган таом олиб келинди. У эса ҳеч ўйланмасдан овқатни олиб, ўзи оч бўлса-да, кўчадаги одамга олиб чиқиб берди. Сўнг ортига қайтиб, ҳисобни беришларини сўради. Ҳолатни зимдан кузатиб турган тамаддихона раҳбари хизматчига бир қоғоз берди. Унда бундай сўзлар ёзилган эди:
“Инсонийлик бебаҳодир, сиздай олийжаноб инсон бизнинг тамаддихонага келганидан бахтиёрмиз. Рухсат берсангиз, сиз бир мискинни меҳмон қилганингиз каби биз ҳам сизни меҳмон қилсак”.
Хулоса шуки, Аллоҳ таоло ҳеч бир амални зое қилмас, бандасини бандасидан қарздор ҳолда қолдирмас, эҳсонга эҳсон билан жавоб қайтарар экан.
Шундай экан, имконимиз борида бошқаларга яхшилик қилиб қолайлик.
Акбаршоҳ Расулов