Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Июл, 2025   |   15 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:17
Қуёш
04:59
Пешин
12:33
Аср
17:41
Шом
20:02
Хуфтон
21:36
Bismillah
10 Июл, 2025, 15 Муҳаррам, 1447

Имом Зайнул Обидийннинг жумардлиги

13.04.2017   9595   2 min.
Имом Зайнул Обидийннинг жумардлиги

Ҳасан ибн Ҳасан билан Зайнул Обидийн ака-уканинг – Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайннинг фарзандлари – амакиваччалар. Нимадир бўлиб иккаласининг гапи чиқишмай қолибди.  Жаҳл келса ақл кетади деганларидек, ғазаб отига минган Ҳасан ибн Ҳасан оғзига нима келса қайтармасдан айтиб, уни бас дегунча хақорат қилибди. Ўша вақтда улар жамоат билан масжидда эканлар. Зайнул Обидийн сукут қилиб, жавоб қайтармабди.

Бу ёғини ўзларидан эшитамиз.

“Сўнг уйга қайтдим, қоронғу тушганда тўсатдан кимдир эшик қоқиб  қолди. Эшикни очсам, Зайнул Обидийн турибди. У энди росмана жанжаллашгани келган бўлса, керак деб ўйладим. Лекин у мутлақо хотиржам эди: “Эй, оғажон, сен мен ҳақимда айтган гапларинг рост бўлса, Аллоҳ мени мағфират қилсин; агар акси бўлса, сени мағфират қилсин, – деб бир оз сукут сақлаб турди-да, – сенга Аллоҳнинг саломи бўлсин”, – дея ортига  қайрилиб кетди. Орқасидан эргашиб, бориб: “Аллоҳга қасамки, иккинчи бор сенга ёқмайдиган иш қилмайман”, деб узр сўрадим. У мени бағрига босиб меҳрли бир сасда: “Менга нима деган бўлсанг ҳаммасидан кечдим”, деди”.

***

Мадиналиклардан бири айтади: “Зайнул Обидийн масжиддан чиқаётганда унга эргашиб сўка бошладим. Ўзи уни сўкишимга бирор сабаб ҳам йўқ эди. Бу ҳолни кўрган одамлар ёппасига устимга бостириб кела бошлади. Агар мени ушласалар бурда-бурда қилиб ташлаши тайин эди. Шунда у зот одамларга қараб: Унга индаманглар”, деди. Улар тўхташди. Менинг қалтираётганимни кўриб, очиқ чеҳра билан яқинлашди ичимдаги қўрқувни кетказиб, тинчлантира бошлади. Сўнг эса: “Сен каминани билганларинг билан сўкдинг, ҳали сен билмаганлари  қанча!  Бирор эҳтиёжинг борми, ёрдам берайликми?!” деди. Уятнинг зўридан ҳеч нарса дея олмадим. Хижолатдан терга ботганимни кўриб устидаги тўнини елкамга ташлади-да, менга яна минг дирҳам беришларини амр қилди”.

Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.

 

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар

“Сафарга кетдилар...”

04.07.2025   23348   2 min.
“Сафарга кетдилар...”

Аёли вафот этганидан кейин эри жуда маюс бўлиб қолди. Бир куни унинг яқин дўсти уни койиди:

– Ҳалиям уйланмадингми?

– Йўқ, – деди у.

– Нега, наҳотки бошқа аёллар ичида сенга ёқадигани бўлмаса?

– Раҳматли аёлимга ўхшагани топилмаса керак...

– Қўйсанг-чи, аёлларнинг бари бир-бирига ўхшайди-ку!..

– Мен зоҳирини айтмаяпман. Ички оламини, ботинини айтяпман.

Йигит ҳайрон бўлиб қараб турган дўстига ҳаётида бўлган биргина воқеани гапириб берди:

“Бир куни аёлим жаҳлимни чиқарди. Қаттиқ уришдим ва уни ота уйига ҳайдадим. Жимгина кетди. Орадан бир неча кун ўтгач, қилган ишимдан пушаймон бўлдим. Аслида айб ўзимдан ўтганини англадим. Минг андиша билан қайнотамникига бордим. Эшик олдида бироз туриб қолдим. Сўнг эшикни тақиллатдим. Аёлим очди ва мени ҳайратда қолдириб, худди орамизда ҳеч гап ўтмагандай, баланд овозда:

– Ассалому алайкум дадажониси, сафарингиз яхши ўтдими? – дея табассум билан кўзини қисиб қўйди. Унга бир нималар демоқчи бўлган эдим, у мени қаттиқ бағрига босиб, бундай деди:

– Гапирманг, ота-онамга сизни “сафарга кетдилар”, дедим...

Ана шундай фаҳмли, оқила эди аёлим. Шунинг учун ҳам унга ҳеч бирини ўхшатолмай, уйланолмай юрибман, дўстим”.

Ҳа, азизлар! Аллоҳ таоло эркакни аёл учун, аёлни эркак учун неъмат қилиб берган. Тўғри, баъзилар бир-бирларининг камчиликларидан шикоят қилиб қолишади. Аммо ҳеч ким бенуқсон эмас. Мукаммал аёлни ҳам, эркакни ҳам ахтарманг бу дунёда. Ҳикояда келганидек, баъзида эр учун бир жуфти ҳалол бутун дунёдаги аёллардан афзал бўлиши мумкин. Шундай экан, аҳли аёлимизни қадрлайлик. Зеро, у ҳам кимнингдир фарзанди, болаларимизнинг онаси. Энг муҳими, Аллоҳнинг бизга берган омонатидир.

Акбаршоҳ РАСУЛОВ