Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси шарифда: “Аллоҳнинг бир тоифа фаришталари борки, улар кўчаларни кезиб зикр этаётганларни излайди. Аллоҳни зикр этаётган жамоатни учратганда бир-бирларига:
“Бу ёққа келинглар, излаганларимиз бу ерда экан”, дея овоз берадилар ва зокирларни кўкка қадар қанотлари остига олади. Кўк юзига чиққанларида Аллоҳ таоло – ҳар нарсани билгани ҳолда – улардан:
– Қулларим нима деяпти? – деб сўрайди.
Фаришталар:
– Сени тасбиҳ ва такбир этаётир. Сенга ҳамд айтиб, таъзим бажо этмоқда, – дейди.
Аллоҳ таоло:
– Улар мени кўрдиларми? – деб сўрайди.
Фаришталар:
– Йўқ, Сени кўрмадилар, – дея жавоб беради.
Аллоҳ таоло:
– Мени кўрганларида нима қилган бўлар эди? – деб сўрайди.
Фаришталар:
– Агар Сени кўрганларида янада кўп ибодат этар, янада кўп таъзим этар ва янада кўп тасбиҳ этардилар, – дейди.
Буюк Роббимиз улардан:
– Қулларим нима истаётир? – деб сўрайди.
Фаришталар:
– Сендан жаннат истаётир? – деб жавоб беради.
Аллоҳ таоло:
– Улар жаннатни кўрдиларми? – деб сўрайди.
Фаришталар:
– Йўқ, улар жаннатни кўрмадилар, – деб жавоб беради.
Аллоҳ таоло:
– Агар жаннатни кўрсалар нима қилган бўлар эди? – деб сўрайди.
Фаришталар:
– Агар у ерни кўрсалар жаннатга бўлган иштиёқи янада кучаяр, у ерни истаб ҳеч тоқати қолмас, ибодатларини янада кучайтирар эди, – дейди.
Аллоҳ таоло:
– Нимадан қўрқиб менга сиғинаётирлар? – деди.
Фаришталар:
– Жаҳаннамдан Сенга сиғинаётир, – дея жавоб беради.
Аллоҳ таоло:
– Улар жаҳаннамни кўрдиларми? – деб сўрайди.
Фаришталар:
– Йўқ, кўрмадилар, – деб жавоб беради.
Аллоҳ фаришталардан:
– Улар жаҳаннамни кўрганларида нима қилган бўлар эди? – деб сўрайди.
Фаришталар:
– Агар жаҳаннамни кўрганларида янада қаттиқ қўрқиб, ундан Сенга шиддатла қочар эди, – дея жавоб беради.
Бу жавобни эшитган Аллоҳ таоло:
– Шоҳид бўлингки, уларни афу этдим, – дейди.
Шунда фаришталардан бири:
– Уларнинг орасида бир киши борки, у аслида улардан эмас, бир ғаразли нияти учун уларнинг орасига суқилиб олган, – дейди.
Аллоҳ таоло у фариштага:
– Улар шундай бир жамоатки, уларнинг дўстлари ўзларига хиёнат этмас, – дейди” (Бухорий, Муслим ривояти).
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Агар бир қавм аҳдни бузсалар, Аллоҳ уларнинг устидан душманларини ғолиб қилиб қўяди. Агар улар ўлчовдан уриб қолсалар, ўсимликлардан ман қилинадилар ва қурғоқчиликка гирифтор бўладилар", дедилар (Ибн Мардавайҳ ривояти).
Имом Насоий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган узун ҳадисда: “Агар (одамлар) ўлчов ва тарозидан уриб қолсалар, қурғоқчилик ва озуқа танқислигига учрайдилар”, дейилган.
Бу ҳадисда тарозидан уриб қолиш, бировга ўлчаб ёки тортиб бераётганда кам қилиб бериш каби ҳолатлар ҳам ёмон оқибатларга олиб келиши таъкидланмоқда. Бундан маълум бўладики, бировнинг ҳаққини ейиш, ҳаром йўллар билан бошқалар молини ўзлаштириш ризқнинг камайиши, бараканинг кўтарилиши ва турли хил оғир ҳолатларнинг келиб юзага келишига омил бўлар экан.
Одилхон қори Юнусхон ўғли