Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Сентябр, 2025   |   1 Рабиъус сони, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:53
Қуёш
06:11
Пешин
12:20
Аср
16:31
Шом
18:23
Хуфтон
19:35
Bismillah
23 Сентябр, 2025, 1 Рабиъус сони, 1447

Бойлик – назар тўқлигидир

30.03.2017   10732   4 min.
Бойлик – назар тўқлигидир

Яқинда бир маҳалладошимиз онасини кексалик нафақасига чиқармоқчи бўлган экан, онаси унга: “Менинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномамни олганларида ёшим бир ёшга катта ёзилиб кетганини бобонг раҳматли айтар эдилар. Яна бир йил сабр қилайлик, шунда олганимиз ҳалол бўлади, давлатимиз завол кўрмасин”, дебди.

Ғани – бой демоқ, аммо маъносининг асоси “эҳтиёжсиз”дир. Бу маъно Асмоъи ҳуснадан.

Манбаларда ғанининг уч даражаси бор экани айтилган:

  1. Мутлақо эҳтиёжсиз зот. Бу – Аллоҳ таоло.
  2. Эҳтиёжларини кўнгил дунёсида камайтирган – қалби бой, кимсага ёрдам сўраб қўлини чўзмайдиган ва дардини ёриб ҳолини очмайдиган пайғамбарлар, Ҳақ дўстлари... зоҳирда ночор кўринса-да, моддият асири бўлмаган инсонлар.
  3. Мол-мулки кўп, “қўли узун” бўлгани учун мажозан эҳтиёжи оз бўлганлар. Уларнинг эҳтиёжи ўз молига нисбатан бўлади. Бошқаларнинг кўмагига муҳтож эмас.

Аммо чархи кажрафторнинг ишини қарангки, унинг бойлиги билан бирга эҳтиёжлари ҳам ортиб борар экан. Масалан, бойларнинг давлатини қуримоқ учун қоровуллар, хизматчилар, сигнал берадиган мосламалар ва бошқа нарсаларга эҳтиёжи бор. 

Аслида қаноат инсоннинг муҳтожлигига дахлдор ҳодиса. Инсон Аллоҳга муҳтож. Буни унутган киши ҳаддини билмайди. Илло, кишининг ўз ҳолини билмоғи ҳам буюк маърифатдир. Инсон сўзи нисёндан олинганига бориб у қаноат борасида ҳам нисёнга кетади. Соғлом инсон касал бўлган вақтидаги паришонлигини, болалигида бошидан ўтказган қийинчиликларни ва кексалик дарди азиятларини тортиши кераклигини эсга олмаслиги мумкин. Шунингдек, бой одам ҳам эртага қашшоқлашиб қолиши эҳтимоли мавжудлиги, қўлидаги молининг омонат эканини  унутади. Ажал эшик қоқиб келганда бойлигининг сира ҳам арзимас нарсадек кўриниб қолишини ўйламайди. “Йўқ! инсон, албатта, туғёнга кетур. Гар ўзини бой кўрса, Албатта, қайтиб бориш Роббинггадир” (Алақ сурасининг 6-8 оятлари); “Ва аммо,кимки бахиллик ва истиғно қилса... Ва гўзални ёлғонга чиқарса... Бас, биз уни қийинга муяссар қиламиз. У қулаган вақтда унга мол-мулки фойда бермас” (Лайл сурасининг 8-11 оятлари), дея биз бандаларини огоҳлантиради Аллоҳ таоло.

Аслида ҳожатларимизни раво қилувчи – Аллоҳ таоло. Аммо Роббимиз бизни маърифат ҳосил қилсин дея турли василалар қилган-у, бироқ василаларга таважжуҳ кўрсатмаган, Биз Аллоҳни қўйиб уларга қўл чўзсак, улардан нажот истасак, уларнинг марҳаматидан умидвор бўлсак, қондирилган эҳтиёжларимизни василадан деб билсак, маърифатимиз кемтик бўлиб чиқади ва Роббимиз биздан  рози бўлмайди.

Мўмин киши қанчалик қаноатли бўлса-бўлсин, унга ёрдам қўлини чўзиш бошқа мўминларнинг зиммасидан соқит бўлмайди. “Ўзи истамади, биздан гуноҳ кетди”, деб бўлмайди. “Чақалоқ йиғламаса, онаси сут бермайди!” қабилида иш кўриш мумкин эмас. Роббимиз имкон соҳиблари хато иш қилмасинлар дея қуйидаги ояти карималарда муҳтожларни икки тоифага бўлиб тушунтирган: “Ва молу мулкларида сўровчи ва бечораларнинг ҳаққи бордир” (Заарийаат сурасининг 19-ояти); “...улардан енг ва қаноатли ва тиланган камбағалларни ҳам таомлантиринг” (Ҳаж сурасининг 36-оятидан).

 Парвардигор закотни ҳам ҳақиқатан эҳтиёжмандларни топиб, энг аввало, қаноатли одамларга беришни тавсия этган: “(Садақа ва хайру эҳсонлар) Аллоҳнинг йўлида тутилган, ер юзида касб қилишга қодир бўлмаган, иффатлари туфайли билмаган киши уларни бой деб ўйлайдиган фақирларгадир. Уларни сиймоларидан танийсан, одамлардан хиралик қилиб сўрамаслар. Нафақа қилган яхшиликларингизни Аллоҳ албатта билгувчидир” (Бақара сурасининг 273-ояти).

Демак, Парвардигор фақирлик ила имтиҳон этган бандаларини қаноатли, кўзи тўқ ҳолда кўришни истайди. Айни пайтда бойлик ила имтиҳон этган бандаларининг кўнгли уйғоқ бўлишини, жавонмард, марҳаматли ва шафқатли  бўлишини хоҳлайди.

Ҳақиқий мўминлар шундай инсонларки, улардан бири бермоқ учун қистовга олади, иккинчиси олмаслик учун. Худди мана бу воқеа каби: Саъд бин Робий розияллоҳу анҳу Абдурраҳмон ибн Авфга самимият ила: “Мен ансорнинг энг бадавлат одамиман. Молимнинг ярмини сенга айирдим. Бундан молим кўпаяди”, деди.

 Абдурраҳмон ибн Авф р.а.: “Аллоҳ молингни ва имконларингни хайрли қилсин. Менинг уларга эҳтиёжим йўқ. сен менга бозорнинг йўлини кўрсат, шунинг ўзи кифоя...” деди.

Ана шундай дўстлик таомилида олган эмас, берган ташаккур айтади. Бизнинг ҳам шу каби инсонлар сирасидан бўлмоғимизни насиб айласин.

Дамин ЖУМАҚУЛ,

журналист

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ҳар нарса кўринганидек эмас

22.09.2025   1538   1 min.
Ҳар нарса кўринганидек эмас

Эр-хотин ҳавонот боғида юрарди. Маймунлар ёнидан ўтаётганларида аёли урғочи маймунга парвона бўлаётган эркак маймунни кўриб:

– Қаранг, қандай ғамхўр, меҳрибон экан, – деди.

Эри унга бир жилмайиб индамай қўяқолди.

Кейин улар шерлар қафаси ёнидан ўтишди. Эркак шер бир четда бепарво ётар, урғочиси ундан узоқда эди. Аёл эрига яна:

– Қаранг, анави шер аёлидан узоқда, лоқайд ётибди. Оиласига ғамхўр эмас, шекилли, – деди.

Шунда эр аёлига:

– Қани, урғочи шерга бирор нарса улоқтириб кўр-чи? – деди.

Аёл бир кичкина чўпни урғочи шерга қарата улоқтирди. Шунда эркак шер тезда ўрнидан туриб, важоҳат билан аёлини ҳимоя қилиш учун аёлга томон югуриб қолди. Унинг важоҳатидан қўрқиб кетган аёл эрининг ортига ўтиб олди.  Эр аёлини етаклаб маймунлар томон юрди ва унга:

– Энди маймунларга ҳам бирор нарса улоқтир-чи? – деди. Аёл яна бир чўпни олиб ачомлашиб ўтирган маймунларга қарата отди. Шунда эркак маймун ўзини жонини сақлаш мақсадида дарахт тепасига қараб қочиб қолди.

Эркак аёлига қараб бундай деди:

– Кўрдингми, хотин, ҳамма нарса ҳам кўрингани каби бўлавермайди.

Дарҳақиқат, кўпчиликни кўп нарсаларнинг зоҳири алдаб қўяди. Аммо баъзан биз кўзимиз билан кўрган нарсалар аслидан бошқача бўлиб чиқиши ҳам мумкин. Ёлғон кўринган нарса эса баъзида рост бўлиб чиқиши мумкин. Шундай экан, хулоса қилишга шошилмайлик.

Акбаршоҳ Расулов

Ибратли ҳикоялар