Қадим замонда икки дўст ов қилиш учун ўрмонга борибди. Тасодифан уларга айиқ рўпара бўлибди. Дўстлардан бири милтиғини ташлаб, яқин атрофдаги дарахтлардан бирининг устига чиқиб олибди. Иккинчиси ўзини ўликка солиб, ерга нафас олмай ётиб олибди. Айиқ ерда ётган одамни ҳидлаб кўриб, нари кетибди. Чунки айиқлар ўлакса емайдилар. Айиқ кўздан ғойиб бўлгач, дарахтдаги овчи ерга тушиб, дўстининг олдига келиб ҳазиллашибди: "Оғайни, айиқ қулоғингга бир нима дедими?" Дўсти унга: "Ҳа, у дўст танлашда адашибсан, деди", деб жавоб берибди.
Билингки, яхши кунингизда дўстларингиз кўп бўлади. Лекин ҳақиқий дўстлар сафарда ва тижоратда синалади.
Акбаршоҳ Расулов
Тошкент давлат шарқшунослик университетида Қатар Цивилизациялар альянси қўмитаси ҳамда Қатар университети ҳамкорлигида “Ўзбекистонда ислом маданий мероси ва унинг жаҳон илм-фанида тутган ўрни” мавзусида нуфузли халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтмоқда.
Форум Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги илмий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлаш, диёримиздан етишиб чиққан буюк мутафаккирларнинг бебаҳо меросини чуқур тадқиқ этиш ҳамда уни халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш мақсадида ташкил этилди. Унда хорижлик таниқли олимлар, юртимиз диний соҳа вакиллари, тадқиқотчилар ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этмоқда.
Халқаро тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Дин ишлари бўйича қўмитанинг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров ҳамда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов қатнашмоқда ва ўз маърузалари билан иштирок этмоқда.
Конференцияда юртимиз заминида шаклланган илмий мактабларнинг жаҳон тамаддуни ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси алоҳида эътироф этилмоқда. Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Абу Али ибн Сино сингари буюк алломаларимиз илмий меросининг бугунги кундаги аҳамияти муҳокама қилинмоқда.
Шунингдек, сўнгги йилларда юртимизда маънавий-маърифий меросни тиклаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, жумладан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий мажмуасида яратилган замонавий шароитлар таништирилиб, хорижлик мутахассислар ўзаро ҳамкорликка даъват этилмоқда.
Маълумот ўрнида, мазкур нуфузли халқаро анжуман иши 8–9 сентябрь кунлари ҳам давом этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати