Савол: Қазо намозларни ўқишдан олдин ҳам азон айтилади, деб эшитгандим. Бир кунлик намозлар қазо бўлган бўлса, уларни адо этишда ҳар бир намоз учун алоҳида азон айтиладими?
Жавоб: Қазо намозларида ҳам худди вақтида ўқилаётган намоздаги каби азон ва иқомат айтилади. Зиммасида бирдан ортиқ қазо намозлари бўлган одам уларни бир вақтда ўқимоқчи бўлса, биринчи намозга азон айтади, қолганларини иқомат билан ўқийверади. Бу қоида ёлғиз ёки жамоат билан ўқиганга баробардир. Пайғамбаримиз (а.с.) ва саҳобалар Уҳуд ғазотида кетма-кет тўрт вақт – пешин, аср, шом ва хуфтон намозини ўқий олмаганлар. У пайтлар ҳали қўрқув намози ҳақидаги оятлар нозил бўлмаганди. Кейин ҳазрат Билол (р.а.) азон айтганлар ва Расулуллоҳ (с.а.в.) имомликларида аввал пешин, ке-йин аср, сўнг шом ва хуфтон намозларини ҳар бирига алоҳида иқомат билан адо этишган. Уламоларимиз ушбу воқеадан бирдан ортиқ қазо намозларини битта азон ва алоҳида иқоматлар билан адо этиш ҳукмини олишган (“Раддул муҳтор”).
Савол: Ўн беш-йигирма йиллик қазо намозларини ўқиш тартиби, вақтлари қандай?
Жавоб: Ўз вақтида ўқилмаган намоз фақат қазосини ўташ билан зиммадан соқит бўлади.
Кўп йил ўқилмаган намозларнинг қазосини ўташда тартиб шарт эмас, лекин шунда ҳам тартибга риоя қилиш (яъни, олдин бомдод, кейин пешин, сўнг асрни ўқиш) мустаҳабдир (“Фатовойи Ҳиндийя”).
Намозлар қай суратда ўталмай қолган бўлса, қазоси шу суратда ўталади. Яъни, сафарда ўқилмай қолган намоз ҳазарда ҳам қаср қилиб ўқилади. Ҳазарда ўталмаган намозни сафарда қазосини ўқимоқчи бўлган одам тўлиқ ўтайди.
Қазо намозларни куннинг исталган пайтида ўтаса бўлади. Уч маҳал мустасно. Улар: қуёш чиқаётган пайт, кун қиёмга (тиккага) келганда ва қуёш ботаётганда. Мана шу учта вақтда қазо намозларини ўқиб бўлмайди (“Баҳрур роиқ”).
Савол: Уч-тўрт кунлик қазо намозларини бирданига ўқиса бўладими?
Жавоб: Макруҳ вақтлардан бошқа пайтда бир уринишда қувват етганича уч-тўрт кунлик қазо намозларни ўташ мумкин.
Савол: Баъзи намозларда узунроқ, баъзи намозларда қисқароқ қироат қилган яхши, деб эшитдим. Шу ҳақда кенгроқ маълумот берсангиз.
Жавоб: Фарз намозларнинг аввалги икки ракатида, бошқа намозларнинг барча ракатида қироат қилиш фарз бўлиб, унинг энг оз миқдори битта узун ёки учта қисқа оятни ўқишдир.
Қироатнинг суннат бўлган миқдори сафарда, вақтнинг зиқлигида, фотиҳадан сўнг исталган сурани ўқишдир. Ҳазарда (уйда) ва бемалол вақтларда эса бомдод намозида Фотиҳа сурасидан кейин икки ракатда қирқ ёки эллик оят ўқиш суннат. Пешин намози (фарзи)да ҳам шу миқдорда қироат қилиш суннатдир (“Жомиъус сағир”). Аср ва хуфтон намозларида қироатнинг суннат миқдори Фотиҳа сурасидан ташқари йигирма оятдир. Шом намозида эса Фотиҳадан кейин икки ракатга ҳам биттадан қисқа сура ўқиш суннат (“Муҳийт”).
Муқимликда бомдод ва пешин намозлари фарзларида узун суралар ўқилади (“Виқоя”). Узун суралар Ҳужуротдан Буружгача бўлган суралардир.
Аср ва хуфтон намозларига ўртача узунликдаги суралар ўқилади. Бу турга Буруждан Баййинагача бўлган суралар киради.
Шом намозида эса қисқа суралар ўқилади. Баййинадан Қуръоннинг охиригача бўлган суралар қисқа суралар ҳисобланади (“Виқоя”, “Муҳийт”).
Савол: Суннат намозларидаги қироатларда ҳам суралар тартибига риоя қилиш керакми?
Жавоб: Фарз намозларининг иккинчи ракатида биринчи ракатда ўқиган сура ёки оятдан юқоридагисини ўқиш макруҳдир. Аммо суннат намозларда макруҳ эмас (“Муҳийт”).
Савол: Салла билан ҳожатхонага кирса бўладими?
Жавоб: Салла билан намоз ўқилгани ва у мўминнинг тожи бўлгани учун, у билан нопок ерларга, жумладан, ҳожатхонага кириш макруҳ ҳисобланади (“Фатовойи Ҳиндийя”).
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Каҳф сурасини жума куни ўқиса, икки жума оралиғида унга нур ато этилади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Ким “Бақара” сурасини ўқиса...
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Бақара сурасини ўқиса, жаннатда тож кийдирилади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Ким “Ёсин” сурасини ўқиса...
Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Ёсин сурасини Аллоҳ розилиги учун ўқиса, аввалги гуноҳлари кечирилади. Сизлар уни ўликларингиз ҳузурида ўқинглар”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Ёсин сурасини кечаси ўқиса, гуноҳлари кечирилган ҳолда тонг оттиради”, дедилар (Имом Абу Нуайм ривояти).
Ким “Духон” сурасини ўқиса...
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Духон сурасини ҳар жума кечаси ёки жума куни ўқиса, Аллоҳ у учун жаннатда уй бино қилади”, дедилар. (Имом Табароний ривояти).
Ким “Воқеа” сурасини ўқиса...
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Воқеа сурасини ҳар кеча ўқиса, унга ҳеч ҳам муҳтожлик етмайди”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Ким “Фотиҳа” ва “Ихлос” сураларини ўқиса...
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким жума куни имом салом бериб, оёқларини ёзишидан олдин Фотиҳа, Ихлос, Фалақ ва Нос сураларини етти марта ўқиса, аввалгию кейинги гуноҳлари кечирилади”, дедилар (Имом Абул Асъад Қушайрий ривояти).
Ким “Фотиҳа” сураси ва “Оятул Курсий” оятини ўқиса...
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фотиҳа сураси ва Оятул Курсийни бирор банда бир ҳовлида ўқиса, ўша куни инсон ёки жиннинг кўзи тегмайди”, дедилар (Имом Дайламий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД