Савол: Қазо намозларни ўқишдан олдин ҳам азон айтилади, деб эшитгандим. Бир кунлик намозлар қазо бўлган бўлса, уларни адо этишда ҳар бир намоз учун алоҳида азон айтиладими?
Жавоб: Қазо намозларида ҳам худди вақтида ўқилаётган намоздаги каби азон ва иқомат айтилади. Зиммасида бирдан ортиқ қазо намозлари бўлган одам уларни бир вақтда ўқимоқчи бўлса, биринчи намозга азон айтади, қолганларини иқомат билан ўқийверади. Бу қоида ёлғиз ёки жамоат билан ўқиганга баробардир. Пайғамбаримиз (а.с.) ва саҳобалар Уҳуд ғазотида кетма-кет тўрт вақт – пешин, аср, шом ва хуфтон намозини ўқий олмаганлар. У пайтлар ҳали қўрқув намози ҳақидаги оятлар нозил бўлмаганди. Кейин ҳазрат Билол (р.а.) азон айтганлар ва Расулуллоҳ (с.а.в.) имомликларида аввал пешин, ке-йин аср, сўнг шом ва хуфтон намозларини ҳар бирига алоҳида иқомат билан адо этишган. Уламоларимиз ушбу воқеадан бирдан ортиқ қазо намозларини битта азон ва алоҳида иқоматлар билан адо этиш ҳукмини олишган (“Раддул муҳтор”).
Савол: Ўн беш-йигирма йиллик қазо намозларини ўқиш тартиби, вақтлари қандай?
Жавоб: Ўз вақтида ўқилмаган намоз фақат қазосини ўташ билан зиммадан соқит бўлади.
Кўп йил ўқилмаган намозларнинг қазосини ўташда тартиб шарт эмас, лекин шунда ҳам тартибга риоя қилиш (яъни, олдин бомдод, кейин пешин, сўнг асрни ўқиш) мустаҳабдир (“Фатовойи Ҳиндийя”).
Намозлар қай суратда ўталмай қолган бўлса, қазоси шу суратда ўталади. Яъни, сафарда ўқилмай қолган намоз ҳазарда ҳам қаср қилиб ўқилади. Ҳазарда ўталмаган намозни сафарда қазосини ўқимоқчи бўлган одам тўлиқ ўтайди.
Қазо намозларни куннинг исталган пайтида ўтаса бўлади. Уч маҳал мустасно. Улар: қуёш чиқаётган пайт, кун қиёмга (тиккага) келганда ва қуёш ботаётганда. Мана шу учта вақтда қазо намозларини ўқиб бўлмайди (“Баҳрур роиқ”).
Савол: Уч-тўрт кунлик қазо намозларини бирданига ўқиса бўладими?
Жавоб: Макруҳ вақтлардан бошқа пайтда бир уринишда қувват етганича уч-тўрт кунлик қазо намозларни ўташ мумкин.
Савол: Баъзи намозларда узунроқ, баъзи намозларда қисқароқ қироат қилган яхши, деб эшитдим. Шу ҳақда кенгроқ маълумот берсангиз.
Жавоб: Фарз намозларнинг аввалги икки ракатида, бошқа намозларнинг барча ракатида қироат қилиш фарз бўлиб, унинг энг оз миқдори битта узун ёки учта қисқа оятни ўқишдир.
Қироатнинг суннат бўлган миқдори сафарда, вақтнинг зиқлигида, фотиҳадан сўнг исталган сурани ўқишдир. Ҳазарда (уйда) ва бемалол вақтларда эса бомдод намозида Фотиҳа сурасидан кейин икки ракатда қирқ ёки эллик оят ўқиш суннат. Пешин намози (фарзи)да ҳам шу миқдорда қироат қилиш суннатдир (“Жомиъус сағир”). Аср ва хуфтон намозларида қироатнинг суннат миқдори Фотиҳа сурасидан ташқари йигирма оятдир. Шом намозида эса Фотиҳадан кейин икки ракатга ҳам биттадан қисқа сура ўқиш суннат (“Муҳийт”).
Муқимликда бомдод ва пешин намозлари фарзларида узун суралар ўқилади (“Виқоя”). Узун суралар Ҳужуротдан Буружгача бўлган суралардир.
Аср ва хуфтон намозларига ўртача узунликдаги суралар ўқилади. Бу турга Буруждан Баййинагача бўлган суралар киради.
Шом намозида эса қисқа суралар ўқилади. Баййинадан Қуръоннинг охиригача бўлган суралар қисқа суралар ҳисобланади (“Виқоя”, “Муҳийт”).
Савол: Суннат намозларидаги қироатларда ҳам суралар тартибига риоя қилиш керакми?
Жавоб: Фарз намозларининг иккинчи ракатида биринчи ракатда ўқиган сура ёки оятдан юқоридагисини ўқиш макруҳдир. Аммо суннат намозларда макруҳ эмас (“Муҳийт”).
Савол: Салла билан ҳожатхонага кирса бўладими?
Жавоб: Салла билан намоз ўқилгани ва у мўминнинг тожи бўлгани учун, у билан нопок ерларга, жумладан, ҳожатхонага кириш макруҳ ҳисобланади (“Фатовойи Ҳиндийя”).
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни
Салоҳиятли авлодни етиштиришни истасак, барча нарсадан олдин ушбу авлодни тарбия қиладиган ўқитувчи ва мураббийлар ҳақида қайғуришимиз лозим. Бу борада мамлакатимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таҳсинга сазовор.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2 сентябрь – Билимлар куни муносабати билан мамлакатимиз мактаблари ўқувчилари ва устоз-мураббийларига йўллаган байрам табригида: “Кейинги йилларда бутун юртимиз каби мактабларимиз қиёфаси ҳам тубдан ўзгариб, улар том маънода Янги Ўзбекистон тимсолига айланиб бораётгани барчамизни чексиз қувонтиради. Чунки мактаб қанчалик обод ва чароғон бўлса, жамият ҳаёти шунчалик фаровон, мазмунли ва маърифатли бўлади”, дея таъкидладилар.
Юртимизнинг янада тараққий этиши, халқимиз турмуши бундан-да фаровон, ёшларимиз буюк аждодларимизга муносиб ворис бўлишлари учун Япониянинг тажрибасини қўллаш керак. Чунончи, Япония юксак тараққий этган давлат мақомига эришишида ўқитувчига вазирнинг маоши, императорнинг обрўси, депутатнинг дахлсизлиги қўлланилгани асосий омил бўлган.
Шу билан бирга, Японияда ўқитувчи талабаларга бундай дер экан: «Сенинг ўқишдаги муваффақиятинг Япониянинг муваффақиятидир. Муваффақиятсизлигинг Япониянинг муваффақиятсизлигидир».
Муқаддас динимизда устоз ва мураббийларга эҳтиром беқиёс. Муаллимлик, мураббийлик ‒ буюк шараф. Зеро, башариятнинг энг афзал вакиллари пайғамбарлар, шу жумладан, Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бутун башариятга устоз қилиб юборилганлар.
Бу ҳақда Қуръони каримда: «У (Аллоҳ) омилар (саводсиз кишилар) орасига ўзларидан бўлган, уларга (Унинг) оятларини тиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб (Қуръон) ва Ҳикмат (Ҳадис)ни ўргатадиган (бир) пайғамбарни (Муҳаммадни) юборган зотдир. Ҳақиқатан, (улар пайғамбар келишидан) илгари аниқ залолатда эдилар» (Жумъа сураси, 2-оят), деб марҳамат қилинган.
Ҳадиси шарифда: “Аллоҳ мени қийновчи ва қийинлаштирувчи қилиб эмас, балки муаллим ва осонлаштирувчи қилиб юборди”, дейилган (Имом Муслим ривояти).
Бугун устоз ва мураббийларимиз азиз фарзандларимизга Имом Қатода раҳимаҳуллоҳнинг бир туя китобни ёд олганини, Имом Шаъбийнинг: “Оқ нарсага ёзилган ҳар бир нарсани ёд олдим”, деган сўзини, Ашраф Али Таҳонавийнинг қисқа умри давомида бир ярим минг китоб ёзганини, Ибн Рушд умри давомида икки кеча: уйланган ва отаси вафот этган кеча китоб ўқий олмаганини бот-бот эслатиб туришлари мақсадга мувофиқдир. Шундагина юртимиздан яна Бухорийлар, Насафийлар, Хоразмийлар, Берунийлар, Термизийлар, Навоийлар етишиб чиқади.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга эзгулик ва яхшиликни ўргатадиган кишиларни мақтаб, бундай деганлар: “Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, инидаги чумоли, ҳаттоки денгиздаги балиқ ҳам одамларга яхшиликни таълим берувчининг ҳаққига дуо қиладилар”(Имом Термизий ривояти).
Ислом таълимотига кўра, устоз нафақат дунёда иззат-ҳурматда бўлади, балки вафотидан кейин ҳам қолдирган манфаатли илми, таълим берган шогирдларининг хизмати, ёзган асарларидан ўзгаларнинг фойдаланиши туфайли номаи аъмолига савоб тўхтовсиз бориб туради.
Ҳадиси шарифда: “Инсон вафот этганда унинг амали тўхтайди. Фақат уч нарса туфайли (унинг номаи аъмолига савоб ёзилиб туради): садақаи жория;фойдали илм; дуои хайр қилувчи солиҳ фарзанд”(Имом Муслим ривояти), дейилган.
Мен ўқитувчи ва мураббийларни вақт билан мусобақалашаётган, бу жараёнга шогирдларини ҳам жалб қилган кишига ўхшатаман. Ислом тарихига назар солсак, вақт билан мусобақалашиб, жуда кўп муваффақиятларни қўлга киритган уламолар борлигига амин бўламиз. Буюк ватандошимиз, дунё имом Имом Бухорий раҳматуллоҳи илмга қизиқиб, дунё кезиб, олтмиш мингдан зиёд ҳадисни тўплаганида бор-йўғи 16 ёшда эди.
Шунингдек, у зотнинг 63 йиллик умри мобайнида илм йўлида амалга оширган улкан ишларини, мана, орадан ўн асрдан зиёдроқ вақт ўтган бўлса-да, Ислом оламидаги бутун бошли илмий-тадқиқот институтлари ўрганиб келяпти. Тадқиқотлар натижасида у зотнинг қўлга киритган муваффақиятларига барча лол қолмоқда.
Мухтасар айтганда, башарият учун ҳам, тараққиёт учун ҳам, тамаддун учун ҳам фақат бир нарса керак: бу – илм, билим ва тафаккур. Шундай экан, шарафли касб эгалари ҳар қанча таҳсинга сазовор.
Байрамингиз муборак бўлсин, азиз УСТОЗЛАР!
Абдуқаҳҳор домла ЮНУСОВ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби,
«Имом Бухорий» ордени соҳиби