Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Июл, 2025   |   18 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:20
Қуёш
05:01
Пешин
12:34
Аср
17:40
Шом
20:00
Хуфтон
21:33
Bismillah
13 Июл, 2025, 18 Муҳаррам, 1447

Румайсо розияллоҳу анҳо

23.02.2017   10522   11 min.
Румайсо розияллоҳу анҳо

Румайсо (р.а) Расулуллоҳ (с.а.в) “Менга жаннатда Абу Талҳанинг аёли Румайсо” кўрсатилди дея, жаннатий эканлиги башорати берилган мадиналик ансория аёлдир. КунялариУму Сулайм. Расулуллоҳ (с.а.в) нинг даъватлари Мадинаи мунавварага етганда  Румайсо (р.а) биринчилардан бўлиб иймонга келган эдилар. У аёл Хазраж қабиласининг Бану Нажжор уруғидан бўлиб, бу уруғнинг Расулуллоҳ (с.а.в)га она тарафидан қариндошчилик ришталари бор эди. Румайсо (р.а)  дастлаб, мадиналик Молик ибн Назир деган киши билан турмуш қурган. Бу турмушларидан Пайғамбаримиз (с.а.в)га ҳам ходимлик, ҳам боқма фарзандлик, ҳам шогирдлик қилиш бахтига мушарраф бўлган, энг узоқ умр кўрган машҳур саҳоба Анас ибн Молик (р.а) дунёга келган.Шундан кейин оддий бир муслима сифатида яҳшиликлар тилаб, эри Молик ибн Назирга исломни таклиф килганида у хотинидан каттик ғазабланди, оиласини ташлаб, Шом ерларига кетди ва кўп ўтмай ўша ерда вафот этди. Эрининг вафотидан сўнг  Румайсо (р.а)га  оғир кунлар бошланди. Чунки энди оила ташвиши ва фарзандининг нафақаси аёл боши билан ўзига колган эди. Эрининг вафотидан сўнг Румайсо (р.а) “Ўғлим Анас улғайиб, балоғатга етмагунча турмушга чикмайман”, дея аҳд килди. Чунки агар турмушга чиксам,ўгай ота  ўғлимнинг тарбиясига эьтибор бермаслиги мумкин, деган андишаси бор эди. Румайсо (р.а) ягона фарзандига чиройли одоб бериб тарбиялади. Анас (р.а)шундай гўзал одоб соҳиби бўлиб улғайдики, ёшлигидан бошлаб, онасининг ҳаккига: “Ё Аллоҳ, онам менга чиройли тарбия берди. Ўзинг унга улуғ ажр савоблар бергин!” деб доимо роббисига ёлвориб дуо килар эди. Румайсо (р.а) ўғли Анасни тарбиялар экан, унинг мурғак калбига ислом дини таьлимотларини гўзал тарзда қуйиб борар эди. Пайғамбаримиз (с.а.в) Мадинага келганларида эса,барча мадиналик ансория аёллар расулуллоҳ (с.а.в)га хар ҳил совға саломлар билан чиқишса, бу доно аёл ўғилчаси Анас ибн Молик (р.а)ни олиб бордилар ва у зотга “Эй Расулуллоҳ, мадиналик аёл ва эркаклар сизгасовғалар, турли ҳил туҳфалар билан келишмоқда менда эса ҳеч нарса йўқ, мен бу нарсага қодир эмасман бироқ мана бу ўғлимни сизни хизматингизга олиб келдим, ўғлим сизга ҳам, ўғил ҳам, ходим ва ҳам шогирд бўлсин, маъқул келганича хизматингизни қилсин”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в): “Ҳадялар ичидаги энг гўзал ҳадя мана шу бўлди”, дедилар. Чунки  Расулуллоҳ (с.а.в) болаларни жуда ҳам яхши кўрар эдилар. Анас ибн Молик (р.а)га нубувват ҳонадони энг гўзал тарбия мактаби бўлди, унга Сарвари коинотнинг ўзлари муаллим бўлдилар. Бу ҳакда Анас (р.а) бундай ривоят қилади:“Пайғамбаримиз (с.а.в) Мадинага келганларида мен 10 ёшда эдим. Бир куни онам қўлимдан тутиб, Расулуллоҳ (с.а.в) ҳузурларига олиб бордилар ва у зотга: “Эй Аллоҳнинг Расули! Шаҳримизда ташрифингизни қутлаб, совға – салом ила келмаган эркак ё  аёл қолмади. Сизга бошқа совға беролмайман, шу ўғлим Анас сизга маьқул келганича хизматингизни қилсин”, деди.  Мен Расулуллоҳ  (с.а.в)га ўн йил хизмат қилдим. У зот мени бирор марта урмадилар, сўкмадилар, койимадилар,ҳатто бирор марта қовоқларини солиб ҳам қарамадилар”. Анас (р.а)нинг ёшлигида Румайсо (р.а)га Мадинанинг обрўли ва бой кишиларидан аммо ҳали мусулмон бўлмаган бир киши совчи юборди.  Румайсо (р.а) қилган аҳдини билдириб, унинг совчисини рад этди. Анас ибн Молик (р.а)улғайиб,вояга етганида Абу Талҳа яна совчи қўйиб: “ Ўғлинг Анас катта бўлиб қолди, мажлисларда ўтирадиган ва сўз айтадиган бўлди”, деб олдинги таклифини эслатди. Румайсо (р.а) унга: “Эй Абу Талҳа, мен сен билан турмуш қурардим чунки сен насаби тоза, обрўли кишисан, аммо афсуски сен билан мени ўртамизни тўсиб турадиган бир нарса бор, усиз ҳеч бир мақсадлар рўёбга чиқмайди”, деди.Бунинг сабаби нима? –деб сўради Абу Талҳа. Сен мушриксан, мен эса муслимаман. Мени сенга турмушга чиқишим жоиз эмас”, деб жавоб килди. Абу Талҳа: “Бу қандай ҳам нолойиқ гап, эй Румайсо? Менинг олтин - кумушларим қаёқда-ю, сенинг айтаётган бу гапинг қаёқда?! Нималар деётганингни ўйлаб кўр”, деди. Румайсо (р.а) жиддий туриб: “Менга олтин ҳам, кумуш ҳам керак эмас. Сен на эшитадиган ва на кўрадиган, ва на бирор ҳожатингни раво этадиган нарсага ибодат қиласан. Эй Абу Талҳа, ёғочга ибодат қилишдан уялмайсанми! Агар сен исломни қабул этсанг, сенинг мусулмонлигинг никоҳ учун оладигон маҳрим бўлсин. Менга бошқа нарса керак эмас!” деди. Одатда араб аёллари ўзлари учун тайёрланадиган сарполарига, маҳрга бериладиган олтину кумуш тақинчоқларга жиддий эьтибор беришар эди. Аммо қалби имон нури ила тўлиб тошган буюк саҳобия аёл Румайсо (р.а) бу борада аёл зотигагўзал ибрат қолдирдиларки, бу ҳолат то қиёматга қадар ислом оламида ўчмас олтин сатрларда битилган намуна бўлиб қолди. Румайсо (р.а) ўзининг келинлик учун маҳр сифатида олинадигон бойликларини ўзга бир инсоннинг имони учун “қурбон қилиши” бу жасорат ва шижоат Абу Талҳанинг вужудига титроқ солди. Бундай таклифни рад этишга жавоб топаолмади ва жавоб топиш ҳам амри маҳол эди. Аллоҳ таоло беқарор давлат, ўткинчи шараф соҳиби бўлган Абу Талҳага бир аёлни  роббисини танишига, имондек буюк неьмат соҳиби бўлишига бир сўз билан айтганда ҳидоятга тушишига сабабчи  қилди. Абу Талҳа менинг исломимга ким гувоҳ бўлади?-деб сўради.

Расулуллоҳ (с.а.в) ўзлари гувоҳ бўладилар. У кишига бориб айт,-деди Румайсо (р.а). Шундай қилиб, Абу Талҳа Расулуллоҳ (с.а.в) ҳузурларида мусулмон бўлдилар.У зотга Румайсо (р.а)нинг сўзлариниайтди. Шу вақтнинг ўзидаёқ ўша шартга мувофиқ Абу Талҳа билан Румайсо (р.а)нинг никоҳлари ўқилди.Румайсо (р.а) қачон Расулуллоҳ (с.а.в)ни кўрсалар ўғли Анас (р.а)нинг хақларига дуо олар эдилар.Кунларнинг бирида Румайсо (р.а) Расулуллоҳ (с.а.в)нинг олдиларига бориб; “Ходимингиз Анаснинг ҳаққига дуо қилинг”, деб сўради. Пайғамбаримиз (с.а.в) “Парвардигоро! Анаснинг молига, болаларига ва яна ўзинг инъом этган бошқа неъматларингга барака бер”, деб дуо қилдилар. Шу дуонинг ижобати туфайли Анас ибн Молик (р.а) узоқ умр кўрди. У зотнинг фарзандлари, набираларининг сони юздан ошиб кетди. Румайсо (р.а) Абу Талҳа билан бахтли-саодатли ҳаёт кечирар эдилар, бу борада Аллоҳ таоло у иккисига кўз қувончи ва дил севинчи ўғил фарзанд неъматини ато зтди. Абу Талҳа ўғлига шу қадар меҳр қўйдики, уни ҳеч кимга ишонмас, ҳаётини бу ўғлонсиз тасаввур ҳам қилаолмас эди. Ўғилчаси тўсатдан касалликка чалинди. Бу ҳол  Абу Талҳани эсанкиратиб қўйди, у кўчада ўз ишлари билан юрар экан, уйига келган заҳоти ўғлининг ҳолидан хабар олар эди. Шу зайлда давом этаётган кунларнинг бирида ажал бу маъсум гўдакни уларнинг бағридан юлиб олди. Ана шу вақтда Абу Талҳа Расулуллоҳ (с.а.в)нинголдиларида эди. Шўрлик онаизор кўзининг оқу-қароси, юрагининг бир парчасини йўқотди! Ҳаммага маьлумки бундай вақтда оналар бу аламга бардошбераолмай, доду фарёд соладилар, ўзларини кўтариб урадилар.Румайсо (р.а) шундай аламли онларда ҳам бутун аёлларга дарс ва намуна бўладигон гўзал сабр соҳибаси эканини кўрсатди.Ҳали жаннат ҳиди кетмаган гўдакнинг юзларидан тўйиб-тўйиб ўпди, кейин гўдакни ювиб, кафанлади, хушбўй нарсалар сепди ва гўдакнинг гулдек юзларига боқиб оналик меҳри жўшиб кўзларидан аччиқ-аччиқ ёшлар тўкди.Меҳрибон отаси Абу Талҳа келишидан олдин боланинг устига чойшаб ёпиб қўйди.Сўнгра ўғли Анас (р.а)га укасининг вафоти ҳақида отасига ҳеч нарса демасликни тайинлаб, Абу Талҳани чақириб келиш учун юборди. Абу Талҳа келиши билан ўғлининг аҳволини сўради. Румайсо (р.а) ўғилчамиз “Ухлаб қолди.Худодан сўрайманки, шояд шу уйқуси роҳатли бўлса”, деб ёш ва ғамли кўзларини яширди. Абу Талҳа хотинининг бу жавобидан; “Бола соғайиб қолибди”, деб гумон қилди. Ўша куни Абу Талҳа рўза тутган эди. Биргалашиб ифтор қилишди. Тун кирди. Шунда ҳам бу сабрли солиҳа аёл маҳзунлигини билдирмади.Хушбўйланган ва зийнатланган ҳолда эрининг ёнига кирди ва кечани бирга ўтказишди. Тонг отгач эри масжидга отланар экан, Румайсо (р.а) аста секин гап бошлади. “ Эй Абу Талҳа, агар бир киши бировдан омонат олса, сўнг уни эгасига қайтармасликка ҳаққи борми?” деб сўради. “Йўқ, омонат эгасига қайтарилади. Бермайман дейишга асло ҳаққи йўқ деб жавоб берди эри. Румайсо (р.а) мақсадга ўтди. “Аллоҳ таоло  бизга омонатга ўғил берган эди. Энди эса ана шу омонатини қайтариб олди”, деди. Абу Талҳа: “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиьун” (Биз ҳаммамиз Аллоҳникимиз, ва яна унинг ҳузурига қайтамиз), деди. Бошқа ҳеч қандай сўз айтолмади, қандайин ҳам сўз айтаолсин. Чиқиб тўғри Расулуллоҳ (с.а.в)нинг ҳузурларига борди. Намоз ўқиди ва кеча шомда ўғли вафот этгани, ўзи эса кечани аёли билан ўтказганини айтди. Пайғамбаримиз (с.а.в): “Парвардигоро! Буларнинг бу кечасини барокатли қилгин”, деб дуо қилдилар. Сарвари коинотнинг бу дуоларига осмон эшиклари очилди. Жаннат райҳони бўлмиз гўдакларини йўқотган бу зотларга меҳрибонлардан-да меҳрибон бўлмиш Роббул аламин Абдуллоҳ ибн Абу Талҳани ато этди. Абдуллоҳга эса, тўққизта фарзанд берди, буларнинг барчаси ҳофизи каломуллоҳ бўлди. Булардан тўнғич ўғли Исҳоқ ибн Абу Талҳа эса буюк фақиҳ даражасига етди, буларнинг барчаси онанинг гўзал сабри, эрига итоати ва мусибатга сабрли бўлиши ҳамда Аллоҳнинг Расулини дуоларининг барокотидан эди. Ушбу саҳобия аёлнинг ҳаёти биз аёлларгадунё ва охират саодати сариойдин йўлни кўрсатиб турувчи нурли бир тарихдир. Расулуллоҳ (с.а.в) “Жаннат оналар оёғи остидадир”, деб марҳамат қилганларида ана шундай сабрли пок аёлларниназарда тутганлар. Она юртимизни ер юзига танитган Исмоил Бухорий, Термизий, Насафий, Замахшарий, Бурҳонидин Марғилоний, Фарғоний каби зурриёдларни дунёга келтирганлар ҳам мана шу каби мўьтабар оналардир. Барча оналар соғ ва омон бўлишсин маьнан пок ва юртига садоқатли фарзандлар тарбиялашда Аллоҳ барчамизга куч қувват ато этсин.

Хадичаи Кубро” аёл-қизлар

ўрта махсус ислом билим юрти мударрисаси

Пошшахон ЭШОНХОН қизи таржимаси

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Қуръон ўқувчининг фазилатлари

14.03.2025   9551   9 min.
Қуръон ўқувчининг фазилатлари

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Умматимнинг шарафлилари Қуръонни (ёдлаб) олиб юрувчилар ва кечаси қоим бўлувчилардир” (Имом Табароний ривояти).

Анна розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонлар ичида Аллоҳнинг хос бандалари бор”, дедилар. Улар кимлар, деб сўрашди. У зот алайҳиссалом “Қуръон аҳли – Аллоҳнинг аҳли ва хос бандаларидир”, деб жавоб бердилар (Имом Ибн Можа ривояти).

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ё Али, Қуръонни ўрганиб, уни ўргатгин. Шунда вафот қилсанг, инсонлар худди Аллоҳнинг байтини тавоф қилганлари каби фаришталар қабринг атрофини тавоф қилади” (Имом Абу Нуайм ривояти).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, Уни ўргатганларингиздир” (Имом Бухорий ривояти).

Абу Ҳарайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қуръон бойликдир, ундан сўнг фақирлик йўқ, ундан бошқа бойлик ҳам йўқ” (Имом Абу Аъло, Имом Табароний ривояти).

Қуръони карим зиё, ойдинлик сочган бир нурдир. Қуръони каримни ёд олиш мусулмонлар зиммасидаги фарзи кифоядир. Яъни, бир шаҳарда Қуръони каримни ёд олмаган ҳофиз инсон бўлмаса, шаҳар халқининг барчаси гуноҳкор бўлади. Бир ёки бир неча инсоннинг Қуръонни ёд олиши билан уларнинг устидаги фарз соқит бўлади.

Кунлардан бир кун қориларнинг султони Ҳофиз Исҳоқ Мавлоно Жалолиддин Румийнинг ҳузурига келди. Мавлоно унга катта ҳурмат кўрсатиб, ўрнидан турди ва юқорига чиқиб ўтиришини илтимос қилди: “Меҳмонни қандай иззат-ҳурмат билан кутиб, уни уй тўрига ўтқазиш лозим бўлганидек, Қуръони карим қориларини ҳам худди шундай иззат-ҳурмат билан кутиб олиб, энг юқорига таклиф қилиш лозимдир. Қалбида Қуръони карим нури бўлган инсон жаҳаннам юзини кўрмас! Бир қоғоз парчасига Қуръони карим ояти ёзилган бўлса, унга ҳурмат кўрсатиб, уни оловга отмаслар, бунга Қуръони карим ёзилган дерлар. Қалбида Қуръони карим нури бўлган, бутун бир Қуръони каримни ўзига жо қилган бўлса, уни қандай қилиб, жаҳаннамга отишади?” деди.

Қуръони каримни қалбига ва ҳофизасига нақш этган илк инсон Пайғамбаримиз ҳазрат Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар. Улардан кейин тўрт буюк халифа ҳазрат Абу Бакр, ҳазрат Умар, ҳазрат Усмон ва ҳазрат Али розияллоҳу анҳумдир. Саъд ибн Абу Ваққос, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абу Мусо Ашъарий, Абу Ҳурайра, Муоз ибн Жабал, Убай ибн Каъб, Абу Зарр Ғифорий, Абу Дардо, ҳазрат Оиша розияллоҳу анҳум каби саҳобийлар Қуръонни ёд олишган.

Имом Бухорий, Ибн Сино, Амур Темур каби улуғ аждодларимиз, буюк алломаларимиз Қуръони каримни жуда ёшликларидаёқ ёд олганлар.

Ҳофиз фақат Қуръони карим лафзини ҳофизасига олиб, ёдлаган бўлиши эмас, балки унинг маъносини қалбига жо қилган, ҳукмларини муҳофаза этган, уни яхши кўрган, буйруқларига итоат этиб, қайтариқларидан қайтган бўлиши керак. Қуръонни унутган, Қуръонга амал этмасдан, дунёнинг зеб-зийнатларига алданган инсонни Қуръон ҳам унутади ва Маҳшар куни унга жуда оғир бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимнинг энг шарафлиси Қуръони каримни ёд олганлардир”, деганлар.

Ҳазрат Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан келган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръони карим аҳли (яъни, уни ўқиган ва унга амал қилган инсонлар) жаннатга кириши билан “Ўқи ва юксал!” дейилади. У эса ўқиб, юксалади. Ҳар оят учун бир даража берилади. Шу усулда у билган оятларини охиригача ўқийди (ва ҳар бири учун бир даража юксалади)”, деганлар.

Муоз ибн Жуҳайний розияллоҳу анҳудан келтирилган ривоятга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Қуръони каримни ёдлаб, унга амал қилса, қиёмат кунида унинг ота ва онасига бир тож кийдирилади. У тожнинг зиёси дунёда уйлардаги қуёш нуридан ҳам порлоқ”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Буюк валийлардан бири Суфёни Саврий “Киши Қуръони каримни ўқиган пайтда фаришта унинг икки кўзи орасидан ўпади. Яъни, ўқувчига ҳурмат ва ўқиганига таъзим учун фаришталар Одам боласидан Қуръони каримни тинглашга зиёда ошиқдир”, деган (“Иҳёу улумид дин”дан).

﴿إِنَّ الَّذِينَ يَتْلُونَ كِتَابَ اللَّهِ وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَأَنْفَقُوا مِمَّا رَزَقْنَاهُمْ سِرًّا وَعَلَانِيَةً يَرْجُونَ تِجَارَةً لَنْ تَبُورَ لِيُوَفِّيَهُمْ أُجُورَهُمْ وَيَزِيدَهُمْ مِنْ فَضْلِهِ إِنَّهُ غَفُورٌ شَكُورٌ﴾

«Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни баркамол адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора эҳсон қиладиган зотлар сира касод бўлмайдиган тижоратдан (ажру савоб бўлишидан) умидвордирлар. Зеро, (Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазлини уларга янада зиёда қилур. Албатта, У мағфиратли ва ўта шукур қилувчидир» (Фотир сурасии, 29-30).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни ўқиган ва унга моҳир бўлган қорилар улуғ ва мукаррам фаришталар билан бирга бўлади, Қуръонни тутилиб-тутилиб ўқиган ва қироат унга машаққатли бўлган киши учун икки ажр бордир”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бу Китоб (Қуръон) билан баъзи қавмларнинг даражасини кўтаради ва баъзи қавмларнинг даражасини туширади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон ўқинглар, зеро у қиёмат кунида ўз эгалари учун шафоатчи бўлиб келади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фақат икки нарсада ҳасад (ҳавас маъносида) қилиш жоиз: Аллоҳ унга Қуръонни ато қилган бўлиб, кечаю кундуз унинг тиловати билан машғул бўладиган кишига ва Аллоҳ таоло унга мол дунё ато қилган бўлиб, кечаю кундуз уни инфоқ қиладиган кишига”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ таолонинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, бунинг баробарига у киши учун бир яхшилик берилур. Алиф, лам, мимни бир ҳарф деб айтмайман . Балки алиф бир ҳарф, лом бир ҳарф ва мим бир ҳарфдир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганлари ривоят қилинади: “Аллоҳ таоло айтади: “Кимни Қуръон ўқиш ва менинг зикрим уни бошқа нарсаларни сўрашдан тўсиб қўйса, мен унга сўраганларга берганимдан кўра кўпроғини бераман. Аллоҳ таоло каломининг бошқа каломларга нисбатан фазли Аллоҳ таолонинг бандаларга нисбатан фазли кабидир” (Имом Термизий ривояти).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Қалбида Қуръондан ҳеч нарса бўлмаган инсон хароба уй кабидир” (Имом Термизий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қуръон ўқинглар зеро, Аллоҳ таоло Қуръонни ёд олган қалбни азобламайди. Албатта, бу Қуръон Аллоҳ таолонинг зиёфатидир. Ким унга ташриф буюрса, омонда бўлади. Кимки Қуръонни яхши кўрса, бас, у қувонсин”, дедилар (Имом Доримий ривояти).

Абдулҳамид ибн Ҳаммоний айтадилар: “Мен Суфён Саврийдан: “Сиз учун ғазот қиладиган киши суюклими ёки Қуръон ўқийдиган кишими?”, деб сўрадим. Шунда у зот: “Қуръон ўқийдиган киши. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни (бошқаларга) ўргатганларингиздир”, деб жавоб бердилар.

Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон (қироати)га моҳир киши итоаткор улуғ фаришталар биландир. Қуръонни тиловат қилиб (тили) дудуқланган ва бу унга машаққат бўлган киши учун икки ажр бордир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Қуръони карим тунлари бедор бўлиб қироат қилиб чиққан кишини Қиёмат кунида шафоат қилади. Бу ҳақда Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Қуръон ва рўза Қиёмат куни бандани шафоат қилади. Рўза: “Эй Роббим, мен (бандангни) кундузлари таом ва ўзи қаттиқ хоҳлаб турган нарсалардан тўсдим, мени унга шафоатчи қилгин”, деб айтади. Қуръон: “Роббим, мен уни тунлари уйқудан қўйдим, мени унга шафоатчи қилгин”, дейди ва иккиси бандани шафоат қилади”.

Мақолалар