Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Июл, 2025   |   7 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:10
Қуёш
04:54
Пешин
12:32
Аср
17:42
Шом
20:04
Хуфтон
21:40
Bismillah
02 Июл, 2025, 7 Муҳаррам, 1447

Нусайба бинти Каъб (Умму Аъммораҳ)

22.02.2017   9254   5 min.
Нусайба бинти Каъб (Умму Аъммораҳ)

Нусайба (розияллоҳу анҳо) эртанги кунини ўйлаб, ўзида йўқ хурсанд ва ширин хаёллар оғушида ўтирар эди. Эртага Ясрибнинг кўзга кўринган йигитларидан бири Зайд ибн Осим билан никоҳ тўйлари бўлади.

Эр-хотин бахтиёр кун кечирардилар. Бу орада Абдуллоҳ ва Ҳабиб исмли икки ўғил кўришди. Нусайба (розияллоҳу анҳо) фарзандларини жуда севар, уларни кўз қорачиғидек авайлаб-асрар эди.

Эр-хотин чексиз қувонч билан бир-бирини табриклаб иймон келтирдилар. Келгуси ҳаж мавсумида ясриблик мусулмонлар карвони билан Маккага бориб, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га байъат этишга қарор қилдилар.

Мусъаб ҳам бир гуруҳ ясриблик мусулмонларга бош бўлиб, Маккага кириб келди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нинг ҳузури саодатларига кириб, салом берди ва хушхабар билан келганини айтди. Ясриб халқининг Ислом даъватини очиқ юз билан қабул қилиб, байъат этиш учун келганларини эшитган Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нинг муборак юзларида табассум кўринди. Ясриблик мусулмонлар билан бўладиган учрашув жойи ва пайтини тайин қилдилар.

Макка шаҳри узра сукунат ҳукмрон. Бироқ ана шу осудалик ичида кўзлари уйқусиз, кўнгиллари буюк бир мулоқотнинг соғинчи билан ёнаётган инсонлар ҳам бор. Бу инсонлар ясриблик мусулмонлар эди. Улар тун қўйнида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни кутяптилар. Ақаба тупроғининг ҳар бир зарраси бу кеча инсоният тарихида энг улуғ келишув ва буюк вафодорликнинг шоҳиди бўлади.

Кечанинг тенг ярмида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) амакилари Аббос билан биргаликда Ақабага келдилар. Ясрибликлар Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га байъат этиб, моддий ва башарий барча имкониятларини сарф этиб, Ислом дини ва Пайғамбарини мудофа этишга сўз бердилар. Нусайба ва эри Зайд ҳам байъат этганлар орасида эди.

Ҳамма қатори эр-хотин ҳам Ясрибга қайтди. Бироқ бу сафар уларнинг қалблари қувват ва жасорат, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нинг қалбларидан кўчиб ўтган кучли иймон билан тўла эди. Ислом нури Нусайбанинг бутун руҳини, вужудини қамраб олди.

Нусайба (розияллоҳу анҳо) Уҳуд жангида ҳамширалик вазифасини зиммасига олган эди. Жангчиларга ёрдам берар, ярадорларнинг жароҳатини боғларди. Аммо мусулмонлар ичида пайдо бўлган парокандаликни кўргач, қўлидаги мешни ташлаб, қиличга ёпишди ва жанг қила бошлади.

Пайғамбармиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни қўриқлаб турган ҳалқа тобора торайиб борарди. Нусайба эри Ғозийя ва ўғли Абдуллоҳ билан биргаликда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни мардонавор ҳимоя қилиб турардилар. Кейинчалик Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Нусайба (розияллоҳу анҳо) нинг бу қаҳрамонлиги ҳақида шундай деган эдилар: “Қачон ўнгимга ёки сўлимга қарасам, мени ҳимоя этиш учун жанг қилаётган Нусайбани кўрардим”.

Ҳа, Нусайба (розияллоҳу анҳо) нинг кўрсатган қаҳрамонлиги ҳар қандай эр йигитнинг қўлидан келмасди! У сувсаганларга сув тутар, яраланганларнинг жароҳатини боғлар, мардонавор жанг қиларди. Бу иймонли аёлнинг буюк жасоратига лойиқ мукофотни фақат Жаноби Аллоҳ эҳсон ато эта олади!

Бу жангда Нусайба (розияллоҳу анҳо) турли жойларидан ўн учта жароҳат олган эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Абдуллоҳга: “Онангнинг олдига бор ва ярасини боғла! — дедилар.

Сўнг: “Эй Нусайба оиласи! Аллоҳ сизни муборак қилсин. Сенинг онангнинг мақоми фалон-фалон кишиларнинг мақомидан устунроқдир. Аллоҳ бугун оилангизни паноҳида сақласин!”  дедилар.

Нусайба (розияллоҳу анҳо) ўзи ва оиласи ҳаққига Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дан дуо сўради. “Ё Расулаллоҳ! Жаннатда сиз билан бирга бўлишимиз учун Аллоҳга дуо этинг”.

Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Аллоҳим! Жаннатда уларни менга дўст қил!”  дея дуо қилдилар.

Шундан сўнг Нусайба (розияллоҳу анҳо): “Ортиқ дунёда ҳар қандай алам чексам ҳам аҳамияти йўқ”, деб ҳайқирди ва янада кучли азму ирода билан мужодалани давом эттирди.

Нусайба (розияллоҳу анҳо) ўғиллари Абдуллоҳ ва Ҳабибни кўнгилларида Аллоҳ йўлидаги фидокорлик севгаси билан ўстирди. Ислом байроғининг юксалишида ихлос ва садоқат билан хизмат қилишга ўргатди.

Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нинг вафотларидан сўнг, Нусайба (розияллоҳу анҳо) қолган умрини Пайғамбаримизни соғиниб, жаннатда у зот билан учрашадиган кунни кутиб ўтказди. Ҳаётининг охирида иймони берган буюк ҳузур ичида руҳини улуғ Раббига таслим этди.

Аллоҳ таоло ундан рози бўлсин ва уни ҳам рози қилсин

Манбалар асосида

Тошкент Ислом Институти 4-курс талабаси

Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли тайёрлади

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар

Буни шукр деб бўладими?

27.06.2025   7284   3 min.
Буни шукр деб бўладими?

Беҳисоб пул ва бойликларни чекиш-ичиш, кайфу сафо учун сарф қилиш – Аллоҳга шукр қилишми?!

Ёшлик даврини зино ва ҳаром ишлар билан ўтказиш – Аллоҳга шукр қилишми?!

Телефон орқали ўзгаларга зарар етказиш, ҳар хил бўлмағур ишларда фойдаланиш – Аллоҳга шукр бўладими?!

Егуликларни чиқинди қутисига ташлаш, уволни билмаслик – Аллоҳга шукр қилишми?!

Закотни ўз вақтида адо этмаслик, садақадан тийилиш – Аллоҳга шукр қилиш деганими?!

Интернетда фойдасиз нарсалар учун вақт ажратиш, вақтни бекорга зое қилиш – Аллоҳнинг берган неъматларига шукр қилишми?!

Ахир Аллоҳ таоло бизларга шукр қилишни ва У Зотнинг фазлини эътироф қилишга буюрган-ку: «Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман. Менга шукр қилингиз, ношукрчилик қилмангиз!»[1].

Қолаверса, Аллоҳ таоло шукр қилувчиларни азобламаслиги хабарини ҳам берган: «Агар шукр қилсангиз ва иймон келтирсангиз, Аллоҳ сизларни нега азобласин?! Аллоҳ  шукрни қабул этгувчи ва билгувчи Зотдир»[2].

Шукр – Аллоҳ таоло ато этган неъматларнинг давомли бўлишининг гаровидир: «Яна Парвардигорингиз билдирган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”»[3]. «...Агар шукр қилсангиз (ва иймон келтирсангиз) У Зот сизлар учун  рози бўлур...»[4].

Бу дунёда борлигимизга шукр қилиш – ота-оналаримизга яхшилик қилишимиздадир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг розилиги – ота-онанинг ризосидадир” [5], деганлар.

Қариндошчилик муносабатларини йўлга қўйиш, улар билан борди-келди қилиш, узилган ришталарни тиклаш ҳам Аллоҳ бизга қариндош, яқинлар бергани неъматининг шукридир. Набий алайҳиссалом бу борада: Ризқида кенгчилик бўлиши, ажали ортга сурилиши кимни хурсанд қилса, қариндошчилик алоқаларини боғласин”, деганлар[6].

Садақа бериш – Аллоҳ бизни мол-дунё билан сийлагани учун шукр қилиш демакдир. Садақа Аллоҳ таолонинг ғазабини ўчиради. Набий алайҳиссалом: “Махфий қилинган садақа Яратганнинг ғазабини ўчиради. Қариндошчилик алоқаларини боғлаш  умрни узайтиради. Яхшилик қилиш ёмон ўлим топишдан асрайди”, [7] деганлар.


Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.

 


[1]  Бақара сураси, 152-оят.
[2]  Нисо сураси, 147-оят.
[3]  Иброҳим сураси, 7-оят.
[4]  Зумар сураси, 7-оят.
[5]  Ибн Ҳиббон ривояти.
[6]  Имом Бухорий ривояти.
[7]  Имом Табароний ривояти.