Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Апрел, 2025   |   10 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:33
Қуёш
05:55
Пешин
12:30
Аср
17:01
Шом
18:59
Хуфтон
20:15
Bismillah
08 Апрел, 2025, 10 Шаввол, 1446

Хавла бинти Саълаба

17.02.2017   11087   4 min.
Хавла бинти Саълаба

Улуғ саҳобийя  Хавла бинти Саълаба (разияллоҳу анҳо) Ислом тарихида ном қолдирган машхур аёллардан. У Пайғамбар (салоллоҳу алайҳи васаллам)га биринчилар қатори иймон келтириб, машҳур саҳоба Авс ибн Сомитга турмушга чиққан эди.

Солиҳа аёл Хавла эрига вафодорлиги, бола тарбиясида сабри, матонати билан машҳур қозонган эди. Хавла зукко ва доно аёл бўлиб, оиласи, фарзандларидан меҳрини аямас эди, уларга чавандозликни, камондан ўқ отишни ўргатар эди.

Тарихчилар  Хавла билан боғлиқ машхур воқеани манбаларда бундай зикр қилади. Жоҳилият даврида Авс ибн Сомит   хотинига: “сен менга онам каби сан”  деб қўйди ва бу айтган гапидан пушаймон бўлди. Хавла бу гапни Пайғамбар (салоллоҳу алайҳи васаллам)га айтганда “эй Хавла энди сен эрингга харом бўлдинг” дедилар. Хавла эрини оқлаб “Эй Аллоҳнинг расули, эрим кексайиб, ақли заифлашиб қолган, болаларим эса ёш, энди мен нима қиламан?”  деб эридан айрилгиси келмаётганини билдирди. Пайғамбармиз яна аввалги жавобни қайтардилар. Шунда Хавла бинти Саълаба йиғлаб Аллоҳ таолога бундай дуо қилди:  “Аллоҳим сенга арз қиламан, мени бу мушкулотдан ўзинг қутқар. Роббим бу ишимизни ечимини Пайғамбаринг тилига ўзинг тушургин” деди.

Оиша онамиз (разияллоҳу анҳо) ривоят қиладилар: мен ҳам, бошқалар ҳам Ҳавланинг ҳолига ачиниб йиғладик. Шу пайт унинг илтижолари, оҳу фарёди Аллоҳ таолога етгани маълум бўлди. Аллоҳ таоло ўз ҳабибига ваҳий тушуриб, аёлни севинтирди. Пайғамбар (салоллоҳу алайҳи васаллам) табассум қилиб, тушган оятни тиловат қилдилар:

قَدْ سَمِعَ اللَّهُ قَوْلَ الَّتِي تُجَادِلُكَ فِي زَوْجِهَا وَتَشْتَكِي إِلَى اللَّهِ وَاللَّهُ يَسْمَعُ تَحَاوُرَكُمَا إِنَّ اللَّهَ سَمِيعٌ بَصِيرٌ (1) الَّذِينَ يُظَاهِرُونَ مِنْكُمْ مِنْ نِسَائِهِمْ مَا هُنَّ أُمَّهَاتِهِمْ إِنْ أُمَّهَاتُهُمْ إِلَّا اللَّائِي وَلَدْنَهُمْ وَإِنَّهُمْ لَيَقُولُونَ مُنْكَرًا مِنَ الْقَوْلِ وَزُورًا وَإِنَّ اللَّهَ لَعَفُوٌّ غَفُورٌ

Эй Муҳаммад Аллоҳ ўз жуфти ҳақида сиз билан баҳслашаётган ва Аллоҳга арз қилаётган аёлнинг сўзини эшитди. Аллоҳ икковингизнинг сўзлашувунгизни эшитур. Албатта Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчидир. Ораларингиздаги ўз хотинларини  “зиҳор”  қиладиган кишиларга улар (хотинларни алсо) оналари эмасдирлар. Уларнинг  (чин)  оналалари  (уларни)  туққан аёллардир. Улар, ҳақиқатан, номақбул ва ёлғон сўз айтурлар. (Лекин)  Аллоҳ афв этувчи ва кечирувчидир”.

Хавла бинти Саълаба эрига бу хабарни айтганда Авс ниҳоятда севиниб кетди.

Хавла эрининг вафотидан сўнг турмуш қурмади. У эрига кўп ачинар, доим унинг ҳаққига дуо қилар эди. Эрига Аллоҳдан мағфират тиларди. Пайғамбар (салоллоҳу алайҳи васаллам) қачон Ҳавлани кўрсалар: “Ассалому алайкум, эй дуосини Аллоҳ ижобат этган аёл, эй сўзини Аллоҳ тинглаган аёл”  деб саломлашар эдилар.

Бир куни Умар ибн Ҳаттоб (разияллоҳу анҳу) масжиддан қайтаётганда бир аёл йўлини тўсиб чиқиб, насиҳат қила бошлади: “Эй Умар сен бир вақтлар “Умарча” дейишарди,  кейин “Умар” деб аталадиган бўлдининг. Бугун эса “Мўминлар амири” дейишмоқда. Эй Умар, маъсулят бобида Аллоҳ таолодан қўрқ, ким қиёмат кунидан қўрқса, ким ўлимдан қўрқса, ўткинчи нарсалар ҳам уни қўрқувга соладиган бўлади”.

Ҳамроҳлари Ҳазрати Умарга: “Шу кампирнинг гапини қулоқ солиб ўтирибсизми?” дейишди. Шунда Ҳазрати Умар: “Бу аёлнинг кимлигинни билмайсизми? У Авс ибн Сомитнинг хотини Хавла бинти Саълаба бўлади. Бу аёлнинг сўзини Аллоҳ таоло эшитган-у, Умар эшитмасинми?” дедилар.

Зиҳор муоммоси ҳал этилишида сабабчи бўлган тақводор, эрига вафодор бўлган бу аёл саҳобийялар ичида кўркам ва ифорли гул мисли яшаб ўтди. Аллоҳ таоло ундан рози бўлсин.

Давоми бор...

Манбалар асосида

Тошкент Ислом Институти 4-курс талабаси

Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли тайёрлади

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар

Сурма сурмайсизми?

03.04.2025   3142   3 min.
Сурма сурмайсизми?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Абу Ҳурайра розияллоҳу ан­ҳу­дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким сурма қўйса, тоқ қўйсин. Ким шундай қилса, яхши қилган бўлади, ким қилмаса, ҳараж йўқ”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Исмид* билан сурма қўйинглар. Албатта, у кўз­ни равшан қилади ва киприк­ларни ўстиради”, дедилар» (Имом Термизий ривояти).

Сурма кўзни муҳофаза қилади, кўздаги хираликни аритиб, чиркинларни чиқариб ташлайди, қув­ватлантиради, кўриш қобилиятини оширади, киприкларни ўстиради. Бу хусусият, айниқса, исмидда кўп­роқ бўлиб, кекса ёшдаги кишилар учун фойдалироқдир.

Юқоридаги ҳадислардан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шах­сий гигиенага аъло даража­да эъти­бор қилганларини кўри­шимиз мумкин. У зот муборак кўзлари­нинг парвариши учун сурмадан фойдаланганлар ва умматларига ҳам тавсия қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сурма қўйишлари­ни диққат билан ўрганадиган бўл­сак, у зот сурмани кечаси, ухлашдан олдин қўйганлари ва уни ўнг кўз­ларига учта, чап кўзларига учта (ёки ўнг кўзларига иккита, чап кўзларига иккита ва яна бит­тани икки кўзларига ёки ўнг кўзлари­га учта, чап кўзларига иккита) қи­либ тоқ қўйганлари маълум бўла­ди. Ум­матларига ҳам уни кечаси қўйиш­ни ва тоқ қилишни буюрганлар.

Сурманинг кечаси қўйилишида фойдалар кўп. Кўзлар юмилган ҳолда сурмадан узоқ вақт – тонггача озиқланади. Кундузи эса, бундай натижага эришиб бўлмайди.

Ҳанбалийлар, баъзи шо­феъийлар ва аҳли ҳа­дислар На­бий соллаллоҳу алайҳи васал­лам феъл­ларининг зоҳирига эъти­боран эркаклар учун сур­ма қўйиш (зарурат бўлиш-бўлмас­лигидан қатъи назар) мустаҳаб деган йўлни тутганлар.

Ҳанафийлар эса, модоми­ки, у билан зийнатла­ниш кўз­ланмас экан, эркакларнинг ҳам сурма қўйиши жоиз дейдилар. Ҳанафийларнинг баъзилари ман қилинган ҳолатдан такаббурлик учун зийнатланиш назарда тутилган, жамол ва виқор учун зийнатланиш эмас, деб изоҳлашган.

Имом Моликдан ҳам икки қавл бўлиб, бирида жоиз дейилган бўлса, иккинчисида аёлларга ўхшаб қолиши эътиборидан макруҳ дейилган.

Демак, эркаклар учун сурмадан даво сифатида, кўзнинг парвариши учун фойдаланиш жоиз. Зийнат учун бўлса, ҳанафийлар ва моликийлар наздида макруҳдир.

Агар собит бўлган ҳадислар тааммул қилиб кў­рилса, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сурмани зийнат учун эмас, балки кўз ва киприклар парвариши учун қўйганлари аён бўлади. Сурмани кечаси, ухлашдан олдин қўйганлари ҳам бу ишнинг зийнат учун бўлмаганини таъкидлайди.

Сурмадан зийнатланиш мақсадида фойдаланиш фақат аёллар учун мустаҳабдир. Чунки улар эрларига чиройли суратда кўринишлари лозим. Аммо эридан бошқаси учун зийнатланишлари жоиз эмас.

Эркакларнинг сурмадан зийнат мақсадида фойдаланишлари эса, агар ўша жамиятда бу иш одатга айланган бўлса, у ҳолда зарари йўқ. Қадимда араб­лар чўлнинг жазирамасида кўзнинг хиралашиб, шикастланмаслиги учун сурмадан фойдаланишган ва уни кундузи ҳам қўйиб юришган. Шу боис уларда эркакларнинг ҳам сурмадан фойдаланишлари оддий ҳол бўлган. Аммо бошқа халқларда, масалан, бизнинг минтақаларда бу ҳолатга ўзини аёлларга ўхшатиш қабилидаги хатти-ҳаракат деб қаралади.

Манбалар асосида
Азизбек ХОЛНАЗАРОВ тайёрлади.