Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Декабр, 2024   |   23 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:21
Қуёш
07:47
Пешин
12:28
Аср
15:18
Шом
17:02
Хуфтон
18:22
Bismillah
24 Декабр, 2024, 23 Жумадул сони, 1446

Тинчлик – буюк маъво

12.02.2017   8015   6 min.
Тинчлик – буюк маъво

Инсоният яшаш давомида эзгу мақсадларга етиш учун доимо изланади ва ҳаракатда бўлади. Эзгу мақсадли инсон орзу-умидини амалга ошириши учун энг катта таянч тинчлик ва осойишталик муҳитидир. Одатда, тинчлик сўзи кишини безовта қилмасликни, ҳолатларнинг тинч ва осойишта, уруш-жанжалсизлигини, ҳаёт ва турмуш тизимини бир меъёрида бўлишини ифода этади. Оилада тинчлик ва осойишталик ҳукм сурса, оила бардавом ва мустаҳкам. Эл-юртда тинчлик ва осойишталик давом этса, мамлакат тараққиёти, фаровонлиги, юрт аҳлининг турмуши обод бўлади. Буларни акс эттирувчи муқаддас қадриятларимиз, миллий урф-одат ва расм-русумларимиз, динимиз бевосита хотиржамлик силсиласига узвий боғлиқдир. Халқимиз тинчлик ва осойишталикни истаб кундалик ҳаётида қатор диний ва миллий фазилатларни амалга оширади. Жумладан: улар кўришганида салом беради. Бу бир-бирларига тинчлик, омонлик тилаш рамзидир.

Дуо қилса, Яратгандан хонадонларимизни тинч, юртимизни обод қилгин деб юзига фотиҳа тортади.

Ҳар бир яхшилик, эзгулик устида тинчлик бўлсин дея, келажак учун яхши ниятлар қилади.

Тўй-тўновларда тўйлар бўлаверсин дейди,чунки тўй тинч ва фаровон кунлар боис ўтадиган тантанадир.

Оилада янги меҳмон туғилса, гўдакка узоқ умр, баланд мартаба, унинг бахтига тинчлик, икки дунё обрўси ва бахт-саодат берсин деб илтижо қиладилар.

Бир сўз билан айтганда, инсониятга, дов-дарахтга, чорва-молга, қурт-қумурсқага ҳаводек зарур бўлаётган тинчлик-хотиржамлик, осойишталикдан ҳам зиёда, мўътабар неъмат йўқ. Дарҳақиқат, Аллоҳ асрасин, оила ва юрт нотинч бўлса, тўй-томоша, кўнгилхушлик, ҳазил-мутойиба, ҳаёт лаззатини тасаввур қилиб бўлмайди. Инсон бирор луқмани хотиржам ютмайди, ҳар қандай кошона уй-жой, мол-мулк, бола-чақа инсон танасига оғирлик қилади. Айтишларича, нотинчлик, уруш сабабидан охирги беш минг йилда уч миллиарддан зиёд  одам ҳаётдан кўз юмган.

Урушлар сабабидан меҳр-оқибат, инсонийлик унутилади, ҳар қандай эзгу амаллар, улуғ мақсадлар поёнига етмайди. Ер қанчалик кенг бўлиши билан шунчалар тор ва зиқ кўринишга мубтало бўлади. Демак, хотиржамлик, осойишталик неъматини сўрашда доно халқимиз нечоғлик тўғри ва гўзал йўл танлаган. Муқаддас динимиз дастури бўлмиш Қуръон оятларида тинчлик-осойишталикка катта эътибор қаратилиб, Аллоҳ таоло:  “Қачон (Биз) инсонга (тинчлик, саломатлик, фаровонликни) инъом этсак, у (шукр қилишдан) юз ўгириб, ўз ҳолича кетур. Қачон унга (хасталик, камбағаллик каби) бирор ёмонлик етса, ноумид бўлур” (Исро, 83) деб, тинчлик-осойишталик тўғрисида марҳамат қилади.

Аллоҳ таоло бандаларини ўзаро иттифоқликда, аҳилликда,  тинчлик-омонликда яшашга даъват этиб: “Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, дарҳол улар ўртасини ислоҳ этингиз!”. (Ҳужурот, 9) деган инсонпарварлик тамойилини яратишга чақиради.

Жаннатмакон юртимизда тинчлик-осойишталик барқарорлигини таъминлаш йўлида давлатимиз томонидан катта иш олиб борилаётгани бизнинг бахтимиздир.

Шунга кўра биз ҳам тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш, бу фаровонлик, осуда турмушимизнинг барқарорлигини таъминлашда ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим. Бу орқали турмушимиз фаровонлигига эришамиз.

Ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилганидек, “Икки энг азиз неъмат бор-у, кўплар бунинг қадрига етишмайди, булар саломатлик ва тинчлик-хотиржамликдир” (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти).

Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, фарзандлар эмин-эркин камолга эришади, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Демак, дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун тинчлик ва осойишталик лозим. Яратган Парвардигор Қуръони каримда ана шу тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифасини инсон зиммасига юклаб, Ислом дини тинчликка тарғиб қилишини, шайтоний йўлларга эргашмаслик лозимлигини таъкидлаб бундай дейди: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларгааниқдушмандир” (Бақара, 208).

Ислом дини инсон учун тинчлик ва омонлик динидир. Аллоҳ таолонинг исмларидан бири “Ас-Салом”дир. Қуръон нозил бўлган кеча ҳам салом кечасидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло каломи шарифида: “У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир”, дейди (Қадр, 5).

Динимизнинг тинчликка бўлган эътибори нечоғлик катта бўлиши билан бир қаторда бағрикенглик унинг негизидир. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканини ўйлаб кўриш билан ҳис этади.

Тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг буюк илоҳий неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликнинг қадрига етиб, шукрини адо этишлари, балки унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим. Зеро, тинчлик ва хотиржамликнинг улуғ неъматлиги доимо кундалик хайриятларимизнинг бошида зикр қилинади. Шунинг учун ҳам Пайғамбар алайҳиссалом энг аввало инсон дунё ва охиратда тинч-омон бўлишни сўраб, дуо қилиш тўғрисида Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй, Парвардигор! Дунё ва охиратда тинч ва омонда қилгин” деб қилинган дуодан кўра афзалроқ дуо йўқдир” дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

Айнан шу мазмунни Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “(Эй, Анас!) Аллоҳ таолодан дунё ва охиратда тинч ва омонда бўлишни сўрагин. Зеро, сенга дунё ва охиратда тинч ва омонда бўлиш берилса, нажот топибсан” дедилар (Имом Термизий ривояти).

Демак шундай экан, Яратгандан бир-биримизга тинчлик, амният, хотиржамлик тилайлик! Аллоҳ таоло тинчлик-осойишталигимизни ҳамиша барқарор қилсин. Жаннатмакон юртимизни тинч, меҳнатсевар халқимиз ҳаётини фаровон айласин!

 

Абдулҳай ТУРСУНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Наманган вилоят вакили

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

«Буюк» географик кашфиётлар

23.12.2024   1386   6 min.
«Буюк» географик кашфиётлар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу кашфиётларга сабаб бўлган шарт-шароитлар учта асосий банддан иборат:

1. Европа мамлакатлари Шарқ билан савдо-сотиқ қилишда дуч келган қийинчиликлар.

2. Пул метали сифатида олтин танқислиги.

Европанинг иқтисодий тараққиёти тобора кўпроқ пул талаб қилар эди. Бу тараққиётнинг асосий йўналиши товар хўжалигининг, савдо-сотиқнинг ўсиши эди. Буюк географик кашфиётларга сабаб бўлган яна бир муҳим омил ҳам шунга боғлиқ: Европада шаклланиб бораётган кучли абсолютист (мутлақ) монархияларга дабдабали саройлар, ёлланган армияни таъминлаш учун улкан маблағлар керак бўлаётган эди. Ана шу давлатлар йирик денгиз экспедицияларини ташкил этиши мумкин эди. Бундан ташқари, якка шахсларнинг бу қадар харажатларга имкони йўқ эди. Шунинг учун бу кашфиётларда феодал тарқоқ мамлакатлар эмас, айнан марказлашган давлатлар (Испания, Португалия, Англия) асосий ўрин тутгани тасодиф эмас. Бироқ, бундай экспедициялар учун савдогарлар ҳам маблағ ажратар эди. Шунингдек, католик черкови ҳам қўшимча ерлар, катта даромадлар ва янги қавмларга эга бўлиш истагида бундай истилоларга «оқ фотиҳа» берар эди.

Бундай давр учун муқаррар бўлган феодал мулкларнинг парчаланиш жараёни Европа мамлакатларида ҳар қандай йўл билан узоқ қитъаларда бойлик ва ерларни қўлга киритишга интилувчи кўплаб авантюристларнинг пайдо бўлишига олиб келди. Булар қарамлик ва қашшоқликдан қутулишни орзу қилиб юрган зодагонлар ва деҳқонлар эди.

3. Фан-техниканинг, айниқса кемасозлик ва денгиз навигациясининг ривожланиши. XV асрда янгича тузилишга эга бўлган кемалар – каравеллалар пайдо бўлди. Унинг тўши (киль, пуштак) бор бўлиб, елканлар билан шундай жиҳозланган эдики, ёнбошдан эсган шамолда ҳам юра олара эди. Шунингдек, ўша даврга келиб компасдан ташқари астролябиялар, яъни кенгликни аниқловчи асбоблар ҳамда анчагина ишончли хариталар – портоланлар ҳам пайдо бўлган.

Буюк географик кашфиётлар охир-оқибатда мустамлака тизимининг вужудга келишига олиб келди. Агар XVI асрда Европада капитализм ривожлана бошлаган бўлса, агар Еровпа иқтисодий жиҳатдан бошқа қитъаларнинг халқларидан ўзиб кетган бўлса, бунга мустамлакаларнинг талон-тарож қилиниши ва аёвсиз эксплуатация қилиниши ҳам сабаб бўлган.

Мустамлакалар дарҳол капиталистик усуллар билан эксплуатация қилина бошламаган, улар дарҳол хом ашё манбаига ва янги бозорларга айланмаган. Аввал улар обдон талон-тарож қилинган, бирламчи капитал (сармоя) тўплаш манбаи бўлиб хизмат қилган. Испания ва Португалия мустамлакаларни феодал усуллар билан эксплуатация қилган биринчи мустамлакачи давлатлар бўлишган.

Бу ерларда зодагонларга одатдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари эмас, балки олтин, кумуш ёки ҳеч бўлмаганда Европада қиммат баҳоларга сотиш мумкин бўлган анвойи мевалар керак эди. Улар ҳиндуларни олтин ва кумуш конларда ишлашга мажбурлашар, бўйсунмаганларни бутун-бутун қишлоқлари билан йўқ қилиб юборишар эди. Гувоҳларнинг айтишича, конлар атрофида чириб ётган юзлаб мурдаларнинг бадбўй ҳиди анқиб ётар эди. Шакарқамиш ва қаҳва плантацияларида ҳам ерлик аҳоли ана шундай усулларда эксплуатация қилинар эди.

Ерлик аҳоли бундай оғир меҳнатга бардош бера олмай, ёппасига қирилиб битар эди. Испанлар Эспаньола (Гаити) оролида илк бор пайдо бўлган пайтда у ерда миллионга яқин аҳоли яшар эди, бироқ XVI асрнинг ўрталарига келиб улар битта қўймай қириб ташланди. Испанларнинг ўзи ҳам XVI асрнинг биринчи ярмида америкалик ҳиндуларни қириб ташладик, деб ҳисоблашар эди.

Бироқ, испанлар ишчи кучини йўқ қилиб, ўз мустамлакасининг хўжалик асосига путур етказишди. Етишмаётган ишчи кучини тўлдириш мақсадида Америкага африкалик қоратанлиларни олиб келишга тўғри келди. Шундай қилиб, мустамлакалар пайдо бўлиши билан қулдорлик қайта тикланди.

Испанлар томонидан Америка ерларининг мустамлака қилиниши конларга, шакарқамиш ва тамаки плантацияларига ҳайдаб келинган сон-саноқсиз ерлик аҳолини мажбурлаб ишлатиш йўли билан, бўйсунмаганларни оммавий қирғин қилиш йўли билан амалга оширилди (Ямайка оролида XVI асрнинг биринчи ярмида 50 мингдан ортиқ ерлик аҳоли ҳалок бўлган, Перу ва Чилида эса XVI асрнинг иккинчи ярмида ҳиндуларнинг сони беш баравар камайиб кетган), оқибатда бир неча ўн йилдан сўнг ишчи кучи кескин камайиб кетди. Мустамлакачилар Африкадан қуллар олиб кела бошлашди. Жисмонан чидамлироқ бўлган қоратанлик африкаликлар испан мустамлакаларидаги асосий ишчи кучига айланди.

Қул савдоси сердаромад иш чиқиб қолди: Африкада қабила бошлиқларини ичириб, сув текин тақинчоқлар билан алдаб, қулларни жуда арзонга сотиб олиш ва Америкада уларни 20-30 баравар қимматга сотиш мумкин эди. Баъзан қуллар умуман сотиб олинмас, балки уларни куч ишлатиб, тутиб олиб, кемага юклашар ва Америкага олиб кетишар эди. Испан мустамлакаларига ҳар йили 6-8 минг қоратанли қуллар олиб келинар эди. (Манба: allbest.ru).

(Бу ишларнинг барчаси Европа уйғонишининг гуманизм – инсонпарварлик шиори остида амалга оширилганми?)

Европада динга бўлган муносабатда ҳам кейинроқ ўзгариш юз берди. Бир гуруҳ динсиз бўлиб кетди. Бир гуруҳ динни черковга қамаб олиб, бу ҳар кимсанинг ўз иши дейиш билан кифояланди. Аммо Дарвиннинг асл шогирдлари динни Карл Маркс бошчилигида халқ учун афюн деб эълон қилдилар ва уни батамом йўқ қилиб юборишга бел боғладилар.  Карл Маркснинг хаёлини Ленин ва унинг сафдошлари Россияда ва унга қарам бўлган диёрларда ҳаётга татбиқ қилдилар. Ленин тузган давлат дунё тарихида куфрни ўзига шиор қилиб олган биринчи давлат бўлди. Улар дунёнинг ўзларига қарам бўлган барча юртларида «илмий атеизм» асосида динга ва диндорларга қарши қатағон ўтказдилар. Сон-саноқсиз ибодатхоналар ер билан яксон қилинди. Диний ходимлар ва уламолар қатл қилинди, қамалди ва сургун қилинди. Диний китоблар ва динга боғлиқ маданият дурдоналарни оловга ёқилди. Илмий атеизм таълимотлари дунёдаги ягона тўғри эътиқод сифатида барчага мажбурий равишда талқин қилинди. 

«Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида тайёрланди

Мақолалар