Ота-онага оқ бўлиш сўзи “осий бўлиш”, “қарши чиқиш” маъноларини англатади. Ҳар бир фарзанд зиммасида ота-онага эҳтиром кўрсатиш, уларнинг хизматларини қилиш масъулияти бор. Соғлом инсон табиати ҳам тақозо этадиган бу масъулиятнинг аҳамияти шариатда ҳам баён қилинган. Шу маънода ота-онага оқ бўлиш энг улкан гуноҳлардан экани хабар берилган. Бу ҳақида ҳадиси шарифда бундай дейилган: Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинади: «Набий (солаллоҳу алайҳи ва саллам): “Гуноҳи кабиралар Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш ва бирор кишини ўлдириш ва ёлғон қасамдир”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
Бу ҳадиси шарифда энг катта гуноҳ бўлган Аллоҳга ширк келтиришдан кейин ота-онага оқ бўлиш экани айтилган. Бу эса ота-онага осий бўлиш нақадар улкан гуноҳ эканига далолат қилади.
Бошқа бир ҳадиси шарифда ота-онага оқ бўлган фарзанд жаннатга кирмаслиги хабар берилган: Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинади: “Набий (солаллоҳу алайҳи ва саллам): “Миннат қилувчи (яхшилик қилган кишисига фахр ва кибр қилувчи) ва ота онасига оқ бўлувчи ва хамр (маст қилувчи ичимлик) ичишда бардавом бўлувчи жаннатга кирмайди”, дедилар” (Имом Насаий ривояти).
Бошқа ҳадисда эса, ота-онаси ҳаётлик вақтида уларни рози қилишга уриниш аҳамияти бундай баён қилинган: Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: «Бурни ерга ишқалсин, бурни ерга ишқалсин, бурни ерга ишқалсин”, деяётганларини эшитдим. "Ким, эй, Расулуллоҳ?", дейилди. У Зот: "Ким ота-онасининг иккови ёки биттаси ёши катта бўлганда, уларга етса-ю, сўнгра жаннатга кира олмаса", дедилар» (Имом Муслим ривояти).
Демак, ота-онага хизмат қилиш фарзанд учун жаннатга кириш сабабларидан бири экан.
Ота-онага оқ бўлишга сабаб бўладиган ишлар жуда ҳам кўп бўлиб, айримлари ҳадиси шарифларда баён қилинган. Улар қуйидаги гуноҳлардир:
Уларни сўкиш икки хил бўлиши мумкин:
а) фарзанд ота-онасини тўғридан-тўғри ҳақоратлаб, уни сўкиши мумкин. Бу ҳолат жуда ҳам кам учраши мумкин;
б) ўз ота-онасини очиқдан-очиқ сўкмайди, балки, бировнинг ота-онасини сўкади ва уни лаънатлайди, натижада, улар ҳам бунинг ота-онасини сўкади. У бировларни сўкиши билан ўз ота-онасини сўккан ҳисобланади. Бу ҳолат эса, одамларнинг орасида кўплаб учрайди. Бу ҳақида ҳадиси шарифда бундай дейилган. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (солаллоҳу алайҳи ва саллам): "Киши ота-онасини ҳақорат қилиши гуноҳи кабиралардандир", деб айтдилар. Улар: "Эй, Расулуллоҳ! Киши ўз ота-онасини ҳам ҳақорат қиладими?" деб айтдилар. У зот: "Ҳа, у бир кишининг отасини сўкади, у ҳам унинг отасини сўкади ва у унинг онасини сўкади, натижада, у ҳам унинг онасини сўкади", дедилар»(Имом Муслим ривояти).
Бошқа бир ривоятда бундай дейилган: Урва ибн Иёздан ривоят қилинади: У Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оснинг: “Киши отасига сўкиш олиб бериши Аллоҳ таоло ҳузурида катта гуноҳлардандир”, деганини эшитган. (Имом Бухорий “Ал-Адаб ал-муфрад” китобида ривоят қилган).
Шунга кўра, мусулмон киши ҳеч кимнинг ота-онасини сўкмаслиги керак, акс ҳолда бу иши билан ўз ота-онасини сўккан бўлиб қолар экан.
Ота-онани лаънатлаш ҳам икки хил бўлади:
а) фарзанд ўз ота-онасига лаънат сўзларини айтиши;
б) у бошқаларни ёмонлик қилади, уларга лаънат айтиб, ҳақорат қилади. Натижада, бошқалар томонидан бунинг ота-онасига лаънатлар айтилади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда бундай дейилган: Абу Туфайлдан ривоят қилинади: У: «Алий (розияллоҳу анҳу)дан: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сизларга бир нарсани хослаб берганларми?” деб сўралди. У: “У зот инсонларнинг ҳаммасига тарқалмаган нарсаларни бизга хослаб бермаганлар, фақатгина қиличим қинидаги нарса бор”, деди. “Аллоҳдан бошқа учун жонлиқ сўйганни Аллоҳ лаънатлайди ва ер белгиларини ўғирлаган кишини Аллоҳ лаънатлайди ва отасини лаънатлаган кишини Аллоҳ лаънатлайди ва бидъатчига жой берган кишини Аллоҳ лаънатлайди, деб ёзилган бир саҳифани чиқарди», деб айтди (Имом Аҳмад ривояти).
Имом Бухорийнинг “Ал-адаб ал-муфрад” китобида келган ривоятда: “Ота-онасини лаънатлаган кишини Аллоҳ лаънатлайди”, дейилган.
Шунга кўра, ота-онага лаънат олиб келадиган барча ишлардан сақланиш лозим бўлади.
Демак, фарзанд ота-онасини қалбини ранжитадиган ва уларнинг йиғлашига сабаб бўладиган барча ишлардан сақланиши лозим.
Ота-онага оқ бўлиш шу даражада оғир гуноҳки, Аллоҳ таоло унинг жазосини шу дунёнинг ўзидаёқ тезлаштириб беради. Бу ҳақида ҳадиси шарифда бундай дейилган. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: "Аллоҳ таоло ҳар бир гуноҳдан хоҳлаганини (яъни, жазосини) қиёмат кунига кечиктиради. Ота-онага оқ бўлиш бундан мустаснодир. Зеро, Аллоҳ таоло уни (ота-онага оқ бўлишни) эгасига ўлимдан олдин, шу дунё ҳаётидаёқ (унинг жазосини) тезлаштиради”, деганларини эшитдим» (Табароний ривояти).
Шунга кўра, ҳар бир фарзанд ота-онасини доимо ҳурмат қилиши, уларни қалбини оғритиб қўйишдан эҳтиёт бўлиши лозим. Зеро, уларга қилинган ҳар бир хатти-ҳаракат мукофот ёки жазосиз қолмаслигини эсдан чиқармаслик керак.
Шунингдек, улар билан юрганда уларнинг олдида юрмаслиги, ўтиришда улардан олдин ўтирмаслиги ва уларнинг исмини айтиб чақирмаслик ҳам муҳим одоблардан ҳисобланади. Бу ҳақида улуғ саҳобалардан бири бундай деган: Ҳишом ибн Урвадан, унинг отасидан ёки ундан бошқадан ривоят қилинади: «Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) икки кишини кўрдида, уларнинг бирига: "Бу сенга ким бўлади", деб айтди. У киши: "Отам", деб айтди. Абу Ҳурайра: "Уни исми билан чақирмагин, унинг олдида юрмагин ва ундан олдин ўтирмагин", деб айтди» (Имом Бухорий "Адабул муфрад" китобида ривоят қилган).
Ҳар бир фарзанд доим ота-онасининг яхши дуоларини олишга интилиши ва уларнинг ёмон дуоларига дучор бўлиб қолишдан сақланиши керак. Зеро ота-онанинг фарзанди учун ҳар қандай дуоси ижобат бўлади.
Бу ҳақида ҳадиси шарифда бундай дейилган: Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (солаллоҳу алайҳи ва саллам): “Учта дуо қабул бўлади. Уларда шак йўқ: мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси, отанинг фарзандининг зиддига дуоси”, дедилар» (Абу Довуд, Термизий ривоят қилишган).
Имом Бухорийнинг “Ал-адаб ал-муфрад” китобида келган ривоятда: “Ота-онанинг фарзандининг зиддига қилган дуоси”, дейилган.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, ҳар бир фарзанд ота-онасининг ҳақларини адо этиш ҳаракатида бўлиши лозим. Ҳаётлик вақтларида хизматларини қилиб дуоларини олишга интилиш керак бўлади. Зеро фарзанд ота-онасининг хизматини қилиб жаннатга кириши мумкин бўлгани каби, уларни норози қилиш билан буни акси бўлиши ҳам мумкин.
Барчамиз ота-онамизнинг бизга қилган яхшиликларини эсдан чиқармайлик. Хусусан, гўдаклик ва болалик чоғимизда бизга кўрсатган меҳрибонликларини зинҳор унутмайлик. Биз ёш ва заиф бўлган пайтимизда улар бизга парвона бўлишди. Касал ва ожиз пайтимизда улар бизга меҳр кўрсатишди. Буни ҳеч қачон эсдан чиқармаслик керак. Энди биз ҳам уларга шундай парвона бўлайлик. Бор меҳримиз билан уларга хизмат қилайлик. Аллоҳ барчамизга ота-онамизни рози қилиб, уларнинг дуоларига сазовор бўлишимизни насиб айласин.
Шокиржон МАДАМИНОВ,
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси
- 54دُخُولُ النَّاسِ فِي الْجَنَّاتِ فَضْلٌ مِنَ الرَّحْمَنِ يَا أَهْلَ الأَمَالِ
Маънолар таржимаси: Эй умидвор бандалар, инсонларнинг жаннатларга киришлари Ар-Роҳманнинг фазлидир.
Назмий баёни:
Жаннатга эришмоқ Ар-Роҳман фазли,
Бу муҳим эътиқод, эй умид аҳли.
Луғатлар изоҳи:
دُخُولُ – мубтадо.
النَّاسِ – музофун илайҳ.
فِي – жор ҳарфи اِلَى маъносида келган.
الْجَنَّاتِ – луғатда “дархтзор боғ” маъносини англатади. Жор мажрур دُخُولُ га мутааллиқ.
فَضْلٌ – хабар. Луғатда “марҳамат” ва “мурувват” каби маъноларни англатади.
مِنَ – “табйиния” (уқтириш) маъносида келган жор ҳарфи.
الرَّحْمَنِ – жор мажрур فَضْلٌ га мутааллиқ.
يَا – яқинга ҳам, узоққа ҳам ишлатиладиган нидо ҳарфи.
أَهْلَ الأَمَالِ – музоф мунодо. Луғатда “умидворлар” маъносига тўғри келади.
Матн шарҳи:
Қайси бир инсон жаннатга кирадиган бўлса, албатта, Аллоҳ таолонинг лутфу марҳамати билан кирган бўлади. Шунинг учун У меҳрибон зотнинг фазлу марҳаматидан умидвор бўлиб ҳаракат қилиш лозим.
Жаннатдаги даражалар қилинган амаллар эътиборига кўра эгалланса-да, унга кириш фақат ва фақат Аллоҳ таолонинг фазлу марҳаматига боғлиқ бўлади. Бу ҳақиқатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари алоҳида таъкидлаганлар:
عَنْ عَائِشَةَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ سَدِّدُوا وَقَارِبُوا وَاعْلَمُوا أَنْ لَنْ يُدْخِلَ أَحَدَكُمْ عَمَلُهُ الْجَنَّةَ وَأَنَّ أَحَبَّ الْأَعْمَالِ إِلَى اللَّهِ أَدْوَمُهَا وَإِنْ قَلَّ. رَوَاهُ البُخَارِيُّ
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тўғри бўлинглар, ғулуга кетманглар, билингларки сизлардан бирортангизни амали жаннатга киритмайди, албатта амалларнинг Аллоҳга севимлироғи оз бўлса-да, давомлироғидир”, – дедилар”. Бухорий ривоят қилган.
Яъни бирор инсон ҳам яхши амаллари кўплиги сабабли ўзининг жаннатга киришини нақд қилиб қўя олмайди, балки жаннат фақатгина Аллоҳ таолонинг раҳматига сазовор бўлган бахтли инсонларгагина насиб этади.
Шунинг учун ҳар бир банда Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлиб яшаши лозим. Қуръони каримда тақводор бандаларнинг жонлари олинаётганда фаришталар уларга салом бериб, жаннат башоратини беришлари баён қилинган:
Ушбу ояти каримадаги ب ҳарфи “сабабия” маъносида бўлса ҳам, “бадалия” маъносида бўлса ҳам, ҳадисда баён қилинган маънога зид бўлиб қолмайди. Агар “сабабия” маъноси бериладиган бўлса, “қилиб юрган яхши ишларингиз сабабли Аллоҳ таолонинг раҳматига сазовор бўлдингиз, жаннатга киринг” деган маъно тушунилади. Агар “бадалия” маъноси бериладиган бўлса, “қилиб юрган яхши ишларингиз бадалига Аллоҳ таолонинг раҳматига сазовор бўлдингиз, жаннатга киринг” бўлади.
Модомики, барча Аллоҳ таолонинг раҳматига сазовор бўлиш билангина жаннатга кирар экан, доимо У зотнинг раҳматидан умид узмай амал қилиб бориш лозим. Аммо умидвор бўлиш билан хом хаёл суришнинг орасини ажратиб олиш керак. Хом хаёл суриш – бирон иш қилмасдан фақатгина “ширин хаёл” суришнинг ўзи бўлса, умидвор бўлишнинг ўзига яраша бир қанча шартлари бор.
Умидвор бўлиш ва хом хаёл суриш орасидаги фарқлар
Умидвор бўлиш ва хом хаёл суриш орасидаги фарқлар ҳақида “Талхису шарҳи ақидатит Таҳовия” китобида қуйидагилар айтилган:
“Кимки бир нарсадан умидвор бўлса, унинг умидворлиги бир қанча ишларнинг бўлиши зарурлигини келтириб чиқаради:
1. Умид қилган нарсасига муҳаббатли бўлиши;
2. Умид қилган нарсасига эришолмай қолишдан қўрқиши;
3. Умид қилган нарсасига эришиш учун имкони борича ҳаракат қилиши.
Ушбуларнинг бирортасига ҳам боғланмасдан, умид қилиш хом хаёл суриш бўлади. Умидворлик ва хом хаёл суриш бошқа-бошқа нарсалардир”[2].
Демак, кимки Аллоҳ таолодан ўзини жаннатга туширишини умид қилаётган бўлса, ўша умид қилгани жаннатга муҳаббатли бўлиши, уни доимо ёдида сақлаши ва унга олиб борадиган йўллардан юриши лозим.
Кимки Аллоҳ таолодан ўзини жаннатга туширишини умид қилаётган бўлса, ўша умид қилгани жаннатга эришолмай қолишидан қўрқиши, ундан ажратиб қўядиган нарсалардан сақланиб юриши лозим.
Кимки Аллоҳ таолодан ўзини жаннатга туширишини умид қилаётган бўлса, ўша умид қилгани жаннатга эришиши учун унга эриштирадиган барча омилларни ишга солиб имкони борича ҳаракат қилиши лозим. Аллоҳ муваффақ қилсин.
Кейинги мавзулар:
Улуғ ҳисоб-китоб бўлиши баёни.