Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
03 Май, 2025   |   5 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:48
Қуёш
05:18
Пешин
12:25
Аср
17:17
Шом
19:25
Хуфтон
20:50
Bismillah
03 Май, 2025, 5 Зулқаъда, 1446

Буюк фидойилик

09.02.2017   7101   4 min.
Буюк фидойилик

Юртимиз ўзининг шонли тарихи, оламга донғи кетган, бутун дунё илм аҳлига таълим берган буюк фарзандлари билан машҳур. Унинг бағридан олимлар, шоирлар, муҳаддис-у луғат билимдонлари, истеъдодли амиру, лашкарбошилар етишиб, нуфузини юқори кўтариб келган.

Бу халқ вакиллари шоирман деб давлат ишларидан, шоҳман деб санъат ва адабиётдан четда бўлиб қолмай, билъакс ҳам, дин ҳам давлат, ҳам санъат билан бир вақтнинг ўзида машғул бўлганлар.

Халқимизнинг ана шундай  вакилларидан бири ўзбек халқининг буюк фарзанди, йирик мутафаккир, шоир ва олим, давлат арбоби Алишер Навоий ҳазратларидир. У милодий 1441 йил 9 феврал, ҳижрий 844  йил ўн еттинчи рамазонда Хуросон давлатининг йирик шаҳри Ҳиротнинг Боғи Давлатхона мавзейида истиқомат қилувчи зиёли, хон саройида хизматда бўлган Ғиёсиддин Кичкина оиласида дунёга келади.

Алишер болалигиданоқ ўзининг ўткир зеҳни, зийраклиги хушхулқи ва хушфаҳмлиги билан тенгдошлари орасида алоҳида ажралиб турган. Алишер 3-4 ёшидаёқ шеър эшитиш шеър ўқиш ва ёдлашга қизиқади. Алишер 12 ёшида отасидан етим қолади ва Хуросон подшоҳи Абдулқосим Бобур саройига хизматга киради. Абулқосим Бобур адабиёт ва санатни жуда севар ижодкорларни қадрлар ўзи ҳам ўзбек ва форс тилларида ғазаллар ёзар эди. Маърифатпарвар ҳукмдор Алишер ўз тарбиясига олади. Шеърият аҳли унга “зуллисонайн – икки тил эгаси” лақабини бердилар. Навоий тахминан 18 – 19 ёшларида Абдураҳмон Жомий билан танишади. Навоийнинг билим савияси, қобиляти ва шеърий иқтидоридан хурсанд бўлган Жомий уни ҳам фарзанд, ҳам шогирд сифатида қадрлайди. Кейинчалик бу икки улуғ шоир ўртасида шогирд ва устозлик муносабатлари янада мустаҳкамланади.

    Алишер 1466 йилда Самарқандга келади ва у ерда дастлаб моддий қийинчиликда яшайди. Шунга қарамай, Самарқанд мадрасаларида таҳсил олади, илм фан, адабиёт ва санъат аҳли билан танишади. Ўзининг иқтидори, қобилияти билан тез орада обрў ва  эътибор қозонади.

1469 йил Ҳусайн Бойқаро тахтни егаллагач, Алишер Навоийни Ҳиротга ўз ёнига таклиф қилади. Навоий Ҳусайн Бойқаронинг тахтга чиқиши муносабати билан “Ҳилолия” қасидасини битади.

   Ҳусайн Бойқаро уни муҳрдорлик вазифасига тайинлайди. Кейинчалик (1472) бош вазир лавозимига кўтаради, унга “Амири кабир” унвонини беради. Навоий ўзининг олижаноб ва энг  юксак орзулари – халққа хизмат қилиш, мамлакат осоишталигини сақлаш, ҳокимиятни мустаҳкамлаш, фан ва адабиёт, ободончилик маданиятини  ривожлантиришдек улкан ишлар қанчалик оғир ва масъулиятли булмасин уларни катта меҳр-муҳаббат ва улуғворлик билан амалга оширди.

Алишер Навоий юрт учун, раият манфаатини кўзлаб ўз орзулари, шахсий манфаатларининг баҳридан кечган. Аллоҳ таолога  муҳаббати чексиз, Унинг Каъбасини кўришга орзуманд шоир умри армон билан ўтади. У Каъбани зиёрат қилиш, ҳаж амалини бажариб келиш учун Ҳусайн Бойқародан уч марта изн сўрайди. Аммо, тож-у тахт учун доимий курашлар билан овора шоҳ агар Сиз бу юртдан кетсангиз, ўғилларим менга қарши исён қиладилар. Сиз шу ерда экансиз, улар бу ишга ботинмагай, деб, Навоийга рухсат бермайди. Шоҳ амрини вожиб билган, юрти учун жонини фидо айлаган ҳассос шоир, ўзининг энг катта орзусини халқ учун, беҳуда қон тўкилмслиги йўлида қурбон қилади. У “Ихлосия” мадрасаси “Хулосия” хонақоҳи, “Шифоҳия” табобатхонаси, Жоме  масжиди,  “Дорул ҳоффоз” Қироатхона ва шунга ўхшаш бошқа ўнлаб бинолар қурдирди.

     1476 йили иғволардан қаттиқ чарчаган Алишер Навоий вазирликдан истефога чиқиб, ижод билан шуғулланиш мақсадида подшодан изн сўрайди. Султон ноилож унинг илтимосини  қондиради.

  1483-1485 йил давомида “Хамса” асарини ёзиб тугатади. 1491–1492 йилларда у ўзбек тилида ёзган ҳамма шеърларидан яхлит бир девон тузишга киришди. Алишер Навоий “Тарихи мулуки ажам”, “Тарихи ҳукамо”, 1491 йилда “Мажолис ун-нафоис” тазкирасини яратди.

Алишнр Навоий 1501 йил 3 январда оғир бетобликдан сўнг ҳаётдан кўз юмди.

          

                 Хайрулло МАРДОНОВ,

 “Хожа Бухорий” ўрта махсус

ислом билим юрти ўқитувчиси      

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Қиёматда улар борасида сўроқ қилинмаймизми?

30.04.2025   4155   3 min.
Қиёматда улар борасида сўроқ қилинмаймизми?

Аллоҳ таоло айтади: «Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир»[1].

Ўзингиздан бойроқ бўлганлар билан тенглашишга уринманг. Акс ҳолда бўйнингизгача қарзга ботиб, маломатга қоласиз.

Ўзингизга, оила аъзоларингизга, шунингдек, қўли юпин кишиларга нисбатан зиқналик қилманг. 

Зиқна одам учун таъмагир бўлмасдан яшаётганининг ўзи катта гап. Аллоҳ таоло айтади: «(Бахиллик қилиб) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг. Акс ҳолда маломат ва маҳрумликда ўтириб қолурсиз»[2].

Мен жуда катта маош оладиган, бироқ ой тугамасиданоқ ойлигидан бир чақа ҳам қолмайдиган кишиларни биламан. “Улар шунча пулни, мол-дунёни қаерга сарфлашяпти экан”, деб ҳайрон қоламан. Аллоҳ таоло айтади: «...ва  мутлақо йўл қўйманг! Чунки исрофгарлар шайтонларнинг дўстларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукр эди»[3].

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: “Анча кунга етадиган рўзғорликни бир кунда ишлатиб юборадиган оилага аччиғим келади”, деганлар.

Муовия розияллоҳу анҳу: “Зое бўлган, бировнинг ҳаққи ўтиб кетган нарсани “исроф” деб ҳисоблайман”, деганлар.

Сарф-харажатда исрофгарчиликка йўл қўядиганлар, зиқналик қилувчилар дунёда ҳар куни қанчадан-қанча мусулмон очликдан ўлаётганини наҳот билишмаса?!

Кимдир эътироз билдириб: “Улар биздан узоқда-да” деса, “Ахир улар бизнинг Исломдаги биродарларимиз, дин қардошларимиз-ку!” – деймиз.  Биз эрта қиёмат кунида улар борасида ҳам сўроқ қилинмаймизми? Қолаверса, орамизда рўзғорига ора-сирада гўшт кирадиганлар бор. Гоҳида шу озгина гўштни олишга ҳам имкон топа олмай, ойлаб гўшт емайдилар.

Бир жамоа одамлар Қайс ибн Убода розияллоҳу анҳунинг олдиларига озроқ егулик сўраб келишди. У зот боғларида тўкилган меваларни териб, яхшисини чиригидан ажратиб саралаётган эдилар. Улар Қайс розияллоҳу анҳуга нима учун келишганини айтишди. Саҳобий уларга сўраганларини бердилар. Келган жамоа бир-бирларига ажабланиб қараб: “Ночор ҳаёт кечираётган бўлсангиз, яна қизғанмай инфоқ қилишингиз қизиқ бўлди-ку”, дейишди. У зот: “Сизларга эҳсон қилиш учунгина шундай яшайман”, дедилар (яъни, саҳобий розияллоҳу анҳу мен иқтисод қиламан ва исроф қилмаганим ҳолда, сиз каби муҳтожларга ёрдам беришга ҳам ортинаман демоқчи бўлдилар).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Чиқимда иқтисод қилиш тирикчиликнинг ярмидир. Одамларга муҳаббатли бўлиш ақлнинг ярмидир. Чиройли савол бериш эса ярим илмдир”, [4] дедилар.

Улуғлардан бири айтади: “Ким фарзандига иқтисод қилиб яшашни ўргатса, унга кўп мерос қолдиришдан ҳам кўпроқ яхшилик қилибди”.


Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1] Фурқон сураси, 67-оят.
[2]  Исро сураси, 29-оят.
[3] Исро сураси, 26–27-оятлар.
[4]  Имом Табароний ривояти.