Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
03 Июл, 2025   |   8 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:10
Қуёш
04:55
Пешин
12:32
Аср
17:42
Шом
20:04
Хуфтон
21:40
Bismillah
03 Июл, 2025, 8 Муҳаррам, 1447

Устоз ва шогирдлар ҳақида

08.02.2017   10272   6 min.
Устоз ва шогирдлар ҳақида

Отамиз Одам алайҳиссаломга илм ўргатган ва у илмни англаш учун, фаҳмлаш учун бизларга ақл берган Парвардигори оламга беадад ҳамду санолар бўлсин. Барча илмларни ўзларига мужассам айлаган ва у илмларни бизларга мерос қолдирган муаллимимиз, мураббийимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга чексиз дуруду саломлар бўлсин.

Аллоҳ таолонинг каломида ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида таьлим берувчи ва олувчи толиби илм ва узтози каримлар ҳақида хабар ва маьлумотлар келган.

Аллоҳ таоло биз мўминларга қарата шундай хитоб қилади:

يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ

“Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларнинг ва илм берилганларнинг даражаларини кўтарадир. Аллоҳ нима қилаётганларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси 11-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Динда фақиҳ бўлган инсон одамларнинг афзалидир. Агар унга ҳожат тушса, фойда беради. Агар беҳожат бўлсалар, ўзига фойда беради”,“Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, ўргатганларингиз”,“Аллоҳнинг китобидан кимики бир оят ўргатса, Қиёмат кунида ўша оят табассум чеҳрали ҳолатда инсонни кутиб олади”,“Менинг ўринбосарларимга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!” У зотдан сўрашди: Ўринбосарларингиз кимлар? “Суннатимни тирилтириб, уни Аллоҳнинг бандаларига ўргатган зотлар”,“Ким инсонларга таълим бериш мақсадида бир бўлим илм ўрганса, унга етмиш сиддиқнинг савоби берилади” деганлар.

Ийсо алайҳиссалом айтадилар: “Ким илм ўрганиб, унга амал қилса ва уни бошқаларга ўргатса, бутун осмон фаришталари орасида “Буюк...” деб чақирилади”.

Сафвон ибн Ассол розияллоҳу анҳу дедилар: “Албатта фаришталар толиби илмнинг илм талаб қилганидан миннатдор бўлиб, қанотларини унга ёзишади”

Имом Суютий раҳматуллоҳи алайҳи дейдилар: Илм аҳлини улуғлаганлари боисидан фаришталар илм талаб қилиб келган ҳар бир инсонни оёғининг остига ўз қанотларини ёядилар. Ва яна бирор ерда агар илм мажлиси бўлса, улар учишдан тўхтаб, мажлис аҳлига қулоқ соладилар ва қанотлари билан толиб илмларнинг бошлари узра қанотларини ёядилар.

Муҳаммад ибн Исмоил Таймий дейдилар: бир киши бу ҳадисни эшитиб, масхаралаб: Эй толиби илмлар, оёқларингизни кўтаринглар, яна фаришталар қанотини синдириб қўймайлик, деганида ўша заҳоти икки оёғи қуриб шал бўлиб йиқилиб қолди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Олимларнинг даражаси илм олмаган мўминларнинг даражасидан 700 даража юқоридир. Ҳар даражанинг ораси 500 йиллик йўлга тенг”.

Ислом динимиз бизларга ўзимизнинг ўқитувчиларимиз ва устозларимизга қандай муносабатда бўлишимиз, илм аҳлини ҳурмати қандай жойига қўйишимиз кераклигини ўргатади. Бугунги кунга келиб, мусулмон бўлиб ёки мусулмонларнинг фарзанди бўла туриб, ўзимизнинг устозларимиз, муаллимларимизга нисбатан ҳурматимиз, муомаламиз тамоман юз тубан бўлиб, жаҳолатга қараб кетмоқда. Ҳаттоинки айрим ота-оналар ўзларининг фарзандларининг гапига қулоқ солиб, илм нурини тарқатадиган устозларини, билимсизлик ботқоғидан қутқариб, илмли доно қилиб қўйган муаллимларини кўнгилларини синдириб кетадилар.

قَالَ عَلِيٌّ كَرَّمَ اللَّهُ وَجْهَهُ: "أَنَا عَبْدُ مَنْ عَلَّمَنِي حَرْفًا إنْ شَاءَ بَاعَ وَإِنْ شَاءَ اسْتَرَقَّ".

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу дедилар: “Менга бир дона ҳарф ўргатган кишининг қулиман. Хоҳласа мени сотсин, хоҳласа мени қул қилиб ишлатсин”.

Бизлар ҳам бизларга ва фарзандларимизга илм ўргатган устозларимизга мана шундай даражада таъзимда бўлишимиз зарур.

Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳи толиби илм устоз танлашда ушбу нарсаларга аҳамият беришини айтадилар: аҳли илмлар орасида энг олимини, парҳезкор ва тақводорроқ, ёши улуғ, юмшоқ кўнгил, сабр матонатли ва салобату виқорлик.

Устозга кўрсатиладиган одоблар қуйдагилар:

 Устоз келганда ҳурмати учун ўрнидан туриш

فَلَمَّا رَآى سَعْدَ بن مُعَاذٍ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، قَالَ لأَصْحَابِهِ : قُومُوا إِلَى سَيِّدِكُمْ

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Қурайзанинг амири Саъд ибн Муозни кўрганларида, саҳобаларга қараб: “Ҳурматли кишиларингиз келганда, ўринларингиздан туринглар” дедилар.

Устознинг олдида овозни баланд қилиб гапирмаслик

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَرْفَعُوا أَصْوَاتَكُمْ فَوْقَ صَوْتِ النَّبِيِّ وَلَا تَجْهَرُوا لَهُ بِالْقَوْلِ كَجَهْرِ بَعْضِكُمْ لِبَعْضٍ أَن تَحْبَطَ أَعْمَالُكُمْ وَأَنتُمْ لَا تَشْعُرُونَ

“Эй мўминлар, (токи қилган яхши амалларингиз) ўзларингиз сезмаган ҳолларингизда беҳуда-бефойда бўлиб қолмаслиги учун сизлар овозларингизни пайғамбарнинг овозидан юқори кўтарманглар ва унга бир-бирларингизга очиқ (дағал сўз) қилгандек очиқ-дағал сўз қилманглар”( Ҳужурот сураси 2-оят).

Мана шу ояти каримадан маълум бўладики, демак, ҳар бир мартабаси улуғ инсонлар олдида уларнинг овозларидан бизларнинг овозларимиз юқори ва қўпол оҳангда бўлмаслиги лозим. Булар аввало ота-онамизнинг ҳузурларида, устоз ва муаллимларимиз олдиларида, пири комил бирор авлиёуллоҳнинг олдида эҳтиёт бўлиб, овозларимизни уларнинг овозларига монанд оҳангда гапирмоқлигимиздир.

Устозга итоат қилиш

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ أَطِيعُواْ اللّهَ وَأَطِيعُواْ الرَّسُولَ وَأُوْلِي الأَمْرِ مِنكُمْ

“Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан бўлмиш иш бошиларингизга итоат этингиз!”(Нисо сураси 59-оят).

Устознинг назаридан қолмаслик

عَنْ أَبِى سَعِيدٍ الْخُدْرِىِّ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « اتَّقُوا فِرَاسَةَ الْمُؤْمِنِ فَإِنَّهُ يَنْظُرُ بِنُورِ اللَّهِ ».

Абу Саиьд ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминнинг фаросатидан қўрқинг, чунки у Аллоҳнинг нури ила назар солади” дедилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат куни Аллоҳ таоло ибодат қилганлар ва моли ва жони билан Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилган бандаларга: “Жаннатга киринглар” дейди. Шунда олиму муаллимлар: “Булар бизнинг илмимиз шарофати билан ибодат этдилар, хизмат қилдилар”, дейишади. Шунда Аллоҳ таоло айтади: “Сизлар Менинг ҳузуримда баъзи фаришталарим кабидирсизлар. Шафоат қилинглар, шафоатингиз қабул қилинади”. Олиму муаллимлар шафоатлари қабул бўлгач, жаннатга кирадилар” дедилар.

Аллоҳ таоло бизларни ана шундай улуғ ва шарафли мартаба ва даражаларга эриштирсин.

Тошкент ислом институти 4-курс талабаси

 Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Ўнг қўлинг билан е!

30.06.2025   3714   5 min.
Ўнг қўлинг билан е!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.



عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا أَكَلَ أَحَدُكُمْ فَلْيَأْكُلْ بِيَمِينِهِ، وَإِذَا شَرِبَ فَلْيَشْرَبْ بِيَمِينِهِ، فَإِنَّ الشَّيْطَانَ يَأْكُلُ بِشِمَالِهِ وَيَشْرَبُ بِشِمَالِهِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирортангиз еса, ўнг қўли билан есин. Қачон бирортангиз ичса, ўнг қўли билан ичсин. Чунки шайтон чап қўли билан еб, чап қўли билан ичади», дедилар (Муслим, Абу Довуд, Термизий ривоят қилганлар).


Демак, чап қўли билан еб-ичган одам Роҳманнинг амридан юз ўгириб, шайтонга эргашган ва унинг ишини қилган бўлади.

Шунинг учун бу масалага катта эътибор билан қарамоғимиз, фарзандларимизга ҳам ўргатмоғимиз лозим.
 

عَنْ سَلَمَةَ بْنِ الْأَكْوَعِ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَجُلًا أَكَلَ عِنْدَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِشِمَالِهِ، فَقَالَ: كُلْ بِيَمِينِكَ، قَالَ: لَا أَسْتَطِيعُ، قَالَ: لَا اسْتَطَعْتَ، مَا مَنَعَهُ إِلَّا الْكِبْرُ، قَالَ: فَمَا رَفَعَهَا إِلَى فِيهِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ.


Салама ибн ал-Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида чап қўли билан таом еди. Бас, у зот:

«Ўнг қўлинг билан е!» дедилар.

«Қодир эмасман», деди у.

«Қодир бўлмагин! Уни кибрдан бошқа нарса ман қилмади», дедилар у зот. Ҳалиги одам қўлини оғзига кўтара олмай қолди» (Муслим ривоят қилган).

Ушбу ҳадиси шарифдан динимизда овқатланиш маданиятига қанчалик аҳамият берилганлигини ёрқин кўриб турибмиз. Албатта, гап овқатланишнинг исломий маданияти ҳақида кетмоқда. Овқатланишнинг исломий маданиятларидан бири ўнг қўл билан ейишдир. Ҳар бир мусулмон инсон бу муҳим ишга алоҳида эътибор билан қараши лозим. Баъзи бир кишилар бу исломий маданиятга риоя қилмасалар, уларни огоҳлантириш керак.

Ушбу ривоятнинг қаҳрамони ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида овқатланишнинг исломий маданиятига риоя қилмай, чап қўли билан таом ейишга тутинди. Албатта, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳолга бепарво бўлишлари мумкин эмас эди. Шунинг учун мазкур одобсиз кишига таълим бериб:


«Ўнг қўлинг билан е!» дедилар».

Бундай пайтда ҳар қандай одам таълим берувчига ташаккур айтиб, ўзини ўнглаб олишга уринади. Одоб-ахлоқ тақозоси шу. Аммо ҳалиги одам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ташаккур айтиб, ўз хатосини тузатиб, ўнг қўли билан таом ейишга ўтиш ўрнига:

«Қодир эмасман», деди».

Яъни, бу «Овқатни ўнг қўли билан ея олмайман. Чап қўлим билан еявераман», дегани эди. Ўзи нотўғри иш қила туриб, унга меҳр кўрсатиб, хатосини тўғрилаб қўйган зот Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан бундай бетгачопарлик қилган нобакор ҳар қандай жазога ва қарғишга лойиқ эди. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам очиқ-ойдин қилиб:


«Қодир бўлмагин!» дедилар».

Яъни, «Ўнг қўлинг билан таом ея олмасанг, бир йўла ея олмай қолгин», дедилар. Ҳамда у ерда ҳозир бўлганларга тушунтириш учун:


«Уни кибрдан бошқа нарса ман қилмади», деб, қўшиб қўйдилар. Яъни, у одам юқоридаги гапни ҳақиқатда ўнг қўлида нуқсон борлиги учун эмас, кибр билан хатосини тан олишдан бош тортиб айтган эди.

Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни дуоибад қилдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари жойида қабул бўлди.


«Ҳалиги одам қўлини оғзига кўтара олмай қолди».

Ажаб бўлди! Баттар бўлсин! Ўз фойдасини билмаган, шариат ҳукмидан кўра ўзининг кибрини устун қўядиганлар учун бу ҳам кам!


Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Чап қўл билан таом еб бўлмаслиги.
2. Бировнинг чап қўл билан еганини кўрган одам танбеҳ бериб, ўнг қўл билан ейишини эслатиб қўйиши кераклиги.
3. Диний ҳукмлар бўйича насиҳат эшитган одам мутакаббирлик қилмаслиги кераклиги.
4. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари дарҳол қабул бўлиши.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби 16-жуз