Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Июн, 2025   |   16 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:28
Аср
17:38
Шом
20:00
Хуфтон
21:38
Bismillah
12 Июн, 2025, 16 Зулҳижжа, 1446

Қадриятлармизни қадрлайлик

25.01.2017   5715   3 min.
Қадриятлармизни қадрлайлик

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким кичигимизга раҳм қилмаса ва каттамизнинг ҳақини билмаса, биздан эмас”, дедилар.

Бу – машҳур ҳадис. Мўмин-мусулмонлар кичикларга, болаларга раҳм                                                                                                                                                                 қилишлари, меҳрибон бўлишлари, бошини силашлари, айни пайтда катталарнинг ҳурматини, эъзозини жойига қўйишлари лозим. Бу ишлар мўминларнинг сиймоси, Ислом жамияти аъзосининг белгисидир. Кичикларга раҳм қилмаган, катталарга ҳурмат кўрсатмаган одамни.

Расулуллоҳ (соллалоҳу алаҳи ва саллам) “биздан эмас”, деяптилар. Буни яхши англаб, амал қилишимиз керак.

Ашъарийдан ривоят қилинади:  Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Соч-соқоли оқарган мусулмонни, Қуръонни ёд олган, унда ғулувга кетмаган ҳамда унга жафо қилмаганни ва адолатли ҳукумдорни икром қилиш Аллоҳни улуғлашдандир”.

Ҳадисларда зикр қилинган суннат ва савобли, шунингдек, инсоний фазилатлардан ҳисобланган амалларни халқимиз асрлар давомида ҳаётига тадбиқ этиб келмоқда.

Бироқ ҳозирги глобаллашув жараёнида ўзга жамиятлардаги ҳолатлар, ойнаижаҳон орқали намоиш этилаётганининг фуқароларимизнинг хорижий мамлакатларга қатнови кўпайгани, ижтимоий тармоқларда тарғиб этилаётган омиллар, бир сўз билан айтганда, шиддат билан тарқаб бораётган “оммавий маданият”, афсуски, баъзи ҳамюртлармизни четлаб ўтаётгани йўқ. Яқинда бир оиладаги нохуш воқиани эшитиб жуда ҳафа бўлдим. Фарзандини яхши ниятлар билан боқиб катта қилган, олий маълумотли қилиб ишга жойлаган ота-онага ўғли иш жойидаги ойлик маоши камлигидан шикоят қилади. Ўзининг орзу-ҳавасига етмаслиги ва шунга ўхшаш важлар билан нолий бошлайди. Отаси унга сабр-тоқат билан иш тутишини, ҳамма орзулар бирданига рўёбга чиқмаслигини, барча яхши ниятларга меҳнат ила эришиш мумкинлигини, агар моддий томондан ёрдам керак бўлса, отаси унга ёрдам бериб туришга тайёр эканини тушунтиришга ҳаракат қилади. Шунга қарамай навқирон йигит ота-онасининг розилигисиз, ишхонасидаги раҳбарларни хабардор қилмаган ҳолда, Бирлашган Амирликларнинг Дубай шаҳрига иш излаб кетади. У ерда икки ой сарсон-саргардон бўлиб, иш тополмай, юзи шувит бўлиб қайтади. Натижада иш жойидан ажраган, ота-она ва маҳалла-куй олдида ҳижолатчиликда нима қилишни билмай юрибди.

 Ўйламай босилган биргина қадам энди бошаланаётган ҳаёт йўлига катта тўсиқ қўйди. Йигит ҳадиси шарифларда васф этилган сабр, қаноат, меҳнаткашлик, ота-она ҳурмати каби насиҳат, кўрсатмаларига амал қилмаслиги мустақил ҳаётининг дастлабки қадамларидаёқ панд еди.

Ислом дини бизларни ҳар бир ишни бошлашдан олдин катталар, ёши улуғлар билан кенгашишга маслаҳатлашиб олишга чорлайди. Халқимиз ҳаётида қадрият даражасига кўтарилган бу ишлар, аслида илоҳий топшириқ бўлиб, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Ишларингизда улар билан маслаҳатлашинг(Оли Имрон, 159), демоқлик билан Расулини саҳобалар билан маслаҳатлашишга буюрмоқда. Демак, биз ҳам ушбу илоҳий таълимотга амал қилиб, маслаҳатгўйларимизнинг тавсияларига амал қилмоғимиз даркор.

Аллоҳ таоло барчамизнинг комил инсонлар сирасига киришимизни насиб этсин.  

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,

 Самарқанд вилояти вакилининг ўринбосари,

“Имом Бухорий” жоме масжиди имом-хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Меҳр-оқибат, шодлик, хайр-саховат айёми

06.06.2025   3470   4 min.
Меҳр-оқибат, шодлик, хайр-саховат айёми

Шукуҳ


Мамлакатимизда муборак Қурбон ҳайитини кўтаринки кайфиятда нишонлаш яхши анъанага айланган. Байрам кунлари юртимизда меҳр-оқибат, инсонпарварлик, шукроналик, саховат ва бағрикенглик каби халқимизга хос эзгу фазилатлар янада ёрқин намоён бўлади.

Ушбу муборак айёмда қариндош-уруғлар, яқинлар, ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олинади, кўмакка муҳтож инсонларга ёрдам берилади, қисқача айтганда, жамиятда бирдамлик ва аҳиллик муҳити яна ҳам мустаҳкамланади.

Кези келганда, бугун мамлакатимиз янги тараққиёт босқичига чиққанини, барча соҳалар қатори диний-маърифий жабҳада ҳам кўплаб ислоҳотлар амалга оширилаётганини, ютуқларга эришилаётганини алоҳида қайд этиш лозим.

Янги Ўзбекистондаги бу муваффақиятлар замирида фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги янгилик ва енгилликларни алоҳида қайд этиш, хусусан, икки муҳим ҳужжатни эслаб ўтиш лозим.

Биринчиси — “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонун, иккинчиси — Президентимизнинг “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони. Ушбу икки муҳим ҳужжат том маънода диний-маърифий соҳа самарадорлигини янги босқичга олиб чиқишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси бўлди.

Фармонга асосан, кўҳна Бухорода Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди. Бу халқимиз, хусусан, диний-маърифий соҳа вакиллари учун катта хушхабардир. Ушбу марказ том маънода буюк аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати алломаларининг юксак инсонпарварлик ғояларини илмий асосда ўрганиш, ёш авлодни бағрикенглик ҳамда ўзаро ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим ўрин тутади. Шунингдек, тасаввуф таълимоти тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини илмий тадқиқ этиш, “Етти пир” алломалари ва азиз авлиёларнинг бой илмий-маънавий меросини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш каби асосий вазифаларни бажаради. Нақшбандийлик таълимотининг эзгу ғояларини тадқиқ этиш учун илмий-назарий ва услубий масалаларга бағишланган анжуман, конференция, кўргазма, семинар-тренинг, танловлар ҳамда бошқа маданий-маърифий тадбирлар ташкил этади. Тасаввуф таълимотининг илмий асосланган ғояларини тарғиб қилади ва сохта тариқатчиликнинг олдини олиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади.

Сирасини айтганда, ушбу марказ ҳам Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази сингари учинчи Ренессансни қарор топтириш йўлидаги яна бир мустаҳкам илм ва ақл маркази бўлади, албатта.

Шу ўринда, Ўзбекистон Президентининг Қурбон ҳайити муносабати билан йўллаган табригида таъкидланганидек, буюк тарихимиз ва маданиятимиз дурдоналарини, машҳур алломаларимизнинг бой меросини тўплаш ва кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, кўҳна Шарқ мўъжизаси — Самарқанд шаҳри 2025 йилда Ислом маданияти пойтахти, деб эълон қилинди, улуғ ватандошимиз Имом Мотуридийнинг 1155 йиллик таваллуд санаси юртимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда.

Пойтахтимизда бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий-маънавий йўналишдаги улкан ва ноёб лойиҳа сифатида эл-юртимиз ҳамда халқаро жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу муаззам маскан кўп минг йиллик қадимий тарихимиз, бой ва бетакрор миллий маданиятимизнинг ёрқин тимсоли сифатида янги Ўзбекистон ҳаётидаги ғоят муҳим воқеага айланажак, албатта.

Шукрки, мақтансак арзийдиган бу каби хушхабар ва янгиликлар бисёр. Айниқса, айни ҳайит кунларида бу юртдошларимиз кайфиятини янада кўтариши, байрамга ўзгача шукуҳ қўшиши муқаррар.

Кези келганда айтиш жоизки, муборак Қурбон ҳайитининг аҳамияти янги Ўзбекистонда ижтимоий давлат барпо этиш жараёнлари ҳал қилувчи босқичга кираётган бугунги шароитда тобора ортиб бормоқда. Бу муборак кунда яқинлар билан кўришиш, узоқлашган дўстлар билан ярашиш, қариндош-уруғларга зиёратга бориш — барчаси меҳр-оқибат ва инсонлар ўртасидаги узвий алоқаларни мустаҳкамлайди.

Ҳайит фақат байрамгина эмас, балки минг йиллар давомида шаклланган қадриятларимиз тараннуми ҳисобланади. Одатда ушбу айёмда ҳамма бир-бирини байрам билан самимий муборакбод этади, қурбонликлар қилинади. Қурбонлик гўштидан ва таомидан эҳтиёжманд, кам таъминланган инсонлар, турли миллат ва дин вакилларига улашилади. Бу, ўз навбатида, сахийлик, шукроналик, жамиятдаги тенгликни таъминлашга қаратилган улкан ибрат ҳамда муҳтожлар, етим-есирлар ва эътиборга муҳтож инсонлар ҳақида қайғуришнинг амалий ифодаси, қолаверса, ўзаро меҳр-оқибат ришталарининг янада мустаҳкамланишига сабаб бўлади.

Ҳайит айёмингиз муборак бўлсин!

 

Ҳомиджон ИШМАТБЕКОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари.

Мақолалар