Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким кичигимизга раҳм қилмаса ва каттамизнинг ҳақини билмаса, биздан эмас”, дедилар.
Бу – машҳур ҳадис. Мўмин-мусулмонлар кичикларга, болаларга раҳм қилишлари, меҳрибон бўлишлари, бошини силашлари, айни пайтда катталарнинг ҳурматини, эъзозини жойига қўйишлари лозим. Бу ишлар мўминларнинг сиймоси, Ислом жамияти аъзосининг белгисидир. Кичикларга раҳм қилмаган, катталарга ҳурмат кўрсатмаган одамни.
Расулуллоҳ (соллалоҳу алаҳи ва саллам) “биздан эмас”, деяптилар. Буни яхши англаб, амал қилишимиз керак.
Ашъарийдан ривоят қилинади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Соч-соқоли оқарган мусулмонни, Қуръонни ёд олган, унда ғулувга кетмаган ҳамда унга жафо қилмаганни ва адолатли ҳукумдорни икром қилиш Аллоҳни улуғлашдандир”.
Ҳадисларда зикр қилинган суннат ва савобли, шунингдек, инсоний фазилатлардан ҳисобланган амалларни халқимиз асрлар давомида ҳаётига тадбиқ этиб келмоқда.
Бироқ ҳозирги глобаллашув жараёнида ўзга жамиятлардаги ҳолатлар, ойнаижаҳон орқали намоиш этилаётганининг фуқароларимизнинг хорижий мамлакатларга қатнови кўпайгани, ижтимоий тармоқларда тарғиб этилаётган омиллар, бир сўз билан айтганда, шиддат билан тарқаб бораётган “оммавий маданият”, афсуски, баъзи ҳамюртлармизни четлаб ўтаётгани йўқ. Яқинда бир оиладаги нохуш воқиани эшитиб жуда ҳафа бўлдим. Фарзандини яхши ниятлар билан боқиб катта қилган, олий маълумотли қилиб ишга жойлаган ота-онага ўғли иш жойидаги ойлик маоши камлигидан шикоят қилади. Ўзининг орзу-ҳавасига етмаслиги ва шунга ўхшаш важлар билан нолий бошлайди. Отаси унга сабр-тоқат билан иш тутишини, ҳамма орзулар бирданига рўёбга чиқмаслигини, барча яхши ниятларга меҳнат ила эришиш мумкинлигини, агар моддий томондан ёрдам керак бўлса, отаси унга ёрдам бериб туришга тайёр эканини тушунтиришга ҳаракат қилади. Шунга қарамай навқирон йигит ота-онасининг розилигисиз, ишхонасидаги раҳбарларни хабардор қилмаган ҳолда, Бирлашган Амирликларнинг Дубай шаҳрига иш излаб кетади. У ерда икки ой сарсон-саргардон бўлиб, иш тополмай, юзи шувит бўлиб қайтади. Натижада иш жойидан ажраган, ота-она ва маҳалла-куй олдида ҳижолатчиликда нима қилишни билмай юрибди.
Ўйламай босилган биргина қадам энди бошаланаётган ҳаёт йўлига катта тўсиқ қўйди. Йигит ҳадиси шарифларда васф этилган сабр, қаноат, меҳнаткашлик, ота-она ҳурмати каби насиҳат, кўрсатмаларига амал қилмаслиги мустақил ҳаётининг дастлабки қадамларидаёқ панд еди.
Ислом дини бизларни ҳар бир ишни бошлашдан олдин катталар, ёши улуғлар билан кенгашишга маслаҳатлашиб олишга чорлайди. Халқимиз ҳаётида қадрият даражасига кўтарилган бу ишлар, аслида илоҳий топшириқ бўлиб, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Ишларингизда улар билан маслаҳатлашинг” (Оли Имрон, 159), демоқлик билан Расулини саҳобалар билан маслаҳатлашишга буюрмоқда. Демак, биз ҳам ушбу илоҳий таълимотга амал қилиб, маслаҳатгўйларимизнинг тавсияларига амал қилмоғимиз даркор.
Аллоҳ таоло барчамизнинг комил инсонлар сирасига киришимизни насиб этсин.
Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,
Самарқанд вилояти вакилининг ўринбосари,
“Имом Бухорий” жоме масжиди имом-хатиби
Муносабат
Аввало, барча юртдошларимизни хурсандчилик айёми – Қурбон ҳайити байрами билан самимий муборакбод этаман!
Мамлакатимизда Қурбон ҳайити нафақат диний, балки умуммиллий байрам сифатида ҳам кенг нишонланади. Зеро, ушбу кунда юртдошларимиз бир-бирини ҳайит билан самимий табриклаб, ўзаро совғалар улашади, миллати, тили ва динидан қатъи назар, ёлғиз кексалар, кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиниб, хайрия ишлари амалга оширилади.
Шу маънода, ушбу қутлуғ байрам инсонпарварлик ва бағрикенглик рамзи бўлиш билан бирга, инсонлар ўртасида ўзаро меҳр-муҳаббат ва ҳамжиҳатлик каби фазилатларни ҳам ўзида мужассам этади.
Юртимизда ҳайит байрамини муносиб кутиб олиш ва ўтказиш, шунингдек, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, халқимизнинг кўп асрлик анъана ва урф-одатларига уйғун ҳолда ўтказилишига алоҳида эътибор қаратилади. Бунинг учун барча зарур тайёргарликлар кўрилади, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида том маънода байрам шукуҳи ҳукм суради.
Кези келганда юртимизда “Инсон қадри учун” деган улуғвор ғоя асосида барча соҳалар қатори диний-маърифий жабҳада ҳам катта ислоҳотлар амалга оширилаётгани, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар такомиллаштирилиб, соҳа фаолияти самарадорлиги янги босқичга чиқарилаётганини алоҳида қайд этиш лозим.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан охирги йилларда юртимизнинг ҳар бир гўшасидаги улкан бунёдкорлик ишлари изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази биноси қурилиши якунига етиб бормоқда, Самарқандда Имом Бухорий мажмуаси қад ростламоқда.
Яқинда Президентимиз ушбу мажмуага ташриф буюриб, у ердаги бунёдкорлик ишлари билан танишди, зарур кўрсатмалар берди. Зеро, бу давлатимиз раҳбарининг узоқни кўра билиши, улуғ аждодларга юксак эҳтиромининг ёрқин ифодасидир.
Эътиборга сазовор жиҳатлардан яна бири шуки, Президентимиз қўнғироқ қилиб, ҳожиларимиз учун яратилган шарт-шароитлар, уларнинг саломатлиги ва кайфияти ҳақида сўради. Бундан ҳожиларимиз беҳад мамнун бўлди, эътибор ва эҳтиромдан хурсанд бўлган зиёратчиларимиз кўзларида ёш билан дуо қилдилар.
Арафот майдонида, дуолар мустажоб бўладиган айни онларда Президентимизнинг Қурбон ҳайити муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган табригини катта ҳаяжон билан эшитдик. Яратгандан юртимизга тинчлик, халқимизга фаровонлик сўраб, дуолар қилдик.
Айниқса, табрикда ҳожиларимиз алоҳида эслаб ўтилгани зиёратчиларимизни чексиз қувонтирди.
Барча юртдошларимиз қатори ҳожиларимиз ҳам ушбу табрикдаги олижаноб ғоя ва ташаббусларга бефарқ эмаслигини изҳор қилди.
Табрикдаги “Инсон қадри учун, инсон бахти учун!” деган олижаноб ғоя барча жабҳалардаги ислоҳотларнинг асоси эканини алоҳида эътироф этиш ва ҳожиларимизнинг ташаббуслари ҳам ушбу ғояга ҳамоҳанг эканини қайд этиш лозим.
Бу Арафот майдонида Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳожиларимизнинг мурожаатида ҳам ўз аксини топди. Жумладан, мазкур мурожаатда ҳожиларимиз юртга қайтгач, “Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари” деган эзгу ташаббусни бир овоздан илгари суриб, Учинчи Ренессанс яратувчиларини тарбиялашда Президентимизга кўмакчи бўламиз, деб ваъда берди.
Шунингдек, Ватанимиз тараққиётига холис хизмат қилиш, маҳаллаларда тинчлик ва бирдамликни мустаҳкамлаш, тинчлик-осойишталикнинг қадрига етиш, халқимизни маънан юксалтириш, жамиятдаги ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини ошириш кабиларни тарғиб этиш борасида фаол бўлишни айтиб ўтди.
Ўз навбатида, ҳожиларимиз китобхонлик маданиятини юксалтириш, илм-маърифатга ҳомийликда намуна бўлиш, тўйлар, оилавий тадбирлар ва маросимларда меъёрга амал қилган ҳолда камхарж ва ихчам ўтказишда бош-қош бўлиш, маҳаллалардаги нотинч оилалар, шу жумладан, тарбиясида муаммоси бор ёшлар ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш, ҳудудлардаги мактабларнинг таъмирга муҳтож қисмини жорий таъмирлаш ишларига кўмаклашиш, хайрия, меҳр-мурувват ва ёрдам кўрсатиш ишларини кўпайтириш каби ташаббусларни қатъий амалга оширишга аҳд қилди.
Азиз юртдошлар! Шубҳасиз, ушбу шукуҳли кунлар том маънода барчамиз учун катта байрам, хурсандчилик онларидир. Мўътабар манбаларда саодатли дамларни шоду хуррамлик билан ўтказиш бўйича кўп тавсиялар келган. Уламоларимиз: “Ҳайит кунлари шодликни изҳор қилиш диннинг шиорларидан”, дейишади. Демак, Қурбон ҳайити кунларида қувончимизни, саховатимизни ҳар қачонгидан кўра кўпроқ намоён қилишимиз лозим. Айниқса, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга ёрдам кўрсатишга шошилишимиз лозим.
Ушбу фазилатли кунларда муборак манзилларда туриб, она Ватанимизга тинчлик-осойишталик, халқимизга янада фаровон ҳаёт, фарзандларимизга бахту саодат сўраб, дуолар қилмоқдамиз!
Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин!
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий