Муқаддас динимизда ҳар-бир мўминнинг ўзига яраша ҳақ ва мажбуриятлари бор. Буларнинг барчаси Роббисига қуллик қилиш асносидаги вазифалардир. Яъни, ибодатлар ва муомалотлар. Ибодатлар деганда, банда бажариши керак бўлган барча фарз ва нафл амалларни ўз ичига олади. Намоз, рўза, закот, ҳаж ва ҳоказолар каби. Муомалотлар деганда эса, энг аввало ота-она ва фарзанд борасидаги ҳақ-ҳуқуқлар, сўнгра қариндош-уруғ, қўни-қўшни ва жамиятда яшовчи ҳар-бир инсон билан қилинадиган ижтимоий мулоқотлардир. Ушбуларга амал қилиш бу - Аллоҳ таоло томонидан ажрларга, мукофотларга сазовор бўлишнинг боиси бўлса, уларга риоя қилмаслик, албатта инсонни гуноҳкор бўлишига ва азобга дучор бўлишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: ''Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим'' (Зориёт, 56). Яъни, ушбу оятдаги ибодат маъноси, юқорида зикр қилинган барча ҳақ ва мажбуриятларни банда томонидан ижросини таъминлаб қўйишдир. Шунинг учун ҳам динни жамиятда аҳамияти юксак. Қайси бир жойда дин бўлмаса, одамлар ҳалол, ҳаромнинг фарқига бормаса, гуноҳни нима эканини англамаса, оқибатини ҳис этмаса, ҳоҳлаган ишини қилса, табиийки, уша жамият парокандаликка юз тутади. Жиноятчилик авж олади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: ''Дин насиҳатдир'', деб бежиз айтмаганлар. Яъни, агар шу насиҳатчи динимиз бўлмаса, Аллоҳ асрасин, ҳолатимиз анча аянчли бўларди. Қолаверса, мусулмончиликда итоатсизлик, жиноятлар сари етаклайдиган ҳар-қандай ҳолат, ҳоҳ у моддий, ҳоҳ маънавий бўлсин, қаттиқ қораланган.
Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида шундай дейди: "Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз! Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқинч ва ҳам умид билан дуо қилингиз! Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир." (Аъроф, 56). Бир жойга бориб бузғунчилик қилиш, одамларни бир-бирига гиж-гижлаб, фитналар қилишнинг ўзигина эмас, балки кўпинча кўзимиз илғамайдиган майда хатоликларга йўл қўйишни ҳам айтса бўлади. Чунки гоҳида биз эътибор қилмайдиган ушбу камчиликлар бора-бора улкан гуноҳларга айланиб кетиши мумкин.
Қонунчилигимизда, бир жиноят қилган одамга айрим ҳолатларда, бир нечта моддалар қўлланилади. Яъни, фалон модданинг а ва б бандига асосан айбдор, деб топилсин, деган маънода. Динимизда ҳам шу каби ҳолат бор. Яъни, битта гуноҳ ишни қилиш ортидан бир нечта хатолик қилган одам сифатида баҳолаш. Масалан, бир мўминнинг уйини ўмарган одамни олайлик. Ўғрилик қилиши бир гуноҳ. Мўминнинг молига тажовуз қилиш ҳаром, бу иккинчиси. Бировнинг уйига сўроқсиз кириши эса, учинчи гуноҳдир. Яъни, биргина ўғрилик кетидан уч хил гуноҳни бўйнига юклаб олмоқда. Албатта бундай мисолларни бошқа кўринишдаги хатоларда ҳам келтириш мумкин. Айтмоқчи бўлганимиз, инсон қайси жиноятга қўл урмасин, ўғирлик, зино, қатл каби улкан гуноҳлар бўладими, ёки бошқа майда безориликми, токи сидқидилдан пушаймон бўлиб, тавбалар қилмас экан, оқибати аламли азоб бўлади, ўзгаси эмас. Бу тушунчаларни эса, бугунги кунда ўсиб келаётган авлодга тўғри сингдиришга ҳаракат қилмас эканмиз, келажакда ўзимизга оғир юк бўлади.
Қодиржон Умурзаков
Поп тумани «Муҳаммаджон қори»жоме масжидининг имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Кўпчиликка маълум ва машҳурки, фиқҳ илмининг бир неча хусусиятлари бор. Масалан, фиқҳ илмининг жазонинг дунёда ва охиратда бўлиши, шумул, яъни кенг қамровлилик, муруна, яъни мослашувчанлик, сабот, яъни ўзгармас ҳукмлар, тайсир, яъни умматга енгиллик қилиш, харажни, яъни машаққатни кетказиш каби хусусиятлари бор.
Ҳанафий фиқҳининг ривожланиш босқичлари ҳамда унга нисбат бериладиган шубҳалар ҳақида сўзлашдан олдин икки масалада қўшимча қилишни лозим топдик.
Масалан, фиқҳ илмининг жазонинг дунёда ва охиратда бўлиши, шумул, яъни кенг қамровлилик, муруна, яъни мослашувчанлик, сабот, яъни ўзгармас ҳукмлар, тайсир, яъни умматга енгиллик қилиш, харажни, яъни машаққатни кетказиш каби хусусиятлари бор. Уларни кўпчилигимиз биламиз, илгари бу мавзулар ҳақида кўп эшитганмиз.
Шомиллик, яъни қамровнинг кенглиги, деганимизнинг маъноси шуки, дунёда ҳеч бир қонун, ҳеч қайси низом инсон ҳаётини фиқҳчалик тўлиқ қамраб ололмайди. Дарҳақиқат, банданинг Аллоҳ таоло билан муомаласига ҳам, ўзи яшаётган жамият билан, жуфти ҳалоли билан, оиласи билан, қўни-қўшнилари, яшаётган давлати ва ҳоказолар билан муомаласига ҳам айнан фиқҳ илми мезон қўйиб бериб, ушбу алоқаларни тартиб-интизомга келтиради. Кўриниб турибдики, бунчалик кенг қамровли тармоқни фиқҳдан бошқа жойдан топа олмайсиз.
Аслида тўхталиб ўтмоқчи бўлган нуқта ушбу «шумул» хусусияти ҳақида эмас, балки «муруна», яъни мослашувчанлик ва «сабот», яъни ўзгармас ҳукмлар борасида эди. Эътибор берган бўлсак, фиқҳ қонуниятлари қадимдан чўлу биёбон, саҳроларда ҳам, ривожланган шаҳарларда ҳам татбиқ этиб келинмоқда. Ўн аср олдин ҳам амалда қўлланилган, ҳозирги кунда ҳам қўллай оламиз. Мана шу хусусият фиқҳнинг «мослашувчан»лигини сифатлаб беради, яъни фиқҳдаги мана шундай улкан мослашувчанлик туфайли биз уни ҳар қандай замонда, ҳар қандай маконда ҳаётга татбиқ қила оламиз.
Хўш, фиқҳдаги бу мослашувчанлик, универсаллик қаердан келган? Албатта, фиқҳда турли-туман ихтилофлар борлигидан келиб чиққан. Шунга кўра, фиқҳ илми гоҳида «ихтилоф илми» деб ҳам аталади. Фиқҳдаги ихтилофларнинг бор бўлиши зарурий нарсадир. Бунда ихтилофнинг муайян мазҳаб ичида бўлиши ёки мазҳаблараро бўлишининг фарқи йўқ. Агар биз фиқҳни биргина фикрдан иборат десак, ушбу ягона ҳукмни барчага баробар татбиқ этмоқчи бўлсак, ўзимизни катта қийинчиликка дучор этган бўламиз.
Бугунги кунда ташаддуд йўналиши фиқҳий ихтилофларга барҳам беришни, фиқҳда ягона фикр бўлиши кераклигини ёқлаяпти. Уларга қолса, умуман, ихтилоф деган нарса бўлмаслиги керак. Бу йўналиш тарафдорлари, масалан, ҳаммада бир хил соқол, бир хил кийим, барча масалада бир хил ҳукм бўлишини хоҳлайди.
Бизнинг баҳсимиз асосан ташаддуд, мўътадиллик ва таҳаллул йўналишлари борасида бўлади.
Юқорида айтганимиздек, ташаддудчилар фақатгина битта фикрни қабул қилишади, ихтилоф бўлишини инкор қилишади.
Аҳли сунна вал жамоа сифатида бизнинг қоидамиз бундай: «Фикримиз тўғри, лекин хато бўлиш эҳтимоли ҳам бор. Биздан бошқаларнинг фикри нотўғри, лекин тўғри бўлиш эҳтимоли ҳам бор».
Қоидамиз шу. Ҳанафий мазҳаби вакили сифатида мен ҳам: «Менинг фикрим тўғри», дейман. Бу 99 фоиз ёки 99,9 фоиз тўғри дегани бўлади. Лекин «Менинг фикрим ҳақ!» демайман, «Менинг фикрим тўғри», дейман. Шунда гарчи 1 фоиз ёки 0,1 фоиз бўлса ҳам, мендан бошқаларнинг фикри ҳам тўғри бўлиш эҳтимоли бор бўлади. Мана шу эҳтимол мени бошқаларнинг фикрини тўғри қабул қилишга, улар билан ҳамжиҳатликда яшашга ундайди. Шундагина мен мазҳаблар ўртасидаги жузъий ихтилофларни тўғри қабул қила оламан. Шундагина мазҳаблар орасидаги ихтилоф ўша мақталган ихтилоф бўлади.
Шунга кўра, фиқҳнинг универсаллиги айнан мазҳаблар ўртасидаги жузъий ихтилофларнинг борлигидан келиб чиққан. Бунинг самараси шуки, агар ҳанафий мазҳабимиздаги бир масалага амал қилиш вазият сабабли торлик қилиб қолса, масалан, шофеъий мазҳабидан фойдаланиб туришимиз мумкин. Мисол учун, ҳаж ойларида ёки Рамазон ойида Масжидул Ҳаромда намоз ўқияпсиз, дейлик. Бу вақтларда у ерда жуда катта издиҳом бўлади, оломон ниҳоятда тирбанд бўлади. Фараз қилайликки, олдингиздаги сафда ёки ёнингизда аёл киши намоз ўқияпти, сиз эса намозга иқома айтилаётгани учун бошқа жойга ўта олмадингиз. Бу ҳолатда бизнинг мазҳаб қоидасига кўра, намозингиз дуруст бўлмай қолади. Лекин бошқа мазҳаб бўйича дуруст бўлаверади. Демак, бошқа мазҳабга кўра намозингиз дуруст бўлишига имкон бор экан. Кўриниб турибдики, ихтилоф бизга торчилик пайтида кенгчилик берди, биз ундан фойдаландик.
Худди шунингдек, ҳар бир мазҳаб ичида ҳам бир қанча ички ихтилофлар бор. Масалан, бир масала бўйича мазҳаббошилар томонидан уч
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан