Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
04 Октябр, 2025   |   12 Рабиъус сони, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:05
Қуёш
06:23
Пешин
12:17
Аср
16:15
Шом
18:04
Хуфтон
19:16
Bismillah
04 Октябр, 2025, 12 Рабиъус сони, 1447

Саловат айтувчилар

11.01.2017   29136   4 min.
Саловат айтувчилар

Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасининг 56-оятида: “-Албатта Аллоҳ ва унинг фаришталари Пайғамбарга саловот айтурлар. Эй иймон келтирганлар! Сиз ҳам Унга саловот айтинг ва кўп салом йўлланг!”, деб марҳамат қилган.

Оятдаги “юсоллун” калимаси – “саловот айтурлар" деган маънони англатади. Араб тилида саловат сўзи “салот” калимасининг кўплиги ҳисобланиб, “дуо, мағфират сўраш” маъноларини билдиради. Аммо дуо маъноси Аллоҳ таолонинг саловат айтиши деган маънога тўғри келмайди. Аллоҳ таоло Пайғамбарнинг ҳаққига дуо қилмайди, чунки бир кишининг ҳаққига дуо қилиш – учинчи томондан унга манфаат сўрашдир. Аллоҳ таолога нисбатан эса бунинг имкони йўқдир. Уламолар: “Саловат Аллоҳ томонидан бўлса, раҳматдир ва бу хос раҳматдир” деб айтиб ўтишган.

Хос раҳмат – Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло фаришталар ҳузурида у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни мақташ ва улуғлашдир. Яна Роббул оламиннинг салавоти сано, улуғлаш, икром қилиш, хос шафқат, хос мағфират ва шу каби яхшилик, фазл, икром, мадҳ, сано, нур ва зиё маъноларини ўзида жам қилади. Аллоҳ таолонинг у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни улуғлаши бу дунёда у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг зикрини олий қилиш, динини зоҳир қилиш, шариатини боқий қилиш ҳисобланади. Охират манзилида эса “мақомул маҳмуд”ни ато этиш билан аввалгию охиргиларга у зотнинг фазлларини кўрсатиш, умматларига шафоатчи бўлишлари, ажру савобларини кўпайтириш ва барча муқаррабу шоҳидлардан муқаддам эканларини зоҳир қилишдир.

Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) “юсоллун” – “Пайғамбарга саловат айтурлар” оятини “баракот тилайдилар” деб, яъни “барака тилаб дуо қиладилар”, деб изоҳлаганлар.

Фаришталарнинг саловати эса истиғфордир яъни фаришталар тарафидан саловат айтиш Аллоҳдан мағфират сўраш ҳисобланади. Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га фаришталарнинг саловат айтиши у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳақларига дуо қилишлари, истиғфор айтишлари маъносида бўлади.

Мўминларнинг Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га саловат айтишлари эса, улар томонидан бўлган дуо ва улуғлаш маъносидадир.

Жумҳур уламолар: “Киши умри мобайнида бир маротаба саловат айтиш вожибдир. Набий (саллоллоҳу алайҳи ва саллам)га саловат йўллаш, зикр – тасбеҳ, ҳамд айтиш каби ибодатдир” – деганлар.

Имом Насоий Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким менга бир марта саловат айтса, Аллоҳ унга ўн марта саловат айтади. Унинг ўнта гуноҳи ўчирилади. Ўн даража юксалтирилади” дедилар.

Имом Аҳмад келтирган ҳадисда Абдуроҳман ибн Амр (розияллоҳу анҳу): “Кимки Набий (саллоллоҳу алайҳи ва саллам)га битта саловат йўлласа, Аллоҳ таоло ва фаришталар унинг ҳаққига етмишта саловат йўллайди” деб айтганлар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Имом ибн Можа ривоят қилган ҳадисда эса Омир ибн Робиъанинг отаси бундай дейди: “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Ким менга саловат айтса, фаришталар унга ҳам менга айтган саловатининг баробарида саловат айтиб турадилар. Банда саловатни хоҳласа, оз айтсин, хоҳласа кўп”, деганларини эшитдим” деган.

 Имом Шофеъий ва имом Байҳақийдан келтирилган ҳақисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларнинг жаннатда менга энг яқин бўладиганларингиз, менга саловатни кўпроқ айтадиганларингиздир. Бас, ёруғ кеча ва нурли кунда менга саловат айтишни кўпайтиринглар”, дедилар. Ҳадиси шарифдаги “ёруғ кеча”дан мурод жума кечаси, “нурли кун”дан мурод жума кунидир.

Демак, ким у зот (соллалоҳу алайҳи ва саллам)га саловат айтувчилардан бўлса, Аллоҳ таолонинг ва муборак фаришталарнинг саловатларига ноил бўлиши, ҳамда жаннатда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га манзили яқин бўладиганлар қаторида туриш бахтига етишади, иншоаллоҳ.

Н.Ғофурова,

“Хадичаи Кубро” ўрта-махсус ислом

 билим юрти ўқитувчиси

 

Бошқа мақолалар

“Нега йиғлаяпсан, эй ҳадис толиби?”

02.10.2025   3238   2 min.
“Нега йиғлаяпсан, эй ҳадис толиби?”

Ҳишом ибн Аммор бундай ҳикоя қилади: «Мадинага, имом Моликнинг ҳузурига келдим. У киши худди подшоҳлардек ҳайбат билан ўтирар эдилар. Атрофларида шогирдлари ўтирар, яна бир гуруҳ одамлар тик туришар эди.

Одамлар у кишидан савол сўрашар, у киши эса жавоб берар эдилар. Савол-жавоблар тугагач, ёнларига бориб, Менга ҳадис айтиб беринг, дедим. У киши Йўқ, сен ўқи, мен эшитиб тураман дедилар.

Мен эса Йўқ, сиз айтиб беринг, дедим. У киши яна “Сен ўқи, дедилар. Қайта-қайта сўраверган эдим, бир кишини чақириб, Ҳой йигит, мана буни ўн беш қамчи ур, дедилар. Мени қамчилашди. Аламимдан йиғлаб юбордим.


Имом Молик йиғлаганимни кўриб, Нега йиғлаяпсан, эй ҳадис толиби? Жонинг оғридими? дедилар. Шунда мен: “Йўқ, жоним оғригани учун эмас. Отам уйини йигирма динорга сотиб, пулини менга бериб, Мадинага бориб, сиздан ҳадис эшитишимни тайинлаган эди. Илмдан олган насибам эса мана шу ўн беш қамчи бўлди. Энди мен сизни кечирмайман”, дедим.

Шунда имом Моликнинг кўнгли юмшаб, Хўп, бунинг каффорати нима экан? дедилар. Шунда мен Ҳар бир қамчи эвазига бир ҳадис айтиб берасиз, дедим. У киши “Мен анчадан бери ҳеч кимга ҳадис айтмаган эдим. Одатда менга ўқиб эшиттиришади. Бошқа нарса айтақол, болам”, дедилар. Мен: “Йўқ! Бўлмаса сизни кечирмайман”, дедим. Шунда у киши менга ўн бешта ҳадис айтиб бердилар. Шундан кейин: Устоз, яна қамчилаб, яна ҳадис айтиб беринг, деган эдим, “Э бор-е”, деб уришиб бердилар.

 

Нодирбек ХИДИРОВ,
Имом Заҳабийнинг “Сияру аъламин-нубало”,
Ибн Асокирнинг “Тариху Димашқ” китобларидан эркин таржима.