ОИТС (орттирилган иммунитет танқислиги синдроми) ҳозирги вақтда жаҳон жамоатчилигини ташвишга солаётган энг xавфли хасталикдир. 1 декабрь – Умумжаҳон ОИТС (СПИД)га қарши кураш куни, деб эълон қилинган. Шу муносабат билан 29 ноябрь куни “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда “Соғлом она ва бола йили” режасига мувофиқ “Соғлом бола – юрт таянчи” мавзуида давра суҳбати ўтказилди. Ушбу тадбирга Тошкент шаҳар ОИТСга қарши кураш маркази мутахассиси Акбаров Шуҳрат Фирдавсович таклиф этилди.
Дастлаб, ЎзТВ томонидан ишланган ОИТС касаллиги ҳақида маълумотлар берувчи видеоролик намойиш этилди. Мавзу бўйича мутахассис Шуҳрат Акбаров сўзга чиқиб, дастлаб талабалар билан интерактив усулда савол-жавоб билан бошлади. Талабалар ушбу мавзудаги ўзларида бор маълумотлар билан жавоб беришди. Шундан сўнг ҳар бир шахс ўз соғлиги ҳақида қайғуриши лозимлигини таъкидлаб ўтди. ОИТС касаллиги нафақат бизнинг диёримизда, балки бутун жаҳонда глобал муаммо ва унга қарши курашиш барча учун муҳим вазифа эканини таъкидлаб ўтди. Бу касаллик миллат, ҳудуд, жинс танламайдиган хатарли касаллик эканини талабаларга тушунтириб берди.
Тадбир давомида йиғилганларга гиёҳвандлик ва ОИТС касаллигини акс эттирувчи маълумотлардан иборат тарқатма материаллар (буклетлар) тарқатилди.
Мутахассис Ш. Акбаров ОИТСнинг гиёҳвандлик билан боғлиқлиги, ҳозирда гиёҳвандлик марказлари, ОИТС тарихи, унинг республикамизга кириб келиш босқичлари ва бу касалликнинг тарқалиш сабабларини ҳам статистик маълумотлар асосида слайдлар орқали кенг ёритиб берди.
Шунингдек, ОИТС га қарши кураш бўйича қабул қилинган халқаро конвенциялар, имзоланган шартномалар ва қабул қилинган қонун ва қонуности ҳужжатлари, уларнинг аҳамияти тўғрисида алоҳида таъкидлаб ўтди. Ушбу касалликнинг юқиш йўллари, касалликнинг дастлабки белгилари ва аломатларини ҳам айтиб, бу касаллик келтириб чиқараётган ёмон оқибатлар тўғрисида ҳам гапириб ўтди. Фуқароларнинг тиббий хизматдан фойдаланишдаги ҳуқуқ ва бурчларини эслатиб ўтди.
Давра суҳбати қизғин баҳс-мунозаралар билан давом этди. Давра суҳбати тингловчиларининг мавзуга доир ва ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан берган саволларига мутахассис Ш. Акбаров аниқ ва кенг қамровли тушунчалар берди.
Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими
#xabar #kirish_imtihoni #hadis_ilmi_maktabi
Бугун, 24 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Ҳадис илми мактабининг 2025-2026 ўқув йили учун қабул имтиҳонлари бошланди.
Шу муносабат билан эрта тонгда Тошкент шаҳридаги Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф жоме масжидида бўлиб ўтган тадбирда Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутасаддилари, имтиҳон олувчи педагог-ўқитувчилар, абитуриентлар иштирок этди.
Дастлаб Ҳадис илми мактаби ректори Барот домла Амонов қабул имтиҳонларини юқори савияда ўтказиш учун кўрилган тайёргарлик ишлари, абитуриентларга яратилган шарт-шароитлар ҳақида маълумот берди.
Тадбирда Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Мақсудов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ва Диний идора раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов нутқ сўзлади. Нотиқлар юртимизда диний таълимга берилаётган эътибор ҳақида сўз юритиш баробарида қабул имтиҳонларида абитуриентларнинг билимлиларини саралаб олиш асосий мақсад эканини алоҳида таъкидлашди. Шунингдек, имтиҳонларни шаффоф, очиқ ва ошкора ўтказилиши таъминланишига урғу беришди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими бошлиғи ўринбосари Шерзод Чўлпонов томонидан ижодий имтиҳонни ўтказиш тартиби ва баҳолаш мезонлари тушунтирилди. Шундан сўнг Қабул ҳайъати аъзолари, абитуриентлар ва ота-оналар гувоҳлигида имтиҳон варақалари солинган ва муҳрланган махсус қоплар очилиб, ижодий имтиҳонга старт берилди.
Маълумот ўрнида, бугун “Ҳадис” ва “Мусталаҳул ҳадис” фанларидан оғзаки ижодий имтиҳон ўтказилади. Эртага, 25 июль куни Араб тили ва Ўзбекистон тарихи фанларидан тест синовлари бўлиб ўтади.
2025-2026 ўқув йили имтиҳонлари ҳақидаги сўнгги янгиликларни @qabulmuslimuz телеграм саҳифасида кузатиб боринг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати