ДАФНА, лавр – лаврдошлар оиласига мансуб доим яшил дарахт ёки буталар туркуми. Барги кетма-кет, қалин, тўқ яшил, усти ялтироқ, Гули оқиш-сариқ. Меваси қора ёки кўк, данакли, бируруғли. Асл дафна тури кўпроқ тарқалган. Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятида, Кавказ ва Қримнинг Қора денгиз соҳилларида, Озарбайжонда ўстирилади. Қуритилган барги зиравор сифатида ишлатилади.
ДАФНА япроғи (лавровый лист – рус.) – дафна дарахтининг қуритилган барги, хушбўй ҳидли зиравор. Таркибида 3% гача эфир мойи бор. Пазандачиликда ишлатиладиган дафна япроғи тўқ яшил, оч яшил рангда, калта бандли, мазаси тахирроқ. Суюқ ва қуюқ овқатларга, шўрваларга солинганда (суюқ овқатларга овқат пишишидан 5 минут олдин, қуюқ овқатларга 10 минут олдин) ўзига хос таъм ва хушбўйлик беради, тузламаларга қўшилади; ғоз, ўрдак, балиқ гўштлари, консерва ва қандолатчилик саноатида ишлатилади. Тузлашда 100 кг карамга 3—4 дона япроқ ишлатилади. (“ЎзМЭ”дан)
Қадимдан лавр сўзи омад, улуғлик, ғалаба ва шараф сўзлари маъносини беради. Лавр япроқли шохчалари гулдастаси билан мусобақа ғолибларини тақдирлашади. “Лауреат” сўзининг маъноси ҳам лаврларга бурканган маъносини беради. Бу барглар нафақат зиравор сифатида, балки шифобахш хусусиятлари билан қатор иллатлардан фориғ бўлишда ҳам қўл келади: уни истеъмол қилиш билан организмдаги қанд миқдорини ҳам пасайтириш мумкин. Фақат бугина эмас.
Янги узиб олинган дафна япроқлари қуритилгач, қуруқ хонада сақланса, бир неча йилгача ўзининг фойдали хусусиятларини йўқотмайди. Узилган япроқлари саноат услубида қайта ишлов берилгач, улардан эфир мойи тайёрланади. Бу япроқлар эфир мойларига жуда бой. Кимёвий таркибида қатор органик кислоталар мавжуд – капрон, уксус ва валерьян, антибактериал хусусиятларга эга бўлган фитонцидлар, хушбўй моддалар, микроэлементлар ва мойли кислоталар мавжуд.
Дафна япроқлари дамлама ёки қайнатма шаклида қадимдан анъанавий халқ табобатида ер юзининг ҳамма минтақаларида – шарқий ва ғарбий Европада, шунингдек Осиёда турли касалликларни даволашда ишлатилади.
Дафна барги бозор ва дўконлар пештахталарида сотилади. У кучли таъсир қилувчи табиий антибиотик, шунингдек, модда алмашинув жараёнларининг катализаторидир.
Дафна барги қайнатмасининг фойдалари
Қайнатмаси организмда йиғилган турли зарарли тузларни чиқариб юборишни тезлатади. Бу қайнатмадаги актив моддалар ўт пуфагида пайдо бўлган тошлар, бўғимларда йиғилган тузларни чиқариб юборишда, шунингдек, холециститга хос бўлган шамоллашларни олишда ёрдам беради.
Қайнатманинг қандли диабетда ҳам бавосирда ҳам фойдаси катта (бундай ҳолда ҳам даволовчи шифокор маслаҳатини олиш зарур).
Бу тавсиялар узоқ вақт давомида ҳар куни бу қайнатмани истеъмол қилиш учун эмас, чунки уни истеъмол қилиш бўйича даволаниш курсини бир йилда уч ҳафтадан кўпайтириш мумкин эмас.
Дафна дамламаси
Қайнатмасидан дамламаси организмга юмшоқроқ таъсир қилади, уни кўпинча ич кетишида истеъмол қилинади.
Бундан ташқари бу дамламага бироз асал қўшилса, шамоллашга қарши таъсирли воситага айланади.
Яна шуниси қизиқарлики, бу дори қандли диабетга қарши мислсиз бўлиб, умумий қанд миқдорини пасайтиради.
Биринчи вариант бўйича-шамоллашдан фориғ бўлиш учун энг яхши ва фойдалиси ванна қилиш (бунда бу дамламадан бир литри ҳам кифоя қилади), ҳамда шу дамлама билан артиниш ҳам мумкин. Ванна қилиш 15 минутгача давом этади, бу муолажа бир ҳафта давом эттирилади.
Иккинчи вариант бўйича дафна дамламаси ичилади, бу эса, аллергиянинг биринчи белгилари пайдо бўлиши билан касалликдан ва унинг биринчи аломатларидан фориғ бўлишнинг анъанавий усулидир (лозим бўлса, бир неча кун ичилади).
Инсон организмига таъсири
Бу ўсимлик япроғи бутун дунёда кенг тарқалган кундали таомларга солинадиган зиравор бўлиши билан бир қаторда шифобахш воситадир. Унинг шифобахшлиги хусусида тўхталамиз. Шифокорлар унинг шифобахш хусусиятларини асрлар давомида ўрганишган. Бунинг натижасида қуйидаги хулосага келишган, дафна қуйидаги хоссаларга эга:
Бу зиравор уй шароитида сизга саломатликка оид турли муаммоларни ҳал этишда қўл келади.
Дафна япроғи таркибига РР, С, В, А витаминлари ва қатор фойдали элементлар киради:
Бу фойдали моддалар бизнинг саломатлигимиз учун керак, улар инсон организми учун муайян миқдорда ҳар куни ниҳоятда зарур.
Кўпчилик дафна япроғи калорияли эмас деб ўйлайди, аслида бундай эмас. Ўсимлик сифатида у озиқавий қувватга жуда бой, 100 грамида 313 ккал қувватга эга.
Дафна япроғи фойдалари
Ҳаддан ташқари кўп терлайсизми? Ўзингизга хушбўй дамламали ванна тайёрланг (100 г дамламага 1 л сув ҳисобида). Сизни асалари чақиб олдими? Бунда ҳам сизга дафна япроқлари қўл келади, япроқни ари чаққан жойга босинг, оғриқ босилади.
Агар оғзингиздаги нохуш ҳид безовта қилаётган бўлса, биттадан хушбўй дафна япроғини эрталаб, тушликда ва кечқурун чайнанг, шундан кейин бир соат давомида бошқа нарса еманг ва ичманг, бу муолажанинг натижаси чиройли бўлади.
Даволаш мақсадида дафна япроғи ва ёғи ишлатилади. Таркибида мавжуд бўлган юқори миқдордаги эфир мойи ва хушбўй моддалар, органик кислоталар халқ табобатида иштаҳани яхшилаш, овқат ҳазмидаги муаммоларни ҳал қилиш, жигар, ошқозон-ичак йўллари касалликларини даволаш, бўғимларни даволаш ва пешоб ҳайдовчи восита сифатида қўлланади. Таркибида юқори миқдорда мавжуд бўлган фитонцидлар иммунитетни кучайтириш ва сил касаллигининг олдини олишга хизмат қилади. Унинг ёғлари ревматизм, фалаж ва шамоллашни даволашда терига суртиб ишлатилади.
Даволаниш мақсадида дафна япроғининг фақат сифатлисини ишлатиш лозим, япроқлар зайтун рангида ва ўткир хушбўйлигини йўқотмаган бўлиши лозим. Ишлатишдан олдин баргларни бирма-бир кўздан кечириш ва совуқ сувда ювиб олиш зарур. Уни бир йилдан ортиқ сақланмайди, бу муддатдан сўнг у ўз хусусиятларини йўқотади ва аччиқ бўлиб қолади.
Дафна япроғи халқ табобатида қатор касалликларни даволашда ишлатилади. Қуйида дафна япроғидан турли касалликларни даволаш мақсадида тайёрланадиган дори-дармонларни келтирамиз:
Артрит и бўғим оғриқлари, бўғимларни турли тузлардан тозалаш ва организмдан ҳар хил хилтларни чиқариб юбориш учун 5 грам дафна япроғини сирли кастрюлга солиб 300 миллилитр сувда паст оловда 5 минут давомида қайнатилади. Сўнг яхшилаб ўраб қўйилади ёки термосга қуйиб қўйиб 3-5 соат тиндирилади. Аралашмани докадан ўтказиб, кун давомида оз-оздан хўплаб-хўплаб ичилади. Бундай қайнатмани ҳар куни янгидан тайёрлаб уч кун давомида ичилади, бир ҳафта ўтказиб, бу муолажа такрорланади. Биринчи йил муолажани ҳар уч ойда бир марта, кейинги йилларда йилига бир марта амалга оширилади. Бу муолажа давомида гўштли овқат ейилмайди, алкогол ичимликлар ичилмайди. Аралашма ичилган кунларда оғриқ вақтинча бироз кучайиши мумкин. Бу қайнатмани организмнинг умумий ҳолатини яхшилаш, касалликларнинг олдини олиш мақсадида ҳам ичиш мумкин.
Сиқувчи оғриқлар. Майдаланган дафна япроғидан 5 г ини термосга солиб, устидан 300 мл қайнаб турган сув қуйилади, 3 соат давомида тиндирилади, сўнг докадан ўтказилади. Майда-майда хўплаб бўлиб-бўлиб 12 соат давомида ичилади. Бу рецепт асосидаги муолажа 2 кун давом эттирилади.
Қандли диабет. 10 та дафна япроғини термосга солиб, устидан 3 стакан қайнаб турган сув қуйилади, 2-3 соат тиндирилади. Дамлама кунига 3 маҳал овқатланишдан 30 минут олдин ярим стакандан ичилади. Бу муолажа икки ҳафта давом эттирилгач, икки ҳафта танаффус қилинади. Дамлама икки ҳафта ичилгач, организмда углевод алмашинуви меъёрига келади, қанд миқдори жойига тушади.
Буйрак етишмовчилиги. 1 чой қошиғида майдаланган дафна япроғи 2 стакан сувда кучли оловда қайнатилиб, 2 соат давомида тиндирилади, кунига 2 маҳал 1 ош қошиғида ичилади.
Псориаз. 10 та йирик дафна япроғини термосга солиб, устидан ярим литр қайноқ сув қуйилади, 2 соат тиндириб, докадан ўтказилади. Тайёрланган дамлама кунига 3 маҳал овқатланишдан 20 минут олдин ярим стакандан ичилади.
Қулоқ оқиши. 2 ош қошиғида майдаланган дафна япроғи устидан 200 мл грам қайнаб турган сув қуйилади, 1-2 соат тиндирилади. Дамламадан кунига 3 маҳал ёки 1 маҳал кечқурун ухлаш олдидан қулоққа томизилади (дори томизилгач, қулоққа пахта-тампон тиқиб қўйиш лозим).
Говмичча. 3 та катта япроқ 1 стакан сувда чойнак ёки кружкада қайнатилади. Совиб қолмасидан иссиқлигин чой каби оз-оздан ичилади. Шу тартибда ҳар соатда янги япроқлар солиб, давом эттирилади. Кун давомида 6-7 стакан ичилади. Тун давомида говмичча пишиб чиқади, эрталаб тузалиб, йўқ бўлади.
Гайморит.10 та япроқ устидан 1 литр сув қуйиб, паст оловда 5 минут давомида қайнатилади. Оловдан олинади. Бош устидан сочиқ ёпиб, ўралиб, 5 минут давомида қайнатма буғидан нафас олинади. Зарурат бўлса, бу муолажа яна такрорланади. Муолажадан сўнг йиринг қайтиб бошлайди.
Бўғин касалликлари, титроқ, шол, фалаж, узоқ ётган касаллик оқибатида ҳосил бўлган аъзоларнинг қотиб, жонсиз бўлиб қолиши. 30 г майдаланган япроқ устидан 200 г кунгабоқар- писта ёғи қуйилади. Иссиқда 7-10 кун тиндирилади (ёки 1 соат манти қасқонга ўхшаш идишда қиздирилади) ва докадан ўтказилади. Тайёр бўлган дори касал аъзога сиртдан суртилади.
Стоматит. Янги дафна япроғини чайналади.
Асалари чаққанида. Янги дафна япроғи чайнаб, оғиздан олиниб, асалари чаққан жойга қўйиб, устидан боғлаб қўйилади.
Дафна япроғидан тайёрланган дамлама билан муолажа қилаётиб, организм реакциясини кузатиб боринг. Бириктирувчи хусусиятларига кўра дафна қабзият келтириб чиқариши мумкин. Бундай хасталикка илгаридан мойиллиги бўлган кишиларга қизил лавлаги истеъмол қилиб, дафнали дори истеъмол қилиш миқдорини камайтириш тавсия этилади.
Дафна япроғи шифобахш хоссалари:
Таркибида мавжуд бўлган эфир мойлари ва хушбўй моддалар бу зиравор бутун организмга шифобахш таъсир этишига имкон беради. Унинг муҳим ва қимматли хоссаларидан яна бири кишида сил касаллиги ривожланишининг олдини олади.
Қандли диабетда
Кўпчиликни қандли диабетда дафна фойдалими, деган савол қизиқтириши табиий. Диабетнинг 1-хил кўринишида одатда инсулин қабул қилишга зарурат бўлмайди. Қандли диабетнинг 2-хил кўринишида қисқа вақт ичида организмдаги қанд миқдори ўйнаб-ўзгариб туради. Бу касаллик томирларга зарар етказади. Салбий оқибатларнинг олдини олишда дафна япроғи қўл келади. Бу оддий табиий восита диабетда қондаги қанд миқдори ва углевод алмашинувини муваффақиятли меъёрга келтиришда ишлатилади.
Бўғимлар учун ҳам унинг фойдалилиги исботланган. Бел ва суяклардаги оғриқларда ҳам ёрдам қилади. Бўғимларни даволашда кунига 1,5 г дан кўп бўлмаган миқдорда дафна япроғи истеъмол қилинади.
Ножўя таъсирлари
Дафна аллерген ўсимлик бўлиб, буйрак ва жигар фаолияти етишмовчиликларида, барча ички аъзолар шамоллаши касалликларида уни истеъмол қилиш тавсия этилмайди. Катта миқдорда уни истеъмол қилиш хунук оқибатларга олиб келади.
Дафна япроғи истеъмол қилиб бўлмайдиган ҳолатлар
Дафна япроғини истеъмол қилиш ҳомиладор ва эмизикли аёлларга, ўткир ёки сурункали буйрак етишмовчилиги бор кишиларга, қон кетишига мойил беморларга, оқсил моддалар алмашинувида бузилиш кузатилган кишиларга мумкин эмас. Бундай муолажани бошлашдан олдин шифокор маслаҳатини олиш лозим.
Оддий дафна оддий бўлмаган касалликлардан фориғ қилиши мумкин, лекин ножўя таъсирининг ҳам оқибати ёмон. Мутахассис шифокор маслаҳатисиз ўзини ўзи даволаш оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Шунинг учун даволанишнинг халқ усулларидан фақат тажрибали фитотерапевт маслаҳати билангина фойдаланиш мумкин.
Дафна япроғидан тайёрланган дорилар истеъмол қилиш қуйидаги ҳолларда мумкин эмас:
Жалолиддин Нуриддинов тайёрлади
25 ноябрь 2016 йил
Inson yaratilgan vaqtdan buyon jamiyat o‘rtasida uning huquqlari va majburiyatlari birga shakllandi. Huquq va majburiyatlar insonlar o‘rtasida paydo bo‘ladigan nizolarni oldini olish uchun yuzaga kelgan. Asrlar osha inson takomillasha borgan sari uning huquq va majburiyarlari ham shunga monan rivojlanib bordi. Shuning uchun ham Alloh taolo turli zamonlarda va turli millatlarga turli xil shariat mezonlarini nozil qilgan. Boshlang‘ich bosqichda islom davlatida huquqiy institutlar rivojlanmagan shaklda mavjud bo‘lib, islomning axloqiy vazifalari va mazhabiy figurasi bir-biri bilan hamohang va uyg‘unlashgan edi.
Shuni ta’kidlash kerakki, har bir jamiyatda, uning qanday sharoitda yashashidan qat’i nazar, unga tegishli bo‘lgan ishlar, muammolar, shaxsiy va ijtimoiy munosabatlarni tartibga solish, jamiyatda tinchlikni ta’minlab, jinoyatning oldini olish va boshqa ko‘p hayotiy muammolarini yechish uchun bir miqdor qonun-qoidalarga zarurat bo‘lgan. Islom dinini birinchi bo‘lib qabul qilgan arablar jamiyati yetarli darajada rivojlangan bo‘lmasa ham, o‘ziga xos qoidalar va an’analarga ega edi. Ularda salam (pulni oldindan to‘lab, pishib yetmagan mol, masalan, bug‘doyni keyinroq olish bitimi), muzoraba (sheriklik asosida pulni foydaga ishlatish uchun birovga berish), xilma-xil nikoh shakllari, hakamiyat (hakamlik), savdo va muomalotga tegishli bir qator urf-odatlar mavjud bo‘lib, jamiyatda qonun tusini olgan edi. Lekin mazkur udum va qoidalar yetarli darajada o‘sib rivojlanmagani tufayli, butun jamiyat hayoti sohalarini qamrab olib, birlashgan jamiyat va umumiy huquqiy tizim qurish uchun yetarli emasdi. Arablar qabilaviy sharoitda yashaganliklari uchun ularda markazlashgan hokimiyat yo‘q edi, bu esa yagona sud tizimini tashkil etish uchun imkon bermasdi. Makka shahri eng muhim tijorat markazi bo‘lgan. Savdo va tijorat sohasidagi qonunlarni savdogarlar o‘zaro ijro etardilar.
Oilaviy munosabatlar (qarindoshlik va meros)ga oid qonunlar, shuningdek, jazo qonuni,ham ko‘chmanchilar va ham shaharlarda yashovchi aholi orasida eski qabilaviy tuzum ta’siri ostida edi. Unga binoan biron-bir qabilaga mansub bo‘lmagan kishi qabilaviy qonun himoyasidan chetda qolardi[1]. Arablar orasida nizo va kelishmovchiliklar paydo bo‘lganda, tomonlar muzokara yo‘li bilan kelisha olmasalar, hakamlarga murojaat qilinardi. Hakamlar biron-bir xos firqaga mansub bo‘lmay, keng ma’lumotli, zukko va yaxshi nom chiqargan kishilar hamda ilohiy kuchga ega hisoblangan kohinlar ichidan tanlanardi.
Payg‘ambarimiz Muhammad sollallohu alayhi vasallam (payg‘ambarligidan ilgari) Ka’bani ta’mirlash ishlari olib borilganda Qoratosh (Hajarul-asvad)ni o‘rniga qo‘yish bo‘yicha urug‘lar orasida yuzaga kelgan nizoni hakam sifatida hal qilishga muvaffaq bo‘lgan edilar. Islom dini o‘z huquqiy tizimi va qonunchiligini rivojlantirar ekan, Qur’on va Sunnaga asoslangan holda arablar jamiyatida qonun darajasiga ko‘tarilgan urf-odatlar va an’anaviy udumlardan ham foydalandi. Shu ma’nodaki, ularning ayrimlari Qur’on oyatlari yoki hadislar orqali bekor qilindi, ayrimlariga o‘zgartirishlar kiritib qabul qilindi va ba’zilariga qonuniy tus berildi. Shuningdek, muzoraba va shirkat me’yorlari qabul qilinib, ribo (sudxo‘rlik) butunlay harom deb e’lon qilindi.
Hijriy I asrda islom huquqi shakllana boshlab, hijriy II va III asrlarda taraqqiyot bosqichlariga ko‘tarildi. Hijriy II asr boshlarida ilk huquqiy maktablar (mazhablar) yuzaga kela boshladi va yangi shakllangan islom jamiyati o‘zining boshlang‘ich huquqiy va qonuniy institutlari-muassasalarini qurishga muvaffaq bo‘ldi[2]. Arab xalifaligida ijroiy faoliyatlar va qonun tuzish ishlari bir-biri bilan chambarchas bog‘liq edi va uning maqsadi yangi tasarruf qilingan mamlakatlar idoralarini islom qonunlari asosida tashkil etib, boshqarish edi. Hijriy I asr o‘rtalariga kelib islom siyosiy qarama-qarshiliklarga duch keldi. Xavorij (xorijiylar) va shia firqalari ko‘pchilikni tashkil etgan ahli sunna val-jamoaga qarshi turdilar. Keyinroq shialar sunniylikning buyuk olimlari tomonidan asos solingan va takomillashtirilgan huquqiy tizimlarni iqtibos etib, hijriy II asrning ikkinchi yarmida ularga ayrim o‘zgartirishlar kirgizdilar[3]. Hijriy I asr asosan tasarruf etilgan mamlakatlar huquqiy normalarini ko‘rib chiqib, ularning urf-odatlarini shariat qonunlariga moslashtirish jarayoni bilan o‘tdi. Islom huquqining yaratilib, tartibga solinishi hijriy II asr o‘rtalarida boshlandi va o‘z taraqqiyot yo‘lini bosib o‘tdi. Islom huquqi o‘z rivojlanish bosqichlarini shu yo‘sinda bosib o‘tdi. Asli arab bo‘lmagan ko‘p xalqlar, ayniqsa, Movarounnahr faqihlari va muhaddislari uning rivojiga beqiyos darajada katta hissa qo‘shib keldilar. Islom tarixchilarining fikrlariga ko‘ra, islom huquqi (fiqh) o‘z taraqqiyot jarayonida quyidagi olti davrni bosib o‘tgan:
Birinchi bosqich: Payg‘ambarimiz Muhammad sollallohu alayhi vasallam davrlari;
Ikkinchi bosqich: Sahobalar davri;
Uchinchi bosqich: Tobeinlar davri;
To‘rtinchi bosqich: Mujtahidlar davri;
Beshinchi bosqich: Muharrijlar davri;
Oltinchi bosqich: Muqallidlar yoki taqlid davri[4].
Abdulhay Laknaviy rahimahulloh hanafiy mazhabi faqihlarini tabaqalashtirishda muharrijlar davridan so‘ng as’hobut-tarjih, ya’ni buyuk faqihlar tomonidan yozib qoldirilgan hukmlardan ayrimlarini zaruratga binoan bir-biridan ustun qo‘yish vakolatiga ega bo‘lgan olimlar davrini ham ko‘rsatib o‘tadi. Lekin bizning fikrimizcha, muharrijlar va as’hobut-tarjih davrini bir bosqich deb hisoblash mumkin, chunki ular ko‘pincha bir davrda yashab, o‘z vazifalarini bajarib kelganlar. Zamon o‘tishi va davr taqozosi bilan islom huquqi, ya’ni fiqh ilmi rivojlanib, asta-sekin tafsir, hadis va boshqa islomiy ilmlardan ajralib bordi. Payg‘ambarimiz hazrat Muhammad sollallohu alayhi vasallam vafotlaridan keyin sahobalar davri va undan keyin tobeinlar davri qaror topdi.
Hijriy II asrning dastlabki o‘n yilliklarida ilk huquqiy maktablar yuzaga kela boshladi. “Islomda huquq” kitobida ular “qadimiy huquqiy maktablar” deb atalgan. Biz ularni “ilk huquqiy maktablar” deb atadik. Mazkur maktablar hech qanday mushaxxas va konkret tashkilotni ko‘rsatmaydi, ularning foydalanadigan usul va qoidalari tizimga solinmagan va hech qanday rasmiy tus olmagan edi[5]. Ushbu maktablar vakillari bo‘lgan faqihlar o‘z sohalari bo‘yicha iqtidorli kishilar bo‘lib, islom ta’limotiga asoslangan barcha ilmlar, masalan, tafsir, hadis va fiqh ilmlariga qiziqardilar va ular bo‘yicha keng ma’lumot va yuksak malakaga ega edilar. Ular o‘z shaxsiy qiziqishlari asosida musulmonlar jamoasi orasida yuksalib, o‘z ilmu fazilatlari bilan barcha xalq tomonidan ishonch va hurmatga sazovor bo‘lgan edilar.
Ahli sunna val-jamoaga tegishli bo‘lgan ilk huquqiy maktablar quyidagilardan iborat edi:
1. Madina huquqiy maktabi;
2. Makka huquqiy maktabi;
3. Basra huquqiy maktabi;
4. Kufa huquqiy maktabi;
5. Shom huquqiy maktabi.
Basra va Kufa huquqiy maktablari Iroq maktabini tashkil etadi.
Misr o‘ziga xos huquqiy maktabga ega bo‘lmay, boshqa huquqiy maktablar, ayniqsa, Madina maktabi ta’siri ostida edi .
Ilk huquqiy maktablarning mashhur vakillari quyidagilardan iborat edi:
1. Madina maktabi namoyandalaridan Umar ibn Xattob, Ali ibn Abu Tolib, Abdulloh ibn Umar, Zayd ibn Sobit, Said ibn Musayyib, Zuhriy, Yahyo ibn Said va boshqalar.
2. Makka maktabidan Abdulloh ibn Abbos, Sufyon ibn Uyayna, Muslim ibn Xolid.
3. Iroq maktabidan Alqama ibn Qays, Qozi Shurayh, Ibrohim Naxaiy, Hammod ibn Sulaymon, Ibn Abi Laylo.
4. Shom maktabining vakili Abdurahmon Avzo’iy edi.
Fiqh tarixi mutaxassislari ta’kidlashlaricha, Iroq islom huquqining muhim markazlaridan biri edi. Hijriy II asr davomida ham Iroq bu sohada o‘z ustunligini saqlab qoldi[6]. Faqat doktor Muhammad Yusuf Muso turli shaharlarda tashkil topgan huquqiy maktablar qatorida Misrda ham shunday maktab bor ekanligini qayd etib o‘tadi . Ilk huquqiy maktablarning eng muhim jihatlari shundan iborat ediki, birinchidan, ular Qur’onga asoslanar edi va Sunnaga katta e’tibor qaratardi. O‘sha davrlarda qiyos, shariatning asosiy manbai sifatida o‘z rivojlanish bosqichlarini bosib o‘tmagani uchun, ular ushbu metoddan keng ko‘lamda foydalanmasdilar deyish mumkin[7].
Xulosa:
Zamon o‘tishi bilan islom dini keng miqyosda tarqalib, turli dinlarga mansub kishilar unga o‘tgani, ayrim siyosiy, ijtimoiy va aqidaviy sabablarga ko‘ra musulmonlar orasida yuzaga kelgan qarama-qarshiliklar oqibatida Islom muxoliflari tomonidan ko‘p to‘qima hadislar ishlab chiqilib tarqatila boshlandi va bu hodisa ushbu manbadan qat’iy ishonch bilan foydalanishni og‘irlashtirdi. Shu vaqtlarda hadislarni chuqurroq o‘rganib, tahlil qilish, ular orasidan to‘qima hadislarni chiqarib tashlash va faqatgina haqiqiy hadislar, ya’ni Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallamdan rivoyat qilingan hadislardan huquqiy manba sifatida foydalanish zarurati yuzaga keldi. Bunday yondashuv bir tomondan hadisshunoslik ilmining rivojlanishiga sabab bo‘lgan bo‘lsa, ikkinchi tomondan, yangi huquqiy maktablarning yuzaga kelishi uchun zamin yaratib berdi. Ilk huquqiy maktablarning ish uslubiga tanqidiy yondashilib, har bir maktab tarkibida yangi uslub tarafdori bo‘lgan olimlar yuzaga keldi. Shunday qilib, ilk huquqiy maktablar negizida to‘rtta asosiy sunniy huquqiy maktab shakllandi va har biri o‘z muhitidagi sharoitga muvofiq rivojlandi. Shu yo‘sinda ahli sunna val-jamoa fiqhi, ya’ni islom huquqi bir mukammal va rivojlangan huquqiy tizim sifatida o‘z taraqqiyot bosqichlarini bosib o‘tdi.
Ro'zimuhammad VAHOBOV,
Surxondaryo viloyati, Sho'rchi tumani
“Abu Bakr Siddiq” jome masjidi imom-xatibi.
[1]Islomda huquq./ To‘plovchilar: Majid Xadduriy va Herbert J.Libesni. (Mualliflar guruhi: Sharq va G‘arbning 12 ta mashhur huquqshunos, islomshunos va sharqshunos olimlari jumlasidan Muhammad Abu Zahra, Subhiy Muhassamoniy, Shukriy Qardoshiy, Abul’alo Mordin, Jozef Shaxt va boshqalar). Tehron–Nyu-York, 1955 y. B.37.
[2]O‘sha asar. B.40.
[3]I.Tabariy. Erondagi dunyoqarashlar va ijtimoiy harakatlar haqida tekshirishlar. Kobul: Davlat chop va nashr qo‘mitasi, 1361 h.y. B.221.
[4]Shayx Muhammad Xuzariybek.Tarixut tashri’il islomiy.Bayrut: 1988. B.14-6.
[5]Vahba Zuhayliy. Islom fiqhi va uning manbalari. J.1. Bayrut: Dorulfikr. 1984. 30-b.
[6]Shayx Muhammad Xuzariybek, Tarixut tashri’il islomiy.Bayrut: 1988. B.149-b.
[7]Vahba Zuhayliy. Islom fiqhi va uning manbalari. J.1. Bayrut: Dorulfikr. 1984. 29-b.