Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Июл, 2025   |   11 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:13
Қуёш
04:56
Пешин
12:33
Аср
17:42
Шом
20:03
Хуфтон
21:39
Bismillah
06 Июл, 2025, 11 Муҳаррам, 1447

Муҳаммад (с.а.в.) ни гўзалликларини безатиб турган икки нарса

10.11.2016   7568   23 min.
Муҳаммад (с.а.в.) ни гўзалликларини безатиб турган икки нарса

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга гўзалликнинг барчаси ато қилингани ҳадисларда зикр қилинган. Фақат бу  гўзаллик иккита асосий нарсага биноан бўлган.

1. Жалолий (буюк) ҳайбат.

2. Порлаб турган нур. 

Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган кишилар чиройларига мафтун бўлиб қолмасди, Юсуф алайҳиссаломдаги гўзаллик бунинг акси бўлиб, у зотга чиройнинг ярми берилган эди. Шу боис, у кишини аёллар кўрганида, чиройларига мафтун бўлиб, қўлларини кесганлар ва: “Во ажабо! Бу инсон эмас, фариштанинг ўзи-ку”, дейишган эди. Шоир айтади:

Гар кўрса эди Юсуфни, Зулайҳонинг дугоналари

Қўлларидан кўра юракларини кесишга ҳам рози бўлар эди.

Жалолий ҳайбат

Расулуллоҳнинг улуғворликлари, ҳайбатлари ҳақида Ҳинд ибни Абу Ҳола ул зотни сифатлаб, шундай деган: “Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам кўркам, юксак ҳурматга эга киши эдилар”[1].

Алий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ким Расулуллоҳга беҳосдан йўлиққанида, у кишини Расулуллоҳнинг салобати босар эди”.[2]

Яна бошқа бир киши айтади: “Пайғамбар алайҳиссалом мажлисларида инсонларнинг энг виқорлиси эдилар[3].

Бир куни Расулуллоҳнинг ҳузурларига бир киши кириб келди ва Расулуллоҳнинг ҳайбатларидан ўзини йўқотаёзди. Расулуллоҳ бу ҳолатни кўриб унга: “Тинчлан”, дедилар”[4].

Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Ҳазрати Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида шундай дейди: “Пайғамбар алайҳиссаломнинг салобатларидан  икки кўзим ила у зотни тўйиб кўролмаганман. Шунинг учун ҳам бирор киши мендан ул зотни сифатлаб беришимни сўраса, тавсиф қилиб беролмас эдим. Чунки, ул зотни икки кўзим ила тўлиқ кўролмаган эдим”[5].

Ибн Абу Ҳола Расулуллоҳни сифатлаб шундай деган: “Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам агар гапирсалар, мажлисда ўтирганларнинг барчаси худди бошларида қуш қўнгандек жим ўтирардилар”[6].

Ҳақиқатдан ҳам саҳобалар (розияллоҳу анҳум) Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юксак ҳайбат ва виқорлари туфайли у зотга чуқур назар ташлай олмасдилар. Шунинг эътиборидан Пайғамбаримизни фақатгина саҳобаларнинг ёшлари ёки пайғамбарлик келишидан олдин у зотнинг қарамоғларида тарбия кўрган Ҳинд ибн Абу Ҳола, Алий розияллоҳу анҳу каби саҳобалар сифатлаб берганлар.

Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайбатларининг буюклиги ва виқорларининг комиллигидан, ким ул зотнинг ҳузурларида ўтирса, уни салобатлари босар эди. Баъзан бу Муҳаммадий ҳайбатдан бирга ўтирган кишини қаттиқ титроқ босар эди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ уларнинг қўрқувлари босилсин, деб уларга юмшоқ муомала қилиб уларга нисбатан мулойим бўлардилар.

Қойла бинти Мухримадан ривоят қилинади, у: “Мен Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламни чўккалаб ўтирганларини кўрганимда, қўрқувдан чўчиб тушдим. Шунда бир киши: “Ё Расулуллоҳ,  бечора аёл қўрқиб кетди”, деди. Расулуллоҳ орқаларида турган ҳолимда, менга қарамасдан: “Эй мискина! Хотиржам бўл”, дедилар. Расулуллоҳ  шу гапларини айтганларидан сўнг, Аллоҳ таоло ичимдаги қўрқувни кетказди”, деди.

Абу Масъуд ал-Бадрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши айтади: “Кунларнинг бирида мен хизматчимни ураётганим эдим, бир пайт ортимдан: “Билиб қўй, эй, Абу Масъуд!”, деган товушни эшитдим. Шунда ғазабимдан ортимга ўгирилиб ҳам қўймасдан, давом этавердим, кейин мени бир нарса ўраб олгандек бўлди. Шундай ортимга ўгирилсам, рўпарамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турган эканлар. У зотни кўрганимда, ҳайбатларидан қўлимдан қамчим тушиб кетди. Менга қараб: “Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таоло бу ишни қилишга сендан кўра ҳақлироқдир”, дедилар. Шунда мен: “Ё Расулуллоҳ,  бундан кейин ҳеч қачон бирон бир хизматчимни урмайман”, дедим”.

Порлаб турувчи нурлари

Набавий гўзаллик тўла намоён бўладиган Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нурларига келсак, юқорида шарафли юзларини сифатлаганимизда, юзларидан нур сочиб турганига далолат қиладиган бир қанча сифатларни зикр қилган эдик.

Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламдаги нур аслий ҳисобланади. Бу нур борлиқдаги бутун нурлар ичида яратилган энг биринчи нурдир. Машҳур[7] ҳадисда шундай дейилган: “Эй Жобир, Аллоҳ таоло энг биринчи бўлиб, пайғамбарингнинг нурини яратган”.

Зарқоний айтадилар: “Байҳақий ҳам мазкур ҳадисни озгина бошқачароқ зикр қилган”. Имом Термизийнинг: “Аллоҳ таоло энг биринчи яратган махлуқи қаламдир”, деб ривоят қилган ҳадиси мазкур ҳадисга зид эмас. Чунки,  бу иккала ҳадисни қуйидагича тушунсак бўлади:

Қалам биринчи бўлиб яратилган, дегани Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам нурларидан бошқа нарсаларга нисбатан биринчи яратилган ёки баъзилар айтганларидек, барча нарсалардаги биринчилик ўз жинсига нисбатан бўлган. Шунинг эътиборидан мазкур ҳадиснинг маъноси қуйидагича бўлади: “Аллоҳ таоло нурлар (жинси)дан биринчи бўлиб менинг нуримни яратди”.

Бу Муҳаммадий нурни Алий ибн Ҳусайн оталаридан, оталари боболаридан ривоят қилган ҳадис тасдиқлайди: “Пайғамбар алайҳиссалом: “Мен Роббим ҳузурида нур эдим”, дедилар”. Ушбу ҳадисни ҳофиз Абулҳасан Алий ибн Муҳаммад ибн Қаттон ўзининг “Аҳком” асарида зикр қилган. Ваҳоланки, Ибн Қаттон ҳадис мунаққидларидан[8] ҳамда ҳадис бобида моҳирлиги машҳур бўлган кишилардан эди. Шу билан бирга ривоятга, ҳифзга ва бу борада пухта бўлишга энг кўп эътибор берадиган олимлардан эди.

Яна бу нуронийликни Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримасининг мазмуни ҳам тасдиқлайди:

{ قد جاءكم من الله نور وكتاب مبين } [المائدة/15]،

“Дарҳақиқат, Aллoҳдaн сизлaргa нур вa рaвшaн китoб кeлди”. Чунки кўплаб олимлар: “Ушбу оятдаги “нур”дан мақсад, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам”, деб айтганлар. Имом Табарий, Ибн Абу Ҳотам ҳамда Қуртубийларнинг тафсирларида худди шундай тафсир қилинган.

Қатода айтади: “Ушбу оятдаги нурдан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам назарда тутиляпти”.

Пайғамбар алайҳиссалом туғилган пайтларида, оналари нурни кўрганлари ва бу нур Расулуллоҳ  билан бирга чиқиб, Шом қасрларини ёритгани ҳақида собит бўлган кўпгина ривоятлар ҳам Пайғамбаримиз ҳақиқатдан ҳам нуроний бўлганларини қўллаб-қувватлайди.

Яна ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нуроний эканларини Табаронийнинг ҳадисида зикр қилинган жумлалар тасдиқ этади, ҳадисда шундай дейилган: “Биз Пайғамбар алайҳиссалом (гапирсалар) оғизларидан худди нур чиқаётганини кўрган эдик”, дейилган. Бу ҳадисни Ибн Аббосдан ривоят қилинган ҳадис қувватлайди: “Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам агар гапирсалар, нур тишларининг орасидан порлаётгандек кўринар эди”. Зарқоний бу ҳадисни Имом Термизий ва Доримий ривоят қилганини айтган.

“Шамоил”да Имом Термизий Ибн Абу Ҳоладан ривоят қилган ҳадисда ул зотни сифатлаб шундай дейилган: “Расулуллоҳда ўзларини улуғвор қилиб кўрсатадиган нурлари бор эди”.

Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Бир куни ўтирган эдим, Пайғамбар алайҳиссалом эса оёқ кийимларини таъмирлаб ўтирган эдилар. Шунда пешоналари терлай бошлади, терлардан эса нур пайдо бўла бошлади. Буни кўриб ҳайратланиб қолдим. Расулуллоҳ: “Сенга нима қилди, ҳайратланиб қолдинг?” дедилар. Мен: “Пешонангиз терлай бошлади кейин терлардан нур пайдо бўлди, агар Абу Кабир Ҳузалий сизни (шу ҳолатингизда) кўрганида эди, айтган шеърига сиз ҳақлироқ эканингизни билар эди”, дедим”. Чунки, Ҳузалий ўз шеърида шундай деган эди:

У пок бўлган эди, барча аёлнинг чангидан, бузуқлигу касаллигидан

Гар боқсанг унинг юзига, порлар эди у, юзларининг чақнашидан.

Баъзи илмсизлар (мазкур ҳадислар ва маълумотларни ўқиб) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нур бўлганларининг маъносини ул зот нур чиқарувчи жисм эдилар, деб тушунадилар. Бу эса нотўғри тушуниш, хато фикр. Улар бу хато ўйлари билан Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламни гўёки, чироқ ёки электр лампочкасига чиқариб қўядилар. Ваҳоланки, Расулуллоҳ бундай жисмли бўлишлари мумкин эмас, у зот юксак, буюк, улуғ мартабага эгадирлар. Тўғри, биз ҳам нур чиқарувчи жисмлар қандай ёритадиган бўлса, худди ана шундай нур гоҳида Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламда ҳам кўринганини инкор қилмаймиз. Лекин бундай  ҳолат доимий равишда бўлмаган. Балки, қачон ўша нарсага эҳтиёжлари туғилса, шунда пайдо бўлар эди, худди бошқа ғайритабиий мўжизалари каби. Ҳолбуки, бундай ҳолатлар даражалари Расулуллоҳдан пастроқ бўлганларда ҳам кузатилган. Масалан, улуғ саҳобий Усайд ибн Ҳузайрда содир бўлган воқеа каби.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Усайд ибн Ҳузайр билан Аббод ибн Бишр қоп-қоронғу кечада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдилар. Гаплашиб бўлганларидан кейин чиқиб кетдилар. Шунда бирларининг таёқлари чарақлаб йўлни ёриштирди. Улар таёқнинг ёруғлигида юриб борардилар. Бир-бирларидан ажралган вақтларида, ҳар бирининг таёғи нур чиқариб атрофни ёриштирди. Улар ҳам унинг ёғдусида кетдилар”. Имом Бухорий ўз саҳиҳларида зикр қилган.

Шунингдек, бундай ҳолат “Зин-нур” (яъни, нур эгаси) деб аталувчи улуғ саҳобий, давслик Туфайл ибн Амрда[9] ҳам содир бўлган. У Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келади ва (ўз юртидаги) қавмини ислом динига даъват қилмоқчи, бўлиб: “Мени уларга юборинг ва улар  ишонишлари учун менга бир белги қилиб беринг”, дейди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳим унда нур пайдо қил”, деб дуо қиладилар. Ўшанда икки кўзи орасида нур порлайди. Туфайл ибн Амр: “Эй Роббим, қавмим мени мусла[10] бўлибди, деб ўйлаб қолишларидан қўрқаман”, деганида, шу заҳотиёқ ана шу нур қамчисига кўчиб, зулматли кечада йўлни ёриштиради.

 Муҳаммад

(соллаллоҳу алайҳи васаллам)

комил инсон

китобидан таржима

Баратов Ғиёсиддин

 



[1] Имом Термизий ривояти.

[2] Имом Термизий ривояти (Шамоилда)

[3] Абу Довуд ривояти. (Насимур-риёз, яъни “Боғ шамоли” китоби, 2\117)

[4] Имом Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан муъаллақ ҳолда ривоят қилган бўлса, Ибн Можа уни муттасил ҳолатда ривоят қилган. (Насимур-риёз, яъни “Боғ шамоли” китоби 2\104).

[5] Имом Муслим ривояти. (Саҳиҳларида 3/127, Нававий шарҳи).

[6] Имом Термизий (Шамоилда),  ҳамда Ибн Саъд ва Табароний ривоятлари.  

[7] Одамларнинг тилларида машҳур бўлганлиги эътиборидан.

[8] Чуқур ўрганадиган, нозик қирраларигача эътибор берадиган, керакли ўринларда танқид қиладиган киши.

[9] Ибн Ториф ибр Ос ибн Саълаба ибн Салим ибн Фаҳм ибн Ғонам ибн Давс.

[10] Инсонни таҳқирлаб аъзоларини кесиб, майиб-мажруҳ қилишга мусла дейилади. 

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар

Гуноҳларни кетказувчи 8 зикр

05.11.2024   10174   4 min.
Гуноҳларни кетказувчи 8 зикр

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким таомини еб бўлгач:

الحمدُ للهِ الذي أطعَمَني هذا الطَّعامَ ورَزَقَنيه من غيرِ حولٍ مِنِّي ولا قوةٍ

“Алҳамду лиллаҳиллазий атъаманий ҳазат тоъама ва розақонийҳи мин ғойри ҳавлин минний ва лаа қувватин” деб айтса, унинг аввалги гуноҳлари мағфират қилинади», дедилар (Имом Термизий, Имом Абу Довуд, Имом Ибн Можа ривояти).

Маъноси: “Бу таомни менинг куч-қувватимсиз менга таомлантириб, у ила мени ризқлантирган Аллоҳга ҳамд бўлсин.

 

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким янги кийим кийганда

الحمدُ للهِ الَّذي كساني هذا ورزقنيه من غيرِ حوْلٍ منِّي ولا قوَّةٍ

“Алҳамду лиллаҳиллазий касаний ҳазас савба ва розақонийҳи мин ғойри ҳавлин минний ва лаа қувватин” деса Аллоҳ унинг олдинги гуноҳларини кечиради” (Имом Термизий, Имом Абу Довуд, Имом Ибн Можа ривояти).

Маъноси: Ўзгартирмасдан, қувватимни кетказмасдан менга ризқ берган ва мени кийинтирган Аллоҳга ҳамд бўлсин.

 

3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки азонни эшитганида:

أَشْهَدُ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ وَ أَشْهَدُ أَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُهُ وَ رَسُولُهُ رَضِيتُ بِاللهِ رَبًّا وَ بِالْإِسْلَامِ دِينًا وَ بِمُحَمَّدٍ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ رَسُولًا

“Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарика лаҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳу. Розийту биллаҳи Роббан ва бил Ислами дийнан ва би Муҳаммадин соллаллоҳу алайҳи васаллама Расулан” деса гуноҳлари кечирилади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Маъноси: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига гувоҳлик бераман. У якка-ю ягонадир, унинг шериги йўқдир. Муҳаммад алайҳиссалом Унинг бандаси ва расули эканига ҳам гувоҳлик бераман. Аллоҳни Роббим, Исломни эса диним, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни расул деб рози бўлдим.

 

4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта Аллоҳга тасбеҳ айтса, ўттиз уч марта Аллоҳга ҳамд айтса, ўттиз уч марта “Аллоҳу акбар”, деса ҳаммаси тўқсон тўққиз бўлади, юзтанинг тамом бўлишига:

لا إلهَ إلاَّ اللَّه وحْدهُ لاَ شَرِيكَ لهُ لَهُ المُلْكُ ولَهُ الحمْدُ وَهُو عَلَى كُلِّ شَيءٍ قَدِيرٌ

“Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъалаа кулли шайин қодийр”ни айтса, унинг гуноҳлари денгиз кўпиклари каби бўлса ҳам, мағфират қилинади», дедилар (Имом Муслим ривояти).

 

5. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ўрнига ётаётганида:

لا إله إلا اللهُ وحده لا شريك له  له الملكُ وله الحمدُ وهو على كلِّ شيءٍ قديرٌ لاحولَ ولا قوةَ إلا بالله العليِّ العظيمِ سبحان اللهِ والحمدُ لله ولا إله إلا اللهُ واللهُ أكبرُ

“Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъалаа кулли шайин қодийр. Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳил ъалиййил ъазийм. Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар” деса гуноҳлари денгиз кўпиклари каби бўлса ҳам кечирилади”, дедилар (Ибн Ҳиббон ривояти).

 

6. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ер юзида кимда-ким:

لا إلهَ إلَّا اللهُ واللهُ أكبرُ ولا حولَ ولا قوَّةَ إلَّا باللهِ

“Лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар ва лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ” дер экан, унинг барча гуноҳларига каффорат бўлади, гарчи гуноҳлари денгиз кўпигидек кўп бўлса ҳам», дедилар (Имом Термизий ривояти).

 

7. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир кунда юз марта “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи” деса унинг хатолари ҳатто денгиз кўпикларича бўлса ҳам ўчирилади», дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).

 

8. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки:

أسْتَغْفِرُ اللهَ العَظِيمَ الَّذِي لاَ إلَهَ إلاَّ هُوَ الحَيُّ القَيُّومُ وَأتُوبُ إلَيهِ

“Астағфируллоҳал ъазиймиллазий лаа илаҳа илла ҳувал ҳаййул қоййуму ва атуби илайҳ” деса урушдан қочган бўлса ҳам гуноҳлари кечирилади», дедилар (Имом Термизий ривояти).

Даврон НУРМУҲАММАД