Ўзбекистон Республикаси истиқлолга эришгач, шонли ўтмишимиз, шавкатли тарихимиз қайта бўй кўтарди. Улуғ бобокалонларимиз қолдириб кетган бой меросимиз тикланиб, уларнинг қабрлари, қадамжолари обод этилди. Қаерга бормайлик, обод масканлар, виқорли масжиду-мадрасалар, салобатли гумбазу-минораларни кўриб, қанчалик буюк аждодларнинг авлоди эканимизни ҳамиша ёдимизда тутамиз.
Юртимизда олиб борилган ислоҳотлар орасида ҳадис илмининг султони, муҳаддислар имоми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий ҳазратларининг қабри жойлашган масканнинг обод этилиши амалга оширилган ишларнинг гултожиси бўлди, десак муболаға қилмаган бўламиз. Чунки бу масканда дунё мусулмонлари ҳамиша ардоқлаб келган, “Ал-Жоме ас-Саҳиҳ” ҳадислар тўплами Қуръони каримдан кейинги иккинчи манба дея эътироф этилган, ислом дини ривожига мисли кўрилмаган хизматлар қилган зотга нисбатан авлодларнинг ўта муносиб эътибори акс этиб турибди
Бундан роппа-роса 18 йил муқаддам 1998 йил 23 октябр жума куни Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов томонидан Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи расман очилиш тадбири бўлиб ўтган эди. Ҳозирги кунда бу табаррук замин бутун Ислом оламидан, чет элдан келган сайёҳлар билан гавжумдир.
Мустақиллигимиз шарофати туфайли, ўтиб кетган улуғ аждодларимиз, хусусан Муҳаммад ибн Исмоил Имом Бухорий руҳларини шод қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 1997 йил 29-апрелдаги Муҳаммад ибн Исмоил Имом Бухорий таваллудининг ҳижрий тақвим бўйича 1225 йиллигини нишонлаш ва уни ўтказиш тўғрисидаги қарорига мувофиқ бу ёдгорлик мажмуи Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов раҳбарлигида яратилган лойиҳа асосида Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Андижон, Наманган, Қўқон ва Шахрисабз халқ усталарининг олтин қўллари билан меъморчилик тарихида энг қисқа муддат, яъни 8 ой мобайнида барпо этилди.
Мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ ушбу масканнинг обод этилишига эътибор қаратилгани бежиз эмас, албатта. Негаки ўзлигимизни, қандай улуғ инсонларнинг авлоди эканимизни, қандай бой ва бетакрор маънавий мерос ворислари эканимизни англаш, миллий қадриятларимизни тиклаш йўлига киришар эканмиз, бу ишларнинг дебочасида Имом Бухорий ҳазратларининг маънавий меросини тиклаш вазифаси туриши табиий ҳолдир. Чунки бу зотнинг ислом динига қилган хазмати барча замон уламолари томонидан энг юксак дея эътироф этиб келинган. Биргина мисол тариқасида қатарлик олим Доктор Муҳаммад Али Донавийнинг “Ал-Умма” журналидаги (1982 йил, август) “... Дарҳақиқат, Ислом уммати кўпгина фазилатлар, илм ва ҳидоят эвазига Бухорийдан қарздордир. Бу уммат зиммасига юклатилган вазифа шуки, улар ўз фарзандларига мактабларда, олийгоҳларда ва мажлисларда Бухорий ҳазратлари ўзи ким эканликларини ўргатмоқлари лозим”, деган эътирофини келтириб қўйиш кифоя. Буни биринчилардан бўлиб англаб етган марҳум Юртбошимиз мажмуа очилишида қилган нутқларида: “...Шулар қаторида озодлигимизнинг дастлабки йиллариданоқ биз Имом ал-Бухорий мақбарасини ул зотнинг шаън-шавкатига муносиб, ён-атрофи мунаввар гўшага, зиёратга келган мўмин-мусулмонларга руҳий-маънавий куч ато этадиган қадамжога айлантиришни ният қилган эдик”, деб айтиб ўтгандилар.
Ҳозирда эса бу даргоҳ марҳум Юртбошимизнинг раҳнамолиги остида йиллар давомида олиб борилган бунёдкорликлар натижаси ўлароқ дунё мусулмонларини ўзига жалб этган, зиёратчиларга руҳий озуқа улашаётган муқаддас замин сифатида қалблардан жой олган. Зеро, ислоҳотларимиз асосчиси Ислом Каримов нутқлари давомида: “Аллоҳнинг инояти билан эзгу ниятимиз ижобат бўлган шу қутлуғ кунда мен бу муаззам ёдгорлик мажмуининг шунчаки зиёратгоҳ эмас, балки гўзал Ўзбекистонимизни бутун дунёга танитадиган, ёш авлодимизни эзгулик руҳида тарбиялайдиган, ҳар бир инсонни ҳаёт ва абадият ҳақида ўйлантирадиган азиз маскан бўлиб қолишига ишонаман”, дея таъкидлаган эдилар.
Таъкидлаш лозимки, айниқса сўнги йилларда олиб борилган бунёдкорлик ишлари натижаси ўлароқ янгича кўриниш олган миллий меморчилик санъати билан йўғрилган кошинли айвонлар, маҳобатли мақбара, серфайз ҳовлию, салобатли масжид Ўзбекистонда олиб борилаётган диний соҳадаги юксак эътиборнинг намунасидир.
Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,
Имом Бухорий жоме масжиди имом хатиби
Юртимизда ҳайит байрамлари қадимдан ўзгача шукуҳ, халқимизга хос меҳр-мурувват, бағрикенглик ва саховат ифодаси бўлиб келган. Айниқса, сўнгги йилларда Янги Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Рамазон ва Қурбон ҳайитини кенг миқёсда нишонланиши ва дам олиш куни деб эълон қилиниши муқаддас динимизга бўлган чуқур ҳурмат ва эътиборнинг натижасидир.
Қурбон ҳайити – мусулмонларнинг энг мўътабар байрамларидан бири ҳисобланиб, Зулҳижжа ойининг ўнинчи куни нишонланади. Бу муборак кунларда Аллоҳ таолонинг кўплаб хайру баракаси ер юзидаги бандалари узра ёғилади. Қурбон ҳайити ҳаж ибодатлари тамом бўлганлиги муносабати билан ҳамда Аллоҳ йўлида қурбонлик қилиш палласи бўлган айёмдир. Қурбон ҳайити намози ўқилгач, имкони бор инсонлар қурбонлик қилишлари вожиб амаллардандир.
Қуръони Каримнинг “Кавсар” сурасида: “Бас, Роббингиз учун намоз ўқинг ва (туя) сўйиб, қурбонлик қилинг”- дейилади. (Кавсар сураси, 2-оят).
Қурбонлик ҳақида Баро ибн Озиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
عَنْ الْبَرَاءِ بْنِ عَازِبٍ قَالَ قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "اِنَّ اَوَّلَ مَا نَبْدَاُ بِهِ فىِ يَوْمِنَا هَذا اَنْ نُصَلِّىَ ثُمَّ نَرْجِعَ فَنَنْحَرَ فَمَنْ فَعَلَ فَقَدْ اَصَابَ سُنَّتَنَا وَمَنْ ذَبَحَ قَبْلَ الصَّلاَةِ فَاِنَّمَا هُوَ لَحْمٌ قَدَّمَهُ لِاَهْلِهِ لَيْسَ مِنَ النُّسُكِ فىِ شَيْءٍ" (رواه الإمام البخاري).
яъни: “Дарҳақиқат, бугунги кунда ишимизни аввал ийдул азҳо (қурбон ҳайити) намозини ўқиш, сўнгра (уйларимизга) қайтиб, қурбонлик билан бошлашимиз керак. Кимки, шуларни бажарса, у суннатимизга мувофиқ иш қилибди. Кимдаким, ҳайит намозидан олдин сўйса, у қурбонлик эмас, балки ўз аҳли учун тақдим қилган гўштдир” (Имом Бухорий ривояти).
Айтиш жоизки, ҳанафий мазҳаби бўйича қурбонлик қилиш – вожибдир. Қурбонлик қилиш ҳур, балоғат ёшига етган, оқил, муқим, яъни сафарда бўлмаган ва гарчи бир йил айланмаган закот нисобига эга бўлган мусулмон шахсга вожиб бўлади. Қурбонликни Зулҳижжа ойининг ўн, ўн бир ва ўн иккинчи куннинг (яъни, ҳайитнинг биринчи, иккинчи ва учинчи куннинг) Шом намози вақти киргунигача амалга оширилади.
Шунингдек, Қурбон ҳайити куни мусулмонлар бир-бирларини қутлаб, сўйилган қурбонликларини ўзаро баҳам кўрадилар, бу эса албатта, меҳр-мурувват ва саховат ҳисларини яна-да орттиради.
Қуръони каримда бу ҳақда: “Яхши кўрган нарсаларингиздан эҳсон қилиб бермагунингизгача, сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ҳар қандай нарсани инфоқ қилсангиз, албатта Аллоҳ уни билур”, дейилган (Оли Имрон сураси, 92-оят).
Инсонларнинг ўзаро меҳр-мурувватли ва саховатли бўлишлари ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар: “То мўмин бўлмагунингизгача жаннатга киролмайсизлар, то бир-бирларингизга меҳр-мурувватли бўлмагунингизгача комил мўмин бўла олмайсизлар”. (Имом Муслим ривояти)
Мазкур оят ва ҳадислар барчамизни ўзаро меҳр-мурувватли бўлишга чақиради. Аввало меҳрибон ота-оналаримиз ҳамда ёши улуғ яқинларимизни Ҳайит айёми билан табриклаб дуоларини олиб, сўнгра фарзандларимизни ҳам кўнгилларини шод қилишимиз фазилатлидир.
Қурбон ҳайити кунларида биз эътибор берадиган яна бир жиҳат – меҳрга ташна инсонларга байрам шодлигини ва яхши кайфият улашишдир. Бу борада юртимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилади, байрам арафасида кам таъминланган ва кўмакка муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинади.
Минг афсуслар бўлсинки, “гуруч курмаксиз бўлмаганидек” ҳайит кунлари бир қатор бидъатлар кўзга кўринади, хусусан, яқинлари вафот этган хондонларда дастурхон тузалиб “янги ҳайит” маросимини ўтказиш, никоҳ тўйлари бўлиб ўтган хонадонларда “ҳайит йўқлови” каби исрофгарлик амалларини ҳалигача давом эттираётган айрим инсонлар топилади. Уларга ҳайит кунларини қандай ўтказиш борасида тушунтиришлар олиб бориш бизнинг зиммамиздаги вазифалардан биридир.
Қурбон ҳайити - улуғ байрамдир. Бу кунларда яна ҳам меҳрибон ва мурувватли бўлиб, етимлар бошини силаб, ёши улуғлар, касалманду муҳтожлардан хабар олинади, уларнинг кўнгилларига ҳам байрам шукуҳини олиб кирамиз. Бу кунда гина-кудратларни унутиб, кечиримли бўлишимиз мақсадга мувофиқдир.
Бу йил ҳам Қурбон ҳайити байрами муносабати билан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида алоҳида тайёргарлик ишлари амалга оширилди. Масжидлар, диний марказ ва хонадонларда махсус тадбирлар ўтказилди. Ҳар йили бўлгани каби, бу йил ҳам юртимизда катта шодлик ва фараҳ билан кутиб олинадиган ушбу кун, халқимизнинг бирлиги, меҳр-оқибати ва бағрикенглигининг яна бир бор ёрқин ифодаси бўлди.
Аллоҳ таолодан сўраймизки, Қурбон ҳайити юртимизда тинчлик ва фаровонликда хайру баракали ўтсин!
Абдуқаҳҳор домла Юнусов,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби