Дарҳақиқат, фарзанд ота-онага Аллоҳнинг буюк неъматидир. Бир парча этлик пайтидан навқирон бир инсон бўлгунча бор меҳрини фидо қилиб улғайтирадилар. Аслида ўшалар эмасми фарзанд йиғлаганда йиғлаган, кулганида кулган, эмакласа орқасидан югурган ва юксалишини туну кун сўраганлар?. Баъзан бу ҳақиқатлар фарзанд ҳаётида унитилгандек бўлади. Яратган ота-оналарга фарзандларининг меҳрларини солиб қўйганки, хатто қариган чоғларида қўзларидан нур, белларидан мадор кетганида бирор нарсага суянадиган бўлганларида ҳам, ҳассага суянадилар. Аслида фарзанд уларга тиргович, суянчиқ бўлишлари керак эмасми? Улар фарзандларидан кўп нарса умид қилмайдилар. Сўрасалар биргина қуриқ жуссаларини кўришликни тилайдилар холос. Аммо фарзанд бу ҳақиқатни кўпда хис қила олмайди.
Бас, шундай экан ғаниматларимиз бўлган меҳрибон ота-оналаримизни ҳаётлик чоғларида қадрлайлик. Қанча уларга вақт ажратсак, шунча оздир.
Қуръони каримида тартиб рақами 12- бўлган, 111 оятни ташкил этган, битта қиссани аввалидан охиригача, бошқа нарсаларини аралаштирмай ҳикоя қилган ягона сура “Юсуф сураси”дир. Бу сура мусулмонлар нажот излаб, Аллоҳнинг Ўзига илтижо қилишдан бошқа чораси қолмаган, “маҳзунлик йили” деб номланган бир пайтда Пайғамбар алайҳиссалом ва мусулмонларга улкан тасалли ва буюк дарс сифатидан нозил қилинган. Сураи каримада кўпроқ оилавий муносабатларга эътибор қаратилган.
Улуғ пайғамбар ёш ва гўзал йигит Юсуф алайҳиссалом ўз акаларининг фитнасига учрайди. Акалари уни оталари Яъқуб алайҳиссаломдан қизғониб турли хилалар қилиб кўргани охир оқибат ҳақиқат қарор топганига гувоҳ бўламиз. Мазкур сурада
فَلَمَّا أَنْ جَاءَ الْبَشِيرُ أَلْقَاهُ عَلَى وَجْهِهِ فَارْتَدَّ بَصِيرًا ...
Бас, хушхабарчи келиб, уни (кўйлакни Яъқубнинг) юзига ташлагач, у кўрадиган бўлиб қолди ...(Юсуф сураси 96-оят). Яъқуб алайҳиссалом фарзандлари Юсуф алайҳиссалом фироғида йиғлаб кўзлари ожиз бўлиб қолганди. Яъқуб алайҳиссаломнинг юзларига Юсуф ўғилларининг кўйлакларини ташлаганда, Юсуф алайҳиссаломнинг ҳидлари урган кўйлак баҳона, Аллоҳнинг иродаси билан оталари Яъқуб алайҳиссаломнинг кўзлари очилиб, қайтадан кўрадиган бўлганлар. Бу ҳолат ҳеч ажабланарли иш эмас. Ҳаётнинг ўзи шуни кўрсатадики, фарзанд доғида хасталикка чалинган мушфиқ ота-оналар фарзандларини кўрганларида ёки хабарларини эшитганларида Аллоҳ таолодан дарҳол уларга шифо етган. Илмий бахслар ҳам бу иш ҳақиқат эканини, кийимда қолган ҳид ўзи суйган инсоннинг дардига даво бўлишини тасдиқлади. Энди ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу даврларида содир бўлган бир таъсирли воқиани зикр қилсак.
Умар розияллоҳу анҳу олдиларига Килоб ибн Умайя ал-Киноний исмли бир шижоатли йигит келди ва уришга чиқишга изн сўради. Умар розияллоҳу анҳу ундан “Эй йигитча ота-онанг ҳаётмилар? - деб сўрадилар. “Кекса ёшли отам бор, афсуски онам вафот этганлар,”- дея жавоб берди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу “Отангни хизматида бардавом бўл ва розилигини ол!”- деб насихат қилдилар. Насихатни олган бола отасини хизматида бардавом бўлди. Бир неча кундан сўнг йигитча қайтди ва Умар розияллоҳу анҳуга мурожаат килиб: “Эй мўминларнинг амири отамдан розилик олдим”- дея хурсанд бўлиб айтди. Халифа Килоб ибн Умайяни аскарларга қўшиб сафарга жўнатди. Бир ойдан сўнг халифага элчи келди ва: “Эй мўминларнинг амири, мен Килоб исмли йигитни отасидан сизга мактуб олиб келдим” - деб қўлларига узатди. Мактубда ота Умар розияллоҳу анҳудан фарзандини қайтаришга ёлвориб сўраётганини ва ота фарзанд доғида кўзи ожиз бўлиб қолгани ва оғир ахволда эканлигини, фарзанд соғинчи қийнаётганини битганди.
Умар розияллоҳу анҳу тезда бир чопарни чақириб Килобни ҳузурига олиб келишга буюрди. Умар “Эй Килоб, отангни хизматини кандай килгансан”-дея сўради. Килоб: “Нима топсам биринчи отамга сўнг ўзим ва аҳлим билан улашардим, нима истасалар муҳайё қилардим. Бир кеча муздек сут ичкилари келганини айтдилар. Сут совуқроқ бўлсин дея, туянинг елинига муздек сув қўйиб совутдим ва соғиб отамга олиб келсам, ухлаб қолибдилар, уйғонгунларигача устиларида сут билан кутдим. Бомдодга уйғондилар ва иссиқ сут ичкилари келаётганини айтилар шунда тезда бориб сут соғиб бердим”- деб айтди. Умар розияллоҳу анҳу сут соғиб келиб, хонага кириб ўтиришга буюрди. Сўнг отасини ҳузурига чақирди. “Эй Умайя сизни нима безовта қилмоқда”-дедилар ҳазрати Умар. Килобнинг отаси “Фарзанд соғинчи, боламсиз томоғимдан ҳеч нарса ўтмаябди”- дея жавоб берди. “Унда мана бу сутни ичинг ва кутинг ҳозир ўғлингиз келиб қолади”- дедилар. Умайя қўлига косани олганда хайқириб “Ўғлимни қўлини ҳиди келябди”-деб сўйиниб кетди. Шу паллада ўғли кириб отасини бағрига ўзини босди. Ҳазрати Умар ўғилга қараб, бор отангнинг ҳизматини қил!- Унинг ризоси Яратган Аллоҳнинг ризоси, уни розилиги сени икки дунё саодатингдир-деб кузатиб қўйдилар.
Хулоса ўрнида муқаддас динимиз манбаларида, ота-онанинг юзига назар солишнинг ўзи ибодат экани, уларга муҳаббат қилиш маънавий амал, бор молини сарфлаш эса, моддий–молиявий амал ҳисобланади. Энди, ота-онани иқтисодий ёрдамдан маҳрум қилиш моддий-молиявий амал бўлса, уларни ҳижронга қўйиш маънавий фаолиятдир. Шундай экан, ота-оналаримизга яхшилик қилиш, уларни розиликларини топиш, дуоларини олишга астойдил бел боғлайлик! Зотан, улар бизнинг жаннатларимиздир.
Жалолиддин Ҳамроқулов, “Новза” жоме масжиди имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Фақиҳлар фиқҳга шундай таъриф беришади: «Фиқҳ мукаллафларнинг амалларини ҳалол ва ҳаромлик, фасод ва саҳиҳлик жиҳатидан ўрганадиган илмдир». Бу таърифни ҳам кенгроқ таҳлил қилиб кўрайлик. «Ўрганадиган илм» нима дегани? Ҳозиргина «Илм бир нарсанинг воқеликка мувофиқ келишидир», дедик.
Фиқҳнинг мавзусига бир мисол келтирайлик. Масалан, мен мукаллафман. Хотинимга «Сен талоқсан», дедим. Бунинг ҳукми нима бўлишини фиқҳ ўрганади. Демак, фиқҳ мен каби мукаллафларнинг мана шу каби ҳолатларини ўрганади. Масалан, мен шерикчилик ақдини тузишим мумкин, бирон нарсани сотишим, ижарага олишим мумкин. Фиқҳ ана шундай ҳолатларни, мен қилган ишнинг ҳалол ёки ҳаром, саҳиҳ ёки фасодлигини ўрганади. Демак, фиқҳнинг мавзуси мукаллафлар қиладиган амалларнинг ҳолатини ўрганишдир.
Фақиҳларнинг фиқҳга берган таърифларида «далил» деган сўз борми? Йўқ. Улар фақат мукаллафларнинг амаллари ҳақида гапиришди, ҳукмларнинг мукаллафларга нисбатан жорий бўлиш ҳолатларига эътибор қаратишди. Демак, умумий қилиб айтадиган бўлсак, фиқҳга икки хил таъриф берилди. Бири усулий уламоларнинг таърифи, яъни «Қуръон ва Суннатдан ҳукмларни қай тарзда чиқариб олиш ҳақидаги илм» деган таъриф. Иккинчиси фуқаҳолар берган таъриф бўлиб, унда ҳосил бўлган ҳукмларнинг мукаллафларга қандай жорий қилиниши асосий ўринга қўйилди. Бу ҳукмлар мутлақ мужтаҳидлар тарафидан чиқарилади. Ҳукмни фақат мутлақ мужтаҳид чиқара олади. Ана шу мужтаҳид муайян бир ҳукмни Қуръон ва Суннатдан қандай чиқарганини ўрганиш усул илмининг мавзусидир. Чиқарилган ҳукмни ўзимизга ва жамиятга татбиқ қилиш эса муфтий ва фақиҳларнинг ишидир.
Демак, фиқҳга икки хил қараш мумкин экан: ҳукмни чиқариб олиш ва уни татбиқ қилиш. Бизнинг хатоимиз шуки, ҳукмни ишлаб чиқиш билан уни татбиқ қилиш орасидаги фарқни тушунмаяпмиз. Тушунмаганимиз учун кераксиз гапларни гапиряпмиз. Биз юқорида айтиб ўтган икки йўналиш – таҳаллул, яъни динга енгил қараш ва ташаддуд, яъни динда ғулувга кетиш йўналишлари ё иккинчи таърифдан бехабар қолишди, ёки унга эътиборсиз қарашди. Улар фақат биринчи таърифни, яъни ҳукмни қай тарзда ишлаб чиқишни изоҳлашди.
Масалан, сиз биринчи йил илм олаётган бўлсангиз, улар сизга: «Сен айтган ҳукмни фақат далил келтирсанг, қабул қиламиз», дейишади. Ахир сиз ҳали далилларни билмайсиз-ку! Бирорта жумлани оят деб ўйлашингиз мумкин, лекин аслида у оят бўлмаслиги мумкин. Бир ҳадисни Бухорийда келган, деб айтишингиз мумкин, лекин у Бухорийдан ривоят қилинмаган, тўқима ҳадис бўлиб чиқиши мумкин, чунки сиз ҳали далилларни ўрганмагансиз. Улар мана шу даражадаги одамлардан далил сўрашди, очиқ-ойдин далили бўлмаган ҳукмни эса ботилга чиқаришди. Бунга бироз кенгроқ ёндашиш керак...
Юқорида айтганимдек, асосий мақсадим таърифларга доир қўшимча маълумотларни айтиб ўтиш эди. Келинг, шу масалани кўрайлик. Ана ўша йўналиш эгалари ҳар бир ҳукмга далил талаб қилишяпти. Аввало айтинг-чи, далил нима ўзи? Улар: «Далил – бу Қуръон ва Суннат», дейишади. Уларнинг «Далил Қуръон ва Суннатдир», дейиши илмий маънода хатодир, чунки далилни фақат Қуръон ва Суннатгагина чеклаб қўйсак, динни зое қилиб қўямиз, чунки булардан бошқа далиллар ҳам бор. Далил тўғри ёндашиш орқали талаб қилинган маълумотга етказадиган манбадир. Демак, Қуръон ва Суннат далилларнинг асосий қисмидир, лекин далилларнинг барчаси эмас, чунки ижмоъ ҳам далил, қиёс ҳам далилдир. Тўғри ёндашиш орқали талаб қилинган маълумотга етказадиган ҳар қандай манба далил бўлади. Лекин бу гапни улар тушунмайди. Улар далилни фақат Қуръон ва Суннат, деб тушунишади.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан