Томирлари мозийнинг тиниқ булоқларидан сув ичган юртимизга мустақиллик берган неъматларни санаб адоғига етиб бўлмаса керак. Тарих учун мўжаз, лекин бунёдкорлик ишлари самарасига қараб, улкан ютуқларга эришилган 25 йил давомида Ўзбекистон дунё билан бўйлаша олди. Чунончи, ёш авлод тарбияси, жамият ривожи, инсонларнинг фаровонлиги даражаси ошиши, миллий қадриятларимизнинг тикланиши, қўйингки, барча соҳаларда келажак учун мустаҳкам пойдевор барпо этилди.
Андижон вилоятида 1998 йилдан буён фаолият юритиб келаётган «Саййид Муҳйиддин махдум» ўрта махсус ислом билим юрти ҳам мустақиллик ином этган неъматлардан биридир. Мустақиллик йилларида ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган тегишли ҳужжатларга асосан ўрта-махсус ислом билим юрти битирувчиларининг дипломлари давлат таълим ҳужжати сифатида эътироф этилди.
Андижон «Саййид Муҳйиддин махдум» ўрта-махсус ислом билим юртини фаолият бошлаган йилдан буён 800 нафарга яқин талаба битириб, Диншунослик йўналиши бўйича имом, бошланғич араб тили ва одобнома мураббийси мутахассислиги бўйича тегишли ҳужжатга эга бўлдилар. Мадрасамиз битирувчилари ҳозирда мамлакатимизнинг тараққий этишига ҳамда жамиятимиз ривожига ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар. Талабаларимизнинг таълим олиб, ҳозирда катта ютуқларга эришаётгани биз мударрисларга ҳамиша фахр-ифтихор бахшида этади. Эришилган муваффақиятлар эса, муассасада таълим-тарбия ишларининг ижобий ташкил этилаётганидан дарак беради.
Билим юрти талабалари хориж давлатларида ўтказилган Қуръон мусобақаларида ҳам ўз билим ва малакаларини муваффақиятли намойиш этиб келади. Жумладан, Миср, Саудия Арабистони, Жазоир ва Эрон давлатларидаги танловларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ислом ўрта махсус билим юрти талабалари ўртасида ўтказиладиган “Ягона олимпиада”, “Қорилар мусобақаси” танловларида мадрасамиз талабалари муносиб равишда иштирок этиб, улардан бир қанчаси грант асосида Тошкент ислом институтига кириш хуқуқига эга бўлганини алоҳида эътироф этиш жоиз. Талабалар томонидан нафақат фан йўналишлари, балки спорт соҳаларида ҳам эришилган ютуқлар бисёр.
Билим юртида талабаларга Қуръони карим тажвиди, тафсир, ҳадис, фиқҳ, наҳв, ислом тарихи, муҳовара каби мутахассислик фанлари, шунингдек, она тили, физика, математика, информатика, инглиз ва рус тиллари, кимё, биология, маънавият асослари сингари умумтаълим фанларидан ўз фанининг етук мутахассиси бўлган 20 нафардан зиёд мударрис–ўқитувчилар таълим бермоқда.
Билим юрти мударрисларининг оммавий ахборот воситалари билан олиб бораётган ҳамкорликлари самарасига ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш лозим. Ижодкор муаллимларнинг вилоят телевидениеси орқали турли долзарб мавзулардаги иштироклари, давра суҳбатлари мунтазам бериб борилади. Билим юрти мударрис-ўқитувчилари ўзлари ўтаётган фанларидан ўқув қўлланмалар ҳам тайёрлаб борадилар. Хусусан, мадрасамиз мударрислари томонидан тайёрланган воизлик илми хусусидаги “Хатоба” номли рисола ҳозирда юртимиздаги барча ўрта махсус ислом билим юртларида ўқув қўлланма сифатида ўқитиб келинмоқда. М.Мўминовнинг “Мазҳаблар ва йўналишлар” фанидан “Ҳизбут-таҳрир оқимига раддиялар” рисоласи, Р.Маҳмудовнинг “Тафсир” фанидан ўқув қўлланмаси ва ўқитувчилар томонидан тайёрланган “Миръотус солиқийн”, “Рамазон туҳфаси” китоблари талабаларнинг фанларни чуқур ўзлаштиришларига хизмат қилмоқда.
Билим юрти ўқув, моддий-техника базасини яхшилашда, мударрис ва талабаларни ишлаш ва ўқишлари учун шароитларни ташкил этишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси хамда бир қатор ҳомий ташкилот ва мехр-мурувватли, саховатли инсонлар томонидан кўмак бериб келинмоқда.
Билим юрти талабалари дам олиш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун қулай шароитларга эга спорт майдочаси, машғулот зали ва бир қатор фанлардан тўгараклар фаолият кўрсатади.
Мухтасар қилиб айтганда, истиқлол берган неъматлардан бири бўлган мазкур ўқув даргоҳи, мударрис ва ўқитувчилари ёш авлодни жамиятимиз ривожи учун муносиб ворис этиб тарбиялаш йўлида хизмат қилмоқдалар.
Муҳаммадюсуф ТЎРАҚУЛОВ
Андижон «Саййид Муҳйиддин махдум» ўрта -махсус
ислом билим юрти мударриси
Рамазон ҳайити ва Қурбон ҳайити Исломнинг икки улуғ байрамидир. Уларнинг ҳар бирида улкан маънавий маънолар бўлиб, мусулмонлар ҳаётида алоҳида ўрин тутади. Хусусан, Қурбон ҳайити Исломда фидокорлик, садоқат ва бағрикенглик рамзи ҳисобланади.
Ушбу муқаддас байрам олдидан Давлатимиз раҳбарининг махсус қарорлари қабул қилиниши, Рамазон ва Қурбон ҳайити саналари дам олиш куни сифатида белгиланиши халқимизнинг диний эҳтиёжларини таъминлаш, миллий ва диний қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда маънавий бирдамликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Қурбон ҳайити Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунида нишонланади. Уламолар таъкидлаганидек, Зулҳижжанинг аввалги ўн куни Аллоҳнинг энг маҳбуб кунларидан бири бўлиб, бу кунларда қилинадиган амаллар, ибодатлар, хайру саховатлар жуда ҳам улуғ ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло ҳузурида яхши амаллар Зулҳижжанинг биринчи ўн кунида қилинадиган амаллардек афзалроқ амал йўқ”, — деб марҳамат қилганлар. Шундай экан, ушбу кунларда яхши амалларга шошилиш, савобли ишларга улгуриб қолиш айни муддаодир.
Қурбон ҳайитининг фазилатлари амалларидан бири – қурбонлик қилиш ҳисобланади. Қурбонлик, Ислом динида аҳамияти катта бўлган амаллардан бири бўлиб, у Қурбон ҳайити кунларида Аллоҳнинг розилиги учун фидоийлик ифодаси ўлароқ жонлиқ сўйишдир. Бу амал ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом ва пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига амал қилиш, фидокорлик, сабр ва тақво каби тушунчаларни ифода этади.
Қурбонлик қилиш нафақат инсоннинг тақвоси, балки ижтимоий меҳр-оқибат, муҳтожларга ғамхўрлик белгисидир. Қурбонлик гўшти фақирларга, қариндошларга, қўшниларга тарқатилиши, аҳиллик ва меҳр-муҳаббатни янада мустаҳкамлайди.
Қурбон ҳайити — бу аҳиллик ва муштаракликнинг рамзи бўлиб, бу кунда мусулмонлар ўз қариндошлари, қўшнилари, дўстларининг ҳолидан хабар оладилар, узоқдаги яқинларини йўқлаб боришга ҳаракат қиладилар. Айниқса, кекса, бемор, ёлғиз кишилар ҳолидан хабар олиш — динимизда юксак ажр ҳамда эътиборга сазовор амал ҳисобланади.
Қурбон ҳайити инсонларни бир-бирига яқинлаштиради, меҳру шафқатни уйғотади, байрам муносабати билан эҳсон қилиш, болалар ва кексаларни хурсанд қилиш каби амаллар нафақат шахсий савоб, балки жамиятдаги яхшилик муҳитини янада мустаҳкамлайди.
Бу кунда имкони бор инсонлар кам таъминланган оилалар, етимлар, эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиб, уларга хурсандчилик улашсалар, бу амалнинг савоби беқиёсдир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминларнинг ўзаро дўстликлари, раҳм қилишлари ва меҳр кўрсатишлари худди бир жасадга ўхшайди. Ундан бир аъзо хаста бўлса, жасаднинг қолгани унга қўшилиб бедор бўлади ва иситмалайди”, — дедилар (Имом Муслим ривояти).
Азизлар, айни кунларда юртимиздан 15 минг нафардан зиёд юртдошларимиз Исломнинг беш устунидан бири бўлган Ҳаж ибодатини адо этишга тараддуд кўрмоқдалар. Улар орасида юзлаб нуронийлар, оналаримиз, устоз ва зиёлилар бор. Бу ҳар бир юртдошимизнинг қалбида қувонч уйғотади. Айниқса, мамлакатимиз раҳбари муҳтарам Президентимиз Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазрат билан телефон орқали мулоқот қилиб, ҳожиларимиз аҳволидан хабар олганелари, уларга муборак сафарда тўлиқ шароит яратилиши, Ҳаж ибодатини хотиржам ва мукаммал адо этишлари учун зарур кўмак ва дуоларини изҳор этганлари катта воқеа бўлди.
Бу воқелик юртимизда дин ва давлат муносабатлари янги, барқарор ва ҳамжиҳат заминда қурилаётганидан далолатдир. Бу – халқимизнинг муқаддас қадриятларига ҳурмат, Исломнинг пок таълимотига бўлган эҳтиром намунасидир.
Бу каби юксак эътиборлар юртимизда дин ва давлат ўртасидаги мувозанатли муносабатнинг, халқнинг эътиқоди ва қадриятига нисбатан ҳурмат ва эъзознинг амалий намунасидир.
Муҳтарам юртдошлар! Фурсатдан фойдаланиб барчаларингизни ийд ал-Азхо – Қурбон ҳайити билан самимий муборакбод этаман. Юртимиз тинчликлиги барқарор, халқимиз тотувлиги бардавом бўлсин, динимиз янада равнақ топсин, хонадонингиздан файзу барака аримасин!
Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин!
Убайдуллоҳ Абдуллаев,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби