Томирлари мозийнинг тиниқ булоқларидан сув ичган юртимизга мустақиллик берган неъматларни санаб адоғига етиб бўлмаса керак. Тарих учун мўжаз, лекин бунёдкорлик ишлари самарасига қараб, улкан ютуқларга эришилган 25 йил давомида Ўзбекистон дунё билан бўйлаша олди. Чунончи, ёш авлод тарбияси, жамият ривожи, инсонларнинг фаровонлиги даражаси ошиши, миллий қадриятларимизнинг тикланиши, қўйингки, барча соҳаларда келажак учун мустаҳкам пойдевор барпо этилди.
Андижон вилоятида 1998 йилдан буён фаолият юритиб келаётган «Саййид Муҳйиддин махдум» ўрта махсус ислом билим юрти ҳам мустақиллик ином этган неъматлардан биридир. Мустақиллик йилларида ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган тегишли ҳужжатларга асосан ўрта-махсус ислом билим юрти битирувчиларининг дипломлари давлат таълим ҳужжати сифатида эътироф этилди.
Андижон «Саййид Муҳйиддин махдум» ўрта-махсус ислом билим юртини фаолият бошлаган йилдан буён 800 нафарга яқин талаба битириб, Диншунослик йўналиши бўйича имом, бошланғич араб тили ва одобнома мураббийси мутахассислиги бўйича тегишли ҳужжатга эга бўлдилар. Мадрасамиз битирувчилари ҳозирда мамлакатимизнинг тараққий этишига ҳамда жамиятимиз ривожига ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар. Талабаларимизнинг таълим олиб, ҳозирда катта ютуқларга эришаётгани биз мударрисларга ҳамиша фахр-ифтихор бахшида этади. Эришилган муваффақиятлар эса, муассасада таълим-тарбия ишларининг ижобий ташкил этилаётганидан дарак беради.
Билим юрти талабалари хориж давлатларида ўтказилган Қуръон мусобақаларида ҳам ўз билим ва малакаларини муваффақиятли намойиш этиб келади. Жумладан, Миср, Саудия Арабистони, Жазоир ва Эрон давлатларидаги танловларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ислом ўрта махсус билим юрти талабалари ўртасида ўтказиладиган “Ягона олимпиада”, “Қорилар мусобақаси” танловларида мадрасамиз талабалари муносиб равишда иштирок этиб, улардан бир қанчаси грант асосида Тошкент ислом институтига кириш хуқуқига эга бўлганини алоҳида эътироф этиш жоиз. Талабалар томонидан нафақат фан йўналишлари, балки спорт соҳаларида ҳам эришилган ютуқлар бисёр.
Билим юртида талабаларга Қуръони карим тажвиди, тафсир, ҳадис, фиқҳ, наҳв, ислом тарихи, муҳовара каби мутахассислик фанлари, шунингдек, она тили, физика, математика, информатика, инглиз ва рус тиллари, кимё, биология, маънавият асослари сингари умумтаълим фанларидан ўз фанининг етук мутахассиси бўлган 20 нафардан зиёд мударрис–ўқитувчилар таълим бермоқда.
Билим юрти мударрисларининг оммавий ахборот воситалари билан олиб бораётган ҳамкорликлари самарасига ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш лозим. Ижодкор муаллимларнинг вилоят телевидениеси орқали турли долзарб мавзулардаги иштироклари, давра суҳбатлари мунтазам бериб борилади. Билим юрти мударрис-ўқитувчилари ўзлари ўтаётган фанларидан ўқув қўлланмалар ҳам тайёрлаб борадилар. Хусусан, мадрасамиз мударрислари томонидан тайёрланган воизлик илми хусусидаги “Хатоба” номли рисола ҳозирда юртимиздаги барча ўрта махсус ислом билим юртларида ўқув қўлланма сифатида ўқитиб келинмоқда. М.Мўминовнинг “Мазҳаблар ва йўналишлар” фанидан “Ҳизбут-таҳрир оқимига раддиялар” рисоласи, Р.Маҳмудовнинг “Тафсир” фанидан ўқув қўлланмаси ва ўқитувчилар томонидан тайёрланган “Миръотус солиқийн”, “Рамазон туҳфаси” китоблари талабаларнинг фанларни чуқур ўзлаштиришларига хизмат қилмоқда.
Билим юрти ўқув, моддий-техника базасини яхшилашда, мударрис ва талабаларни ишлаш ва ўқишлари учун шароитларни ташкил этишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси хамда бир қатор ҳомий ташкилот ва мехр-мурувватли, саховатли инсонлар томонидан кўмак бериб келинмоқда.
Билим юрти талабалари дам олиш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун қулай шароитларга эга спорт майдочаси, машғулот зали ва бир қатор фанлардан тўгараклар фаолият кўрсатади.
Мухтасар қилиб айтганда, истиқлол берган неъматлардан бири бўлган мазкур ўқув даргоҳи, мударрис ва ўқитувчилари ёш авлодни жамиятимиз ривожи учун муносиб ворис этиб тарбиялаш йўлида хизмат қилмоқдалар.
Муҳаммадюсуф ТЎРАҚУЛОВ
Андижон «Саййид Муҳйиддин махдум» ўрта -махсус
ислом билим юрти мударриси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ таоло инсонларни турли миллат ва элат шаклида яратиб, уларни Ер юзини макон тутиб, ундаги неъматлардан фойдаланиб ҳаёт кечиришга буюрди. Яна бандаларига беҳисоб неъматларни ато этиб қўйдики, буларни санаб адоғига етиб бўлмайди. Аллоҳ таолонинг Ўзи бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат этади:
“Шунингдек, сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, инсон (ўзига) ўта золим ва (Роббига) жуда ношукрдир”.
“Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир”.
Аммо инсонларга шунча неъматларини ато этиб қўйган Аллоҳ таоло уларни бу неъматлардан оқилона фойдаланишга, тежаб-тергаб ишлатишга, асло исрофга йўл қўймасликка чақиради. Бу борада Қуръони карим бундай таълим беради:
“...Шунингдек, еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмас”.
Бошқа бир ояти каримада эса бундай марҳамат этади: “У (Аллоҳ) шундай зотки, (сўритокларга) кўтариб қўйиладиган ва кўтариб қўйилмайдиган (узумзор) боғларни, таъми турлича (бўлган) хурмо ва мевали дарахтларни, (ранг ва таъмда) ўхшаш ва ўхшамас зайтун ва анорларни пайдо қилди. Мева ҳосил қилганда, мевасидан тановул қилингиз! Ҳосил йиғиш кунида (муҳтожларга) ҳаққини (ушри ва хирожини) берингиз ва исроф қилмангиз! Албатта, У исроф қилувчиларни севмайди”.
Исроф динимизда қаттиқ қораланган. Қуръони каримда исрофнинг зарари, исрофгарнинг мазаммати ҳақида бир неча ояти карималар бор. Аллоҳ таоло айтади: “(Бахиллик қилиб) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг! Акс ҳолда, маломат ва маҳрумликда ўтириб қолурсиз”.
Аллоҳ таоло Қуръонда мўминларнинг сифатларини зикр этар экан, уларнинг исрофгар ҳам, хасис ҳам бўлмасликларини баён этади: “(Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир”.
Абдуллоҳ ибн Аббосдан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер», деганлар” (Имом Бухорий ривояти). Фахри коинот айтганларидек: “Енглар, ичинглар, садақа қилинглар, аммо исрофгарчилик ва фахрга ўтманглар»; «Ким ҳаётда тежамкор бўлса, зинҳор қашшоқликка тушмайди”. Яна бир ҳадисда: “Исрофгар жаннатга кирмайди”, дейилган.
Лекин таассуфлар бўлсинки, бугунги кунга келиб аксарият ҳолларда исрофдан сақланишга эътибор бермаймиз, исрофгарга айланиб қолаётганимизни сезмаймиз. Деярли кўп нарса, у қимматми ёки арзон, аҳамиятлими ёки аҳамиятсиз, нодирми ёки сероб, олди-кетига қарамай бирваракайига исроф қилиняпти. Хонадонларимизда ортиб қолган таомлар ташлаб юборилмоқда. Ахлат уюмлари орасида энг азиз неъмат бўлмиш нон ҳам пайдо бўлгани айниқса ачинарли ҳолат.
Тўйлар, байрамлар, тантаналар ва бошқа маросимлардаги исрофгарчиликлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Ейишга яроқли қанча неъматлар увол бўлиб кетади. Борган сари тўйҳашамларимиз дабдабали тус олиб боряпти, кундан-кунга янги-янги турдаги тантана ва маросимлар, янги-янги турдаги исрофли, дабдабали одатлар пайдо бўлмоқда. Агар аҳвол бу кетишда бўлса, келажакда бундай маросимлар халқимиз бошига не кулфатларни соларкин, деб ўйлаб қоласан киши.
Битта наҳорга ош бериш учун баъзилар камида йигирма-ўттиз минг долларлик пул сарфлайди. Ундан кейин ёки ундан олдин яна бир талай маросимлар ҳам бор. Тўй келар, сабзи тўғрар, никоҳ базми деймиз. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Чарлар, чақириқ, ҳайит ундан кейин қовурдоқ, бешиктўй ва ҳоказолар бор. Яна бошқа турли-туман харажатлар ҳам бор ўртада. Дабдабали мебеллар, ҳашаматли пардалар, турли-туман қимматбаҳо сарполар. Хуллас, ақл бовар қилмас даражада катта маблағлар талаб қиладиган мана шундай ўткинчи маросимлар учун умримизни кеткизиб ишлайдиган бўлиб қолаяпмиз. Умр бўйи топган-тутганларимизни соғлигимизни тиклашга эмас, яхши еб, яхши ичишга эмас балки, юқоридаги дабдабали маросимларни ўтказиш учун йиғадиган бўлиб қоляпмиз.
Ундан кўра мазкур маросимларимизни бироз қисқартирсак, бироз ихчамлаштирсак ўзимизга яхши эмасми? Баҳонада қанчақанча маблағ исроф бўлмасдан қора кунларимизга ярарди. Озгина ўзимизга ҳам тузукроқ қарашга, соғлигимизни тиклашга, фарзандларимизга тузукроқ эътибор қаратишга қўлимизда имконият пайдо бўларди. Катта-катта қарзларга ботиб, аҳволимиз паришон бўлиб юрмасди. Нима учун фоний бу дунёда, синов дунёсида ўзимизни бу қадар қийнашимиз керак? Нимадан қўрқамиз? Одамларни гапиришиданми? Ғийбатлардан қўрқмайлик биродарлар. Одамларни гапидан қўрқиб, қарзга ботиб, дабдабали мароисмларни ўтказганимиздан сўнг эртага аҳволимиз танг бўлиб қолса, ўша одамлар қутқарадими бизларни?! Ўша одамлар беш-ўн сўмдан пул бериб ёрдам қиладими?..
Бундан ташқари, эртага бундай исрофгарчиликлардан албатта қиёмат кунида сўраламиз. Битта фарзандини тўйи учун бутунбошли бир ҳовли-жой қилса бўладиган пулларни совураётганлар қиёмат кунида нима деб жавоб берадилар? “Ундан кўра ўша пулингни ярмини қийналаётган, кам таъминланган хонадонларга бўлиб берсанг бўлмасмиди, қариндош-уруғингдаги ҳожатмандларнинг ҳожатини чиқарсанг бўлмасмиди, молу дунёни сенга нима учун бердик, мана шундай дабдабабозликлар учунми?”, - дея сўроққа тутилса, исрофгар банда нима деб жавоб беради?! Ҳеч шу ҳақда ўйлаб кўрганмизми? Азизлар мана шу ҳақда яхшилаб ўйлаб қўяйлик. Эртанг қиёмат кунида бериладиган саволга жавоб топиб қўяйлик. Жавобимиз ҳам тўғри бўлсин, шаръан ўринли жавоб бўлсин... Агар айтадиган жавобимиз ўринли жавоб бўлмаса, ҳолимизга войлар бўлади, наъувзу билааҳ...
Аллоҳ таоло бизга ҳаёт, соғлиқ, оила, мол-мулк каби неъматлар инъом этган. Биз улардан қандай фойдаланганимиз, қаерга сарф қилганимиз ҳақида охиратда сўраламиз. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади
«Сўнгра ана ўша Кунда, албатта, (сизларга ато этилган барча) неъматлар тўғрисида сўроқ қилинурсизлар!» (Такосур, 8).
Бизнинг бугунги кунда қилаётган дабдабали маросимларимизни саховат ҳам деб бўлмайди. Саховат деб дарҳақиқат эҳсонга муҳтож бўлган одамга қилинадиган яхшиликка айтилади. Очларга бериладиган таомга саховат дейиш мумкин. Бизнинг тўйларимизга келадиган минглаб кишилардан нечтаси қорни оч одамлар? Менимча, қорни очлар умуман айтилмаса керак бундай маросимларимизга. Тўғрироғи, қорни очларни нафақат зиёфатга айтиш, балки уларни умуман танимаймиз, ундайлар билан таниш-билиш бўлишни ўзимизга ор деб биламиз.
Хайр-эҳсон ва зиёфат беришдан асосий мақсад муҳтожларга моддий ёрдам кўрсатиш бўлмоғи даркорлиги тўғрисида Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Таомларнинг ёмони қорни очлар қолиб, қорни тўқлар чақирилган зиёфатдир”.
Ҳазрат Навоий "Ўт иши — қовурмоқ, ел иши — совурмоқ", дейдилар. Яна дейдиларки: «Исроф сахо эмас ва итлофни (йўқотиш, барбод қилишни) маъно аҳли сахо демас». Яъниким, исроф қилиш — сахийлик эмас, ўринсиз совуришни ақлли одамлар сахийлик демаслар. Ҳалол молни куйдирганни девона дерлар. Ёруғ жойда шамъ ёққанни ақлдан бегона дерлар.
Худо молиға қилмоқ исроф не?
Жунун аҳлидек мунча итлоф не?
Исломда мол-ашё ҳам иззатлидир. Молни исроф қилган, талофот берган жазосини олади. Аллоҳ таоло бизга молу дунё ато этган эканми, уни исроф қилмасдан, бахиллик ҳам қилмасдан, меъёрида ишлатсак, меъёрида саховат қилсак, бировга муҳтож бўлиб қолмаймиз, қарзга ҳам ботиб қолмаймиз, юзимизнинг суви ҳам тўкилмайди иншоаллоҳ...
Муқаддас динимиз барқарор ҳаёт кечириш учун тежамкор бўлиш ва исрофдан сақланишга буюради. Бунга амал қилган ота-боболаримиз ҳар бир неъматни эъзозлашган, уни исроф қилишмаган, уволидан қўрқишган. Аммо сўнгги пайтларда баъзилар тўй-маърака маросимларида кимўзарли қилишга, ўзини кўз-кўзлашга ва исрофгарчиликка ўтиб кетяпти. Асли амалларни бажаришда ҳаддан ошиб, савоб эмас, гуноҳ орттириб олишяпти.
Азизлар, мана шундай ҳолатларда башарият саййиди бўлмиш суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг кечирган ҳаётларини озгина эсга олайлик. Ул зот қандай еб-ичдилар? Ҳеч тўйиб овқатланганмилар? Арпа унидан тайёрланган нонга қорнилари тўйганми? Оқ нон деган нарсани кўрганмилар? Субҳаналлоҳ... Аллоҳнинг энг азиз бандаси бўлмиш Набиййимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпинча қоринлари очлигидан ошқозонда пайдо бўлган очлик алангасини сўндириш учун қоринларига тош боғлаб юрардилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотидан йиллар ўтиб, бир куни Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуни қовурилган қўй гўштига таклиф қилишганда, кўзларига ёш келиб, Аллоҳнинг элчиси бу дунёдан бундай таомни кўрмасдан ўтдилар, дея бурилиб кетган эканлар...
Исрофгарчиликка берилган пайтларимизда шу нарсаларни ҳам бирров эсга олсак фойдадан холи бўлмасди...
Одилхон қори Юнусхон ўғли