Назр соҳиби назр қилинган ҳайвоннинг гўштидан ейиши мумкинми?
Cавол: Дадам яқинда жарроҳлик амалиётига киришларидан олдин назр қилдим, яъни Aллоҳга ваъда қилдим, инша Аллоҳ жарроҳлик амалиётидан шифо топиб чиқсалар, битта мол сўйиб эҳсон қиламан деб. Шу назр қилинган гўштни ман ейишим мумкин эмасми?
Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Кўзлаган мақсади ҳосил бўлса, назрни адо этиш вожиб бўлади. Қурбонликдан бошқа ниятда, мисол учун, “Фалон ҳожатим раво бўлса, жонлиқ сўяман (дардга даво топилиши, мушкулотларнинг ариши, сафардагиларнинг эсон-омон қайтиб келиши ва ҳоказо)” деган ниятда жонлиқ сўйиш назр қилинганда сўйилган жонлиқнинг гўштини садақа олишга ҳақли бўлганларга улашиб бериш вожиб бўлади. Бунда назр соҳиби ва унинг аҳли ҳамда бой инсонлар назр қилинган жонлиқнинг гўштидан ейиши ҳалол бўлмайди.
“Закот ва ушрни олишга ҳақли тоифа фитр садақаси, каффорат, назр каби вожиб садақаларни олиш учун ҳақли ўрин ҳисобланади. “Кўҳистоний”да шундай келган” (“Раддул Муҳтор” китоби).
“Кишининг (ўзи сўйган) назр ва каффорат учун сўйилган жонлиқлар, иҳсор (ҳаждан тўсилган), ҳарамга етиб бормаган ихтиёрий қурбонликлардан гарчи фақир бўлса ҳам ейиши мумкин эмас. Шунингдек, орасида туғишганлик ва эр-хотинлик алоқаси борлар ҳамда бой шахслар ея олмайди. Умуман олганда закот олиши ҳалол бўлмайдиган кишиларнинг бу жонлиқдан ейиш мумкин эмас”. (“Ғунятун носик” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.
Қашқадарёда 15 жуфт ёшларнинг никоҳ ва 160 нафар болажоннинг суннат тўйлари ўтказиб берилди.
Президентимизнинг эътибори ва ташаббуси билан ўтказилган никоҳ ва суннат тўйини вилоят ҳокими Муротжон Азимов табрик сўзи билан очиб берди. Унда вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов, фахрийлар, зиёлилар иштирок этиб, тўй соҳиблари ва ҳомийлари ҳаққига хайрли дуолар қилишди.
Муротжон Азимов: "Тўй сабабчиларига ўзимизнинг самимий тилакларимизни билдирамиз. Тўйболаларимиз ота-оналарига фақат обрў ва раҳмат етказадиган, Ватан учун, миллат учун, халқ учун садоқат билан хизмат қиладиган мард ва олижаноб йигитлар бўлиб етишсинлар!
Ёшларимиз қураётган оилалар мустаҳкам бўлсин, келин-куёвларимиз бахтли-тахтли бўлиб, қўша қаришсин!".
Тўй муносабати билан келин-куёвларга замонавий телевизор ва 5 млн. сўмлик сертификат ҳамда суннат тўйи бўлаётган болажонларнинг ҳар бирига велосипед ва 1 млн. сўмлик моддий ёрдам бериш ҳақидаги ҳужжат тақдим этилди.
Ушбу тўй ёшларимизнинг ижтимоий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлиб, уларни оилавий ҳаётга муносиб киришишга ёрдам беради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати